Қайднома

Қидирув

Олийжаноб Куба ёки Якуб Блашиковски собиқ клубига 300 евро қарз берди-я...

Олийжаноб Куба ёки Якуб Блашиковски собиқ клубига 300 евро қарз берди-я...

  25.01.2019 08:35
  0
  622
Олийжаноб Куба ёки Якуб Блашиковски собиқ клубига 300 евро қарз берди-я...

Ажойиб тарих: Якуб Блашиковски собиқ клубига 300 евро қарз берди ва унинг таркибида маош олмасдан ўйнашга тайёр. 2019 йил польшалик футболчи учун унча яхши бошланмади: «Вольфсбург» раҳбарияти Якуб билан тузилган  шартномани муддатидан аввал бекор қилди. Натижада у Польшага қайтди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Przeglad Sportowy нашри мухбири Михал Трела 33 ёшли ярим ҳимоячининг «Висла» (Краков) машғулотларида иштирок этаётгани акс эттирилган суратни чоп этди. «Куба ҳозирча меҳмонимиз бўлиб турибди. Бундан бошқа маълумот беролмайман. Ҳаммаси кейинги бир неча кун давомида ойдинлашади», - деганди «Висла» мураббийи Мачей Столярчик. Яна 2 кундан сўнг расмий хабар пайдо бўлди: «Блашиковски «Висла»га қайтди ва камида ярим йил шу жамоа сафида ўйнайди».

Эътиборли томони шуки, фахрий футболчи собиқ клубининг жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келганини тушуниб, маошсиз ўйнашга рози бўлди. Қолаверса, Блашиков-ски «Висла»га 1,33 миллион злотий (чамаси 300 минг евро) миқдорида қарз бериб, олижаноб эканлигини амалда кўрсатди. Польша матбуоти маълумотларига асосан айтсак, Куба ажратган маблағ клуб бўйнидаги қарзни ёпишга йўналтирилади. Германияда катта шуҳрат қозонган Блашиковскининг ўзи 112 йиллик тарихга эга собиқ жамоасининг йўқолиб кетишига жим қараб туролмаслигини таъкидлади. Польшалик ярим ҳимоячининг ушбу олижаноблиги ҳамма жойда олқишланмоқда. Хусусан, унинг собиқ клуби - «Боруссия» (Дортмунд) вакиллари ҳам бунга бефарқ қарашмади: «Биз учун қадрли Кубага мақтовлар йўллаймиз. Унинг моддий томондан қийналаётган жонажон жамоасига ёрдам қўлини чўзганию, маошдан воз кечгани таҳсинга сазовор».

Умуман олганда, «Висла» футболчилари 2018 йилнинг июль ойидан буён тўлиқ ҳажмда маош олишмаяпти. Айрим ўйинчилар шунинг оқибатида ўртадаги шартномани бекор қилишга улгуришди. Натижаларга келсак, «Висла» Польша чемпионати 20-туридан кейин турнир жадвалининг 8-поғонасида бормоқда. Бироқ айни пайт ҳеч ким жамоанинг аввалги ютуқларини эсга олаётгани йўқ. Маълумот учун айтиш керак, краковликлар 1998-2011 йиллар оралиғида нақ 8 марта мамлакат чемпиони бўлишган. Хуллас, клуб мунтазам равишда еврокубокларга чиқарди, Краковда жаҳон футболи юлдузлари меҳмон бўлишарди. Яна бир томони, «Висла» Блашиковскининг футболчилик ҳаётида алоҳида ўринга эга. У 2005 йилгача Краковда ўйнади ва ёрқин ҳаракатлари ўлароқ, «Боруссия» назарига тушиб, Германияга йўл олди. Муҳими, Якуб Бундеслигада йўқолиб қолгани йўқ: 8 йил давомида Дортмунд клуби афсонасига айланди. Аниқроқ айтсак, «Боруссия» сафида 250 марта майдонга тушган поляк 2 карра чемпион бўлди, Германия кубоги ва суперкубогини боши узра баланд кўтарди. Мана, Куба орадан 14 йил ўтиб, ортга қайтди ва мутлақо маош олмасдан ўйнашга тайёр.

Умуман, Блашиковски мураккаб тақдирга юз тутган футболчи ҳисобланади. У 11 ёшидаёқ ота-онасини йўқотган. Даҳшатли воқеа - отаси унинг кўз ўнгида онасига пичоқ тортган ва қамоқхонага жўнаган. «Кўчага югуриб чиқдим ва карахт ҳолга тушдим - қарасам, онам чуқурликда ётибди, отам эса у ердан узоқлашяпти..., — дея эслаганди Куба ўша мудҳиш воқеани. — Нима қилишни билмай, уйга югуриб кирдим ва бақира бошладим: «Ойим чуқурликда ётибди». Кейин унинг ёнига чопдим, қўлини ушлаб, ўзимга тортдим. Шунда 2 ёки 3та бармоғим қон оқаётган жойга тегди. Тушундимки, ҳаммаси жуда ёмон. Онам зўрға нафас оларди. Менимча, у қўлимда жон берди. Жуда аянчли, жуда...».

Куба шундан сўнг футбол машғулотларини ташлаб қўяди, лекин тез орада тоғаси Ежи Бженчек қистовлари туфайли мактабга қайтади. Ўша вақт болакай бувиси - Фелисия назоратида қолганди. Блашиковски «Висла» сафида ўйнаган вақти бувисидан жуда кўп дакки эшитарди: «Жуда кам гол уряпсан. Буни тўғрила...». Уни набираси ўйнайдиган позиция вакиллари учун асосийси самарали узатма эканлиги мутлақо қизиқтирмасди. Умуман, айнан Фелисия хоним Кубанинг биринчи рақамли мухлисаси саналади. Дейлик, у набирасининг «Висла» клуби ва Польша терма жамоаси сафидаги бирор ўйинини ўтказиб юборган эмас. Қолаверса, краковликларнинг рақиблари ўйинларини телевизор орқали томоша қилиб, ҳамиша очко йўқотишларини кутган. Блашиковски Польша термасига ҳам айнан «Висла»даги ўйинлари воситасида қадам ташлаганди. Тўғри, мамлакат бош жамоаси таркибида кейинроқ бош ролларга кўтарилди. Қисқаси, у «Боруссия» сафига қўшилгач, Польша футболи фахрларидан бирига айланди. Умуман, 33 ёшли Куба Польша термасида 100тадан кўп ўйин ўтказди. У охирги 2,5 йил давомида «Вольфсбург» шарафини ҳимоя қилди. Тўғри, олижаноб поляк жорий мавсум Бундеслигада атиги 13 дақиқа ўйнади, холос. Балки шунинг учун бўлса керак, ортга қайтишни маъқул кўрди...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz