Қайднома

Қидирув

Юто Нагатомо: ИҚТИСОДЧИ, ЁЗУВЧИ, МУАЛЛИМ

Юто Нагатомо: ИҚТИСОДЧИ, ЁЗУВЧИ, МУАЛЛИМ

  29.01.2019 10:00
  0
  567
Юто Нагатомо: ИҚТИСОДЧИ, ЁЗУВЧИ, МУАЛЛИМ

Бу футболчи японлар етакчиси, суперқаҳрамон. Унинг қаллиғининг қўлини қай тариқа сўрагани барчани қизиқтириши табиий. Юто Нагатомони «Интер»даги етти йиллик фаолияти давомида эслаб қолгансиз. Япония термасида у юздан ортиқ ўйинда майдонга тушган, Осиё кубогида зафар қучган, 2013 йили «сариқ қитъа»нинг энг яхши ўйинчиси номига сазовор бўлган. Аммо Нагатомонинг сифатлари фақат футболдаги ютуқлари билангина ўлчанмайди. У шунингдек, замонамизнинг энг ўқимишли ва қалби пок футболчиларидан биридир.

 

Нуфузли ОТМ битирувчиси

Юто 19 асрда очилган қадимий таълим масканини тамомлаган. У Мэйзи университетининг сиёсат ва иқтисодиёт факультетига кириб, 2009 йили битирган, ўқиш вақтида маҳаллий клуб таркибида тўп сурган. «У ерда иқтисодиёт бўйича таҳсил олиб, молиявий масалаларни астойдил кузатганман - ҳозир пуллар билан эҳтиёткор муносабатда бўлиб, аҳмоқгарчиликларга йўл қўймаслик даркор», - деганди япониялик бакалавр. Ўшанда Нагатомо 20 ёшда эди, у ўйнаган университет клуби эса битта эди.

Шундан буён қаҳрамонимиз бир неча маротаба университетга борди. Унинг ўтган йилги ташрифи минглаб талабаларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Футболчи нутқ сўзлаб, профессионал сифатларни ўзлаштиришдан ташқари, чиқишимли бўлиш ҳам муҳим эканлигини таъкидлади: «Бу ерда ўтказадиган тўрт йилингиз, бошқалар билан дўстлашиш, улар билан алоқа - келажагингиз асосига айланади. Умид қиламанки, барча орзуларингизни рўёбга чиқаришни уддалайсиз».

Кўплаб китоблар муаллифи

«Галатасарой» президенти Нагатомонинг трансферидан сўнг, биринчи навбатда, унинг футболга алоқадор бўлмаган ютуқларига эътибор қаратди. Ҳозир онлайн-дўконларда Юто қаламига мансуб кўплаб китобларни топиш мумкин. Бу ижод намуналари мавзуси футболчининг ўзи, йога ҳаттоки, таомларга бориб тақалади. Эҳтимол, у ке-йинги сафар медитация ва психология ҳақида ёзар!

«Ўтмиш ва келажак билан чалғимаслик керак, бор эътиборни айни пайт рўй бераётган воқеаларга қаратиш мақсадга мувофиқ», - Нагатомо Япониянинг йирик пойабзал компаниясига медитация сеанслари ўтаётганда худди шундай сабоқ берганди: иштирокчилар оёқларини чалиштириб, кўзлари юмуқ ҳолда уни диққат билан тинглашганди. Улардан бири, тавсиялар чин маънода ёрдам берганини тан олганди: «Мени чалғитаётган ўй-хаёллар аста-секин миямни тарк этаётганини сездим. Ўйлашимча, кундалик ҳаётда буни тажрибадан ўтказиш зиён қилмайди».

«Сан-Сиро»да Қалли-Ғининг Қўлини сўради

Аири Тайра - Нагатомонинг рафиқаси, 15 ёшидаёқ актрисалик фаолиятини бошлаган, орадан ўн йил ўтиб, кастингда 3 мингга яқин ҳамкасбларини ортда қолдириб, Япониянинг машҳур фильми - «Йигирманчи аср йигитлари»да бош ролни ижро этган. Тайранинг оиласи асосан бейсболга қизиқсада, бу омил футболчини севиб қолишига тўсқинлик қилмади. Юто билан Аири бир неча йил учрашиб юришди, ваҳоланки, футболчи «Интер» сафида ўйнагани сабабли алоҳида яшашларига тўғри келган. Икки йил аввал Нагатомо стадионнинг ўзида қаллиғининг қўлини сўраган. Тайра у билан бирга яшаш мақсадида актрисалик карьерасини тўхтатиб, Италияга кўчиб ўтган.

Жабрланганларга кўмак Қўлини чўзди

2011 йилнинг баҳорида Японияда рўй берган даҳшатли зилзила оқибатида 15 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди - эндиликда японлар учун 11 март умрбод хотира куни сифатида қолади. Машъум ҳодисадан тўрт кун ўтиб, Нагатомо Чемпионлар Лигаси доирасидаги баҳсда «Интер» сафида ўйин ўтказишга куч топди. Бунга қадар итальянлар ўз уйларида «Бавария»га имкониятни бой беришганди - 0:1. Учрашувнинг ярми ортда қолган вазиятда устунлик мезбонлар томонида эди (1:2, умумий - 1:3). Аммо иккинчи бўлимда «Интер» иккита гол уриб, кейинги босқичга чиқди.

Юто ўйиндан сўнг махсус ёзувлар битилган Япония байроғини олиб чиқиб, трибуналарга намойиш этди. Гарчи мюнхенлик мухлислар кутилмаган мағлубиятдан карахт аҳволга тушган бўлсаларда (ҳал қилувчи гол ўйиннинг сўнгги дақиқаларида урилганди), Нагатомони қарсаклар билан кузатиб қўйишди.

У ҳаҚда мультфильм ишланган

Бир неча йиллар аввал азалий орзусини амалга ошириб, футболчига айланган оддий ўқитувчи ҳақидаги мультфильм экранлар юзини кўрди. Бош қаҳрамон кўп жиҳатдан Нагатомога ўхшайди, япониялик ҳимоячининг ўсмирлик даври эса сценарий асоси сифатида олинган. «Шундай мультфильм суратга олишни таклиф қилишганида, бажонидил рози бўлдим, - дея эслайди Нагатомо. - Болаларга жиддий мақсадларга эришиш йўлида кўпроқ хоҳиш ва иштиёқ бўлиши лозимлигини кўрсатгимиз келди. Бундан ташқари, улар қувноқ кайфиятни йўқотмай, таслим бўлмасликни ўрганишлари керак».

«Интер»га меҳр Қўйди...

Япониялик ҳимоячи аввалига Италияда ўзини ноқулай сезди - ижара асосида «Чезена»да ўйнаб, Европага кўникиш даврини ўша ерда ўтказди. Тил билмаслиги сабабли ниманидир адаштириб юбориши мумкин эди. Масалан, жамоадоши мураббий кўрсатмасига биноан Нагатомони бошқа қанотга сал қолса, турткилаб олиб борарди. «Орадан олти ой ўтиб, тилни, гаплашишни ўргандим, клубдошларим билан суҳбатлашдим. Чезенада ҳаммаси ажойиб эди - ҳатто, у ерда мухлислар менинг исмимни айтиб куйлашарди». Шунга қарамай, Юто «Интер»га мослашишда қийналмади. Йиллар ўтди, мураббийлар алмашди, Нагатомо эса жамоанинг асосий чап қанот ҳимоячиси бўлиб қолаверди.

Кейинроқ, захира ўриндиғига «михланиб» қолганида, японияликка «Манчестер Юнайтед» қизиқиб қолди. Нагатомо эса «Интер»ни жуда севишини айтиб, инглизлар таклифига рад жавобини берди. Тўғри, ке-йинроқ миланликлар билан хайрлашишига тўғри келди - ўтган йилнинг кузида Москвадаги «Локомотив»га қарши баҳсга Юто «Галатасарой» футболчиси сифатида келди. «Мураббий ва клубдошларимга Чемпионлар Лигасида омад ёр бўлишини тилайман. Сизларни жуда яхши кўраман», - Нагатомо «нерадзурри» билан айнан шу тарзда хайрлашганди.

...«Интер»дагилар ҳам уни яхши кўришди

Кассано сингари оғир феъл-атворга эга футболчи билан чиқишишни ҳамма ҳам уддалайвермайди, Ютога эса бундай вазифа қийинчилик туғдирмади: «У менга устоздек эди. Жамоадошларим билан жуда яхши муносабатда бўлганмиз, аммо Кассано билан ҳазиллашиш - алоҳида роҳат бағишларди. Умуман, биз кўпинча вақтни бирга ўтказардик, бу эса майдондаги ҳаракатларимизга ҳам ижобий таъсир қиларди». Япониялик ҳимоячи яна бир устози сифатида, албатта, Хавьер Занеттини кўрсатганди.

Нагатомо Кассанодан ташқари, Перишич ва Снейдер билан ҳам иноқ эди. Ютонинг кетганидан салгина қувонган бирор киши бўлганда, у Самир Ханданович бўларди, шубҳасиз: «Эртароқ ухлашга ётганимизда, Юто футбол томоша қилар, телевизор қаршисида қичқиравериб тинчлик бермасди».

Осиё кубоги-2019да Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳамюртларимизни мағлубиятга учратган Япония миллий жамоаси ҳамон асосий фаворитлардан биридир, аммо унинг таркиби аввалгидек кучли эмасдек. Хонда, Кагава ҳамда Оказаки сингари етакчилар қитъа биринчилигида қатнашишмаяпти, Португалия чемпионатида ўзини кўрсатаётган Наказима ҳам муҳим турнирдан четда қолди (мусобақа арафасида жароҳат олди).

32 ёшли Нагатомонинг тажрибаси эса японларга қўл келмоқда. Юто ЖЧ-2010да қатнашиб, жамоаси билан пенальтилар сериясига кўра мағлубиятга учраганди, бироқ орадан бир йил ўтиб, Осиё кубогида зафар қучди. 2018 йилги мундиалда ҳам «кўк самурайлар» 1|8 финалда аламли тарзда имкониятни бой беришди. Хўш, 8 йил аввалги ютуқ бу галги қитъа биринчилигида ҳам такрорланармикан?

Хўжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz