Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»-79: Сергей Покатиловни эслаб…

«Пахтакор»-79: Сергей Покатиловни эслаб…

  20.01.2019 01:35
  0
  595
«Пахтакор»-79: Сергей Покатиловни эслаб…

Агар Сергей Константинович Покатилов тирик бўлганида, шу кунларда 68 ёшга тўлган бўларди. У 1950 йилнинг 30 декабрь куни туғилган. Футбол билан шуғулланишни Ашхободда (Туркманистон) бошлаган. Унинг дастлабки мураббийлари Виктор Владимирович Надежкин ва Сергей Михайлович Золотарев бўлишган. Кейинчалик дарвозабонлик маҳоратини В. Кузнецов ва В. Курамшин каби мутахассислар бошчилигида тоблади. Шунингдек, Сергей Покатилов, профессионал клубда ўйнаётганида, туркманистонлик тажрибали мураббий Вениамин Гончаренко қўл остида шуғулланди. Сергей 1972 йилгача биринчи лигада ўйнади. 1969 йилдан собиқ иттифоқ ёшлар термаси сафида тўп сурган.

 

Ёш голкиперни Тошкентнинг «Пахтакор» клуби мураббийлар штабидагилар пайқашди - ўша йили «пахтакорчилар» биринчи лигада қатнашишаётганди. Покатиловнинг фидокорона ўйини «Пахтакор»нинг тажрибали устози В.Д. Соловьёвга маъқул тушиб, 1972 йил охирида уни жамоага қабул қилади. Айнан шу йили Сергей шунингдек, Санкт-Петербургнинг «Зенит» ҳамда Одессанинг «Черноморец» клубларидан ҳам таклиф олганди. Аммо Ўзбекистон жамоасини танлаб, илк мавсумдаёқ 19та ўйин ўтказди. Икки йил мобайнида «Пахтакор»нинг асосий футболчиси бўлди, аммо кейинчалик омад ундан юз ўгирди.

1975 йилги мавсумда Сергей жиддий жароҳат олиб, узоқ вақт даволаниши оқибатида икки йилни беҳуда йўқотди. Аммо тиклангач, «Пахтакор»га биринчи дарвозабон сифатида қайтди. У ҳамиша астойдил ҳаракат қилар, тўғри позиция танлар, юқоридан келадиган мураккаб зарбаларни муваффақиятли қайтарарди. 1977 йили жамоа олий лигага қайтди, Сергей эса элита йўлланмаси қўлга киритилишида муносиб улуш қўшди. 1979 йилнинг июлида Покатилов Спартакиадада қатнашадиган Ўзбекистон термаси таркибига киритилди. Гарчи ўзбекистонликлар Россия ва Украинанинг энг яхши футболчилари қатнашган кучли гуруҳга тушиб қолган бўлсаларда, Сергейнинг ўйини мутахассислар томонидан юқори баҳоланди: «Покатилов кўп ҳолларда қандайдир мўъжиза туфайли жамоасини қутқариб қолади». Иқтидорли кипернинг салоҳиятини инобатга олиб, уни собиқ иттифоқ олимпия термасига чақириладиган номзодлар сафига қўшишди.

 

Оиласи ва болалиги

Серёжанинг ота-онаси ўқимишли бўлишгани ҳолда, фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялашганди. Натижада, уларнинг бари олий маълумотли, жамиятга фойдаси тегадиган шахс сифатида камол топишди. Онаси Мария Артемовна Ашхободдаги йирик ташкилот бош ҳисобчиси бўлган, отаси Константин Клементьевич эса енгил саноат вазири ёрдамчиси сифатида фаолият юритган. Сергей ота-онаси сингари илм олишга интилган. Мактабни аъло баҳоларга битиргач, 1968 йили Туркманистон давлат қишлоқ хўжалиги институтининг гидромелиорация факультетига ўқишга кирди. Ўша йили «Строитель» (Ашхобод) жамоасида ўйнай бошлади. Таълим олиш ва профессионал футболда қатнашишга бирдек улгуриш осонмас, шу боис 1970 йили у ўқишини Туркманистон давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига ўтказди.

Ҳаётнинг ёрҚиндамлари

- Серёжа билан мактабдош дугонамнинг уйига меҳмонга борганимда танишгандим, - дейди футболчининг рафиқаси. - У ажойиб ота бўлган. Тўнғич қизимиз Аня туғилганда, ўта банд бўлишига қарамай, машғулотлардан кейин бўш вақтини бизга бағишларди. Иккинчи фарзанди бўлишини астойдил кутгани боис, Маша туғилганда жуда хурсанд бўлганди. Афсуски, шундан сўнг у атиги 6 ой яшади, холос. Катта қизимизнинг бу борада омади бор экан - Серёжа у билан ўйнар, бирга китоб ўқир, сайрга олиб чиқар, унинг учун қўғирчоқ театри кўрсатар, кўплаб совғалар келтирар, кунига бир неча маротаба қўнғироқ қиларди. Турмуш ўртоғим тирик бўлганида, фарзандлари билан сўзсиз фахрланган бўларди - тўнғичимиз турар-жой бинолари дизайнери сифатида ишламоқда, кенжамиз эса банкда етакчи мутахассис.

 

Кумирлар ва устозлар

Сергейнинг болаликдаги кумири Лев Иванович Яшин бўлган. Буюк дарвозабонни жуда яхши кўрар, у каби юқори даражадаги кипер бўлишни орзу қиларди. Шунингдек, Геннадий Красницкий, Юрий Пшеничников, Ринат Дасаев, Олег Блохин, Виктор Колотов, Юрий Загуменних, Павел Садирин каби футболчилардан намуна оларди. Мураббий Вячеслав Дмитриевич билан Сергей дўстона алоқаларни йўлга қўйганди. В.Д. Соловьёв 1972 йили «Пахтакор»ни бошқарганда, жамоага кўплаб ёш иқтидор соҳибларини таклиф қилганди. Кейинги йилларда майдонда тўп сурган таркиб ўзагини яратди - Миша Ан, Володя Фёдоров, Лакис (Василис) Хадзипанагис, Костя Баканов, Саша Корченов, Сергей Покатилов, Олим Аширов каби йигитлар. Қаҳрамонимиз Вячеслав Дмитриевични жуда ҳурмат қилар, ҳар бир тавсияларини сўзсиз бажарарди. Мураббий ҳар бир шогирдининг оилавий ҳаёти билан қизиқар, рафиқалари, фарзандлари, ота-оналарини яхши танирди, унинг ғамхўрлигини ҳамиша ҳис қилиб туришарди. Соловьёв кетгач, Александр Петрович Кочетков катта мураббий сифатида ишлади. Унинг Сергей билан муносабатлари ҳар доим ҳам яхши бўлмаган... 1978-1979 йилларда оила аъзолари Покатилов футболдан кетгач, нима билан шуғулланишини муҳокама қилишди. У пайтда жамоани тарк этиш масаласи ўртага ташланмаган, аммо келгусидаги режалар ўрганилаётганди. Улар орасида Москвага кўчиб ўтиб, мураббийлар олий мактабида ўқиш ҳам бўлган.

ШафҚатсиз футбол

- 1975 йили футболнинг нақадар бешафқат эканлигини тушунганман, - дея ҳикоясини давом эттирди Покатиловнинг рафиқаси. - Серёжа жиддий жароҳат олиб, икки йилга сафдан чиқди. У учта операцияни бошдан кечирди, уларнинг дастлабки иккитаси муваффақиятсиз чиқди, тикланиш жараёнининг чўзилиб кетиши, аввалги формасига кириб олиши, асосий таркибдаги ўрин учун жиддий рақобат... Учинчи операция яхши чиқди, ирода ва интилиш ўз сўзини айтди, Сергей тез орада тикланиб, «Пахтакор» сафида мунтазам равишда майдонга туша бошлади. Унинг ўзини аямай, кучли оғриққа қарамай астойдил тўп сурганини кўрардим, янги услублар бўйича ишларди, соатлаб машғулотларда тер тўкарди. Қайси фасл эканининг фарқи йўқ эди. Нав-батдаги машғулот. Қуёш чиқиб турибдими ёки ёмғир ёғяптими - аҳамиятсиз. Беш - олти - еттита тўп бирин-кетин киритиларди. Кўрганингиз сари кўзингиз қувнарди... У кучли, сабрли ва матонатли эди.

 

«Пахтакор» оилаларни бирлаштирарди

Сергей ва «Пахтакор»даги йигитлар ҳақида кўп гапириш мумкин, улар қисқа, аммо ёрқин ва мазмунли ҳаёт кечиришганди... «Пахтакорчилар» ҳақиқий дўст эдилар. В.Д. Соловьев тузган таркиб авиаҳалокатгача бирдамликни сақлаб қолди. Ўша футболчиларнинг ҳеч бири жамоани тарк этмади, ваҳоланки, уларга Россия ва Украинанинг етакчи клубларидан таклифлар тушганди. Фёдоров, Ан, Корченов, Покатилов, Баканов, Аширов, Чуркин ва бошқалар асосий таркибдан жой олиб, сўнгги нафасгача «Пахтакор»га содиқ қолишди...

Уларни бир ғоя бирлаштирарди, улар яхлит жамоа эдилар, бу дунёни ҳам биргаликда, бир зумда тарк этишди. Шундай бўлдики, ёш иқтидор соҳибларининг аксарияти жамоага эндигина келган, тақдир тақозоси билан маҳоратли футболчилар қатори ўша самолётга чиқишганди.

- Футболчиларнинг оиласи ўзаро дўстона алоқаларни йўлга қўйишганди. Людмила Корченова билан ҳамиша биргамиз, Клара Ан ва Луиза Аширова билан ҳам гаплашиб тураман. Афсуски, Клара Ан ва Люда Загуменних ҳозир хорижда яшашмоқда, шу боис кам суҳбатлашамиз. Сергей Тўлаган Исоқов билан ҳам яқин эди. Тўлаган ўша жамоанинг энг барқарор футболчиларидан бири бўлган, биз Тошкентга келганимизда, асосий таркибда ўйнаётганди. Серёжа шунингдек, Аҳмад Убайдуллаев ҳақида илиқ фикрлар билдирар, уни истеъдодли ёш ўйинчи сифатида эътироф этарди. Шунингдек, ўринбосарлар сафида Слава Ширин, Гена Денисов, Дима Роман, Костя Новиков ва бошқалар ҳам ёрқин таассурот қолдиришганди.

Машъум сана

- 1979 йилнинг 11 августи бир қарашда оддий кун эди... Одатий уй юмушлари. Ҳеч нарса йўқ, аммо кўнглим нотинч эди... Эртасига тонгда телефон қўнғироғи чалинди. Фарзандимни овқатлантираётгандим, гўшакнинг нариги томонида Луиза гапирарди: «Наҳотки эшитмаган бўлсанг?..» Қон босимим кўтарилди. Кейин... кейин кўз олдим қоронғулашди, оёқ-қўлларим ўзимга бўйсунмади, чалкаш хаёллар ва қарорлар... Боламни қўшнимга топшириб, Ўзбекистон спорт қўмитаси томон шошдим. Қулоғим ҳеч нимани эшитмасди. Йўқ, ҳозир футбол раҳбарларимиз буларнинг бари уйдирма эканини айтишади... Тўхтадик. Ўзимни машинадан ташқарига отдим. Нимага Ахбор Имомхўжаев, Толик Могильний ва Аҳмад Убайдуллаев эшик олдида хомуш туришибди? Сўнгги метрларни зўрға босиб ўтиб, уларнинг нигоҳини илғашга интиляпман, аста шивирлаяпман - бу ростми? - аммо... шу заҳоти ҳушимни йўқотдим, - дея эслайди ўша машъум кунларни Покотиловнинг турмуш ўртоғи.

 

Кўмак учун миннатдорлик

- Оғир дамларда оиламизни қўллаб-қувватлаганларни ҳар доим миннатдорлик билан эслайман, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари футбол федерацияларини. Набирамизни тезкор операция қилиш керак бўлганда, зарур суммани тополмагандик. Шунда отам ҳар икки мамлакат федерацияларига ёрдам сўраб мурожаат қилгач, бизга зарур воситаларни етказишди. Зокир Қурбонов ва Луиза Аширова Тошкентда барча молиявий масалаларни ҳал этишди. Бахтимизга, вақт ўтгани сари болакай соғая бошлади ва ҳозир онаси билан Ашхободда яшаяпти.

 

«...ишлаймиз, интиламиз...»

- Эримни жуда соғинганимда, эски альбомларни, мактубларни, фотосуратларни, унинг матбуотдаги интервьюларини қайта кўздан кечираман... У радиога берган сўнгги интервьюларининг бирида шундай деганди: «...ишлаймиз, интиламиз...».

Мавлон ШУКУРЗОДА, "ИнтерФУТБОЛ"нинг махсус мухбири


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz