Қайднома

Қидирув

Кашфиёт: Янги йилда янги ном

Кашфиёт: Янги йилда янги ном

  23.01.2019 05:47
  0
  510
Кашфиёт: Янги йилда янги ном

Шу пайтгача «Пепе» ибораси тилга олинганида, кўз ўнгимизда бошқа киши гавдаланарди. Бу ёғига ана шу номга аниқлик киритишимизга тўғри келади. Чунки энди қизғин баҳс-мунозаралар португалиялик машҳур ҳимоячи эмас, «Лилль» ҳужумчиси Николя Пепе хусусида бўлади.

23 ёшли Кот-Д~Ивуар вакили ҳозирнинг ўзидаёқ Европа грандларини тансиқ луқма сифатида ўзига жалб этмоқда. Шу боис, қишки трансфер мавсумида жамоа мутасаддиларининг юмушлари етарли. Жумладан, президентнинг спорт ишлари бўйича маслаҳатчиси Луис Кампос Пепе хусусида фикр билдирди: «Унинг жамоада қолиши учун бор имкониятларни ишга соламиз. Бироқ Николя ҳозирда номдор клублар эътиборида эканлигини инкор этмаймиз. Президент Пепе мавсумни «Лилль»да якунлашига умид билдирди. Лекин қайсидир жамоа уни ўз сафига ўтишга кўндира олса, 80 млн. евро етарли бўлади. Ҳамма нарсанинг ўзига яраша баҳоси бўлишини яхши биламиз. Боз устига, ривожланиш учун клубга маблағ зарур».

Одатда, ўз ўйинчисининг ҳеч қачон бошқа жамоага ўтмаслигига бефарқ бўлган мутахассис шу тахлит фикр билдиради. Фақат нарх «чақиб оладиган» даражада. Нуфузли transfermarkt сайти Пепени 40 млн. еврога баҳолаганди. Тўғри, футболчининг ёши ва шартнома муддатини ҳам ҳисобга олиш керак, албатта. Николя 23 ёшда, шартнома эса 2022 йилга қадар амалда бўлади. Мана шу омиллар баҳонинг бирмунча юқори бўлишини таъминлайди.

Лекин футболчиларнинг айрим жиҳатларини баҳолаш анча қийин. Ҳужумчиларга кўпинча сермаҳсул ҳаракатларини инобатга олган ҳолда баҳо беришади. Агар «Лилль» скаутлари ҳам шу усулни қўллаганларида, клуб Пепе даъвогарларини қувиб юборган бўларди. Гарчи Николя узоқ вақт давомида ҳайратланарли натижаларни қайд этмаган бўлсада, у ердаги мутахассислар ноёб иқтидорни аввалдан ҳис эта олишлари ҳақиқат. Пепенинг фаолияти жадал тараққиёти билан эътиборли. Боз устига, Лига 1га у номдор академиядан эмас, балки қуйи лигадан кўтарилди. «Лион» ёки «Марсель» мактабларида болакайлар бир неча йил сабоқ оладилар. Ивуарлик ҳужумчи эса мустақил равишда юксакликка йўл топди.

Албатта, керакли клубларнинг скаутлари зарур паллада унинг ёнида пайдо бўлишгани учун Николя Яратганга шукрона айтиши лозим. Пепенинг катта футбол сари парвози бешинчи дивизиондан бошланди. Бироқ қуйи лигада узоқ қолиб кетмади - «Пуатье»даги бир нечта учрашувдан кейин 2-лига вакили - «Анже»дан таклиф олди. Тўғри, ортиқча текширувларсиз қабул қилинган ҳужумчини ўринбосарлар сафида синаб кўришди. Аммо Пепе бунга хафа бўлмади, ахир у ҳаваскорлар жамоасидан бир йўла 2-лигага ўтганди.

Муайян муддатдан сўнг «Анже» Пепени 3-дивизион вакили бўлган «Орлеан»га ижарага берди. Ана шу жамоа-да ҳужумчи 2015|2016 йиллар мавсумида чинакам ўйин амалиётига эга бўлди, 29 учрашувда майдонга тушиб, 7та гол урди. Шундан сўнг у элита вакилларининг эътиборига тушди. «Анже» эса бундан кейин Пепени «сургун»га жўнатмасликка қарор қилди. Оқибатда навбатдаги парадокс юз берди: элитага кўтарилган «Анже» таркибида 33 марта майдонга тушиб, «нақ» 3та гол урди. Шу кўрсаткич 80 млн.га арзийдими?

Айни шу паллада «Лилл»да тартибсиз жонланиш кузатила бошлади - жамоа оммавий равишда дуч келган футболчини қиммат баҳода харид қилишга киришди. Жумладан, 3 млн.га баҳоланган Пепе учун 10 млн. дан воз кечди. Аввалги мавсум раҳбариятда ҳам жиддий ўзгаришларни амалга оширган «Лилль» учун оғир кечди - ҳеч бўлмаганда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши тахмин қилинган жамоа якунда 17-поғонадан жой олди. Лекин Николя ана шу омадсиз таркибдаги ягона умидбахш ёғду бўлди. У ўз фаолиятида илк бор мавсумни 10тадан ортиқ гол билан якунлади - 36 ўйин, 13 гол. Элитадаги ўрнини бир амаллаб сақлаб қолган жамоа вакили учун ажойиб натижа.

Таажжубки, ана шу оғир шароитда Пепенинг ўзига хос услуби маромига ета бошлади. Жорий мавсумнинг 18 учрашувидаёқ у 12 марта ўз рақибларини ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этди ва энг яхши тўпурарлар рўйхатидан жой олди. Натижада у «Бавария», «МЮ», «Барселона» каби грандлар эътиборини қозонди. Хуллас, «Лилль» ўзига хос фазилатларга эга ёрқин ҳужумчини кашф этди.

Николя - том маънодаги чапақай ҳужумчи. Тўпни олиб юриш, рақибларини алдаб ўтиш ва дарвозага зарба йўллашда у айнан шу оёғидан фойдаланади. Шунинг учун доимо ўнг қанотга интилади. Ҳатто марказий чизиқда ўйнаётганида ҳам ўнгга кетиб қолганини сезмай қолаётгандек. Николянинг «бир оёқли»лиги аслида камчилик ҳисоблансада, рақиб ҳимоячиларига етарли муаммо туғдиради. Чунки ҳужумчи доимо юқори тезликда ҳаракатланади, уни қувиб етиш осон эмас.

Ўзининг алдамчи ҳаракатларини Пепе кўпинча дарвоза ёхуд ён чизиқ устида амалга оширади, тўп майдонни тарк этаётгандек туюлади. Эътиборлиси, ҳужумчи ҳар гал олдинга интилганида аввалги ҳаракатини такрорламасликка интилади. Бу жиҳати Роббенни эслатади. Николянинг зарбалари асосан ўрта ва олис масофалардан амалга оширилади. Бу эса унинг ўйинига қўшимча самара ва эркинлик бағишлайди. Пепе ўзи учун имконият қидиради, тўпни эгаллаши билан олдинга интилади ва зарбани пайсалга солмайди. Албатта, ундаги «худбинлик» шерикларининг танқидларига сабаб бўлади, ахир улар Пепедан узатмалар кутишади. Бироқ Николя дарвозани забт этиш билан жавоб қайтаргач, гина-кудуратлар унутилади.

Таъкидлаш жоизки, Николя ижросидаги кутилмаган кучли зарбалар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, бу зарбаларга айланма ҳаракат берилиши рақиб учун қўшимча муаммо туғдиришига шубҳа йўқ. Пепега ўхшаган ҳужумчи ҳар қандай жамоа услубига мослаша олади, чунки у кўпинча ўзига ўзи шароит яратади. Қўшимчасига, рақибни доимо хавотирда ушлаб туради, ахир у исталган паллада дарвозани нишонга олиши мумкин. Охирги икки мавсум давомида айнан шу хусусиятини Пепе маромига етказиб олди. Ҳужумчи шу билан кифояланиб қолмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, замонавий футболда яна бир ўзига хос, голга чанқоқ монстр пайдо бўлганига бемалол гувоҳлик бера оламиз.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz