Қайднома

Қидирув

«СС»: «Канчельскис АПЛда ўйнаган россиялик бош юлдуз…»

«СС»: «Канчельскис АПЛда ўйнаган россиялик бош юлдуз…»

  01.02.2019 07:38
  0
  293
«СС»: «Канчельскис АПЛда ўйнаган россиялик бош юлдуз…»

«Навбаҳор»нинг амалдаги бош мураббийи Андрей Канчельскис 23 январь куни 50 ёшлик юбилейини нишонлади.

Россиянинг «СС» нашри шу муносабат билан юбилярни табриклаш баробарида унинг фаолиятидаги энг муҳим воқеликларни эслади. Асосийси, ҳамкасбларимиз Андрей Канчельскисни муносиб таърифлашди:

«АПЛда ўйнаган россиялик бош юлдуз. У Бекс ва Роналдугача «7» рақамини шараф билан олиб юрган».

Фергюсон унга собиқ иттифоқ терма жамоаси ўйинида эътибор қаратган.  1991 йил 6 февраль. Шу куни Глазгода Шотландия ва собиқ иттифоқ терма жамоалари ўртасида кечган ўйинда майдонга тушган Канчельскис ўз ҳаракатлари билан «МЮ»нинг афсонавий бош мураббийи  Алекс Фергюсон назарига тушади. Ўша вақт сэр Алекс ўнг қанот ярим ҳимоячисига эҳтиёж сезаётганди. Андрей шотландиялик мэтрга шу қадар ёқиб қоладики, у собиқ иттифоқ ва ГФР термалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини бевосита кузатиш учун Франкфуртга боради. Асосийси, Фергюсон вингер салоҳиятига яна бир бора юқори баҳо беради ва якунда «Шахтёр» (Донецк)га расмий таклиф жўнатади. Украина клуби ўшанда Канчельскис трансфери учун «МЮ»дан 650 минг фунт олганди.

Канчельскис қисқа вақтда «МЮ»нинг асосий ўйинчилари қаторига қўшилган. Россиялик футболчилар бугунги кунда мослашув жараёнига кўп вақт сарфлашади. Олдинлари бундай эмасди. Дейлик, Андрей Канчельскис ҳам  Англия чемпионатида дарҳол ўзини ўнглаб олган ва биринчи мавсумдаёқ «МЮ»нинг асосий футболчилари қаторига кирганди. Умуман, у «Юнайтед»даги 5 йил давомида жами 162та ўйинда иштирок этиб, 36та гол урган.

Фергюсон у туфайли пора олган. 1994 йили Канчельскис «МЮ» билан келишуви муддатини узайтиради, албатта, яхшиланган шартлар асосида. Битим имзоланиши чоғи футболчининг агенти ва «Спартак» клубининг ўша вақтдаги вице-президенти Григорий Есауленко Манчестерда эди. У машиналар тўхташ жо­йида Фергюсонни кутиб туради ва мураббийга миннатдорчилик билдириш баробарида конверт тутқазади. Шотландиялик мутахассис бунинг боисини тушунмайди ва кейинчалик конвертни очиб, унга 40 минг фунт солинганини кўради. Сэр Ферги бизнесга русча ёндашувни маъқулламайди, ҳар ҳолда, пора шаклидаги конвертни клуб ғазнасига топширади - агентнинг кейинги ташрифига қадар сақлаш учун.

У Бэкхэмга жой бўшатган, лекин атайин эмас. Канчельскиснинг «ёғли» шартномаси якунига яқинлашган паллада «Юнайтед» раҳбарияти ҳамкорлик муддатини узайтириш борасида музокара жараёнини бошлайди. Агент­лар ўртага тушиб, футболчи миясига клубдан максимал даражада кўп ундириш фикрини сингдиришади. Бироқ «МЮ» ўша вақт лигадаги энг бой жамоа саналмасди, қолаверса, Манчестерда ҳисоб-китоб қилишни яхши билишарди. Охир-оқибат, томонлар ўзаро келишолмайдилар, Фергюсон эса «Эвертон»га кетган россиялик ўрнини ёш Дэвид Бекхэм билан тўлдиради. Канчельскиснинг ўзи кейинчалик ошкора тан олганди: «Агар очкўз агентлар аралашмаганларида, эҳтимолки, Манчестерда кўпроқ ўйнармидим...».

Канчельскиснинг «Эвертон»даги рекорди ҳали янгилангани йўқ. Россиялик ярим ҳимоячи 1995-1997 йиллар оралиғида «Эвертон» шарафини ҳимоя қилган. У биринчи мавсумдаёқ клубнинг энг яхши тўпурари бўлганди - 16та гол. Канчельскис айниқса, «Ливерпул»га қарши ўйинлардаги ажо­йиб ҳаракатлари билан мухлислар ёқимтойига айланади. Дейлик, рус футболчиси мавсум доирасидаги 2та дербида 3та гол урганди: «Энфилд»да 2та, «Эвертон» стадионида - 1та. Бу кўрсаткич ҳалигача яхшилангани йўқ, яъни «Ливерпуль дербиси»да ҳеч ким Канчельскисдек омадли ўйнолмади. Бундан ташқари, Андрей «Эвертон»нинг АПЛда ой лауреати бўлган камсонли футболчиларидан биридир. Лига тарихида ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган ўйинчилар атиги 4 нафар.

У Буффоннинг термадаги дебютига сабабчи бўлган. Жанлуижи Буффон - бугун футбол тарихидаги энг буюк дарвозабонлардан бири. Унинг Италия терма жамоасидаги дебюти Москвада кузатилганди. Ўшанда итальянлар ЖЧ-98 йўлланмаси учун «плей-офф» баҳсида Россия термасига қарши майдонга тушишган. Тақдир тақозосига кўра, айнан Канчельскиснинг хатти-ҳаракати натижасида Буффон захирадан ўйинга қўшилган. Биринчи бўлим ўрталарида Андрей юқори тезликда Жанлука Пальюка билан тўқнашиб кетади ва жароҳатланган кипер ўз ўрнини ёш Жижига бўшатиб беради. Канчельскиснинг ўзи эса танаффус пайти Дмитрий Хохлов билан алмаштирилади. Яна жароҳат сабаб...

Хорижда ўйнаган энг омадли россиялик футболчи. Канчельскис хориждаги фаолияти давомида нақ 15та соврин ютган. У хусусан, «МЮ» ва «Селтик» билан чемпионлик нашидасини сурган, бу клубларда имкони бор барча кубоклар соҳибига айланган. 2003 йили эса ҳаттоки, Саудия Арабистони кубогини боши узра баланд кўтарган («Ал-Ҳилол» сафида). Хуллас, россиялик бошқа бирор футболчи хорижда бу қадар кўп соврин ютмаган.

P.S.: Россия матбуотида Андрей Канчельскиснинг катта интервьюси ҳам чоп этилди, уни 14-15-саҳифаларда ўқишингиз мумкин.

Маълумот учун

 

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС

Туғилган санаси ва манзили: 1969 йил 23 январь, Кировоград (собиқ иттифоқ)

Амплуа бўйича: ярим ҳимоячи

Футболчилик фаолияти: «Звезда» (1986-1987); «Динамо» К. (1988-1989); «Шахтёр» (1990-1991); «МЮ» (1991-1995); «Эвертон» (1995-1997); «Фиорентина» (1997-1998); «Рейнжерс» (1998-2002); «Манчестер Сити» (2001); «Саутгемптон» (2002-2003); «Ал-Ҳилол» (2003); «Сатурн» (2004-2005); «Крилья Советов» (2006)

Халқаро фаолияти: собиқ иттифоқ термаси - 17та ўйин, 3та гол; МДҲ термаси - 6та ўйин; Россия термаси - 36та ўйин, 4та гол

Мураббийлик фаолияти: «Торпедо-ЗИЛ» (2009-2010); «Уфа» (2010-2012); «Волга» (2012-2013); «Юрмала» (2014-2015); «Солярис» (2016); «Навбаҳор» (2018-...)


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz