Қайднома

Қидирув

Тараддуд. «ЛОКОМОТИВ»дан «ДИНАМО»гача

Тараддуд. «ЛОКОМОТИВ»дан «ДИНАМО»гача

  24.01.2019 03:34
  0
  494
Тараддуд. «ЛОКОМОТИВ»дан «ДИНАМО»гача

Амалдаги чемпион Дубайда шуғулланмоқда. «Темирйўлчилар» ушбу йиғин доирасида 3та ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштиришган. Илк назорат учрашуви Россиянинг «Спартак» жамоасига қарши кечди. Унда тошкентликлар 2:5 ҳисобида имкониятни бой беришди. Кейинги ўйинда Словакиянинг 7 карра чемпиони «Жилина» рақиб бўлди. Бу сафар «Локо» устун келди - 2:0. Жамоа голларига Алишер Шоғуломов ва Темурхўжа Абдухолиқов муаллифлик қилишди.

«Локомотив»: Жавоҳир Илёсов, Фаррух Иброҳимов, Сергей Прохоров, Игорь Йелич, Диёр Туропов, Садриддин Абдуллаев, Жамшид Искандеров, Сейя Кожима, Филипп Райевац, Алишер Шоғуломов, Темурхўжа Абдухолиқов.

Захирадан майдонга тушганлар: Маъмур Икромов, Бобур Эргашев, Бобур Отахонов, Авазбек Ўлмасалиев, Жалолиддин Жумабоев, Улуғбек Абдуллаев, Асад Эргашев.

 

«Пахтакор»

Ўзбекистон вице-чемпиони янги мавсумни АГМК каби бошқалардан эртароқ бошлайди. Шуни инобатга олган жамоа айни пайт кучайтирилган тарзда ҳозирлик кўрмоқда. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, «шерлар» айни кунларда «Жар» стадионида кунига икки маҳал шуғулланишмоқда.

Мураббийлар айниқса, футболчиларни жисмоний томондан тайёрлашга жиддий эътибор қаратишмоқда. 19 январь куни «Жар» стадионида «Андижон»га қарши назорат учрашуви ўтказилди. Унда Драган Черан ва Андрей Сидоров томонидан урилган голлар эвазига «шерлар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

«Пахтакор»: Исоқов, Комилов (Козак), Симич (Асқаров), Аъзамов (Абдураҳмонов), Салимов, Аҳмадов (А.Аҳмедов), Собирхўжаев (Синдоров), Черан (Иминов), Гонсалвеш (Розиев), Абдураҳимов (Собиржонов), Сидоров.

«Пахтакор» 25 январь куни БАА йиғинига жўнаб кетади. Жамоа сафардан 6 февраль куни қайтиб, Осиё Чемпионлар Лигаси иккинчи саралаш босқичи доирасида «Эйр Форс» (Ироқ)га қарши кечадиган илк расмий ўйинга қаратилган тайёргарликни якунига етказади.

 

«Навбаҳор»

Наманганликлар ҳам аксарият жамоалар каби синов-назорат баҳсларига эътибор қарата бошлашди. Хусусан, Намангандаги «Динамо» стадионида «Навбаҳор» ва Фарғонанинг «Истиқлол» клублари ўртасида ўртоқлик ўйини ташкиллаштирилди. Қизиқарли курашлар остида кечган учрашувда наманганликлар қўли баланд келди - 2:1. «Навбаҳор» голлари Игорь Голбан ҳамда Зафар Тўраев ҳисобига ёзилди. «Истиқлол» таркибида эса Улуғбек Худойбердиев ўзини кўрсатди. Шу ўйиндан сўнг «Навбаҳор» илк хориж йиғини учун Қримга йўл олди. Андрей Канчельскис навбатдаги йиғинга Мирзоҳид Маматхонов, Ғиёс Комилов, Игорь Голбан, Жаҳонгир Меҳмонов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Славко Лукич, Шаҳзод Шайманов, Абдужамол Исроилов, Улуғбек Акназаров, Зафар Тўраев, Баҳодир Насимов, Александр Касьян қатори бир қатор ёшларни ҳам жалб этди. Кутилишича, Қримда жамоа таркибига легионерлар ҳам қўшиладилар. Умуман, бу йиғин 10 кунга мўлжалланган бўлиб, унинг доирасида 2та назорат учрашуви ташкил этилади. Рақиблардан биринчиси маълум - маҳаллий «Таврия» жамоаси. Терма жамоаларимизга чақирилган Остон Ўрунов, Азиз Турғунбоев, Даврон Ҳошимов ва бошқа янги футболчилар кейинги йиғинда таркибга қўшилишади.

 

«Бунёдкор»

Вадим Абрамов қўл остига ўтган «Бунёдкор» навбатдаги йиғин доирасида «Оқ-тепа» билан ўртоқлик ўйинида куч синашди. Учрашувда қизғин кураш руҳи сезилиб турди. Вадим Карленовичнинг бир қатор ёшларни синаб кўрганини алоҳида қайд этиш керак. «Қалдирғочлар» бутун вақт давомида ташаббусга эришдилар ва бу якуний ҳисобда ҳам кўринди - 4:2. «Бунёдкор» голларига Сардор Азимов, Нодир Мавлонов, Санжар Рихсибоев ва абибхон Каримов муаллифлик қилишди.

 

«Металлург»

Бекобод клубида ҳам тайёргарлик қизғин тус олмоқда. Жамоа аъзолари Қибрайда шуғулланаётган бўлишса, Бекободда «Металлург» марказий стадионини мавсумга ҳозирлаш ишлари авж палласига кирди. Стадион майдонини рисоладагидек ҳолатга келтириш масъулиятини пойтахтлик мутахассислар ўз зиммаларига олишган. Денис Ан бошчилигидаги ишчи-гуруҳ майдонга тупроқ ётқизишни якунлаб, суғориш тизимини замонавийлаштириш ишларини бошлаб юборишди. Шунинг баробарида мутахассислар дренаж тизими сифатини оширишни ҳам унутишаётгани йўқ. Ўтган мавсум ўрталарида стадион ёритгичлари янгиланган эди. Янги мавсум олдидан мосламаларни қайта кўздан кечириш, прожектор чироқларини мустаҳкамлаш ва майдонга қаратиш керак. Мазкур камчиликларни «Ўзметкомбинат» электр-монтаж бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда бартараф этиш кўзда тутилган. Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, Бекобод шаҳрининг Сирдарё кўчаси ҳудудидан «Металлург» футбол академияси учун ер ажратилганди. Қурилиш лойиҳаси тасдиқлангач, бу борада ҳам ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, футбол майдонлари учун ер текисланяпти, ётоқхона таъмирланмоқда. Яъни Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли профилактория биноси ётоқхонага мослаштирилаяпти.

 

«Бухоро»

Бухороликлар 3-15 январь оралиғида клуб қароргоҳида шуғулланишди. Ўтган ҳафта эса «Бухоро»нинг Тошкентдаги йиғини бошланди. Режага кўра, 18 январь куни старт олган машғулотлар ойнинг 31-санасига қадар давом эттирилади. Жамоа Тошкентда 4та ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирган. Улардан дастлабкиси кеча «Андижон»га қарши кечди. Ке­йинги ўйинлар санаси ва рақиблар ҳам тайин: 23 январь - «Сурхон», 26 январь - «Бунёдкор» ва 30 январь - «Сўғдиё­на». ЎФА ва ПФЛ томонидан ички мусобақаларда иштирок этувчи клубларни лицензиялаш бўйича регламент ишлаб чиқилганидан хабарингиз бор. Шунга мувофиқ, клубларни лицензиялаш бўйича ишчи-гуруҳ 5-6 декабрь кунлари «Бухоро»да белгиланган талабларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказган ва стадион майдонининг талаб даражасида эмаслиги, трибуналардаги ўриндиқлар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани аниқланган эди. Айни пайт «Бухоро» спорт мажмуасида қизғин иш олиб борилмоқда. Клуб майдон ҳолатини яхшилаш мақсадида малакали мутахассисларни жалб этди. Стадионга дренаж-суғориш тизими ўрнатиш мўлжалланмоқда. Қолаверса, ўриндиқларни янгилаш бошлаб юборилди. Шунингдек, бироз пардозталаб ҳолатга келган кийиниш хоналари косметик таъмирдан чиқарилмоқда.

 

«Насаф»

Қарши жамоаси аввалги ҳафта «Қизилқум»­га қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа голларига Шерзод Темиров, Бобир Давлатов ва Ойбек Бозоров муаллифлик қилишди.

«Насаф» (бошланғич таркиб): Абдувоҳид Неъматов, Шодиёр Ҳожиматов, Алексей Ларин, Ғолиб Ғайбуллаев, Дониёр Нарзуллаев, Бобир Давлатов, Хуршидбек Мухторов, Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Шерзод Темиров, Умарбек Эшмуродов.

 

«Қизилқум»

ПФЛ талабларига мувофиқ, Суперлига ҳамда Про-лига «А» гуруҳининг барча клублари 2019 йил мавсумидан эътиборан яхши ҳолатдаги майдонга эга стадион ва шахсий академияга эга бўлиши шарт. Янги мавсум тадоригини режа асосида олиб бораётган Навоий жамоаси шунга мувофиқ, ЎФА ҳузуридаги Навоий вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан шартнома тузди. «Қизилқум» шу келишувга кўра, айрим мажбуриятларни ўз зиммасига олиш баробарида маълум ҳуқуқларга эга бўлди. Биринчидан, жамоа Навоий вилоятидаги ёш истеъдодларни тўғри йўналишда тарбиялашга ҳисса қўшади. Қолаверса, академиядан етишиб чиқадиган иқтидорларни ўз сафига жалб этиш масаласида катта имтиёзларга эга бўлади. Асосийси, «Қизилқум» шу аснода академия бўйича шартни бажарди. Жамоа машғулотларига келсак, 18 январдан Тошкентда йиғин олиб борилмоқда. Навоийликлар жума куни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида кўрикдан ўтишди. Жамоа пойтахтда 3та назорат учрашуви ташкиллашни режалаштирган. Уларнинг биринчиси «Чиғатой» спорт базаси сунъий қопламали майдонида «Қўқон-1912»га қарши кечди ва «Қизилқум»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувда Мурод Бобожонов «дубл»га эришга бўлса, яна бир гол Элдор Бойматов ҳисобига ёзилди.

«Қизилқум» (бошланғич таркиб): Евгений Черемисин, Эркин Бойдуллаев, Сардор Жаҳонов, Алишер Саноев, Файзулло Қамбаров, Акрам Баҳриддинов, Муҳсин Убайдуллаев, Шерали Жўраев, Мурод Бобожонов, Элдор Бойматов, Салим Мустафоев.

«Қўқон-1912»

Тошкентда шуғулланаётган қўқонликлар «Қизилқум»га қарши назорат учрашуви ўтказиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Жамоа голларига Шаҳбоз Эркинов ва Суҳроб Бердиев муаллифлик қилишди.

«Қўқон-1912 (бошланғич таркиб): Сарвар Каримов, Баҳодир Акрамов, Жамшид Ҳасанов, Аваз Маматхўжаев, Убайдулло Холиқов, Қувондиқ Рўзиев, Суҳроб Бердиев, Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Шаҳбоз Эркинов, Иқбол Маликжонов.

 

«Андижон»

Суперлига деютанти Тошкентда йиғин олиб бормоқда. Андижонликлар ушбу йиғин доирасида «Пахтакор»га қарши баҳс олиб бориб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.

«Андижон» (бошланғич таркиб): Турсунбоев, Акбаров, Бекмуродов, Олимов, Исоқов, Сулаймонов, Эрматов, Маматов, Маматказин, Мираҳматов, Авилов.

 

«Нефтчи»

14 январдан машғулотларга қайтган Фарғона жамоаси тайёргарликни янги босқичга олиб чиқди. Якшанба куни Қиргулига ташриф буюрган Яйпаннинг «Турон» жамоасига қарши 2та ўртоқлик ўйини ташкил қилинди. Биринчи учрашувда «Нефтчи»нинг U-18 тоифасидаги жамоаси футболчилари «Турон» ёшлари билан беллашиб, 6:1 ҳисобида устун келишди. Иккинчи ўйинда эса «Нефтчи»нинг аралаш таркиби майдонга тушди. Бу сафар Баҳром Ҳайдаров шогирдлари Ҳамидулло Абдуҳамидов томонидан урилган ягона гол эвазига ғалаба қозонишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, аввалги мавсум «Истиқлол»да ижара муддатини ўташган Ҳамидулло Абдуҳамидов щамда Асилбек Ғойибжонов «Нефтчи»га қайтишди. Умуман олганда, мураббийлар  штаби иккинчи учрашувда йиғинда бўлиб турган бир қатор янги футболчиларни ҳам синаб кўришди.

«Нефтчи»: Фаррух Турдалиев, Миржамол Неъматов, Асилбек Ғойибжонов, Жамшид Қобулов, Шаҳзодбек Усмонов, Дилёр Эрматов, Илҳом Ваҳобов, Илҳом Иброҳимов, Достон Рашидов, Шерзод Щакимов, Ҳамидулло Абдуҳамидов.

Захирадан майдонга тушганлар: Шуҳратилло Раҳмонов, Хуршид Асқаралиев, Абдужалил Маназаров, Шоҳжахон Рўзиматов, Отабек Зокиров.

 

«Истиқлол»

Суперлигага йўл олиш учун жиддий ҳаракат қилаётган клуб айни пайт янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Фарғоналиклар илк йиғинни 20-28 декабрь оралиғида олиб боришганди. Шундан сўнг Янги йил байрами муносабати билан ўйинчиларга қисқа муддатли таътил берилди. Хуллас, «Истиқлол» футболчилари 5 январдан эътиборан иккинчи ўқув-машғулотлар йиғинига киришишди. Жамоа Фарғона шаҳрида жойлашган «Истиқлол» стадиони ҳудудидаги сунъий қопламали майдонда шуғулланмоқда. Мазкур йиғин давомида бир қатор назорат учрашувларида майдонга тушиш кўзда тутилган. Жумладан, жамоа ўтган ҳафта «Навбаҳор» билан куч синашиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. «Истиқлол» кейинги ўйинни кеча «Нефтчи»га қарши ўтказди, бугун эса «Турон» билан ўйнайди.

 

«Сурхон»

Ўқув-машғулотлар йиғинини олиб бораётган Термиз жамоаси 12 январь куни илк ўртоқлик учрашувида «Пахтакор»га қарши майдонга тушиб, кичик ҳисобда имкониятни бой берганди. «Сурхон» пойтахтда яна бир қатор жамоалар билан куч синашишни режалаштирган. Термизликлар жумладан, эртага «Бухоро»га қарши баҳс олиб боришади. Алоҳида қайд этиш керак, «Сурхон» йиғинида бир қатор янги футболчилар иштирок этишмоқда. Хусусан, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Саламат Қутибоев, Азамат Алланиёзов, Аюбхон Нўъмонов, Асилбек Омонов, Шерзод Каримов каби ўйинчилар ҳозирда ушбу клуб сафида шуғулланишмоқда. Охирги кунларда ўтган мавсум «Пахтакор»да тўп сурган Достон Иброҳимов ва «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Илҳом Бойдедаев ҳам «Сурхон» машғулотларига қўшилдилар. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, «Навбаҳор»да сафидаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар қалбидан жой олган сербиялик тажрибали ҳимоячи Дарко Станоевич ва АГМК шарафини ҳимоя этган Владимир Бубанья ҳам яқин кунларда машғулотларга киришишлари мумкин. Ҳозирда ушбу футболчилар билан музокара олиб борилмоқда. 

 

«Динамо»

Самарқандликлар янги мавсум тайёргарлигига қаратилган иккинчи йиғин доирасида «Шердор»га қарши майдонга тушиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Самарқандда ташкиллаштирилган ушбу йиғин 18 январь куни ниҳоясига етди. Кеча эса Даврон Файзиев бошқарувидаги жамоа пойтахтга йўл олди. Режага кўра, «Динамо» Тошкент йиғин давомида 3та назорат ўйини ташкил этади. Умуман, пойтахтдаги машғулотлар 3 февралга қадар давом эттирилади.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz