Қайднома

Қидирув

Андрей Канчельскис: «ИНТИЗОМ МАҲОРАТДАН УСТУН»

Андрей Канчельскис: «ИНТИЗОМ МАҲОРАТДАН УСТУН»

  26.01.2019 01:04
  0
  751
Андрей Канчельскис: «ИНТИЗОМ МАҲОРАТДАН УСТУН»

Ўтган йили бронза медалини қўлга киритган Наманганнинг «Навбаҳор» клуби янги мавсумда ҳам ўз олдига жиддий мақсадларни қўймоқда. Дейлик, янги мавсумда «лочинлар» янада яхшироқ натижаларга эришишмоқчи. Жиддий мақсадлар учун эса табиийки, тайёргарлик ҳам аъло даражада бўлиши лозим. Шу мақсадда наманганликлар бу йилги мавсумолди ўқув-машғулот йиғинларини нафақат Наманганда, балки хорижда - Қрим ва Туркияда ҳам олиб боришни режалаштиришган. Ҳозирги вақтда жамоа аъзолари ўз қароргоҳларидаги илк машғулотларни якунлаб, Қримдаги йиғинга киришишган. Биз сафар олдидан «Навбаҳор» клуби бош мураббийи Андрей Канчельскис билан учрашиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Андрей Антанасович, Намангандаги илк ўқув-машғулот йиғини қандай ўтди? Аввало, шу ҳақда фикр билдирсангиз...

- Умуман олганда, илк йиғиндан тўла қониқиш ҳосил қилдим. Йиғиннинг кўпчилик кутганидек, Тошкентда эмас, Намангандаги ўтказилгани клубга иқтисодий тарафдан ҳам анча фойдали бўлди. Боиси, кўплаб футболчиларнинг уйлари шу вилоятда, шунингдек, стадионлар ҳам яқин. 5-17 январь оралиғидаги машқлар давомида асосий эътиборни ўйинчиларнинг тикланиш жараёнига қаратдик. Шунингдек, мазкур йиғин давомида 2та ўртоқлик учрашуви ўтказдик. «Раш-Милк» (Андижон) ҳамда «Истиқлол» (Фарғона) жамоалари билан бўлган назорат-синов баҳсларида йигитлар тегишлича - 4:0 ва 2:1 ҳисобларида зафар қучишди. Бунинг учун  футболчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Аммо ушбу ўртоқлик ўйинларида мен учун асосийси, натижа эмас, балки футболчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарликларини қандайлигини кўздан кечириш эди. Энг муҳими, йиғин давомида жамоанинг 90 фоиз таркибини аниқлаб олишга ҳам муваффақ бўлдик.

- Режага кўра, кейинги ўқув-маш­ғулот йиғинлари Қрим ва Туркияда давом эттирилади. Айтингчи, бу йиғинлар давомида «Навбаҳор» қайси жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади?

- Тўғри айтдингиз, жамоамизнинг кейинги йиғинлари хорижда -  Қрим ва Туркияда давом эттирилади. Қримда 20 январдан 1 февралгача йиғин олиб боришни режалаштирганмиз. Сўнгра футболчиларга қисқа муддатли таътил берилади ҳамда кейинги йиғин 5-17 февраль кунлари Туркияда бўлиб ўтади. Жорий мавсумга тайёргарликнинг сўнгги босқичини эса Наманганда ўтказамиз. Албатта, хориждаги йиғинлар давомида бир қатор назорат-синов баҳслари ўтказишни режалаштирганмиз. Жумладан, Қримда мазкур республиканинг етакчи жамоалари бўлган «Таврия» (Симферополь), «Севастополь» (Севастополь) ва «Евпатория» (Евпатория) клублари билан ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтади. 

- Хориждаги йиғинлар давомида «Навбаҳор» табийки, бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказади. Умуман, легионерлар борасида нима дейсиз?

- Ҳа, албатта, Қримдаги машғулотлар давомида бир нечта хорижлик ўйин­чиларни кўрикдан ўтказишни режалаштирганмиз. Улар қаторида 2 нафар осиёлик, аниқроғи, эронлик легионерлар ҳам бор. Ўқув-машғулот йиғинларида ўз маҳоратини намойиш этиб, ишончимизни оқлаган футболчилар билан шартнома имзолаймиз. Мен учун номлар эмас, ўйинчиларнинг савияси ҳамда маҳорати асосий ўринда туради.

- «Навбаҳор»нинг мураббийлар штабига украиналик мутахассис Николай Шевченко киритилганди. Аммо у негадир Намангандаги маш­ғулотларда кўринмади ва кейинчалик маълум бўлишича, жамоани тарк этибди. Бунинг сабаби нимада?

- Биз Николай Николаевич Шевченкони клубнинг ташкилий ишлари билан шуғулланиши учун таклиф этгандик. Лекин унинг режалари бошқача бўлган, чоғи. Буниси энди бизга қорон­ғу. Билганим шуки, Шевченко бу йўналишда фаолият юритишни истамади. Хуллас, Николай билан дўстона тарзда хайрлашиб, унинг кейинги фаолиятига омад тиладик.

- Сиз кўплаб машҳур клубларда ўйнаган бўлсангизда, анча камтарсиз. Аммо шундай футболчилар борки, ҳали бирор нарсани қойил қилмаган бўлса-да, анча такаббур. Сиз жамоага таклиф қилаётган ўйинчиларнинг маҳорати ва савиясидан ташқари, инсонийлик жиҳатлари, ўзини қандай тутишига ҳам эътибор қаратасизми?

- Бўлмасам-чи! Футболчи ҳар қанча маҳоратли бўлмасин, у тарбияли бўлмаса ва интизомга бўйсунмаса, бундай ўйинчининг менга кераги йўқ. Боиси, футболда тартиб-интизом биринчи ўринда туради. Бежизга спортда интизом маҳоратдан устун, дейишмайди. Бунга мисол тариқасида россиялик футболчилар - Александр Кокорин ва Павел Мамаевни келтириш мумкин. Улар тартибсизлик уюштиришгани учун ўз қилмишларига яраша жазоланишди. Такаббур футболчилар бир нарсани унутмасликлари лозим: барчамиз ким бўлишимиздан, қайси машҳур клубда ўйнашимиздан, қанча маблағ топишимиздан қатъий назар, барча қатори оддий инсонмиз. Шуни унутмасак бўлгани.

- Футболчилик даврида кўплаб машҳур мураббийлар, дейлик, Валерий Лобановский, сэр Алекс Фергюсон ва Дик Адвокатларнинг қўл остида ўйнагансиз. Мазкур таниқли мутахассислардан ўрганган ўйин услубларингиз мураббийлик фаолиятингизда асқотяптими?

- Биласизми, ўша пайтлари махсус дафтар тутиб, сиз юқорида тилга олган мураббийларнинг тактикаларини ёзиб борардим. Тўғри, улардан кўп нарса ўргандим ва мураббийлик фаолиятимда айрим ўйин услублари ҳам асқотяпти. Аммо ҳар бир мураббийнинг услуби бўлади, шу жумладан, менинг ҳам ўз тактикам бор. Тўғри, Лобановский, Фергюсон ва Адвокат кучли мураббийлар сирасига киришади. Аммо уларнинг ўйин услубларидан меникидан тубдан фарқ қилади. Ҳар қандай тактикани қачон ва қаерда, қайси рақибга қарши қўллашни билиш керак. Шундагина ҳар бир мураббий ўз ниятига етади.                             

- Таркибда ажабланарли ўзгариш бор: ўтган мавсумда «Навбаҳор» дарвозасини қўриқлаган дарвозабонларнинг барчаси жамоа сафини тарк этишди. Хўш, бу ўринни қандай тўлдирмоқчисиз?

- Бир неча йил давомида Муборакнинг «Машъал» клубида фаолият юритган, асли поплик бўлган Павел Синельников бу йилдан бошлаб, клубимизда дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият олиб борадиган бўлди. У билан келишган ҳолда, жамоамизга 2 нафар маҳоратли голкиперни таклиф этишни режалаштирганмиз. Мазкур дарвозабонларнинг сафимизга Қримдаги йиғин давомида қўшилишлари эҳтимоли бор. Аммо уларнинг кимлигини ҳозирча ошкор этолмайман.

- Айни пайтда БААда навбатдаги Осиё кубоги мусобақаси давом этмоқда ва унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Мутахассис сифатида миллий терма жамоамизнинг намойиш этаётган ўйинлари борасида нима дея оласиз?

- Айни пайтда юртингизда фаолият олиб боряпман ва албатта, Ўзбекистон терма жамоаси учун мухлислик қилиб, ушбу жамоа учун қайғураман. Биз учун қувончлиси, миллий терма жамоада 2 нафар вакилимиз - ҳимоячи Даврон Ҳошимов ва ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбоевнинг борлиги. Бу меҳнатларингизнинг самарасини кўрсатувчи омил. Миллий терма жамоанинг намойиш этаётган ўйинлари ҳақида тўхталадиган бўлсам, гуруҳ босқичи 1-турида уммонликлар билан ўйинда Эктор Купер шогирдларига омад кулиб боқди. Ҳам­юртларингиз шунинг ҳисобига ғалаба қозонишди (2:1). Туркманлар билан кечган иккинчи баҳсда эса ўзбекистонликлар ҳужумкор ўйин намойиш этиб, йирик ҳисобда зафар қучишди (4:0) ва муддатидан олдин нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритишди. Японларга қарши ҳам йигитлар ёмон ўйнашмади, аксинча, тўпни айнан ватандошларингиз назорат қилишди. Бироқ вазиятлардан фойдаланиш борасида камчиликлар бор, барибир. Дейлик, Даврон зарба берган ҳолатда мен ҳам тўп дарвозага кирди, деб ўйлагандим. Афсуски, яна омад бироз панд берди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, миллий терма жамоага БААдаги мусобақада омад тилайман.

- Ўтган мавсумда «Навбаҳор» бронза медалини қўлга киритди. Бу йил ҳам клуб раҳбарияти ва мухлислар жамоадан совринли ўринлар учун кураш олиб боришини кутишлари табиий. Клуб янги мавсумда ўз олдига қандай мақсадни қўйган?

- Битта марра эгаллангандан ке­йин уни янада юқорига кўтариш талаб этилади. Шундай экан, жорий йил ўтган мавсумдагидан ҳам кўра, яхшироқ натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса таркибни кучайтириш талаб этилади. Шунинг учун жамоа сафига юқори савияли ва маҳоратли футболчиларни жалб этишга интиляпмиз. Насиб қилса, ўз мақсадимизни амалга оширамиз, деган умиддаман.

Айтганча, "Манчестер Юнайтед" клуби расмий тарзда ўзининг собиқ футболчиси, ҳозирда "Навбаҳор" ФК бош мураббийи  Андрей Канчельскисни юбилей 50  ёшга тўлиши муносабати билан табриклади... Андрей Антанасовични "МЮ"дагилар ҳозир ҳам яхши кўришиб эслаб туришади...

У.УМАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz