Қайднома

Қидирув

Валерий Непомняший йиққан жамоа…

Валерий Непомняший йиққан жамоа…

  25.01.2019 04:28
  0
  877
Валерий Непомняший йиққан жамоа…

Таниқли журналист Алишер Никимбаевнинг канали - «Футболиум»даги маълумотлар асосида Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё чемпионатидаги аввалги юришлари ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Туркум мақолаларнинг охиргисида бош жамоамиз 2004 йилги турнирда илк марта гуруҳ босқичидан чиққани, бироқ чорак финалда пенальтилар серияси натижасига кўра, Баҳрайн термасига йўл бўшатганини ёзгандик. ОФК кейинги мусобақани ёзги Олимпиада ва Европа чемпионати ўтказиладиган йили эмас, балки олдинроқ ташкиллашни лозим топади. Ўша вақт бу қарор оддий изоҳланганди: «Йил тақвимидан ўрин олган 2та муҳим спорт воқелиги билан рақобатлашишдан маъно йўқ».

ОК-2007 мезбонлик ҳуқуқи Жанубий-шарқий Осиёнинг нақ 4та мамлакатига топширилади - Малайзия, Вьетнам, Таиланд ва Индонезия. Гап шундаки, бирор мамлакат мусобақани мустақил қабул қилишга тайёрлигини билдирмаган. Ҳар ҳолда, бирданига 4та мамлакат танланганига шу маънода изоҳ берилганди. 16та жамоа иштирок этадиган турнирга камида 4та халқаро даражадаги стадион керак бўларди. Дейлик, Малайзияда талабга жавоб берадиган атиги 2та арена бор эди. Таиланд ва Индонезиядаги ҳолат ҳам  Малайзиядагидан деярли фарқланмасди. Ўша вақтдаги тажрибага кўра, битта гуруҳ жамоалари бир кунда 1та стадионда ўйнайверарди. Куала-Лумпур шаҳридаги ареналар эса 4та кийиниш хонасига эга эмасди, шунинг учун Малайзия ҳаттоки, 2та гуруҳ жамоаларини ҳам қабул қилолмасди. Таиланд вариантига боғлиқ яна бир муаммо бўлиб, у сиёсий характерга эга эди. Яъни Саудия Арабистони футбол федерацияси мезбонлик ҳуқуқи Таиландга берилган тақдирда турнирга нисбатан «бойкот» эълон қилиш хусусида огоҳлантиради. Чунончи, бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар бутунлай бузилган ва Саудия спорт жамоаси ҳаттоки, Осиё ўйинлари-98да умуман қатнашмаганди. Қисқаси, турнирни қабул қилишга яққол даъвогарлар чиқмагач, ОФК раҳбарияти мезбонлик ҳуқуқини 4 қисмга бўлишдан ўзга чора тополмайди. Шунинг баробарида Таиланд чорак финал билан чекланиши олдиндан белгилаб қўйилади. Қолаверса, қуръа ташлаш жараёнида Саудия Арабистони терма жамоасининг гуруҳ босқичида ҳам, чорак финалда ҳам Таиландда ўйнамаслиги таъминланади. Буларнинг барчаси ОК-2007 финал раундига дахлдор гаплар...

Аслида ОФК ислоҳотлари Осиё кубоги саралаш тизимини ҳам қамраб олганди. Аниқроқ айтсак, квалификацион раунд иштирокчилари 2005 йил ноябрь ойидаги ФИФА рейтингига асосан сараланади. Яъни ОФК байроғи остидаги очкоси энг кам жамоалар саралашга қўйилмайди. Шу ўзгариш оқибатида Марказий Осиёнинг бирданига 3та вакили (Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон термалари) четда қолади. Ваҳоланки, туркманлар аввалги Осиё чемпионати финал босқичида чакки таассурот қолдиришмаганди. Бироқ олдинги натижалар ҳисобга олинмайди. Хуллас, саралаш раундида атиги 25та жамоа иштирок этади. Асосий саралаш босқичини 4тадан жамоани ўз ичига олган 6та гуруҳда олиб бориш режалаштирилганди. Шунга мувофиқ, жамоалар сонини 24тага тушириш учун аввалига 1та «плей-офф» ўйини ўтказилади. Унда рейтинг бўйича энг пастда турган Бангладеш ва Покистон миллий термалари ўзаро куч синашади. Якунда покистонликлар енгилиб, ортиқча эканликларни тан олишади, жуфтлик ғолиби Бангладеш термаси эса асосий саралашда айнан бизнинг жамоа билан 1та гуруҳда ўйнайди. Тўғри, Покистон термаси ҳам охир-оқибат, саралашда иштирок этади. Гап шундаки, Шри-Ланка термаси кейинчалик ўйинларда қатнашмаслигини маълум қилгач, унинг ўрнини айнан покистонликлар эгаллашади.

Ўзбекистон миллий жамоаси жой олган гуруҳга Бангладешдан ташқари, Қатар ва Гонконг термалари тушганди. Алоҳида таъкидлаш керак, ОК-2007 саралаши тарихда илк марта ФИФА кунларига мувофиқлаштирилади. Яъни ўйинлар фақат халқаро футбол уюшмаси тақвими учун белгиланган кунлари ташкиллаштирилади. Муҳими, тақвимнинг нисбатан тартибга солиниши жамоаларга имкон қадар кучли таркиб билан ўйнаш имкониятини яратади. Дейлик, Ўзбекистон терма жамоасининг саралашдан ўрин олган биринчи ўйинидаёқ мухлисларимиз 19 ёшли Виталий Денисов дебютини кузатишганди. Энг қизиғи, ўша вақт «Спартак» (Нижний Новгород) клуби сафида тўп сурган ҳимоячининг илк ўйини унинг туғилган кунига тўғри келганди. Умуман, вакилларимиз саралаш довонига янги бош мураббий - россиялик таниқли мутахассис Валерий Непомняший бошқарувида киришадилар. Ўз ўрнида қўшимча маълумот: Ўзбекистон термаси  2005 йили 3 нафар бош мураббийни кўрганди. Аввалига Юрген Гёде бошқарувчи сифатида намоён бўлган, кейин нав-бати билан Равшан Ҳайдаров ва англиялик Боб Хоугтон. Хусусан, жамоа бошқарувини июль ойида қўлга олган инглиз мутахассиси ноябрдаёқ хайрлашган. Бинобарин, унинг шартномаси 4 ойга мўлжалланганди. Хуллас, Хоугтон жамоамизни атиги 4 марта майдонга бошлаб туради: драматик тус олган Қувайт термасига қарши баҳсда ғалаба қозонилади (3:2), кейин аламли хотиралар тортиқ этган 3та ўйин (Баҳрайн термаси билан) кузатилади. Аслида ЎФФ ҳамкорликни давом эттиришни хоҳлаганди, Хоугтоннинг ўзи ҳам бунга мойил эди. Бироқ томонлар шартноманинг молиявий бандлари масаласида келишолмайдилар. Оқибатда Хоугтон Хитой клубидан тушган таклифни қабул қилади, ЎФФ олдида эса яна бош мураббий қидириш вазифаси кўндаланг бўлади. Диққатга сазовор томони, Непомняшийга айнан Хоугтон сўраган шароитлар таклиф этилганди. Бироқ Валерий Кузьмич кўпроқ маош олишни истаган. Музокара жараёни якунида томонлар ўзаро келишишга муваффақ бўлишади. Фақат битта шарт билан - Непомняший терма жамоадан ташқари, «Пахтакор»ни ҳам бошқаришга кўнади. Янги мураббий шартномаси «2}2» шарти асосида нақ 4 йилга мўлжалланади. Демакки, Валерий Кузьмич билан келишув тақдири миллий жамоамизнинг Осиё кубоги-2007 финал раундидаги иштирокига боғлиқ эди.

Непомняшийнинг терма жамоамиздаги дебюти омадли чиқади: илк ўйинда камтарин Бангладеш термаси 5:0 ҳисобида доғда қолдирилади. Бироқ орадан бир ҳафта ўтгач, жамоамиз мағбулият кўчасига киради. Вакилларимиз Валерий Кузьмич бошчилигидаги иккинчи учрашувда Қатар термаси меҳмони бўлиб, Дохадан қуруқ қайтишади - 1:2. Саралаш доирасидаги кейинги баҳсни нақ ярим йил кутишга тўғри келади. Бу орада «Пахтакор» Осиё Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетишга улгурган ва Непомняшийнинг клуб бош мураббийи лавозимида қолдириш-қолдирмаслик масаласи муҳокама қилинаётганди. Бош жамоамиз 2006 йилнинг августида Тошкентда Гонконг термаси билан куч синашади (гонконгликлар қаторасига иккинчи саралашда рақибимиз сифатида гавдаланишганди). Футболчиларимиз биринчи бўлимдаёқ меҳмонларни икки бора ранжитиб, 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишади. Бироқ танаффусдан кейин ҳаммаси бирданига кескин ўзгариб кетади. Қанотлардаги хатолар оқибатида рақиб бирин-кетин 2та гол уриб, мувозанатни тиклайди - 2:2. Қизиғи, қўлдан чиқарилган ғалаба ёхуд «сенсацион» дуранг Непомняшийнинг ...«Пахтакор»даги ишига таъсир қилади. Клуб раҳбарияти россиялик мутиахассисни истеъфога чиқариб, унинг фақат миллий жамоа ишларига эътибор қаратишига «имконият» беради. 2 ҳафтадан кейин Гонконгда бўлиб ўтган жавоб баҳсида ҳам вакилларимиз сезиларли ташаббусга эришсаларда, буни ҳисобда акс эттиролмайдилар - 0:0. Хуллас, 4-турдан кейин гуруҳ турнир жадвали мутлақо кутилмаган кўриниш олади - Ўзбекистон ва Гонконг термалари ҳисобида 5тадан очко бор эди. Ҳаммасини охирги икки тур ҳал қиларди. Миллий жамоамиз аввалига Бангладешга бориши кейин Қатар термасини қабул қилиши керак эди. Гонконг термасининг тақвими бунинг акси - меҳмонда Қатар ва ўз майдонида Бангладеш термалари билан ўйинлар. Жамоамиз Бангладеш сафарида муаммога учрамайди. Яъни биринчи бўлимдаёқ мезбонлар дарвозасини 4 бора ишғол қилиб, ортга 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтади. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса қатарликлар Гонконг термасига имконият қолдиришмайди - 2:0. Бу ҳолат жамоамизнинг охирги турдаги вазифасини нисбатан енгиллаштирганди. Ҳар ҳолда, финишда Қатар термасига ютқазмаган тақдирда Осиё кубоги финал босқичига чиқардик. Непомняший шогирдлари бу вазифани ортиғи билан бажаришади - кучли рақиб 2:0 ҳисобида доғда қолдирилади. Тўғри, Максим Шацкихнинг қизил карточка олгани ғалабага бироз соя сол-ганди. Чунончи, асосий ҳужумчимиз шу дисквалификация оқибатида финал турниридаги старт ўйинини ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

Гарчи йўлланма қўлга киритилган бўлсада, саралаш турнири якунига етгач, Валерий Кузьмич ишдан бўшайди, у ўз қарорини саломатлигида муаммолар юзага келгани билан изоҳлаганди. ЎФФ истеъфо ҳақидаги аризани қабул қилади, умуман, шартнома муддатидан олдин бекор қилиниши юзасидан ҳеч қандай эътироз туғилмайди. Айтиш мумкинки, ҳамкорлик икки томоннинг якдил келишуви асосида тўхтатилганди. Шуниси борки, яна бош мураббий масаласи юзага чиққанди. ЎФФ раҳбарияти бу сафар негадир фақат маҳаллий мутахассисларга эътибор қаратади. Федерация президенти Мираброр Усмоновнинг стратегик позицияси шундай эди. Дарвоқе, ЎФФ 2006 йилнинг январида Непомняший билан келишувга эришганида, Усмонов энди иш бошлагани учунми, вазиятга аралашмаганди. Йил охирига келиб эса, у ЎФФ стратегияси ва сиёсатини мутлақо аниқлашга улгуради. Қисқаси, миллий жамоа маҳаллий мутахассисга топширилиши олдиндан маълум бўлганди. Усмоновнинг қарорига Ўзбекистон термасининг Осиё ўйинлари-2006даги иштироки ҳам таъсир ўтказади. Зеро, жамоамиз Қатардаги мусобақанинг гуруҳ босқичида 100 фоизли натижа кўрсатади - БАА (2:1), Қатар (1:0) ва Иордания (3:1). Тўғри, йигитларимиз чорак финал ўйинининг қўшимча бўлимларида Ироқ термасига бас келолмайдилар. Ўша таркиб асосини миллий жамоа вакиллари ташкил этишганди. Шуни ҳисобга олсак, жамоа устози Рауф Инилиевнинг терма бош мураббийи сифатида иш бошлагани мантиқан тўғри эди.

Осиё кубоги-2017

саралаши

«F» гуруҳи

1-тур. 22.02.2006

ЎЗБЕКИСТОН -

БАНГЛАДЕШ - 5:0 (3:0)

Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 12000 томошабин.

Голлар: Александр Гейнрих (10, 52), Сервер Жепаров (24), Максим Шацких (34, 84).

---------------------------------------------

2-тур. 01.03.2006

ҚАТАР - ЎЗБЕКИСТОН - 2:1 (1:1)

Доха. «Жассим бин Ҳамад» стадиони. 7000 томошабин.

Голлар: Одил Ламий (45), Али Носир (49) - Билол Муҳаммад (20-авт.).

---------------------------------------------

3-тур. 16.08.2006  

ЎЗБЕКИСТОН - ГОНКОНГ - 2:2 (2:0)

 Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 15000 томошабин.

Голлар: Анвар Солиев (18), Максим Шацких (35) - Шин Гоцян (66, 87).

---------------------------------------------

4-тур. 06.09.2006

ГОНКОНГ - ЎЗБЕКИСТОН - 0:0

Гонконг. «Гонконг» стадиони. 7608 томошабин.

---------------------------------------------

5-тур. 11.10.2006

БАНГЛАДЕШ -

ЎЗБЕКИСТОН - 0:4 (0:4)

Читтагонг. «Бангладеш Арми» стадиони. 120 томошабин.

Голлар: Илёс Зейтуллаев (11), Улуғбек Бақоев (18), Сервер Жепаров (22), Максим Шацких (39-пен.).

6-тур. 15.11.2006

ЎЗБЕКИСТОН - ҚАТАР - 2:0 (1:0)

Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 14000 томошабин.

Голлар: Леонид Кошелев (31), Илёс Зейтуллаев (52).

 

1. Қатар        6   5   0   1   14-4  15

2. Ўзбекистон 6   3   2   1 14-4          11

3. Гонконг    6   2   2   2   5-7               8

4. Бангладеш           6          0          0          6          1-19      0

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz