Қайднома

Қидирув

Океан ортидаги десант

Океан ортидаги десант

  26.01.2019 03:56
  0
  720
Океан ортидаги десант

Европадаги клуб футболини легионерларсиз тасаввур қилиш мушкул. Мазкур вазифани бажарадиганларнинг аксарияти Бразилиядан. Умуман, Жанубий Америкадан ташриф буюрганларнинг салоҳияти ва имкониятлари намоён бўлиши кўплаб факторлар мос тушишига боғлиқ. Бразилияликлар учун «ўз жамоаси»га кириш, у ерда мураббийлар ишончини ҳис қилиш ҳамда ўйин услуби унинг майдондаги ҳаракатларига ҳамоҳанг бўлиши жуда муҳим. Бразилия чемпионатининг жорий мавсумида ҳам кўплаб истеъдодли футболчиларни учратиш мумкин. Ёш ва бироз кексайган бу ўйинчилар Европанинг бирор-бир топ-клубини кучайтиришга қодирлар. FootballHD.ru вакиллари «кўҳна қитъа» грандлари ўйинига жозиба киритиши мумкин бўлган шу каби маҳорат соҳиблари ҳақида сўз юритади.

ПЕДРИНЬО

Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи, вингер

Ҳозирги клуби: «Коринтианс»

Европадаги идеал клуб: «Аякс»

20 ёшли иқтидорли хавбек ҳақиқатан Бразилия чемпионатининг жорий мавсумидаги энг ёрқин ва келажаги порлоқ футболчилардан бири ҳисобланади. Хабарларга кўра, унга харидор бўлаётган топ-клублар сони бисёр. Ҳозирча Педриньонинг ўйини Европанинг топ-клубида ўйнаб кетиш учун етарли эмас. Шундай экан, у Англия, Испания ёки Италиядагидан камроқ рақобат кузатиладиган лигага ўтса, мақсадга мувофиқ бўларди. Айтайлик, Педриньо учун «Аякс» идеал вариант. Бу клубдагилар истеъдодли ёшлар билан ишлашни қойиллатишади, унинг янги даражага чиқишида кўмаклашишади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Голландия чемпионатида футболчининг жисмоний ҳолатидан кўра, техник имкониятларига кўпроқ эътибор қаратилади. Шу боис Педриньо бу лигадаги иштирок орқали Европа футболига бамайлихотир мослашиб олиши, шундан кейингина савияси юқорироқ клубга йўл олиши мумкин.

ЛУАН

Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи, ҳужумчи

Ҳозирги клуби: «Гремио»

Европадаги идеал клуб: «Ливерпуль»

Ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнашни хуш кўрадиган ҳужумчи ёки ҳужумчи сифатида ўйнашни ёқтирадиган ҳужумкор ярим ҳимоячи - шундай футболчини жамоада тўғри позицияга қўйишни ким уддалайди? Бундай дилеммага рўйхушлик бериш осонмас, аммо Европа футболида мазкур вазифани уддалайдиган жамоа ва мураббий бор - бу «Ливерпуль» ва Юрген Клопп. «Қизиллар» сафида Роберто Фирминонинг сифатлари очилди, «Гремио»да тўп сураётган Луан эса ўйин услуби билан ватандошига ўхшайди. Мабодо, Клопп Фирминога ўринбосар ахтараётган бўлса, Бразилияда Луандан яхшироқ вариантни тополмайди. Луаннинг ўзига эса «Ливерпул»га ўтиш фаолиятидаги ажойиб ўсиш бўлади. Қолаверса, футболда ўзига яраша қулайлик ва шарт-шароитга эга чиқади. Асосийси, буларнинг барини Европада амалга оширади.

ДУДУ

Позицияси: қанот ярим ҳимоячиси

Ҳозирги клуби: «Палмейрас»

Европадаги идеал клуб: «Бавария»

Дуду ўзининг футболчилик фаолиятида Европа футболига мустаҳкам ўрнашиб олишга уриниб кўрган. 19 ёшида «Крузейро»дан Киевнинг «Динамо»сига ўтган, аммо бу тажриба унинг учун муваффақиятли бўлган дейиш қийин. Орадан икки ярим йил ўтиб, у Бразилияга қайтди - дастлаб ижарада асосида «Гремио»да ўйнади, сўнгра унинг трансферини «Палмейрас» сотиб олди. «Яшил-оқлар» таркибида Дуду асосий ўйинчилардан бирига айланди. Шу боис ОАВда маҳоратли хавбекнинг клубини алмаштириб, Европага йўл олиши кераклиги ҳақида мақолалар кўпайди. Масалага объектив ёндашадиган бўлсак, Европада Дудуники каби таржимаи ҳолга эга футболчига эҳтиёж сезаётган муайян топ-клубни кўрсатиш қийин. Мазкур ҳолатда «Бавария»ни истисно сифатида келтириш мумкин. Ёзда мюнхенликлар жамоа фахрийлари - Арьен Роббен ва Франк Риберидан айрилишади. Шундай экан, бразилиялик ярим ҳимоячи январдаёқ «Бавария» мураббийлар штаби оғирини енгил қилиши мумкин эди. Агар уни таклиф этишса, шу мавсумнинг ўзида Бундеслигага мослашиб, кейинчалик Мюнхен жамоасининг муҳим футболчиларидан бирига айланарди.

ФАГНЕР

Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси

Ҳозирги клуби: «Коринтианс»

Европадаги идеал клуб: «Манчестер Юнайтед»

29 ёшли ҳимоячи бугунги кунда «Коринтианс» мудофаа чизиғи етакчиларидан бири саналади, шунингдек, Тите бошчилигидаги Бразилия термасида ҳам муҳим роль ўйнамоқда. У Россияда ўтган жаҳон чемпионатида «селесао» сафида 4та ўйинда майдонга тушди. Умуман, Фагнерга Европада кўнгилдагидек фаолият юритиш насиб этмаган, ваҳоланки, бунга икки марта уриниб кўрган. 18 ёшида ПСВ билан шартнома имзолаганига қарамай, кўп ўтмай ватанига қайтишга мажбур бўлди. 23 ёшида эса «Вольфсбург» сафига қўшилиб, 30та ўйин ўтказди, аммо бу клубда ҳам эслашга арзигулик натижага эришолмади. Фагнернинг «кўҳна қитъа»га учинчи сафари муваффақиятли бўлиши мумкин. Ҳозир бу футболчи катта тажриба ва имкониятга эга. Дейлик, унинг хизматлари «Манчестер Юнайтед»га асқотарди, зеро манкунианликларнинг ўнг қанотида етарлича муаммолар бор. Антонио Валенсия, Диого Далот ҳамда Маттео Дармианга муносиб рақобат туғдириб, унда ютиб чиқиш ҳозирги Фагнернинг қўлидан келади.

Педро ЖЕРОМЕЛ

Позицияси: марказий ҳимоячи

Ҳозирги клуби: «Гремио»

Европадаги идеал клуб: «Атлетико»

Диего Симеоне фахрийлар билан ишлашни ёқтиради. «Гремио» мудофаа чизиғи етакчиси бўлган 33 ёшли Педро Жеромел ҳимоядаги рақобатни кучайтиришда «матрасчилар» учун ажойиб вариантдир. «Атлетико» Диего Годин билан шартномани узайтириш борасида келиша олмаётганини инобатга олсак, уругвайлик футболчига потенциал ўринбосар сифатида айнан Жеромелни кўриб чиқиш мумкин. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, Жеромел Европада тўп суриш тажрибасига эга: у маълум муддат Португалиянинг «Шавиш» ҳамда «Витория Гимарайнш», Германиянинг «Кёльн» ва Испаниянинг «Мальорка» жамоаларида ўйнаган. Муҳими, Жеромел ҳимоявий услубга катта эътибор берадиган клубларда ўзини кўрсатган, демакки, унинг учун «Атлетико» Европадаги идеал вариант бўларди. Бошқа томондан, Бразилиядаги аксарият экспертлар Жеромелдаги жанговар руҳни алоҳида эътироф этишади. Бу сифати ҳам айнан «матрасчилар» сафида қўл келиши, шубҳасиз.

Лео САНТОС

Позицияси: марказий ҳимоячи

Ҳозирги клуби: «Коринтианс»

Европадаги идеал клуб: «Боруссия» Дортмунд

«Коринтианс»даги шериги Педриньо сингари Лео Сантос ҳам Европада юқори савияда ўйнашга тайёр эмас, аммо ундаги кўплаб ижобий сифатлар жаҳон футболида ўзига яраша ном орттиришига имкон беради. 20 ёшли ҳимоячи «Коринтианс» асосий таркибидаги жойни кафолатлаб улгурган, Бразилия чемпионатининг жорий мавсумида 22та ўйинда майдонга тушди. Ҳозирги «Боруссия Д.» Лео Сантос учун Европадаги идеал клуб бўлиши мумкин. «Қовоғарилар» ёшларга имконият беришлари билан машҳурлар, бу гап ҳимоячиларга ҳам тааллуқли. Бу мавсум 22 ёшли Абду Диалло ҳамда 19 ёшли Дан-Аксель Загаду Дортмундда қулай имкониятга эга бўлиб, ундан унумли фойдаланишди. Бразилиялик Лео Сантос ҳам ушбу «ёшлар гуруҳи»га бемалол киришиб кетиши, биргаликда Европада шов-шув кўтариши мумкин. Кейинчалик эса аста-секин савияси юқорироқ клублар сафига ўтиш тараддудини кўрса бўлаверади.

ЭВЕРТОН

Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи, вингер

Ҳозирги клуби: «Гремио»

Европадаги идеал клуб: «Манчестер Юнайтед»

«Гремио»нинг 22 ёшли тарбияланувчиси ҳозирда Бразилия чемпионатидаги трансфер бозорида энг харидоргир футболчилардан бири ҳисобланади. Бу бежиз эмас, зеро вингер Бразилейраонинг жорий мавсумида 27та учрашув ўтказиб, 10та гол урди ва энг яхши тўпурар мақомини қўлга киритди. Юқори техника, тезлик, шеригини аниқ пас билан таъминлаш ва ҳужумни мустақил равишда якунлаш - Эвертонда анча мукаммаллашган сифатлардир. Бундай футболчи «МЮ»га катта ёрдам бериши мумкин, чунки Жозе Моуриньо кетгач, манчестерликлар яна томошабоп, ҳужумкор ўйинга урғу беришмоқда. Ҳали-ҳамон «қизил иблислар» билан янги шартнома борасида келишолмаган Антони Марсьялга ортиқча рақобат халал бермаса керак. Эвертон бу борада французга майдонда ёрдам бериши ёки унинг асосий жамоадаги биринчи рақамли ўринбосари бўлиши мумкин.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz