Қайднома

Қидирув

Умид Аҳмаджонов: «Терма жамоамизни ёшартириш вақти келди»

Умид Аҳмаджонов: «Терма жамоамизни ёшартириш вақти келди»

  30.01.2019 20:41
  0
  291
Умид Аҳмаджонов: «Терма жамоамизни ёшартириш вақти келди»

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштироки бўйича ўз фикрларини билдирар экан, бўлажак мусобақаларда асосий эътиборни энди ёшларга қаратиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

 «Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогида мазмунли ўйин намойиш қилди. Гарчи асосий мақсадимиз бўлган Осиё Кубоги ғолиблиги қўлга киритилмаган бўлса-да, футболчиларимиз майдонда Ватан шаъни учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди, астойидил курашишди.

Айниқса, терма жамоа таркибидаги ёш футболчиларнинг ўйини мени қувонтирди. Улардаги шижоат, ғалабага чанқоқлик, рақибдан чўчимаслик, охиригача курашиш хусусиятлари келажакка умид билан қарашимизга сабаб бўла олади.

Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, терма жамоамиз мазкур мусобақада жами 7та гол киритди. Шулардан 6та голни 25 ёшгача бўлган футболчилар киритгани ҳам эътиборга молик. Элдор Шомуродов 23 ёш, Жалолиддин Машарипов 25 ёш, Жавоҳир Сидиқов, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамовлар 22 ёш.

Насиб қилса, булар ҳали кўп йиллар давомида терма жамоамиз таркибида юқори савияда тўп суришга қодир футболчилар. Ёши катта футболчиларимизга ҳам катта раҳмат айтмоқчиман. Улар ўз тажрибалари билан терма жамоамизга кўп фойда келтиришди.

Лекин энди терма жамоани ёшартириш вақти келди. Олдимизда жаҳон чемпионати саралаши турибди. Мазкур мусобақага ёшартирилган таркиб билан йўл оламиз.

Ёшларга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур. Улар ўйин амалиётига қаерда эга бўлишади? Албатта, ўз клублари таркибида. Шу ўринда миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клублар бош мураббийларига ҳам мурожаат қилиб ўтмоқчиман.

Чемпионат ўйинларида ёшларга ишонч билдиришдан қўрқманг, чўчиманг. Ёшлар иштиёққа тўла, кучга тўла. Уларга ишонч билдирадиган бўлсак, бу нарса уларга янада куч бағишлайди. Бир марта хато қилиши мумкин, икки марта адашиши мумкин.

Аммо кейин ўзини тиклаб олиб, чиройли ўйинлари билан жамоасига кўпроқ ёрдам беради. Баъзи клубларни кузатиб бормоқдаман, ҳали ҳамон 35-36 ёшли футболчилар билан шартномалар тузиб юришибди.

Бу узоқни ўйламасдан амалга оширилаётган иш, деб биламан. Клуб келажагини ўйлайдиган раҳбарлар, мураббийлар бир йиллик футболчиларга эмас, кўпроқ ёшларга эътибор қаратади. Улар билан кўпроқ ишлашни йўлга қўяди.

Баъзи ёши катта футболчилар жамоага фойдаси тегмаса ҳам майдонда барчага буйруқ бериб, хато қилган ёш футболчиларни сўкиб юришни ўзига эп кўради. Натижада ёш футболчилар катта ёшлилардан сўкиш эшитмаслик учун эркин ҳаракат қилолмайди, ўз ўйинини кўрсата олмайди. Бу нотўғри тизим.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси нега Осиё чемпионатида муваффақият қозонди? Чунки улар нафақат майдонда, балки майдон ташқарисида ҳам ўзаро дўстлар. Бир-бирларига гаплари ўтади, бошқалардан ўзини устун қўядиган футболчилар йўқ таркибда.

Ҳамма бир мақсад йўлида бирлашади, бирор футболчи хато қилса, ўша хатони тўғирлаш учун ҳамма биргаликда югуради. Барча жамоаларимиз мана шундай ҳаракат қиладиган бўлса, ёшларга кўпроқ имкон бериб, уларнинг кучига, шижоатига, иштиёқига таянадиган бўлсак, албатта ўз мақсадимизга етамиз», - дейди Умид Аҳмаджонов.


Манба: www.ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz