Қайднома

Қидирув

Японияни енгган олтинчи жамоа бўламиз

Японияни енгган олтинчи жамоа бўламиз

  17.01.2019 19:35
  0
  517
Японияни енгган олтинчи жамоа бўламиз

Япония миллий жамоаси Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатлари йўлидаги эски танишларимиздан биридир. Бугун рақиб терма таркиби ҳам, ўйини ҳам анча ўзгарган, услубий жиҳатдан анча мукаммаллашиш йўлида. 2000 йилги аламли мағлубият ҳам ёдимизда, ўшандан бери бутун бошли футболчилар авлоди шаклланди, бизнинг футбол ўсиш сари катта қадам ташлади. Бугун янги-эски танишимиз ҳақида сўз юритамиз.

ОСИЁ КУБОГИ ЙЎЛИДАГИ ҚАДАМЛАР

1968 ва 1976 йилги саралаш босқичларида Япониянинг муваффақиятсиз қатнашганига ҳайрон бўлмаслик керак, чунки «кунчиқар юрт»да спортнинг профессионаллашуви ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган. 1972, 1980, 1984 йилларда эса саралашга қўйилмаган ҳам. 7 марта саралаш босқичида қатнашган Япония 27 ғалаба, 4 дуранг, 5 мағлубият қайд этган.

Осиё кубогида 8 марта иштирок этган Япония 4 карра чемпион бўлган. «Самурайлар» ушбу мусобақа тарихида атиги 5 марта ютқазишган, холос. Ж.Корея, БАА, Қатар (1988), Қувайт (1996) ва Саудия Арабистони (2007).

Осиё кубоги ғолиблиги: 1992, 2000, 2004, 2011 йиллар.

Жами: 42 ўйин, 25 ғалаба, 12 дуранг, 5 мағлубият. Тўплар нисбати: 83-40.

ЯНГИ АВЛОД МАҚСАДЛАРИ

Японияда авлодлар алмашинуви ҳар доимгидек жаҳон чемпионатлари якунланганидан сўнг бир маромда ўтмоқда. Мая Йошида (30 ёш), Юто Нагатомо (32 ёш), Томоаки Макино (31 ёш) каби тажрибали футболчилар ёнида Даниэль Шмидт (26 ёш), Ритсу Доан (20 ёш), Такехиро Томияцу (20 ёш) каби миллий жамоада ўйнаш завқини энди туяётган ёш иқтидорлар ҳам бор.

Туркманистонга қарши бош мураббий 5-3-2 схемасидан фодаланди. Юто Нагатомо (чап қанот вингери) ва Хироки Сакаи (ўнг қанот вингери) кўп ҳолларда ҳимоядан зудлик билан ҳужумни активлантирувчи кучга айланишади. Юя Осако ва Такуми Минамино Германия ва Австрия чемпионатларида тўплаётган тажрибасини амалда қўллаб кўришмоқда.

 

БУГУНГИ ЮЛДУЗЛАР

Япония марказий ҳимоясини бугун Томоаки Макиносиз тасаввур қилиб бўлмайди. «Урава Ред Даймондс» клубида 5-рақамда тўп сурувчи бу футболчи чап қанотни зарарсизлантиришда Мая Йошида ва Такехиро Томияцу билан биргаликда катта меҳнат қилмоқда.

Февралда 27 ёшга тўладиган Гаку Шибасаки Ўзбекистонга қарши 2015 йилги баҳсда ҳам гол урганди. Ярим ҳимоя чизиғи анчагина ёш футболчилардан ташкил топгани боис, уларнинг ўйин интизомига қатъий амал қилиши назорат остига олинади.

Ҳужумчи Юя Осако терма жамоаси учун 38та ўйинда 12та гол урган. Сўнгги 5 мавсумни «Кёльн» ва «Вердер» клубларида ўтказган футолчининг маҳоратига ЖЧ-2018да ҳам баҳо бергандик.

 

БОШ МУРАББИЙ

Хажиме Морияцу. 1968 йил 23 августда Шизуока префектурасининг Какегава шаҳрида таваллуд топган. Футболчилик фаолияти асосан маҳаллий клубларда («Санфречче Хиросима», «Киото Перпл Санга», «Вегалта Сендай») ўтган. 1992 йилда футболчи сифатида Осиё кубоги ғолиби бўлган. 2004 йилдан бошлаб «Санфречче Хиросима» клуби мураббийлар штабига қўшилди. 2006 ва 2007 йилларда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида терма жамоа штабида ишлаган. 2012 йилдан «Санфречче Хиросима» клубида бош мураббий сифатида иш бошлаган. Ушбу клуб билан 3 марта мамлакат чемпионлигиги эришган, 2 марта Суперкубок ғолиби бўлган. 2017 йилдан Япония олимпия терма жамоасини қабул қилиб олди. 2018 йилги Осиё ўйинларида бронза медали соҳиби бўлди. 2018 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг миллий жамоани ҳам унга ишониб топширишди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Япония термасига илк марта хориждан мураббий (Ханс Оофт, Голландия) 1992 йилда тайинланган. Янги асрда терма жамоани 6 нафар хорижлик ва 4 нафар маҳаллий мураббий бошқарди.

 

ЎЗАРО РАҚОБАТ

Ўзбекистон ва Япония жамоалари илк марта 1996 йил 11 сентябрда ўтказилган ўртоқлик баҳсида тўқнаш келишган. 44843 томошабин кўз ўнгида Токиода бўлиб ўтган баҳсда Мотохиро Тамагучининг 6-дақиқада урган голи «самурайлар»нинг узоқ йиллик устунлигини бошлаб берганди. 2012 йилнинг 29 февралигача термамиз бу тўқнашувларда ғалаба нималигини билмади. ЖЧ-2014 саралаши доирасида Аичи шаҳрида ўтган муҳим баҳсда Александр Шадриннинг аниқ зарбаси ўйинга якуний нуқтани қўйганди. Бугун ўша баҳсда ўйнаган футболчилардан терма жамоамизда фақат Игнатий Нестеров ва Анзур Исмоилов қолган, холос.

Ўзаро сўнгги баҳс. 2015 йил 31 март. Токио. «Ажиномото» стадиони. 46007 томошабин. Бош ҳакам: Стребре Деловски (Венгрия).

Япония - Ўзбекистон - 5:1

Голлар: Тошихиро Аояма (67), Шинжи Оказаки (55), Гаку Шибасаки (79), Такаши Усами (83), Кенго Кавамата (90) - Ислом

Тўхтахўжаев (82).

 

Япония терма жамоаси

Ташкил топган йили: 1921 йил

ФИФАга аъзо: 1921 йилдан

Жамоа сардори: Мая Йошида («Саутгемптон», Англия)

Бош мураббий: Хажиме Морияцу (2018 йил 26 июлдан)

ФИФА рейтингидаги ўрни: 50 (2018 йил 20 декабрь)

Биринчи расмий ўйини: 1917 йил 9 май, Токио; Япония - Хитой - 0:5

Энг йирик ғалабаси: 1967 йил 27 сентябрь, Токио; Япония - Филиппин - 15:0

Энг йирик мағлубияти: 1917 йил 10 май, Токио; Япония - Филиппин - 2:15

Энг кўп ўйин ўтказган футболчиси: Ясухито Эндо (152та ўйин)

Энг кўп гол урган футболчи: Кунишиге Камамото (80та гол)

Экипировка бўйича ҳамкори: Adidas (1999 йил апрелидан бошлаб)

 

РаҚибимиз

 

Япония - Шарқий Осиёдаги орол давлат. Майдони - 377.973 км.кв. (жаҳонда 61-ўрин). Аҳолиси - 126 440 000 киши (2018 й., жаҳонда 10-ўрин). Пойтахти - Токио. Давлат бошқаруви: Конституцион монархия. Тўртта ката орол - Хонсю, Хоккайдо, Кюсю и Сикоку билан чегарадош. 1947 йил 3 майда амалдаги Конституцияси қабул қилинган. Расмий тил: Япон тили. Пул бирлиги: Япония иенаси. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ: 44550 АҚШ доллари. Маъмурий жиҳатдан 47та префектурага бўлинади. Телефон коди: }81. Экспорт ва импорт салмоғи бўйича дунёда 4-ўринни банд этган.

Японияда 173та аэропорт мавжуд. «Кунчиқар юрт»да 117,5 млн. (аҳолисининг 92 фоизи) Интернет фойдаланувчиси бўлиб, бу борада дунёда 5-ўринни банд этган.

 

ОСИЁ КУБОГИ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон - Япония Осиё кубоги финал босқичида (ОК-1996, ОК-2000) ўзаро 6 марта учрашишган. Вакилларимиз икки ўйинда мағлубиятга учрашган. Тўплар нисбати: 1-12 - рақиблар фойдасига.

1996 йил 9 декабрь. Ал-Айн. «Таҳнун бин Муҳаммад» стадиони. 3000 томошабин. ОК-1996 финал босқичи. «C» гуруҳи. Япония - Ўзбекистон - 4:0. Голлар: Хироши Нанами (8), Казуёши Миура (38), Масакийо Маезоно (86, 88). Ҳакам: Жалол Моради (Эрон)

2000 йил 17 октябрь. Сидон. «Саида халқаро» стадиони. 2000 томошабин. ОК-2000 финал босқичи. «C» гуруҳи. Япония - Ўзбекистон - 8:1. Голлар: Хироаки Моришима (7), Акинори Нишизава (14, 25, 49), Наохиро Такахара (18, 20, 57), Хидеаки Китажима (79) - Сергей Лушан (29). Ҳакам: Шамсул Майдин (Сингапур).

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz