Қайднома

Қидирув

АПЛ: энг қимматбаҳо футболчилар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

АПЛ: энг қимматбаҳо футболчилар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

  28.01.2019 09:23
  0
  1340
АПЛ: энг қимматбаҳо футболчилар рамзий терма жамоаси (фотогалерея)

Интернетдаги маълумотлар асосида тайёрланган навбатдаги фотожамланма воситасида Англия чемпионатидаги трансфер баҳоси энг юқори футболчилар ҳақида яна бир бора маълумот олишингиз мумкин.

Рамзий жамоа бўлгач, ҳар бир позицияга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, барчасида янгиланган сумма эътиборга олинган.

Яна бир қизиқарли томони, муайян футболчига қўйилган баҳо ва унинг учун тўланган реал маблағ ўртасидаги фарқ юзасидан мушоҳада юритиш мумкин.

ДАРВОЗАБОН - АЛИССОН

Клуби: «Ливерпуль»

Бозор нархи: 95,4 млн. фунт

АПЛнинг энг барқарор кипери. Эътиборлиси, «Ливерпуль» унинг учун 65 млн. фунт тўлаганди (бонуслар билан). Демак, Алиссон Бекер харажатни оқлаб бўлди.

Захира: Эдерсон («Манчестер Сити», 90,4 млн. фунт)

 

ҲИМОЯЧИ - ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД

Клуби: «Ливерпуль»

Бозор нархи: 105,8 млн. фунт

«Ливерпул»нинг яна бир вакили. Трент - жаҳон футболидаги энг истиқболли ўнг қанот ҳимоячиларидан бири. Клуб академияси тарбияланувчиси атиги 20 ёшда. У АПЛ баҳсларида 65 марта самарали узун узатма амалга ошириб, ўз позицияси бўйича рекордчи бўлиб турибди.

Захира: Кайл Уокер («Манчестер Сити», 69,5 млн. фунт)

 

ҲИМОЯЧИ - ЭМЕРИК ЛЯПОРТ

Клуби: «Манчестер Сити»

Бозор нархи: 94,1 млн. фунт

«Шаҳарликлар» Хосеп Гвардиола талабига биноан, баск миллатига мансуб францияликка 57 миллион фунт тўлашди. Эмерик атиги 24 ёшда ва унинг бозор нархи 100 «лимон»га яқинлашиб қолди. Ляпорт - тўп билан ишлаш бобида қирол. 1789та узатма - бу Европанинг кучли 5та чемпионати вакиллари учун энг юқори кўрсаткич.

Захира: Давинсон Санчес («Тоттенхэм», 84,5 млн. фунт)

 

ҲИМОЯЧИ - ВИРЖИЛЬ ВАН ДЕЙК

Клуби: «Ливерпуль»

Бозор нархи: 85,8 млн. фунт

2013 йилдан буён АПЛда ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган биринчи ҳимоячи. Ван Дейк «Ливерпул»га ҳам орқа чизиқда, ҳам ҳужумда етарлича ёрдам бермоқда. Дарвоқе, «қизиллар» голландни 75 млн. фунтга сотиб олишганди.

Захира: Антонио Рюдигер («Челси», 75,1 млн. фунт)

 

ҲИМОЯЧИ - ЭНДРЮ РОБЕРТСОН

Клуби: «Ливерпуль»

Бозор нархи: 74,4 млн. фунт

Қойилмақом трансфер юриши - «Ливерпуль» 2 йилча олдин шотландиялик йигит учун 10 млн. фунт ҳам бермаганди. Ўшанда Эндрю қисқа вақтда нақ 7-8 баробар қимматлашишини ким ўйлаганди? Қаранг, Робертсон 2018 йили 7та голга ассистентлик қилиб, ҳимоячилар орасида энг яхши натижага эришди.

Захира: Маркос Алонсо («Челси», 58,8 млн. фунт)

 

ЯРИМ ҲИМОЯЧИ - Н~ГОЛО КАНТЕ

Клуби: «Челси»

Бозор нархи: 87,8 млн. фунт

Жаҳон чемпиони учун муносиб баҳо. Умуман, «Челси» камтарин йигитни шу суммага ҳам қўйиб юбормаса керак. Муҳими, Кантенинг ўзи ҳозирча Лондонда ҳаммасидан қониқмоқда. 

Захира: Эрик Дайер («Тоттенхэм», 73,3 млн. фунт)

 

ЯРИМ ҲИМОЯЧИ - ДЕЛЕ АЛЛИ

Клуби: «Тоттенхэм»

Бозор нархи: 135,6 млн. фунт

Сайёрамизнинг истиқболдаги энг қимматбаҳо ўйинчиларидан бири. Апрель ойида 23 ёшга тўладиган Деле турли позицияларда бирдек яхши ишлайди. Йигитча фаолиятининг ортда қолган қисмида «Гол + пас» тизимида 68 очко тўплашга улгурди.

Таққослаш учун айтсак, АПЛнинг тан олинган ярим ҳимоячилари унинг ёшида камтарона статистикага эга эдилар (Фрэнк Лэмпард - 33 очко, Пол Скоулз - 18 очко, Стивен Жеррард - 13 очко).

Захира: Поль Погба («МЮ», 117,7 млн. фунт)

 

ЯРИМ ҲИМОЯЧИ - БЕРНАРДУ СИЛЬВА

Клуби: «Манчестер Сити»

Бозор нархи: 120,9 млн. фунт

Португалиялик ярим ҳимоячи бошида Хосеп Гвардиоланинг омадсиз хариди сифатида тилга олинганди. Мана, вақт ўтиши билан футбол билимдонлари ва АПЛ фанатлари уни Поль Погбадан ҳам устун кўришмоқда.

Айтганча, «Сити» Сильва трансферини 45 млн. фунт эвазига расмийлаштирганди. Асосийси, Бернарду харажатга яраша натижа қайд этмоқда - АПЛда 5та гол ва 6та самарали узатма.

Захира: Кевин де Брюйне («Манчестер Сити», 86,4 млн. фунт)

 

ҲУЖУМЧИ - МУҲАММАД САЛОҲ

Клуби: «Ливерпуль»

Бозор нархи: 165 млн. фунт

АПЛда қанот ҳужумчиларини алоҳида қадрлашади, улар орасида Салоҳ  алоҳида мавқега эга. Мисрлик футболчи камдан-кам ҳолларда ўйин ўтказиб юбормоқда, «Ливерпул»нинг лига доирасидаги 58та ўйинида қатнашиб, 63та гол урди (охирги ўйин ҳисобга олинмаган). Қойилмақом барқарорлик.

Захира: Лерой Сане («Манчестер Сити», 141 млн. фунт)

 

ҲУЖУМЧИ - ГАРРИ КЕЙН

Клуби: «Тоттенхэм»

Бозор нархи: 180 млн. фунт

Ҳа, Кейн учун чамаси 200 млн. евро тўлашга тўғри келиши ҳақиқатга яқин. Ахир «шпорлар» харидорлардан 350 млн. евро сўрашяпти. Аслида «Тоттенхэм» уни сотишга мойил эмас, чунончи, гап 25 ёшида фаолиятидаги 200-голини нишонлашга ҳозирлик кўраётган самарадор йигит ҳақида кетяпти.

Захира: Ромелу Лукаку (146,3 млн. фунт).

 

ҲУЖУМЧИ - РАҲИМ СТЕРЛИНГ

Клуби: «Манчестер Сити»

Бозор нархи: 167 млн. фунт

Салоҳдан ёшроқ, Аллидан тажрибалироқ. Албатта, Стерлинг ҳали анча юксалиш имкониятига эга. Ахир у Хосеп Гвардиоладек талабчан мураббий қўл остида шуғулланмоқда. 22та турда 9та гол ва 7та самарали узатма - бу чакки эмас.

Захира: Садио Мане (124,1 млн. фунт).

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz