Қайднома

Қидирув

«Бешинчи битлз» чемпионликка шай

«Бешинчи битлз» чемпионликка шай

  28.01.2019 05:40
  0
  228
«Бешинчи битлз» чемпионликка шай

Англиядаги тўртинчи йилини германиялик мутахассис АПЛнинг биринчи давра ғолиби сифатида кутиб олди. Унинг «Ливерпул»и ҳақли равишда жорий мавсумнинг энг ёрқин жамоаси бўлиб турибди. Эътиборли жиҳати шундаки, Юрген Клопп даврида «қизиллар» бир маромда мавжуд камчиликлардан фориғ бўлиб, ниҳоят, етакчи жамоага айланишди. Аниқроғи, узоқ йиллар давомида бой берилган юксак нуфузларини тиклаб улгуришди. Энди ана шу ижодий изланишлар самараси - нуфузли совринлар билан расмийлаштиришга навбат келди. Шу муносабат билан 29 йиллик танаффусдан кейин «Ливерпул»ни чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқиш арафасида турган мураббийнинг фаолияти хусусида маълумот беришни лозим топдик.

 

«Штутгарт» мухлиси

Юрген Германиянинг жануби-ғарбида жойлашган миттигина (аҳолиси 1500 кишидан иборат) Глаттен шаҳарчасида улғайди. Шаҳарча футбол бобида мақтана олмайди, аммо ундан 75 чақирим узоқликдаги қўшни «Штутгарт» маҳаллий аҳолининг фахри эди. 1977 йилда, яъни Юрген 10 ёшга чиққанида, жамоа Бундеслига аъзосига айланган, икки йилдан кейин кумуш, унинг ортидан икки марта бронза медалларини қўлга киритганди. Ниҳоят, 1983|1984 йиллар мавсуми якунида жамоа ўзининг 30 йиллик тарихида илк марта Баден-Вюртемберг ери аҳолисига чемпионлик унвонини тақдим этганди. Клопп «Штутгарт»нинг, айниқса, марказий ҳимоячи Карл-Хайнц Фёрстернинг ашаддий мухлиси эди. Бу футболчи 1980 йилда Германия терма жамоаси таркибида Европа чемпиони унвонига сазовор бўлган. Юрген профессионал фаолиятини бошлаган пайтида ўз «кумир»ининг 4-рақами билан майдонга тушарди. Ваҳоланки, ўшанда Клопп ҳужум чизиғида тўп сурган.

 

Ота сабоҚлари

Катта Клопп, яъни Юргеннинг отаси Норберт ўз фарзандини турли спорт турларига жалб этишга уринди. Қизиғи, талабчан ота ўғлининг ўта ёш ва тажрибасиз эканлигини инобатга олмас, Юргенга енгиллик беришни истамасди. Масалан, чанғида сайрга чиққан пайтларида Норберт ўғлининг ортда қолиб кетганига эътибор бермас ва олислаб кетарди. Юрген эса унга етиб олиш учун бор кучини ишга соларди. Ота-ўғил ўртасидаги теннис баҳси икки марта катта Клопп фойдасига 6:0 ҳисобида якунлангач, Юрген ўйиндан бош тортди: «Мағлубиятлар жонимга тегди». Норберт ҳам жаҳл билан жавоб қайтарди: «Нима, бу бош оғриғи мен учун қизиқарли, деб ўйлайсанми?»

Хуллас, бу спорт турлари Клоппларга маъқул бўлмади. Лекин футбол... Дарвоқе, катта Клопп 18 ёшида, 1951 ва 1953 йилларда Бундеслига чемпионлигини қўлга киритган Фриц Вальтернинг афсонавий «Кайзерслаутерн» клубида дарвозабонлар кўригида иштирок этганди. Бироқ урушда мағлубиятга учраган мамлакатда футболнинг келажаги йўқ деб ҳисоблаган Юргеннинг бобоси Норбертни бошқа касб билан шуғулланишга кўндирди.

 

«Эргенцинген»

Таажжубки, кичик Клопп ҳам отаси каби футболдан четда қолишга яқин турганди. Унинг айтишича, глаттенликлар фақат Тюбинген университетида таҳсил олиш учун шаҳарчани тарк этишаркан. Бироқ Юргеннинг бахтига, 1983 йилда тақдир Клоппни «Эргенцинген» бош мураббийи Вальтер Баурга рўбарў қилди. Шаҳарча йигитлари учун бу жамоанинг ўринбосарлари сафидан жой олишнинг ўзиёқ улкан жасорат эди. 15 ёшида бўйи 190 сантиметрга етган Юрген Баурда яхши таассурот қолдирди, онаси эса 28 километр узоқликдаги мактабга ўз автомашинасида олиб боришга ваъда берди. Шу тариқа Клопп академия тарбияланувчисига айланди.

 

«Айнтрахт»

Орадан йиллар ўтиб, «Эргенцинген» устози «Айнтрахт»ни бошқараётган қадрдон дўсти Дитрих Вайзе билан биргаликда ўртоқлик учрашуви ўтказишга қарор қилишди. Ўша даврда айнтрахтликлар сафида Бундестимнинг 1986 ва 1990 йиллардаги мундиалларда эришган кумуш ва олтин медалларига муносиб ҳисса қўшган Томас Бертольд тўп сурарди. Аммо 1986 йилнинг ёзида бу ҳимоя-чи ҳам Клоппнинг шиддати қаршисида ожиз қолганди: рақибларини моҳирлик билан ортда қолдирган Юрген ҳисобни очди.

Тўғри, тез орада ўзига келган «Айнтрахт» «қишлоқилар»нинг ягона голига 9та гол билан жавоб қайтарди. Бироқ Клопп Дитрих Вайзени ўзига ром этиб улгурганди: «Франкфуртга ўтишни истайсанми?»

Ўшанда қаттиқ ҳаяжон таъсирида Юрген кўзойнагини синдириб қўйганди. Тўғри, бу унинг орзусидаги «Штутгарт» бўлмасада, ҳар ҳолда, элита вакили эди.

Афсуски, қаҳрамонимизнинг «Айнтрахт»даги фаолияти умуман ўхшамади: мавсум бошида Вайзе жамоани тарк этди, янги мураббий ишонч билдирмади. Натижада Клопп маълум муддат ҳаваскор клубларда ўзини овутиб юрди. Ниҳоят, 1990 йилда у фаолиятидаги асосий жамоа - «Майнц 05»дан таклиф олди.

Орадан бир йил ўтгач, Юрген футболчилик фаолиятидаги энг ёрқин ўйинни намойиш этди - «Эрфурт»га қарши баҳсда (5:0) «покер»га эришди. «Майнц» бош мураббийи Роберт Юнг эса шундай баёнот берди: «Мана кўрасиз, янги мавсумда Клопп сафимизда бўлмайди». Бироқ мураббий янглишганди: ҳаваскорлар ичидан чиққан жавоҳир 10 йил жамоа шарафини ҳимоя қилди. 33 ёшга чиққанидан кейин эса ўйновчи мураббий сифатида фаолият юрита бошлади.

 

Юксаклик сари

Кейинги 7 йил Клопп учун анча машаққатли, жамоа ва унинг мухлислари учун мароқли кечди. «Майнц» қаторасига икки марта охирги турда элита йўлланмасини рақибига бериб қўйди. Қизиғи, иккинчи имкониятни ундан айнан «Айнтрахт» тортиб олганди. Шунчалик аламли мағлубиятларга дош берган Клопп бир йилдан кейин тарихий ғалабага эришди - унинг жамоаси элита аъзосига айланди.

 

«Боруссия» Д.

Кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиш мақсадида Юрген Клопп ўз шогирдларини Швеция ўрмонларига, электр қуввати, телевизор бўлмаган сокин гўшага олиб кетди. Мураббий ўз шогирдлари билан велосаёҳатларга чиқди, уларнинг ҳар қайсиси билан бафуржа суҳбатлашди. Аммо шу саъй-ҳаракатлар ҳам «Майнц»ни қуйи лигага тушиб кетишдан сақлай олмади. Клопп эса Дортмунддан таклиф олди. Ҳозир бу таклиф ажабланарли туюлиши аниқ. Лекин ўша 2008 йилда «Боруссия» Дортмунд ўртамиёна жамоа мақомига кўникиб улгурган, тез орада банкротга юз тутиш остонасида турганди. Айни шу паллада «Бавария» молиявий кўмак кўрсатиб, жамоага ўзини тиклаб олиш имконини берди. Клопп ана шу имкониятдан самарали фойдаланди: 2011 йилда Бундеслига тарихидаги энг ёш таркиб (24,2) билан шоҳсупага кўтарилди. Кейинги мавсумда эса жамоа тарихида илк бор «олтин дубл»га эришишга яқинлашди.

Германия кубогининг ҳал қилувчи беллашуви арафасида мураббий футболчиларга ўзи тайёрлаган «Инсоннинг юксак натижалари» ролигини намойиш этди. Унда инсоннинг илк марта Ойга тушиши, Борис Беккернинг Уимблдон-85 турниридаги ғалабаси, германиялик чанғичи Роза Миттерма-йернинг Инсбрук-76 Олимпиадасидаги иккита олтин медаллари, Штеффи Граф ҳамда Михаэль Шумахернинг зафарли юришлари жамланганди. Ролик Клоппнинг мурожаати билан якунланганди: «Истасак, биз мана шу шарафли фильмнинг давоми бўламиз. Бироқ бунинг учун эртага ҳалол тер тўкишимиз шарт!»

Эртасига «Боруссия» Дортмунд Берлинда «Бавария»ни 5:2 ҳисобида маҳв этди ва ўзи ҳамда Клоппни немис футболи тарихига олиб кирди.

Тақдирнинг қалтис ҳазилига биноан, шундан кейинги барча финалларда омад Юрген Клоппдан юз ўгирмоқда: 2012|2013, 2017|2018 йиллар мавсумида Чемпионлар Лигасининг, 2015|2016 йиллар мавсумида эса Европа Лигасининг финалида. Лекин жорий мавсум германиялик мутахассис учун ҳавас қиладиган даражада ўтмоқда. Унинг жамоаси Янги йилни АПЛ пешқадами мақомида кутиб олди. Гарчи амалдаги чемпиондан мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилган бўлсада, ҳамон яққол етакчи бўлиб турибди.

...Юрген Клоппнинг «Ливерпуль» бош мураббийи сифатидаги дастлабки матбуот анжуманида касбдошларимиз унга Жозе Моуриньо Англияга келганида ўзини «Беназир» деб таништирганини эслатишди ва Клоппнинг бу борадаги фикри билан қизиқишганди. Германиялик мураббий камтарлик билан жавоб қайтарди: «Мен оддийман, айнан шундай деб ёзинг».

Туманли ўлкадаги фаолияти давомида Юрген Клоппни яна бир тахаллус - «Бешинчи Битлз» билан тақдирлашди. Бунинг асосий сабаби шуки, Клоппнинг наздида, бу гуруҳ санъат оламида ягона. Хуллас, мураббий ўзининг асл жамоасини, асл гўшасини топди. Энди унга зарҳал жилосини берилса, бас!

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz