Қайднома

Қидирув

"Мақсадимиз – Элга тушиш" ёки яна "Реал" инқирози хусусида

"Мақсадимиз – Элга тушиш" ёки яна "Реал" инқирози хусусида

  19.01.2019 07:24
  0
  523

«Реал» фанатлари Флорентино Пересдан истеъфо сўрашмоқда. Бошқа жамоалар мухлислари эса аллақачон «Мадрид»ни калака қила бошлашди. «Қироллик клуби» Ла-лиганинг 18-турида ўз майдонида «Реал Сосьедад»га 0:2 ҳисобида ютқазганидан кейин истеҳзо тўла луқмалар кўпайганидан кўпайди. Ахир «Мадрид» чемпионатнинг жорий мавсуми ҳисобидан 6-мағлубиятни тан олди. Таққослаш учун айтсак, мадридликлар бутун ўтган мавсум давомида айнан шунча ўйинни бой беришганди. Боз устига, «Реал» 18-тур якунида 5-ўринга тушиб қолди, пешқадам «Барселона» эса тобора узоқлашмоқда... Умуман, «Мадрид» Ла-лига тарихида бирор марта бу қадар ёмон старт қайд этган эмасди.

 

«Реал» мухлислари нима дейишмоқда?

«Сосьедад»га қарши ўйин якунланиши ҳамоно мадридлик фанатлар клуб президенти Флорентино Перес-дан истеъфо талаб қила бошлашди:

- Криштиану Роналду ва Зайниддин Зиданни унутинг. Бизнинг бош муаммомиз - бу Перес.

«Твиттер» тармоғида эса турли хэштеглар пайдо бўлди. Инглиз тилида - #PerezOut, испан тилида - #FlorentinoDimision. Буларнинг маъноси бир - Пересдан қутулиш. Умуман, клуб президентининг кетишга чорловчи фикрлар жуда кўп. Ҳаттоки, меъёридан анча ортиқ:

- Перес ҳаммасини вайронага айлантирди. У президент лавозимида ортиқ қолмаслиги керак. Ҳаммаси «Реал»ни энг ёмон мавсум сари етакламоқда.

- Флорентино, ўзинг учун суюкли Бенземани олдингга сол ва йўқол!

- Навбатдаги совринни «Барселона»га топшириб улгурганинг учун катта раҳмат.

- Перес «Барселона»га қандай йўл билан рақобат тақдим этмоқчи? Ахир Каталония клуби охирги 4-5 йилда бизга нисбатан 400 миллион кўп сарфлади.

- Аҳмоқона трансфер сиёсати жонга тегди. Бизга жаҳон миқёсидаги ҳужумчи керак. Жамоа чуқур инқироз ҳолатида —18та ўйинда атиги 26та гол. «Реал» олдига барча совринлар учун курашиш вазифаси қўйилганига катта шубҳам бор. Менимча, жорий мавсумдаги мақсадимиз - Европа Лигасига тушиш...

Интернет оламида нима гап?

«Реал» натижа масаласидаги беқарорликдан қийналаётган пайтда ижтимоий тармоқ орқали ҳазиллашишни хуш кўрувчилар роса яйрамоқдалар:

- Алло, Азар, бу мен, Куртуаман. Илтимос, «Реал»га келма. Қайтараман, «Реал»га келма, асло. Бу катта тузоқ.

- Лионель Месси ва Луис Суарес Ла-лиганинг 18та турида 28та гол уришди. Бу «Реал»нинг барча футболчилари урган голлар сони  (26)дан кўп.

- «Реал» чемпионатнинг 18та турида 26та гол урди. Бу вақтда Лионель Мессининг бир ўзи «Гол } пас» тизимида 26 очко тўплади.

- «Реал» ўйинларини қандай томоша қиляпман? Каземиронинг рақиб жамоа жарима майдонига кириши ноёб кадр бўлиб қолди. Яхшиси, Каземирони 1,5  миллион ҳинд рупиясига сотиб юборинг. Акс ҳолда, снайпер ёллашим ҳеч гап эмас...

- Криштиану Роналду ўрни Мариано Диас ҳисобига тўлдирилгач, ким «Реал»да имконият борлигини таъкидлаган бўлса, тезда унинг миясини алмаштириш керак.

- Агарда қачондир футболчи бўлиш орзусидан воз кечиш ҳақида ўйласангиз, шунчаки, Лукас Васкес «Реал» сафида бемалол тўп сураётганини эсга олинг.

- Иско: кутиш|реаллик.

 

«Реал»нинг жорий мавсумдаги

баъзи ёҚимсиз натижалари

2010 йилдан буён «Эль-класико»даги энг йирик мағлубият (1:5).

Европа Чемпионлар Лигаси тарихида уй учрашувидаги энг йирик мағлубият (0:3, ЦСКА билан ўйинда).

2009 йилдан буён Европа Чемпионлар Лигасининг уй учрашувидаги илк мағлубият (0:3, ЦСКА билан ўйинда).

Яна бир томони, «Реал» жорий мавсум икки нафар бош мураббийни кўришга улгурди. Жамоа аввалига Испания термасидан «тортиб» олинган Хулен Лопетеги бошқарувида ўйнади, октябрь ойида эса унинг ўрнини бунга қадар «Кастилья» билан иш олиб борган Сантьяго Солари эгаллади. Бош мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланган ёш мутахассис илк 4та ўйинда умумий 15:2 ҳисобида ғалабаларни таъминлагач, унга 2021 йилгача мўлжалланган тўлақонли шартнома таклиф этишди. Энди эса Соларининг ҳам курсиси қимирлай бошлади. Шундай таассурот борки, аргентиналик бош мураббий лавозимида ишини узоқ давом эттиролмайди ва жорий мавсумнинг ўзида «Реал»да ҳисоб бўйича учинчи йўлбошчини кўрамиз...

Абдудаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz