Қайднома

Қидирув

Бекорчи «беназир» баёни...

Бекорчи «беназир» баёни...

  30.01.2019 02:26
  0
  686
Бекорчи «беназир» баёни...

Футбол жамоатчилиги ўз ўрнини Оле-Гуннар Сульшерга бўшатиб берган Жозе Моуриньога турлича муносабат билдирмоқда. Ҳа, кимлардир уни ҳамон буюк саркарда сифатида кўришади. Лекин айримларнинг португалик мутахассис ҳақидаги хулосалари жуда кескин: «Беназир»нинг даври ортда қолди...». Хорижлик касбдошларимиз эса бу вақтда ўз ишлари билан овора. Дейлик, BeIn Sport нашри журналистлари яқинда ишсиз юрган португалиялик мутахассисни алоҳида суҳбатга чорлаб, кўплаб долзарб мавзуларга ойдинлик киритишга уриниб кўришди. Таъкидлаш жоиз, Моу мулоқот давомида ўзини тамоман ўзгача тутди. Чунки у айни пайт қайсидир жамоага масъул эмас, демакки, кимнидир ҳимоя қилиши ёки ниманидир исботлаши шарт эмас...

«МЮ» ҲАҚИДА

- Ўтган мавсум «МЮ» билан АПЛ кумуш медалига эга чиққанимизни фаолиятим давомидаги энг муваффақиятли ишларимдан бири сифатида эътироф этишим керак. Албатта, буни эшитиб, мени телбага чиқариб қўйишга ҳақлисиз. Ахир шу пайтгача нақ 25та олий соврин қўлга киритганман ва улардан бирини эмас, балки вице-чемпионлик мақомини устун кўришим ғалати. Ҳамма гап шундаки, «МЮ» билан 2-ўринга кўтарилиш ортида қандай машаққатлар ётганини кўпчилик билмайди.

ЭНГ ЯХШИ ЖАМОА

- Биласизми, шахсан ўзим «Интер»ни энг яхши жамоам сифатида тилга оламан. Биринчидан, айнан шу клуб билан имкони бор барча совринларга эришдик. Иккинчидан, бошидан охирига қадар зафарли юришни амалга оширган собиқ шогирдларим хизматларига холис баҳо беришим шарт. Улар чиндан ҳам, ҳурматга лойиқлар. Зеро, мавсум давомида дунёнинг энг сара жамоаларини маҳв этиб, барча мусобақаларда ғолиб чиқишди, Италия чемпионатида ҳайратланарли даражада кўп очко жамғаришди. Шундай экан, мен бошқарган жамоалар орасида «Интер»га юқорироқ баҳо бераман.

«РЕАЛ» ХОТИРАЛАРИ

- Кўпчилик табиатида воқеаларни тезда унутиш хислати бор... Ҳа, ЕЧЛ халқаро кўламдаги турнир саналади. Лекин унутмаслик керак, биз Испания кубогида зафар қучдик, Ла-лигада эса рекорд даражада кўп очко жамғарган ҳолда ғолиб чиқдик. Мавсум давомида 100 очко тўплаш осон эмас. Бунинг учун чинакам барқарорликка эришиш зарур. Зеро, барқарорлик бўлмаса, мунтазам равишда ғалаба қозониш мушкул. Қолаверса, мен бошқарган «Реал» гол уриш борасида ҳам рекорд ўрнатганди. Агар ёлғон гапни тез-тез такрорлайверсанг, айримлар бунга ишониб қолишлари ҳеч гап эмас. Муҳими, факт шуки, ёлғон минг бора такрорланса ҳам, ёлғонлигича қолаверади!

ДИДЬЕ ДРОГБА -

СОДИҚ ЖАНГЧИ

- Дрогба ўта садоқатли йигит, чинакам жангчи. Дидьени «Марсел»да кўриб, уни дарҳол АПЛга чорлагандим. У буни ҳали-ҳамон унутган эмас. Билишимча, Дрогбанинг ўзи бундай кескин бурилишни кутмаган. Чунки юқори савияда ўйнай бошлаганида, ёш йигитча эмасди. Роман Абрамович билан ўша вақтдаги битта суҳбатимиз аниқ ёдимда қолган:

- Жозе, ҳужум чизиғига кимни қўймоқчисан?

- Дидье Дрогбани.

- Ким у, қаерда ўйнайди?

- Мистер Абрамович, баҳс-мунозарани тўхтатиб, пул тўласангиз, бас.

Энди ўша гапларим учун бемалол мақтанишим мумкин. Зеро, Дрогба кейинчалик нафақат «Челси», балки бутун АПЛнинг чин рамзига айланди.

САЛОҲ ТРАНСФЕРИ ҲАҚИҚАТИ

- Муҳаммад Салоҳ трансфери ҳақида ҳақиқатдан йироқ гап-сўзлар жуда кўп. Дейлик, «Челси» мухлислари мени Салоҳни сотиб юборган кишидек кўришади, бу масалада ҳалигача айблашади. Аслида ҳаммаси ғирт бўҳтон. Ҳақиқат шуки, Салоҳни «Челси»га айнан мен чақирганман. Яъни ҳаммаси аксинча бўлган: қўл остимдаги «Челси» ЕЧЛ доирасида «Базель» билан куч синашганида, Салоҳнинг ҳаракатларидан лол қолиб, клуб раҳбариятидан тезда уни сотиб олишни талаб қилганман. Ваҳоланки, ўша пайт Салоҳ тўп сурадиган позициясида Виллиан ва Азардек ажойиб ижрочилар ўйнашарди. Тўғри, Салоҳ Лондонга кўчиб ўтганидан кейин янги муҳитга мослашишда қийналиб, ўзини йўқотиб қўйди. Шунда ҳам шахсан мен уни тезроқ асосий таркибга жалб этиш ниятида эдим. Аммо Салоҳнинг ўзи кутишни истамади, мунтазам равишда майдонга тушиш илинжида бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда, мисрлик ҳужумчини ижара келишуви асосида Италия сафарига жўнатишни режалаштирдик. Якунда унга мос жамоа ҳам топдик - «Фиорентина». Кейинроқ «Челси» Салоҳни тўлиқ сотиб юборишга қарор қилганида ҳам, бунга ошкора қарши чиқдим. Бироқ жамоа раҳбарияти фикримни инобатга олгани йўқ. Хуллас, гапнинг индаллоси шу - Салоҳни харид қилишда бевосита иштирок этганман, лекин уни сотиш жараёнига умуман дахлим йўқ.

МУРАББИЙЛИК МАКТАБИ

- Ғалабага эришмаган ҳолда, «яхши» ўйнаш жуда осон. Муайян ғоя ёки услуб ортида беркиниб, натижа кўрсатмай юриш ҳам мумкин. Қайсидир мураббий аввалига зафарга эришади, кейин бирданига ғойиб бўлади. Демоқчиманки, ғолиб мураббий ва доимий барқарор мутахассиснинг футболга нисбатан дунёқарашида катта фарқ бор. Иккинчи тоифага мисол тариқасида Хосеп Гвардиола ва Карло Анчелоттини кўрсатиш мумкин. Мен ҳам бутун фаолиятим давомида фақат ғалабага интилган ва бунга маълум даражада эришган мутахассислар сирасиданман. Хўш, ёш мураббийлар қаерда қолишди? Умид қиламанки, улар тез орада ўз нуфузларини юксак натижалари билан исботлайдилар. Чунки футбол қонуни шундай: фақат натижа абадий қолади, чиройли ўйин ёки ҳужумкорлик эмас. Энг асосийси, айнан юқори натижалар мураббийга ўз малакасини сақлаб қолиш имконини беради.

ЎЗИГА НИСБАТАН МУНОСАБАТ

- Тўғриси, ҳозир қандайдир ижобий воқеанинг рўй бериши янгилик ҳисобланмайди. Аксинча, ким биландир жанжаллашиб қолишим янгилик сифатида қабул қилинмоқда. Очиғи, футболчилар билан ижобий муносабатларимиз янгилик мақомида эмас. Замонавий янгилик - сенга боғлиқ муаммолар.

ФУТБОЛЧИЛАР БИЛАН АЛОҚА 

- Тушунарлики, мураббий ва футболчилар ўртасида ўз-ўзидан муаммо юзага келмайди. Жамоаларда мураббий ва унинг шогирдларининг ўзаро тил топишишларига ёрдам берадиган тизим йўқлиги туфайли муаммо кўтарилади. Демоқчиманки, ҳозирги мураббийлар ўзини профессионал футболчига тўғри келмайдиган тарзда тутадиган шогирдларини  тарбиялаш ҳуқуқидан маҳрумлар. Уларга бу борада ҳеч қандай ваколат берилмаган. Оддий айтганда, мураббий муайян қонун-қоидалар асосида йўлга қўйилган аниқ тизимга муҳтож. Ҳозирги ҳолатда эса мураббий қайсидир футболчига дахлдор барча масалаларни мустақил равишда ҳал этолмайди. Ваҳоланки, клуб ҳаётида баъзан зудлик билан мураккаб қарорларни қабул қилишга тўғри келади. Фикримча, токи талаб даражасидаги муайян тизим шакллантирилмас экан, ҳар қандай жамоада муаммолар бош кўтариши мумкин. Тушунинг, жамоада футболчилар билан энг кўп бевосита мулоқотга киришадиган шахс - бу мураббий. Ҳа, ҳар қайси клубда ўз президенти, бошқарувчиси, спорт директори бор, лекин уларнинг ваколатлари бош-қа. Мураббийнинг роли эса кенгроқ бўлиши лозим. Агар пухта тизим йўлга қўйилса, мураббий фақат натижани ўйлайди, ўйин ҳақида бош қотиради, шогирдларига футбол бобида сабоқ бериш билан шуғулланади. Ҳозир қандай? У ички интизомни назорат қилиш ва қоидабузарларни тарбиялаш билан банд...

Келажак фаолияти

- Албатта, ҳали кўп ишлашни хоҳлайман. Ҳар ҳолда, нафақага чиқиш учун ҳали жуда ёшман. Тўғри, узоқ йиллардан буён футбол ичидаман, аммо 2 ҳафтадан кейин атиги 56 ёшга тўламан. Чиндан ҳам, ҳали ёшман, албатта, мураббийлик касби нуқтаи назаридан. Ҳамиша юксак савияда ишлашга одатланганман ва фаолиятимни шу зайлда давом эттириш ниятидаман. Қолганини вақт кўрсатади...

---------------------------------------------

Мана, португалиялик мутахассиснинг ўз атрофида юз берган ва бераётган воқеаларга муносабатини билиб олдик. Бир қарашда, Моуриньо ўзини оқлаш ва муҳофаза қилишга уринаётгандек. Гўёки, у  - оппоқ, салбий натижалар эса -  ташқи кучлар ва қандайдир фитналар маҳсули. Тўғри, мураббий баёнотида ҳақли жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Лекин унинг «Мен бутун дунёга қаршиман» қабилидаги нуқтаи назарини оқлаш мушкул, албатта. Хўш, Сиз нима дейсиз?

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz