Қайднома

Қидирув

51 ёш. 34 мавсум ёки яна Миура ҳақида...

51 ёш. 34 мавсум ёки яна Миура ҳақида...

  24.01.2019 15:35
  0
  972
51 ёш. 34 мавсум ёки яна Миура ҳақида...

Профессионал футболда узоқ вақт фаолият юритиш бўйича ажойиб кўрсаткичга эга ҳужумчини кўпчилик яхши танийди - япониялик Казуёши Миура. Бугун бутсаларини михга илишга шошилмаётган футболчи ҳақида яна бир бор суҳбатлашсак.

Тўхташни хаёлига ҳамкелтирмаяпти

Японияда анъаналарга жиддий қаралади. «Кунчиқар юрт» футболида ҳар йили кузатиладиган шундай анъаналардан бири - Казуёши Миуранинг шартномасини янгилашидир. Навбатдаги мавсум давом этмоқда, бутун дунё Казу деб атайдиган футболчининг бутсаларини михга илишини барча кутмоқда. Аммо афтидан, Миуранинг уйидаги деворга ҳали мих ҳам қоқилмаган кўринади. Ўтган ҳафта саёрамизнинг амалдаги энг кекса футболчиси янги келишувга имзо чекди, демак у яна бир мавсум «Йокогама» сафида тўп суради. Казу учун бу ҳисоб бўйича 34-мавсум бўлади, 26 февралда эса ҳужумчи 52 ёшни қаршилайди. Бир пайтлари сэр Стэнли Мэттьюз томонидан ўрнатилган жаҳон рекорди ўзгармайдигандек туюлган, ўшанда англиялик футболчи эллик йил яшил майдонда жавлон урганди. Миура эса бу кўрсаткични нафақат янгилади, балки энг кекса гол муаллифи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. Ўша голни Бразилия рақси - самба билан нишонлагани эса алоҳида мавзу.

«Самурай»нинг бразилияга саёҳати

Катта футболга қадам «самурай» учун ноодатий бўлди. 15 ёшида у Бразилияга йўл олди. Жанубий Америкада саккиз йил яшаган Миура фаолиятини «Жувентус» мактабида бошлади. Ҳақиқий бразилияликлар сингари пляж футболи ва футзал спорт турларида тобланди. Кейинчалик Казу яшил майдонда бу қадар узоқ қолиб кетишига залдаги ўйинларда орттирилган тажриба сабаб бўлганини таъкидлаганди. Миура дастлабки профессионал шартномасини Пеленинг собиқ жамоаси - «Сантос» билан тузди. У ерда юлдузга айланмади, аммо бир нечта расмий ўйинларда майдонга тушиб, обрў орттирди. «Палмейрас» ва «Куритибу» клубларида ўйнади, шундан сўнг уни ватанидагилар соғиниб қолишди. Казудаги бразилияликларга хос техника барчани лол қолдирарди. «Верди Кавасаки» бир неча марта чемпионликка эришди, унинг етакчиси Миура эса ташкил этилганига унча кўп бўлмаган J-лиганинг кўп карра энг яхши футболчисига айланди.

Забт этилмаган Европа

Миура Европани забт этишга киришиши шарт эди, зеро «кўҳна қитъа»да япон ва корейс футболчиларини қадрлаш бошланганди. Аммо унинг икки уриниши омадсиз якунланди. «Женоа» сафида тўп суриб, «Сампдория» билан ўйинда урган голи орқали «А» серияда тўп киритган дастлабки японга айланди. Бурнининг синиши, «Милан»га қарши кечган дебют ўйинида мияси чайқалганини ҳам унутмаслик даркор. Кейинчалик Казу «Кроация» таркибига мослаша олмагач, Загребнинг «Динамо»си сафида Хорватия чемпиони бўлди.

Ушалмаган орзу

Миуранинг яна бир ушалмаган орзуси - жаҳон чемпионатидаги иштирок. У «кўк самурайлар» билан 1992 йилги Осиё кубогида зафар қучиб, турнирнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритган. Аммо бир йилдан сўнг Қатар билан ўйинда ғалабанинг бой берилиши японларни ЖЧ-1994дан четда қолдирди. 1998 йилги мундиалга эса Япония термаси саралашда 12та гол урган фахрий ҳужумчисиз йўл олди. Бош мураббий билан келишолмаслик форварднинг якуний таркибдан тушиб қолишига сабаб бўлган. 2012 йили у яна миллий жамоа либосини кийди, фақат... футзал бўйича жаҳон чемпионатида. Ўшанда японлар гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб «плей-офф»га чиқишганди.

«Ўлсам, тугатаман»

Миуранинг фаолиятидаги яна бир эътиборли жиҳат - унинг «Йокогама»га содиқлиги. У мазкур клубда 15 йилдан буён тўп сурмоқда. Кимларнингдир бутун бошли профессионал карьераси шунча муддатни ташкил этади. Казу эса шу вақт мобайнида 13та турли клублар шарафини ҳимоя қилган. 51 ёшда майдонда етакчилик қилиш имконсиз экани тушунарли. Ўтган мавсум «Йокогама» сал қолса олий дивизионга чиқиши мумкин эди, аммо «плей-офф»да «Токио Верди»га имконият бой берилди - 0:1. Миура эса 9та ўйин ўтказди, бутун турнир давомида жами 56 дақиқа тўп сурди. Шунга қарамай, Казу бутсаларини михга илишга шошилмаяпти. Сўнгги сўзни айтганича йўқ. Қатъий тартиб, соғлиғига катта эътибор бериши, тинимсиз машғулотлар ва албатта, футболни чин дилдан севиш - ўз юртида афсонага айланган шахснинг сири шунда. Ўзини тутиши ҳам таҳсинга сазовор. Ўтган вақт мобайнида у бирор марта қизил карточка олмаган.

«Қачон «пенсия»га чиқасиз?» қабилидаги саволга Казу ҳазил аралаш жавоб қайтаради: «Қачон ўлсам, шунда тугатаман». Унинг нав-батдаги бор шартномани янгилаганидан сўнг айтган гаплари ҳам ёдимизда: «20 ёшимда 50 ёшгача тўп суришим мумкинлиги хаёлимга келмаган. Ҳаттоки, 40 ёшда ўйнашимга ҳам ишонмагандим. Буни тасаввур қилиш қийин эди».

 

Фаолиятини якунлашга шошилмаётган бошҚа юлдузлар

 

Футболчи                         Клуби                               Ёши

 

Эссам ал Ҳаддари (Миср)   «Исмоили»                        45

Жанлуижи Буффон             «ПСЖ»                               40

Клаудио Писарро                «Вердер»                          40

Хави                                    «Ал-Садд»                         38

Златан Ибрагимович           «Лос-Анжелес Гэлакси»    37

Давид Вилья    «Виссел Кобе»            37

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz