Қайднома

Қидирув

Чунки бу – Ватан жамоаси

Чунки бу – Ватан жамоаси

  27.01.2019 01:12
  0
  923
Чунки бу – Ватан жамоаси

Мен учун Ўзбекистон миллий жамоаси мухлислари, энг содиқ, вафодор ишқибозлардир. Ватанпарварлик бобида ҳеч бир миллатдан қолишмайди. Термамиз неча йиллардан буён мундиал йўлланмасига эга чиқолмаяпти, халқаро мусобақаларда муваффақиятсиз иштирок этмоқда, аммо сафарда ҳам, уйда ҳам уни ёлғиз қолдирмайдиган фидойилари бор. Улар шиддатли ўйин ёки натижа учун эмас, Ватан жамоаси майдонга тушаётгани, байроғимиз мағрур ҳилпираётгани, мадҳиямиз баралла янграётгани учун ҳам ишқибозлик қилишади.

Ватан жамоаси ҳақида гап бораркан, ҳатто футболга бефарқ киши ҳам ТВ каналини алмаштираётганда, беихтиёр термамиз ўйинини кўриб қолса, «Бизнинг йигитлар-ку» - деб қўяди, фахрланиб. Катта ёшли мухлислардан 90-йиллардаги баҳслар ҳақида сўрасангиз, Баджо ҳамда Ван Бастенларни бир четга суриб, 1994 йили Хиросима яшил майдонларида кўрсатилган қаҳрамонликларни ёдга олишади. Уларнинг кўз ўнгида Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин идеал инсон сифатида гавдаланади. Менинг тенгдошларим эса 2018 йилнинг бошида қитъа чемпионлигига эришган ёшларимизни эътироф этишади. Шубҳасиз, биз учун Килиан Мбаппенинг жаҳон чемпионатида киритган тўпидан кўоа, Сидоровнинг «олтин голи» қадрлироқ.

Чамаси 5 йил аввал футболга энди қизиқаётган пайтларим эди. Ўшанда миллий жамоамиз ЖЧ-2014 саралашида сўнгги тур учрашувларини ўтказаётган, барча мухлислар қатори мен ҳам мундиалга боришимизга ишонгандим. «Плей-офф»да Иорданияга қарши кечган баҳсни минг бир ҳаяжон, асабий руҳда томоша қилгандим. Анзур Исмоилов пенальтидан фойдалана олмаганида, тонггача ухлолмагандим.

2018 йили ёшларимиз чемпионликка эришгач, барчаси жойга тушди. Вақт ўтишини қарангки, ўша «қор жанги»га ҳам бир йил бўлди. БААда ўтаётган Осиё кубогида асосий жамоамиз муваффақиятни такрорлашидан умидвор эдик. Афсуски, гуруҳ босқичидан кейиноқ қаршимиздан чиққан «яшил қитъа» вакиллари ОК-2011даги мағлубият аламини олиш имкониятини беришмади. Пенальтилар сериясидаги омадсизлик туфайли вакилларимиз турнирни тарк этишди. Шунга қарамай, Эктор Купер қўл остида миллий жамоамиз ўйинида сезиларли ўсиш кузатилгани шахсан менга сезилди. Аста-секин натижалар ҳам яхшиланишидан умидвормиз.

Асосийси, футболчиларимиз майдонда миллат шаъни, юрт обрўси учун астойдил тўп суришдан тўхташмасин. Биз эса уларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша шаймиз. Майли, Ўзбекистон ЖЧга чиқса ҳам, чиқмаса ҳам, қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар, мухлислик қилишда давом этиш даркор. Чунки бу - Ватан жамоаси!

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, Тошкент шаҳри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz