Қайднома

Қидирув

МАЯ ЙОШИДА: «Чемпионлик учун имкониятимиз юқори»

МАЯ ЙОШИДА: «Чемпионлик учун имкониятимиз юқори»

  28.01.2019 01:31
  0
  241
МАЯ ЙОШИДА: «Чемпионлик учун имкониятимиз юқори»

Ўзбекистон миллий жамоаси БАА яшил майдонларида давом этаётган Осиё кубогининг 1|8 финал босқичидаёқ ўз юришини тўхтатди. Чорак финал остонасида Ислом Тўхтахўжаев ва Марат Бикмаев томонидан фойдаланилмаган пенальтилар сабаб термамиз муддатидан аввал уйга қайтадиган бўлди. «Локомотив» клуби футболчилари 11 метрли нуқтадан зарба беришда адашишди. Ваҳоланки, учрашув қаҳрамонига айланган «Локомотив»нинг яна бир аъзоси Игнатий Нестеров австралияликларнинг иккинчи зарбасини бартараф этиб, жамоамизга умид бағишлаганди. Афсуски, худди 2004 йилда бўлгани каби, бу сафар ҳам Осиё кубогини лотереялар баҳси натижасида тарк этдик. Ўшанда ҳам айнан Марат Бикмаев пенальтини голга айлантиролмаганди. Начора, ҳужумчимизнинг тақдирига шу битилган экан. Жуда аламли тарзда мусобақадаги иштирокимизни якунладик. Бу галги Осиё кубогида илк бор 24та терма жамоа иштирок этди ва биз ҳатто қитъамизнинг кучли саккизталигига кира олмадик. Ўтказилган жами тўртта ўйиннинг иккитасида Япония ва Австралияга ютқаздик. Уммон ҳам бизни ютиб қўйиши мумкин эди. Лекин бу рақибга ўша куни омад етишмади. Биз Япония - Ўзбекистон ўйинидан сўнг «кунчиқар юрт» миллий жамоаси сардори Мая Йошидадан интервью олдик.

 

- Мая, аввало, Япония - Ўзбекистон ўйини ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Ғалабага ишонганмидинглар?

- Иккала жамоа гуруҳдан чиқиш вазифасини муддатидан аввал бажариб бўлгани учун бизда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ортиқча босим йўқ эди. Ўз-ўзидан бу ҳолат очиқ футболга йўл очиб берганди. Амалда ҳам шундай бўлди. Менимча, стадионга келган мухлислар ва ўйинни телевизорда томоша қилганлар чиройли, ҳужумкор футбол гувоҳи бўлишди. Кейин ҳар икки жамоа таркибида ҳам ўзгаришлар бор эди. Айниқса, бизнинг мураббий таркибни деярли бутунлай ўзгартирди. Ўйин амалиёти кам бўлган футболчилар майдонга туширилди. Улар ишончни ортиғи билан оқлашди. Умуман олганда, бизда рақобат жуда кучли. Бемалол иккита тенг кучли таркиб жам бўлган, дея оламан. Фикримни бу учрашув ҳам тасдиқлайди.

- Сизнингча, бугун Япония қи-йинчилик билан ғалабага эришдими?

- Мен бундай фикрда эмасман. Гарчи учрашувдаги ҳисобни ўзбекистонлик футболчилар очишган бўлса-да, катта фожиа ясамадик. Қандайдир уч дақиқа ичида бу голга жавоб қайтардик. Иккинчи бўлим бошларида эса ғалаба тўпини киритдик. Айтиш мумкинки, унчалик ҳам мураккаб бўлмаган ғалабага эришдик. Агар вазият тўплар нисбатига қараб қолганида, дарвозани ишғол қилиш учун яна ҳаракат қилинарди.

- Гуруҳимиздаги бошқа жамоалар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Туркманистон термаси биз учун «сюрприз» бўлди. Очиғи, рақибдан бундай шиддатни кутмагандим. Кўпчилик бу жамоага аутсайдер сифатида қараганди. Бизда ҳам шундай тушунча йўқ эмасди. Сал қолса, бу бизга қимматга тушарди. Япония ҳар доим ҳам ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқавермайди. Туркманистон билан ўйинда шундай бўлди. Уммон ҳам менда яхши таассурот қолдирди. Ҳужумни хуш кўрадиган жамоа бўлиб шаклланибди.

- Ўзбекистонлик қайси футболчиларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?

- Бизга қарши кечган ўйинда 22, 14 ҳамда 18-рақамлар эгалари жуда илиқ таассурот қолдиришди. Шунингдек, 19-рақамда тўп сурган ярим ҳимоячининг ҳаракатлари ҳам чакки эмас экан.

- Нима деб ўйлайсиз, термамизнинг мағлубиятига қандай омиллар сабаб бўлди экан?

- (узоқ ўйланиб) Билмасам, бу ҳақда бош мураббийингиз қайғургани маъқул бўлса керак. Майдондаги футболчиларнинг ҳаракати кўпроқ унга кўринади. Ўйиндан олдин берган кўрсатмалари қанчалик бажарилган ёки акси бўлганини мураббий билади. Шу боис ҳам футболчиларингизнинг майдондаги хатти-ҳаракатларига баҳо беролмайман. Бир томондан, жамоангизнинг ҳужумлари самара келтирмаганига бизнинг ўйинчилар ҳам сабабчи. Аксарият ҳолларда майдон марказидаёқ ҳужумлар кесиб қўйилди.

- Япониянинг вазифаси чемпион бўлишми?

- Шубҳасиз. Биз бу ерга Осиё кубогини олиб кетиш учун келганмиз. Гуруҳдаги ўйинларни ўзимча таҳлил қила туриб шунга амин бўлдимки, чемпионлик учун имкониятимиз юқори экан. Термамиз футболчиларининг потенциали юқори. Ҳали бизнинг йигитлар ўйиндан-ўйинга куча-йиб боришади.

- Чемпионлик йўлида сизларга қайси жамоалар тўсқинлик қилиши мумкин?

- Эрон ва Жанубий Корея бошқаларга қараганда кучлироқ кўриняпти. Мезбон - БАА жамоасининг имконияти ҳам яхши. Ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаётган арабларнинг финалгача бўлган «сеткаси» жуда қулай. Лекин Япония ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйган ва шу сабабдан ҳам исталган рақиб билан ўйнашга тайёр.

- Бу галги Осиё кубогида илк маротаба 24та терма иштирок этяпти. Қўшимча саккизта жамоанинг киритилиши қитъа футболи учун ижобий ҳолатми?

- Тўғриси, бу борада жўяли фикр билдиришга эртароқ бўлса керак. Лекин шахсий фикрим, ОФК бу янгилик орқали бошқа жамоаларга ҳам имконият эшикларини очиб берди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, Ал-Айн, БАА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz