БАА майдонларида Осиё кубоги-2019 баҳслари авж паллага кириб улгурди. Тушунарлики, ҳозирда асосий мавзу - айнан қитъа биринчилиги. Демак, мақолалар хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг канали - «Футболиум»даги маълумотлардан фойдаланиб, миллий жамоамизнинг аввалги турнирларда қандай қатнашгани ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Туркум мақолаларнинг навбатдагиси Осиё кубоги-2004 финал босқичига бағишланади.
Ўзбекистон термаси Хитойга Осиё кубоги-2004 стартига атиги 4 кун қолганида етиб боради. Боз устига, бир қатор асосий футболчилар ва учинчи дарвозабонсиз. Жамоамиз экипировкалари унча танилмаган Zeus фирмаси томонидан тайёрланган бўлиб, улар делегациянинг барча вакилларига тегмаганди. Тўғри, жамоамиз сафарга хитойчани яхши биладиган алоҳида таржимон ва 2 нафар ошпаз билан чиққанини ҳам айтиш керак. Муҳими, жамоада иштиёқ жойида эди - йигитлар ҳар бир ўйинда фақат ғалабани кўзлашади. Гуруҳ босқичидаги илк рақибимиз Ироқ термаси билан 2004 йил ҳисобидан ўйнашга улгургандик. Мундиал саралаши доирасида Тошкентда ўтказилган ўша баҳсда Анвар Солиев томонидан сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолганмиз. Очиғи, ироқликлар роса катта қийинчилик туғдиришганди.
Умуман олганда, Ироқ, Саудия Арабистони ва Туркманистон миллий термалари билан битта гуруҳга жойлашган бош жамоамиз фаворитлар қаторида эмасди. Хусусан, ироқликларга қарши илк ўйин квартетдаги кейинги истиқболимизни нисбатан ойдинлаштириши нуқтаи назаридан принципиал аҳамият касб этарди. Жамоамиз мураббийи Юрген Гёде учрашувдан олдин ёрдамчиларига рақибнинг тактик ишланмалари, айниқса, стандарт вазиятларда қандай йўл тутиши ҳақида тўлиқ маълумот тўплашни буюради. Бироқ бундай маълумотларни йиғиш деярли имконсиз иш эди. Чунончи, Осиё кубоги иштирокчиларининг барча машғулотлари ёпиқ тарзда олиб борилган. Қисқаси, делегациямиз мураббий топшириғини бажариш учун жамоа тасвирчиси Алишер Аҳмедов ва таржимон Нуриддин Убайдуллаевни ироқликлар машғулотларидан бирига «айғоқчи» сифатида юборади. Ўша машғулот атрофи баланд турар-жой уйлари билан ўралган стадионда ташкиллаштирилганди. Оддий айтганда, разведкачиларимиз маҳаллий таржимон ҳамроҳлигида баланд бинолардан бирига бориб, хонадон соҳибларидан ичкарига кириб, машғулотни суратга олишларига рухсат беришларини сўрашади. Аммо уй эгалари бунга қаршилик қилишади. Улар махфий хизмат органи ходимлари бу каби ҳолатлар ҳақида огоҳлантириб кетишгани, шунинг учун бегоналарни ўз хонадонларига киритолмасликларини айтишади. Шунга қарамай, жамоамиз разведкачилари ортга чекинишмайди ва якунда суратга олиш учун рухсат берувчи кишини топишади, барибир. Шу тариқа мураббийлар штабига махфий машғулот ёзуви тақдим этилади. Бу нечоғли қўл келганини айтиш қийин, аммо факт шуки, Ўзбекистон миллий жамоаси биринчи ўйинда ироқликлар дарвозасини бир бора нишонга олиб, муҳим ғалабани тантана қилади. Ягона гол Миржалол Қосимов номига ёзилади. Футболимиз фахри ўз одатига кўра, жарима зарбасидан унумли фойдаланганди. Гуруҳнинг 1-туридан ўрин олган яна бир баҳсда Саудия Арабистони термаси камтарин туркманларни енголмагач, квартетда қўшимча «интрига» юзага келади.
2-турда Марказий Осиё вакиллари рақиблари алмашади ва улар деярли илк баҳсдагига ўхшаш натижага эришадилар. Аниқроқ айтсак, футболчиларимиз саудларни ҳам минимал ҳисобда доғда қолдиришади, туркманлар эса Ироқ термасига қарши учрашувнинг сўнгги дақиқасида дурангни қўлдан чиқаришади. Шу натижалар ўлароқ, Ўзбекистон миллий жамоаси «плей-офф» йўлланмаси масаласини муддатидан олдин ҳал қилади, аммо гуруҳдаги 1-ўрин ҳали кафолатланган эмасди. Бинобарин, ўша вақтдаги регламентга мувофиқ, жамоалар ҳисобидаги очколар миқдори тенг бўлса, аввало, тўплар нисбатига эътибор қаратиларди. Хуллас, Ироқ термаси назарий томондан квартетда 1-ўринга кўтарилиш имкониятини йўқотмаганди. Шунингдек, Туркманистон термаси ҳам «плей-офф» раундига чиқишдан ҳали умид узмаганди. Фақат бунинг учун туркманлардан 3-турда Ўзбекистон миллий жамоасини мағлубиятга учратиш талаб этиларди. Марказий Осиё вакиллари гуруҳдаги дастлабки 2та ўйинни Чэнду шаҳрида ўтказган бўлсалар, ўзаро қарама-қаршилик учун Чунцинга йўл олишларига тўғри келганини ҳам айтиш жоиз. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керак, Ўзбекистон ва Туркманистон термалари ўртасидаги баҳс маҳаллий мухлисларда катта қизиқиш уйғотганди. Қизиқиш юқори эканлиги ҳаттоки, букмекерлик идораларида ҳам яққол сезилади. Энг қизиғи, букмекерлар ўйин арафасида Туркманистон термаси ўзи учун зарур ғалабага эришишини тахмин қилишади. Ҳарқалай, улар қўшниларимизнинг ғалабасига тикиладиган пул учун белгиланган ютуқ миқдорини пасайтиришади. Маҳаллий журналистлар ҳам Туркманистон термасининг ижобий натижа қайд этишига шубҳа қилишмаганди. Ҳаттоки, улардан бири менга дангал савол билан мурожаат этганди: «Ўзбекистон термаси ўз қўшнисига ёрдам берадими?» Табиийки, жавоб йўллашда иккиланмаганман: «Йўқ, жамоамиз футбол майдонига фақат ғалаба учун тушади, боз устига, мағлубиятга учрашимиз мумкин эмас, негаки, гуруҳда 1-ўринни эгаллашни истаймиз». Учрашув олдидан Ўзбекистон термаси мураббийлар штаби таркибни эълон қилгач, ўша журналист яна телефон орқали алоқа чиқди:
- Ўйинни Туркманистон термасига «берар» экансизларда, барибир...
- Бундай хулосангиз боиси нима?
- Ана, иккинчи таркибни танлабсизлар.
- Тўхтанг, бизнинг жамоада иккинчи таркиб тушунчаси йўқ. Бунга бугун ўзингиз ҳам иқрор бўласиз.
Гап шундаки, мураббийларимиз бошланғич таркибга бирданига 9та ўзгариш киритишганди. Ўз ўрнида таъкидлаш керак, Туркманистон терма жамоаси раҳбарлари ўйин боришини аввалдан «муҳокама» қилишга уринишганини инкор этсак, бу ёлғон бўлади. Лекин Ўзбекистон миллий жамоаси раҳбарияти бундай уринишларни дарҳол йўққа чиқаргани ҳам ҳақиқат. Ўйинга келсак, захира кучларига таянган бош жамоамиз биринчи бўлимда роса қийналади. Ҳар ҳолда, рақиб бўш келмаганди. Танаффусда эса таркибда ўзгаришлар амалга оширилади ва шундан кейин ўйин равишида бурилиш кузатилади. Эътиборли томони, ягона гол яна 3 очко олишимизга кифоя қилганди. Бу сафар ҳам Миржалол Қосимов жарима зарбасини маромига етказиб, ижро этганди. Якунда Ўзбекистон термаси гуруҳ босқичини 100 фоизли натижа билан якунлайди: 3та ўйин, 3та 1:0 ҳисобидаги ғалаба. Бу гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, чорак финал ўйини учун Чэндуга қайтишни таъминлайди.
«Плей-офф»нинг илк раундида жамоамизга Баҳрайн термаси дуч келади. Дарвоқе, Ўзбекистон ва Туркманистон термаларининг ўзаро тўқнашувидан кейин келишилган ўйин мавзуси ёпилган бўлсада, хитойлик журналистлардан бири бу мавзуни яна бир бора кўтарганди. У матбуот томонидан гуруҳ босқичининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Миржалол Қосимовдан интервью олиш учун жамоамиз жойлашган меҳмонхонага келади. Мухбир суҳбат давомида шундай ноўрин савол берганди:
- Турманистон термасига ютқазиб беришни истаганларинг ростми?
- Йўқ, бу ёлғон, - дея жавоб беради Қосимов. - Мана, ўйин-да ғалаба қозониш асносида барча шубҳа-гумонларга нисбатан жавоб бердик.
- Бироқ сиз иккинчи ўйинда Ироқ термаси ҳисобда олдинга чиқиб олганидан кейингина гол урдингиз. Яъни бу вақтда ютқазишинглардан маъно қолмаганди, шунинг учун тўлиқ куч билан ўйнай бошладинглар.
- Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, сиз билан ҳеч нарса ҳақида гаплашолмаймиз... - Қосимов шундай қатъий оҳангда жавоб бериб, ўз хонасига кириб кетганди. Аслида футболчиларимиз параллель равишда ўтаётган ўйин натижасидан мутлақо бехабар бўлишган. Бинобарин, улар учун ўзлари иштирок этаётган учрашувда ғалаба қозониш муҳим эди.
Баҳрайн термасига қарши кечган ўйин Ўзбекистон миллий жамоаси учун Осиё кубоги тарихидаги илк чорак финал саналади. Шахсий фикримча, ўша учрашув воқеалар ривожи ва сценарий нуқтаи назаридан турнирнинг энг яхши қарама-қаршилиги бўлганди. Бироқ асосий вақтда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилади. Қўшимча бўлимларда эса вакилларимиз гарчи катта устунликка эришган бўлсаларда, рақиб дарвозасига йўл тополмайдилар. Натижада барчасини пенальтилар серияси ҳал қилади. Афсуски, унда вакилларимиз омадсизликка йўлиқишади. Шу тариқа Ўзбекистон термасининг Осиё кубогидаги учинчи уриниши аламли тарзда якунланади. Зеро, гуруҳ раундида 100 фоизлик натижа қайд этган ва бирор ўйинда ютқазмаган термамиз чорак финалда тўхтаганди. Асосий гап шуки, вакилларимиз айнан Хитой-2004да биринчи марта кучли 8таликка киришган...
ОСИЁ КУБОГИ-2004 (финал босқичи)
Гуруҳ раунди
1-тур. 18.07.2004
ИРОҚ - ЎЗБЕКИСТОН - 0:1 (0:1)
Чэнду (Хитой). «Сичуан» стадиони.
Бош ҳакам: Чон Чул Квон (Жанубий Корея).
Гол: Миржалол Қосимов (22).
Ўзбекистон: 21. Евгений Сафонов, 2. Бахтиёр Ашурматов (18. Темур Кападзе, 57), 3. Андрей Фёдоров, 24. Асрор Алиқулов, 28. Алексей Николаев, 4. Миржалол Қосимов (25. Ислом Иномов, 73), 8. Сервер Жепаров, 7. Андрей Акопянц, 9. Анвар Солиев, 11. Владимир Шишелов, 15. Александр Гейнрих (22. Николай
Ширшов, 85).
-------------------------------------------------
2-тур. 22.07.2004
ЎЗБЕКИСТОН - САУДИЯ АРАБИСТОНИ - 1:0 (1:0)
Чэнду (Хитой). «Сичуан» стадиони.
Бош ҳакам: Кофи Кожа (Бенин).
Гол: Александр Гейнрих (13).
Ўзбекистон: 21. Евгений Сафонов, 3. Андрей Фёдоров, 24. Асрор Алиқулов, 4. Миржалол Қосимов (25. Ислом Иномов, 64), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе, 22. Николай Ширшов, 7. Андрей Акопянц, 9. Анвар Солиев
(23. Илёс Зейтуллаев, 60), 11. Владимир Шишелов, 15. Александр Гейнрих (26. Марат Бикмаев, 78).
------------------------------------------------
3-тур. 26.07.2004
ТУРКМАНИСТОН - ЎЗБЕКИСТОН - 0:1 (0:0)
Чунцин (Хитой). «Олимпия спорт маркази»
стадиони.
Бош ҳакам: Муҳаммад Қайса (Сурия).
Гол: Миржалол Қосимов (58).
Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров, 3. Андрей Фёдоров, 24. Асрор Алиқулов, 25. Ислом Иномов, 28. Алексей Николаев, 6. Леонид Кошелев, 18. Темур Кападзе, 20. Элдор Магдеев (9. Анвар Солиев, 77), 17. Зафар Холмуродов (11. Владимир Шишелов, 83), 23. Илёс Зейтулаев (4. Миржалол Қосимов, 46), 26. Марат Бикмаев.
-------------------------------------------------------------
Чорак финал. 30.07.2004
ЎЗБЕКИСТОН - БАҲРАЙН - 2:2 (0:0)
Пен. бўйича - 5:6
Чэнду (Хитой). «Лонгжуан» стадиони.
Бош ҳакам: Чон Чул Квон (Жанубий Корея).
Голлар: Александр Гейнрих (60), Владимир Шишелов (87) - Аъло Ҳубайл (71, 76).
Пенальтилар серияси
Холид Али (гол) - Андрей Фёдоров (гол) - 1:1
Мустафо Башир (дарвозабон) - Сервер Жепаров (гол) - 2:1
Ҳусайн Баба (гол) - Александр Гейнрих (гол) - 3:2
Саид Фархан (гол) - Марат Бикмаев (дарвозабон) - 3:3
Аъло Ҳубайл (гол) - Леонид Кошелев (ноаниқ) - 3:4
Ўзбекистон: 21. Евгений Сафонов, 3. Андрей Фёдоров, 24. Асрор Алиқулов, 28. Алексей Николаев, 4. Миржалол Қосимов (6. Леонид Кошелев, 106), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе (26. Марат Бикмаев, 83) 7. Андрей Акопянц, 9. Анвар Солиев (20. Элдор Магдеев, 33), 11. Владимир Шишелов, 15. Александр Гейнрих.
Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20