Қайднома

Қидирув

Ҳафта қаҳрамони: Омадли, лекин ишсиз

Ҳафта қаҳрамони: Омадли, лекин ишсиз

  21.01.2019 00:48
  0
  514
Ҳафта қаҳрамони: Омадли, лекин ишсиз

Франция Лига кубоги доирасида «Ренн» футболчиларининг 3та 11 метрли жарима зарбаларини қайтарган ва ўзи ғалаба голини урган «Монако»нинг тўртинчи дарвозабони Лоик Бадиашиле князлик клубини кейинги босқичга олиб чиқди. Ўта омадли, ажойиб йигит. Лекин нима учундир мураббийлар уни майдонга туширишни истамайдилар.

Дарҳақиқат, Бадиашиле чоршанба оқшомида бўлиб ўтган кубок беллашувининг бош қаҳрамони бўлди. «Ренн»га қарши баҳсда (1:1, пенальтилар серияси - 8:7) у 3та зарбани қайтарди, кейин ўзи касбдош рақиби дарвозасига ҳал қилувчи тўпни йўллади. Ҳозир Франция футбол жамоатчилиги Лоикнинг фантастик ўйини таҳлили билан банд. Биз эса ана шу ноёб иқтидор соҳиби билан дурустроқ танишиб олишни лозим топдик.

Бадиашиле - «Монако»нинг тўртинчи дарвозабони. Жорий мавсум жамоа нафақат натижалар, балки дарвоза чизиғида ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Субашич, Бенальо, Си ҳамда Бадиашиле - уларнинг ҳаммаси ҳеч бўлмаганда бир марта майдонга тушишган. Барча мусобақалар доирасида, албатта. Бенальо асосий дарвозабон вазифасини адо этмоқда, Субашич жароҳати туфайли майдонга туша олмаяпти, Си эса савия борасида ўринбосарлар жамоасидан кўтарила олгани йўқ.

Ички чемпионатда «Монако» жадвалнинг 19-поғонасида бормоқда, ўз дарвозасидан 29та тўп ўтказиб юборди. Бадиашиле доимо захирада, аммо кубок беллашувларида унинг «Монако»си мағлубиятларсиз серияни давом эттирмоқда. Энди сўнгги ҳафтанинг асосий шов-шувига сабаб бўлган қаҳрамонимизга оид айрим фактлар билан танишинг:

«Монако» таркибидан 2016|2017 йиллар мавсумида жой олган 20 ёшли дарвозабоннинг баҳоси атиги 800 минг евро. Ўшанда Лоик Франция чемпионати доирасида «Ренн»га қарши баҳснинг иккинчи бўлимида майдонга тушиш билан дебютини нишонлаганди. Гарчи у 2та тўп ўтказиб юборган бўлсада, ўйин «Монако»нинг ғалабаси билан якунланган.

Қизиғи, 2016 йилда ёш посбон ЕЧЛ доирасидаги «Фенербахче» билан бўлган ўйинда ҳам захирадан майдонга туширилган ва жамоа мағлубиятга учраганди. Аммо Бадиашиле бошланғич таркибда майдонга тушган ўйинларда «Монако» бир марта ҳам мағлуб бўлмаган.

Дарвоқе, князлик клуби таркибидан Лоикнинг укаси - Бенуа ҳам жой олган. 17 ёшли йигитча ҳақида қуйидаги маълумотлар мавжуд: 2017 йилнинг майида Бенуа Бадиашиле «МЮ»дан таклиф олганди. Бироқ у дастлабки шартномани «Монако» билан имзолади. Тез орада ЕЧЛнинг «Атлетико»га қарши учрашувида майдонга тушган Бенуа турнир тарихидаги энг ёш автогол соҳибига айланди. Ўшанда футболчи 17 ёш, 267 кунлик эди. Ҳа, Бенуа акаси Лоик каби омадли, бахтиёр эмас.

Жорий мавсум Бадиашиле 4та учрашувда майдонга тушди. Унинг иштирокида «Монако» «Брюгге» билан сафарда дурангга эришди, ке-йин Франция Лига кубоги доирасида «Лорьян» ва «Ренн» тўсиқларидан ўтди, Франция кубоги мусобақасида эса «Кан»ни кичик ҳисобда маҳв этди. Ана шу беллашувларда Бадиашиле атиги 2та гол ўтказиб юборди. Ўтган ҳафтадаги қаҳрамонликдан сўнг табрикларнинг асосий қисми Лоик Бадиашилега йўлланди. Ҳатто Радамель Фалькаодек юлдуз ҳам ёш жамоадошининг жорий мавсумдаги хизматларига юксак баҳо берди. Эътиборлиси, «Монако» илк марта қаторасига икки учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Мураккаб даврни бошдан кечираётган жамоа учун бу жуда муҳим. Тўғри, олдинда князлик клубини жиддий синовлар - «Марсель», «Ницца» ва «Страсбур»га қарши баҳслар кутиб турибди. Энди дарвоза чизиғини Бадиашиле банд этса, ҳеч ким ажабланмайди. Ким билади, дейсиз, балки шу тариқа «Монако» зафарли юришини давом эттириб, қаддини тиклаб олар? Лоикни инобатга олмасак, сўнгги пайтларда «Монако»да ижобий қаҳрамон қолмаганди.

О.Атабоев тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz