Қайднома

Қидирув

Хайрлашув вақти

Хайрлашув вақти

  19.01.2019 05:19
  0
  616
Хайрлашув вақти

2018 йили футболчилик фаолиятига нуқта қўйган афсонавий бешлик: «сеҳргар»дан тортиб, «даҳо»гача. Ҳа, ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас. Жумладан, вақт ўтиши билан энг сара футболчилар ҳам севимли машғулотларидан четга чиқишади. Мана, 2018 йили бутсаларини михга илишган юлдузларга қаранг: энди улар ижросидаги сеҳрли ҳаракатларни энтикиб, ширин хотира сифатида эслаймиз, холос...

РОНАЛДИНЬО (38 ёш) - Бразилия

Фаолиятининг бошланиш нуқтаси: 1998 йил

Ўйнаган клублар: «Гремио», «ПСЖ», «Барселона», «Милан», «Фламенго», «Атлетико Минейро», «Керетаро», «Флуминенсе», «Гоа» (мини-футбол), «Дели Драгонс» (мини-футбол)

Ютуқлари: Интертото кубоги соҳиби, Испания чемпиони (2 марта), Испания суперкубоги эгаси, Европа ЧЛ ғолиби, Италия чемпиони, Гунабара кубоги соҳиби, Рио кубоги эгаси, Либертадорес кубоги ғолиби, Мексика кубоги совриндори, Америка кубоги ғолиби, жаҳон чемпиони, Конфедерация кубоги ғолиби, «Олтин тўп» лауреати

Бразилиялик «афсунгар» ҳақида ЖЧ-2002дан кейин баралла гапира бошлашди. Зеро, у турнирнинг чорак финалида Англия терма жамоаси дарвозасига шедевр гол уриб, ҳамюртларига ғалаба тақдим этганди. Бир эсланг, Роналдиньо жарима нуқтасидан тўпга шу қадар айланма йўналиш бергандики, машҳур Дэвид Симен ҳам шунчаки, томошабинга айланганди. Осиёдаги мундиалдан 1 йил ўтгач, бразилиялик ижрочи «Барселона» сафига қўшилди ва чинакам мўъжизалар кўрсатишни бошлаб юборди. Бунинг натижасида кетма-кет 4 мавсум ҳеч нарса ютолмаган Каталония клуби турли совринларга кўмилди. Бироқ «сеҳргарлик» узоқ давом этмади. Хусусан, Бразилия термаси ЖЧ-2006да омадсизликка учрагач, Роналдиньо ўзига нисбатан талабчанликни пасайтириб юборди: машғулотларга беписанд қаради, тез-тез кун тартибини бузишга одатланди. Самуэль Это~О бу борада шундай деганди: «Адашмасам, Ронни 50та машғулотдан атиги 8тасида қатнашганди, холос». Қолаверса, жароҳатлар, мухлислар эътирози, танқидлар ва матбуот босими ҳам Роналдиньога халақит берди. 2008 йили «Барса» бош мураббийи Франк Райкаард ишдан кетди ва унинг ўрнини эгаллаган ёш Хосеп Гвардиола биринчи галда, интизомга бўйсунмайдиганлар билан ишлашга тоби йўқлигини тушунтирди. Роналдиньо айнан шундай «бетартиб» ўйинчилар сирасига кирарди. Шу тариқа бразилиялик «афсунгар» «Милан»га йўл олди, бироқ Италиядаги «қайта қўзғалиш»га уриниши натижасиз якунланди. Чунончи, у ортиқча вазн тўплаган, қолаверса, тезлиги ҳам пасайганди. Хуллас, 2011 йилдан эътиборан Роналдиньонинг Бразилия клублари аро саёҳати бошланди. 2015 йили эса мини-футболда ўзини кўрсатиш илинжида ҳаттоки, Ҳиндистонда ўйнади.

Ҳозир қаерда? «Барселона»нинг расмий элчиси. Тўғри, Бразилия ҳукумати яқинда Роналдиньонинг мамлакатдан четга чиқишини тақиқлаб қўйди. Бунга унинг бўйнидаги кўпмиллионли қарз сабабдир.

Дидье ДРОГБА (40 ёш) - Кот-д~Ивуар

Фаолиятининг бошланиш нуқтаси: 1998 йил

Ўйнаган клублар: «Ле-Ман», «Генгам», «Марсель», «Челси», «Шанхай Шенхуа», «Галатасарой», «Монреаль Импакт», «Финикс Райзинг»

Ютуқлари: Англия чемпиони (4 марта), Англия кубоги соҳиби (4 марта), Англия Лига кубоги эгаси (3 марта), Англия суперкубоги эгаси (2 марта), Европа ЧЛ ғолиби, Туркия чемпиони, Туркия кубоги соҳиби, Туркия суперкубоги эгаси

Дрогба - бу даҳо етакчи, чинакам йўлбошловчи. Африка футболи фахри фаолиятининг энг яхши дамларини «Челси»га бағишлади. Шунга яраша Лондонда имкони бор барча совринларни ютди, бир қатор рекорд натижаларга эришди. Дейлик, Дрогба «Челси» тарихидаги хорижлик энг яхши тўпурар бўлди (164та гол), АПЛда рақиблар дарвозасини 100 мартадан кўп ишғол қилган африкалик биринчи футболчига айланди. Дидье шунингдек, «аристократлар» учун ЧЛда ҳаммадан кўпроқ гол урган футболчидир — 36та. Ақл бовар қилмас даражада техника ва қувватга эга ҳужумчи «Стэмфорд Бриж» билан хайрлашгач, Хитойга йўл олди, бироқ яна бир йилдан кейин Туркияда кўриниш берди. Якунда эса Америкада тўп сурди ва октябрда қандайдир сеҳрли голлар уриб (40 ёшида!), кейинги ойда футболдан кетишини эълон қилди. Дрогбанинг «Инстаграм» орқали мухлислар билан қандай хайрлашганига бир эътибор қаратинг: «1989 йил - бу ҳаммаси бошланган нуқта. 20 йиллик фаолиятим ҳақида ўйлаганимда, ўша вақтдаги суратимга қараб, ўзгача фахр туйғусини туяман. Чунончи, футболчи сифатида шаклландим, асосийси, инсонийликни ҳамиша биринчи ўринга қўйдим».

Ҳозир қаерда? «Финикс Райзинг» клуби соҳибларидан бири. Дидье бу жамоани MLSга олиб чиқиш учун бор имкониятини ишга солишини бот-бот таъкидламоқда.

Жон ТЕРРИ (38 ёш) - Англия

Фаолиятининг бошланиш нуқтаси: 1998 йил

Ўйнаган клублари: «Челси», «Ноттингем Форест», «Астон Вилла»

Ютуқлари: Англия чемпиони (5 марта), Англия кубоги соҳиби (5 марта), Англия Лига кубоги эгаси (3 марта), Англия суперкубоги соҳиби (2 марта), Европа Лигаси ғолиби, Европа ЧЛ ғолиби

«Челси»нинг яна бир афсонаси. Жон «аристократлар»га шу қадар содиқ эдики, «Стэмфорд Бриж»дан кетгач, собиқ жамоасига қарши ўйнашни истамаслигини айтиб, АПЛ иштирокчиларидан тушган манфаатли таклифларга қиё ҳам боққани йўқ. Терри олдида АҚШ ёки Хитойга йўл олиш вариантлари ҳам юзага келганди, бироқ у якунда Чемпионшипда ўйнайдиган «Астон Вилла» сафига қўшилишни маъқул кўрди. Ўтган йилнинг куз ойларида интернет кенгликларида англиялик фахрий ҳимоячининг «Спартак» (Москва) либосини кийиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Россия пойтахтида мухлислар бундан роса қувонишди, афсонани интиқлик билан кута бошлашди. Бироқ «Челси» рамзи сўнгги лаҳзада рус диёрида тўп суриш фикридан қайтди ва буни оиласига маиший томондан қийинчилик туғдиришни истамаслиги билан изоҳлади. Кейин маълум муддат эркин агент мақомида юрди ва охир-оқибат, футболчилик фаолиятига хотима ясади.

Ҳозир қаерда? «Астон Вилла» бош мураббийи ассистенти. Қисқаси, Терри ҳам янги йўналишда амалий тажриба тўплашни бошлаб юборди.

Рафаэль ван дер ВАРТ (35 ёш) - Голландия

Фаолиятининг бошланиш нуқтаси: 2000 йил

Ўйнаган клублари: «Аякс», «Гамбург», «Реал», «Тоттенхэм», «Бетис», «Мидтьюлланд», «Эсбьерг»

Ютуқлари: Голландия чемпиони (2 марта), Голландия кубоги соҳиби, Голландия суперкубоги эгаси, Интертото кубоги соҳиби (2 марта), Испания суперкубоги соҳиби, Дания чемпиони, Евро-2004 бронза медали совриндори, ЖЧ-2010 кумуш медали соҳиби

Рафаэль вақтида «Реал» сафига «Олтин тўп» учун бўлажак даъвогарлардан бири сифатида қўшилди, бироқ юлдузларга тўла жамоада шунчаки, йўқолиб қолди. Орадан 1 йил ўтгач, ўша вақт бош мураббий ролини бажарган  Мануэль Пеллегрини голландиялик бир қатор футболчилар хизматига эҳтиёж сезмаётганини очиқ-ойдин таъкидлади. Чилилик мутахассиснинг «қора рўйхати»га тушганлар орасида ван дер Варт ҳам бор эди. Хуллас, голландиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи кўч-кўронини йиғиштириб, Англияга йўл олди ва «Тоттенхэм»да асосий ўйинчилардан бирига айланиб, доимий равишда голлар урди, заргарона узатмалари билан ажралиб турди. Бироқ 2 йилдан кейин собиқ клуби - «Гамбург»га қайтишни маъқул кўрди. Инсоф юзасидан айтиш керак, Рафаэлнинг ўз иқтидорини тўлиқ намойиш этишига бир-бирига уланган жароҳатлар ҳам йўл қўймади. Ҳар ҳолда, у бутун фаолияти давомида жароҳат хуружи таъқибидан сира қутулолмади. Лекин хотима чиройли чиқди: ван дер Варт футбол билан ажойиб тарзда хайрлашди - Элвис Преслининг My way қўшиғи садолари остида. «Агар бутун ҳаёт  давомида My way таронасидан бир мартагина фойдаланиш шарт бўлганида ҳам, уни бугунги кун учун танлардим. Ҳа, футболга нисбатан «хайр» иборасини айтишим жуда қийин бўлди. Ахир бу дунёда мен учун энг ёқимли ўйин шу. Бироқ 18 йилга чўзилган профессионал футболчилик фаолиятим учун бошқача миннатдорчилик билдиролмасдим», - деди Рафаэль хайрлашув чоғи.

Ҳозир қаерда? Футболдан четда. Вақтини асосан оиласи даврасида ўтказиб, шунчаки, ҳордиқ чиқармоқда. Кейинчалик мураббийлик билан шуғулланмоқчи.

Робби КИН (38 ёш) - Ирландия

Фаолиятининг бошланиш нуқтаси: 1997 йил

Ўйнаган клублар: «Вулверхэмптон», «Ковентри Сити», «Интер», «Лидс», «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Селтик», «Вест Хэм», «ЛА Гэлэкси», «Астон Вилла», «Атлетико» (Калькутта)

Ютуқлари: Англия Лига кубоги соҳиби, MLS кубоги эгаси (3 марта), U-19 тоифасида Европа чемпиони

Бу футболчи 21 йил давомида деярли бутун сайёрада ўйнаб кўрди - Америкадан тортиб, Ҳиндистонгача... Тўғри, Ирландия футболи юлдузи фаолиятининг катта қисмини Англияда ўтказди. Робби учун «Тоттенхэм»даги давр энг омадлиси бўлди. Ҳар ҳолда, у «шпорлар» шарафини 8 йил муносиб ҳимоя қилиб, ажойиб статистикага эришди: 306та ўйин, 122та гол. Робби Кин шунингдек, Ирландия термаси тарихида ҳам ёрқин из қолдирди. Эътибор беринг, у ўз мамлакати миллий жамоасида нақ 18 йил (1998-2016) давомида узлуксиз ўйнади. Энг асосийси эса, ҳар йили гол уришни ҳам эплади. Жами 148та ўйинда майдонга тушган Робби 68та голдан улкан хирмон ясаб, Ирландия миллий жамоаси тарихидаги бош тўпурар мақомини олди.

Ҳозир қаерда? «Атлетико» (Калькутта) мураббийи. Оддий айтганда, Кин янги соҳадаги илк кўникмаларни ҳинд футболида ўзлаштирмоқда.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz