Қайднома

Қидирув

Жанлуижи Буффон: «Ҳали сўнгги сўзни айтганим йўқ»

Жанлуижи Буффон: «Ҳали сўнгги сўзни айтганим йўқ»

  19.01.2019 03:11
  0
  541
Жанлуижи Буффон: «Ҳали сўнгги сўзни айтганим йўқ»

«Ювентус»га нақ 17 йил давомида сидқидилдан хизмат қилган ва жорий мавсум стартидан олдин Парижга кўчиб ўтган афсонавий дарвозабон Жанлуижи Буффон бир неча ҳафтадан сўнг 41 ёшга тўлади. Яқинда буюк Жижининг сурати Vanity Fair журналининг итальянча талқини муқовасини безади. Ушбу нуфузли нашр одатда сиёсат, мода ва маданият соҳаларига кўпроқ эътибор қаратади. Лекин вақти-вақти билан спорт юлдузларини ҳам бош қаҳрамон сифатида танлайди. Мисол учун, Vanity Fairнинг июль ойидаги сони Криштиану Роналдуга аталганди, янги йил ҳисобидаги илк сонига эса Буффон интервью берди.

- 40 ёшни уриб қўйган бўлсамда, ўзимни тетик ҳис қиляпман. Ҳозир худди 20 ёшли йигитчадекман, орзуларим эса болакайникидан ҳам кўп, - дейди Жижи. Энг қизиқ факт: футбол афсонаси ҳаёти давомида бир марта гиёҳванд моддадан татиб кўрганини очиқ-ойдин тан олди. У шунингдек, ота-онасининг қатъий талаби билан зарарли иллатдан бутунлай воз кечганини алоҳида таъкидлади: «Ҳа, болалигимда бир мартагина тортиб кўрганман. Аммо спортчилар оиласида улғайганимни унутмаган ҳолда (Жижининг ота-онаси енгил атлетиканинг ядро улоқтириш тури билан шуғулланишган), бунга тезда нуқта қўйганман. Ота-онам наркотик моддалардан ҳеч қачон ҳузур-ҳаловат тополмаслигимни, бутун эътиборимни спорт бобида юксалишга қаратишим зарурлигини уқтиришди. Уларнинг ўринли койишлари таъсирида 17 ёшга тўлган пайтда зарарли иллатлар, тунги клублардаги кўнгилхушликлар асло яхшиликка етакламаслиги хусусида аниқ тасаввур ҳосил қилдим. Бу гапларим билан кимнидир айбламоқчи ёки муҳокама қилмоқчи эмасман. Лекин спортга ошно тутинган йигит «Фақат бир марта татиб кўраман» қабилидаги бўлмағур фикрни хаёлига ҳам келтирмаслиги керак».

Хуллас, Жижи ўсмирлик даврини асосан машғулотларга сарфлаганидан мамнун. Шунингдек, Невио Скаладек қаттиққўл мураббий қўл остида шуғулланганидан ҳам: «Очиғи, 16 ёшда ўзимни шердек довюрак, енгилмас ва қудратли ҳис этардим. Кўнглим тусаган ишни қилишим, керак бўлса, қонун-қоидалардан четга чиқишим мумкин, деб ҳисоблардим. Бундай кайфият чамаси 10 йил давом этди. Ёдимда, вақтида «Парма» сафида Америка бўйлаб сафарга чиққан эдик. Назорат ўйинларидан бирининг иккинчи бўлимида мураббийимиз Невио Скала менга майдонга тушиш учун ҳозирланишимни буюрди. Мен эса унга дангал жавоб бердим - «Чигалёзди машқларини бажаргунимча учрашув якунланади-ку». Шунда мураббий менга шундай ўқрайдики, бундай тешиб юборувчи нигоҳни ҳаётим мобайнида умуман кўрмагандим. Муҳими, унинг шу сабоғи эсимни киритиб қўйди. Айтишим керак, ўсмирлик даврим кўпчилик тенгдошларимникидан кескин фарқ қилади. Бироқ бундан асло хафа эмасман. Ҳар ҳолда, ўша даврда орттирган тажрибамни ҳеч нарсага алмаштирмайман. Бинобарин, ёшликдаги саъй-ҳаракатларим самара берди. Тўғри, 16 ёшда амалга оширолмаган ишларимни кейинроқ уддаладим.

Буффоннинг айтишича, у бундан 15 йил аввал ғоят тушкун даврни бошдан кечирган. Асосийси, италиялик дарвозабон оғирликни енгиб ўтишга куч топа олган: «2003 йилнинг охирида ниҳоятда нохуш ҳолатга тушиб қолганим эсимда. Ҳаёт гўёки, ўз мазмунини бутунлай йўқотгандек эди. Назаримда, атрофимдагилар учун мен керак эмасдим, улар фақат образимга қизиқишарди. Оддий айтганда, дарвозабон Буффонга эҳтиёж бор, аммо Жижи инсон сифатида бировга керак бўлмай қолганди, гўё. 25 ёшда айни шуҳрат чўққисига кўтарилган бўлсамда, бир неча ой давомида бундай нохуш кайфиятдан қутулолмадим. «А» серияси доирасидаги учрашувлардан бири арафасида дарвозабонлар устози Ивано Бордонга мурожаат қилдим: «Илтимос, бугун ўрнимга Кименти (захира дарвозабони) майдонга тушсин. Негадир ўйнашга тобим йўқ, ҳеч нарса ёқмаяпти...» Чунки ўта тушунарсиз тушкун кайфият таъсирида қолгандим. Шу тариқа Бордон кўрсатма бергач, Кименти ўйинга жиддий тайёргарлик кўра бошлади. Унинг қандай ишлаётганига қараб, ўзимни жуда ноқулай ҳис этдим. Иродам букилганию, озгина муаммони енгишга кучим етмай қолганлигини ўйлаб, янада ғазабландим, бунга чидай олмадим. Таажжубки, айни шу воқеа мени тушкунлик домидан халос этди ва тезда ўзимни қўлга олдим: «Ивано, тўхтанг, ўзим майдонга тушаман. Умуман, атрофимдаги одамлар билан кўпроқ мулоқотга киришиш ҳам депрессияни енгишимда қўл келди - бу асосий қурол. Мэрилин Монро бу хасталикдан дунёни лимузин ойнасидан кузатиш орқали фориғ бўлгани ҳақида ўқигандим. Тўғри, бунга негадир ишонгим келмайди. Агар касбдошларим билан дардлашмаганимда, тажриба алмашмаганимда, тушкунликни четга суриб ташлолмасдим. Олдимда қийин йўл - танлов  турганини сезиб тургандим: таслим бўлиб ортга чекиниш ёки талаб даражасида тўп суриш. Аслида заифлик инсонга хос фазилат. Шундай экан, бу камчилигимни тан олишдан хижолат чекмаганман. Мисол учун, баъзида йиғидан ўзимни тўхтатиб қололмайман. Энг муҳими - мураккаб вазиятлардан чиқиб кетиш».

Буффон - камтарин «Каррарезе» клубининг ашаддий мухлиси. У айнан шу клубга кўнгил қўйганидан фахрланади: «Ҳамиша она шаҳрим жамоаси мухлислари гуруҳи - Commando Ultra Indian Tipsнинг бир бўлагига айланишни хоҳлаганман, шунга интилганман. Дейлик, жамоа фанатлари билан сафар учрашувларига ҳам борардим. Ҳозирга қадар шу клуб номи битилган қўлқоп кийиб майдонга тушаман. Сафарларда турли кишиларга дуч келдим. Рисоладагидек кишилар. Айримлари билан суҳбатлашиш жуда мароқли, калтафаҳмлари ҳам йўқ эмас. Ўша даврдан қолган энг ёрқин хотира - бу мухлислар устидаги тутун булутлари. Йўқ, тутун файерлар отиш оқибатида юзага келмасди, шунчаки, 200та тутатқини бир вақтда ёқардик - ажойиб манзара. Аслида «Каррарезе» учун ўйнашга қарши чиқмасдим, аммо бунинг иложи йўқ. Мана, «А» серияда 20 йил фаолиятим юритдим. Дейлик, «Женоа» ва «Лацио» мухлислари ҳам мамнуният билан қарши олишларига ишонаман. Римликлар доимо мени энг яқин дўстларидек кутиб олишган. Ўз навбатида, уларга ҳурмат билан қарайман».

Тан олинган дарвозабон Италия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Жанпьеро Вентурани ҳимоя қилади. Жанлуижининг фикрича, ЖЧ-2018 саралашидаги омадсизлик учун биринчи навбатда, футболчилар жавоб беришлари керак: «Йўқ, ЖЧ саралашини барбод бўлишида бир кишини айблаш тўғри эмас. Ҳар ҳолда, ушбу омадсизликка барчамиз алоқадормиз. «Вентура футболчиларни бошқаролмади, назоратни йўқотиб қўйди» қабилидаги гап-сўзлар асоссиз. Билганим шуки, биз мураббийга ҳамиша ҳурмат билан ёндашганмиз, кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга интилганмиз. Ҳа, у қайсидир паллаларда ўзини ёлғиз ҳис этгандир. Эҳтимол, мураббийни ўша паллаларда дурустроқ қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлгандир? Афсуски, вазифани уддалай олмадик. Лекин Вентуранинг футболга оид фалсафаси ва сабоқлари шахсан менга маъқул келганди».

«ПСЖ» голкипери суҳбат давомида Калиду Кулибалини ҳақоратлаганларни кескин қоралади. Чунончи, декабрь ойи охирида «Интер» - «Наполи»  учрашувида мухлислар меҳмонларнинг сенегаллик ҳимоячисини маймунга хос чийиллаш билан калака остига олишган, ирқчиликка йўғрилган ҳаракатлар билан роса камситишганди. Иш шу даражага бориб етдики, «Наполи» ўйинни тўхтатишни сўради. Мазкур учрашув арафасида Миландаги тартибсизликлар оқибатида «Интер» мухлиси ҳаётдан кўз юмганди. «Италия стадионларида ирқчиликка хос бақир-чақирлар тез-тез қулоққа чалинади. Баъзан ареналар ташқарисида ҳам. Қаранг, Лампедузеда кема ағаниши натижасида 300 киши ҳалок бўлса (2003 йилги фалокат оқибатида Эритрия, Сомали ва бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳаёт билан видолашишганди), марҳумлар оила аъзоларига таъзия билдириб, ҳаттоки, фарзандларини асраб олиш хусусида бош қотирамиз. Аммо ўша кема манзилга эсон-омон етиб келса, таажжубланамиз жаҳлимиз чиқади - «Африкалик муҳожирлар бу ерда нима қи-лишяпти?» Очиғи, Миланда кузатилган ёқимсиз воқеага изоҳ бериш қийин. Нафрат - мутлақо чидаб бўлмас ҳолат. Қаерда ва нима сабабдан келиб чиқишидан қатъий назар, нафратни сира оқлаб бўлмайди».

Жижи суҳбат якунида камида яна бир йил катта футболда қолмоқчи эканлигини яширмади: «Ҳозирча кетиш ниятим йўқ. Фаолиятимни камида яна бир йилга чўзмоқчиман. Тўғри, кўп нарса «ПСЖ»нинг хоҳишига боғлиқ. Аслида кетиш масаласида қандайдир аниқ муҳлат белгилаш но-ўрин. Бу эркинликни қафасга солиб қўйиш билан баробар... «Ювентус»даги фаолиятимга келсак, клубда ўтган 17 йиллик умримдан нолиш - бемаънилик. Туринда чиндан ҳам, ажойиб даврни бошдан кечирдим. Менимча, туринликлар ҳар қандай вақтда мени мамнуният билан кутиб оладилар. Туринда эришган обрў-эътиборим, совринларим, барча-барчаси учун «Ювентус»дан миннатдорман. Назаримда, футболдаги сўнгги сўзни ҳали айтмагандекман. Чунончи, бир олам орзуларим бор. Уларни амалга оширишим керак. Умидворманки, бунинг учун вақтим ҳам, кучим ҳам етарли...».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz