Қайднома

Қидирув

СЕРГЕЙ ЮРАН: «Эрта танилдим ва эрта адашдим»

СЕРГЕЙ ЮРАН: «Эрта танилдим ва эрта адашдим»

  27.01.2019 03:14
  0
  379
СЕРГЕЙ ЮРАН: «Эрта танилдим ва эрта адашдим»

Россия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Сергей Юран Киевнинг «Динамо» клубидаги фаолияти билан кўпчилик мухлислар эътиборини қозонганди. Кейинчалик у Европада 10 йил фаолият олиб борди. Яқинда Юран украиналик журналистлар билан суҳбатда бўлди.

— 20 ёшлигингизда нечта ноллик маош олардингиз?

— Аввалига Киевда 12 рубль беришган - собиқ иттифоқдаги муҳандиснинг ўртача маоши. Лекин 21 ёшимда Европанинг кучли клубларидан бири бўлган «Бенфика»га йўл олдим. Бу эса мутлақо бошқача ҳаёт. Пулни олибоқ бар, ресторанга борардим, «Порше»да юрардим ва «бизнес-жет»да учардим. Ўша пайт Европада ўйнаш ҳамма футболчининг орзуси эди. Кўнгилхушликнинг барча йўлларини босиб ўтганман ва бир марта эмас. Шу боис ҳам нима деётганимни яхши биламан. Мўъжиза туфайли «ботқоқ»дан чиқиб олганман. Эрта танилдим ва эрта адашдим. Ўшанда мураббийлар футболчилар билан астойдил гаплашишмасди. Ўйнасанг ўйна, йўқса, катта кўча! Ҳеч ким сизни ортга қайтариш ҳақида ўйламасди. Кўнгилхушликка берилганимда, ёши катта футболчилар — Демьяненко, Баль, Бессоновлар ёрдам беришган.

— Омадли ва юлдуз даражасига чиққан Сергей Юран ёшлигига қайтиб қолса, нимани ўзгартирган бўларди?

— Омад ҳақида гапирсам. Киевга 1988 йили келганман. Ўринбосарлар сафида олтита ўйин ўтказиб, еттита гол урдим. Еттинчи ўйинимда эса «Торпедо» ҳимоячиси, марҳум Сергей Шустиков жиддий жароҳат етказди. Шундай шикастлангандимки, ҳатто тўғри юришим ҳам сўроқ остида қолганди. Икки марта операция қилишди. Шифокорлар шундай жароҳат олганларнинг мингдан бири майдонга қайтишини айтишди. 18 ёшимда яна қайтдим. Мингдан бири бўлганимдан хурсандман.

— Яқинда футбол олами Валерий Лобановскийнинг 80 ёшлигини нишонлаб, уни ёдга олди. Сиз ҳам марҳум мураббийни эсладингизми?

— «Динамо» мен учун Европага трамплин вазифасини ўтаган. «Динамо» — бу Лобановский, у билан кўп бирга ишламаганман. Лекин уни ўзимнинг ўқитувчим деб ҳисоблайман. Ушбу мутахассис мени бир-икки марта «ерга тушириб қўйган». Бир марта ҳарбий хизматга ҳам жўнатиб юборган. Бир-икки кундан кейин қайтариб олиб кетади, деб ўйлагандим. Орадан икки ой ўтгач, жамоага қайтдим. Ота буюк руҳшунос эди.

— «Лобановский — ҳаётимдаги асосий мураббий», дея оласизми ёки рақобатчилар борми?

— Агар шундай ўйлайдиган бўлсам, Свен-Горан Эрикссон бўлақолсин. У менга муҳим нарсани тушунтириб қўйганди. «Бенфика»га борганимга икки-уч ой бўлган, чет элликман. Кимнингдир ўрнига таклиф қилишган. Демак, унинг «нонини яримта қилганман». Кийиниш хонасида муштлашувлар ҳам бўлган. Машғулотлардаги тўқнашувларни айтмаса ҳам бўлаверади. Ўйин пайти тўпни узатишмасди. Тилни билмасдим. Бир куни таржимон келиб, «Мистер сени кечки овқатга таклиф қиляпти», деди. Бироз ҳайрон бўлдим. «Мураббий ёлғиз гаплашгани чақирдими, демак ишим яхши эмас», деб ўйлаб қолдим. Хуллас, кеч-қурун уйига бордим. Рафиқаси овқат тайёрлаб қўйган экан. Эрикссон бир шиша винони очиб, менга ҳам қуя бошлади. Ўзимни авлиё кўрсатиб, умуман ичмаслигимни айтдим. У эса «Сергей, ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу яхши вино. Сен билан очиқ гаплашиб олмоқчиман. Бошқа сайёрадан келгансан. Бу ерда ҳамма нарса сен учун ўзгача. Тил, урф-одат ва кўп нарсаларни билмайсан. Боз устига, ёшсан. Лекин бу ерда шунақа. Барчаси ўзингга боғлиқ. Жамоада нима бўлаётганини кўриб турибман. Лекин бир томоннинг тарафини олиш истагим йўқ. Мени тушунгандирсан. Агар тўғри йўл тутсанг, ўйнаб кетасан. Акс ҳолда, уйингга равона бўласан», деди. Ана ўша оқшомдан кейин ҳамма нарсага бош-қача кўз билан қарай бошладим. Бу маслаҳат эмас, балки янги ҳаётга йўлланма эди. Айнан Эрикссоннинг шарофати билан Европада ўн йил тўп сурдим.

— Айтишларича, «Динамо»дан Лиссабонга эмас, балки Москвага йўл олишингиз мумкин бўлган экан?

— Шундай бўлганди. 1990 йилги мавсум якунланганидан сўнг Собиқ иттифоқ терма жамоаси Лотин Америкаси бўйлаб турне уюштирганди. Москвага келдик. Киевга кетишим олдидан аэропортда бир киши келиб, «Олег Иванович сиз билан гаплашмоқчи», деди. Чиқсак, «Волга» турибди. Ичида Романцев бор экан. У чўзиб ўтирмади ва «Спартак»да ўйнаш ниятинг борми?» деди. Хуллас, унинг таклифига рози бўлдим. Киевга қайтсам, ҳамма «Юран «Спартак»ка қочиб кетяпти», деб юрибди. Жамоа бошлиғи Веремеев «Украина КПМҚга чақиришяпти. Эртага соат 10га тайёр бўл», деди. Бордим, суҳбат жуда қисқа бўлди. «Оилангиз Ворошиловграддами? Онангиз ошпаз, отангиз заводда слесарь бўлиб ишлайдими? Акангиз ҳам ўша ерда яшайди. Тўғрими? Яхши, сиз бўшсиз», деди суҳбатдошим. У ердан чиқиб, Веремеевдан «Тушунмадим, нимага ота-онамни суриштиришди?» деб сўрадим. У эса «Ҳеч нимани тушунмадингми? Ворошиловградда муаммо бўлишини истайсанми? Истамайсан. Унда қанақа «Спартак»? Буни хаёлингдан чиқариб ташла», деди. Шу тариқа «Динамо»да қолдим. У ердан «Бенфика»га ўтдим.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz