Қайднома

Қидирув

Ўзбек жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

Ўзбек жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

  01.02.2019 10:47
  0
  397
Ўзбек жамоаларининг янги мавсум тараддуди қандай ўтмоқда?

Ўзбекистон чемпионатининг янги мавсуми бошланишига ҳам роппа роса бир ойвақт қолмоқда. Хўш, жамоаларда тайёргарлик жараёни қандай давом этмоқда? Таркибда қандай ўзгаришлар бўлди.

Қуйида барча саволларингизга жавоб олишингиз мумкин.

«Локомотив»

Амалдаги чемпион БААнинг Дубай шаҳрида ташкиллаштирилган йиғинини якунлади. «Локомотив» у ерда 9-23 январь оралиғида тиғиз жадвал асосида машғулот ўтказиш баробарида 3та назорат ўйинида майдонга тушди. «Темирйўлчилар» дастлаб, 16 январь куни «Спартак» (Москва) билан куч синашиб, 2:5 ҳисобида енгилишди. 18 январда эса Словакиянинг «Жилина» жамоаси доғда қолдирилди - 2:0. 21-санада Даниянинг амалдаги чемпиони - «Брондбю»га қарши кечган баҳсда эса 1:5 ҳисоби қайд этилди. Навбатдаги йиғин 30 январь - 13 февраль кунлари Туркияда олиб борилади. Дарвоқе, «Локомотив» раҳбарияти Даврон Ҳошимов трансферини эълон қилди. Сўнгги йилларда «Пахтакор» ва «Навбаҳор» жамоаларида муносиб ўйнаб, Ўзбекистон миллий термасининг асосий таркибига кирган ҳимоячи «Локо» билан 2 йиллик шартнома тузди. Жамоа айни пайт яна бир қатор футболчилар билан музокара олиб бормоқда. Кутилишича, яқин кунларда «қайноқ» трансферлар ҳақида расман хабар берилади.

«Пахтакор»

«Шерлар» режадаги хориж йиғини учун БААнинг Абу-Даби шаҳрига йўл олишганди. Marriott Forsan меҳмонхонасига жойлашган жамоа машғулотларида 24 нафар футболчи қатнашмоқда. Ҳозирча асосий таркибда битта йўқотиш бор: дарвозабон Элдор Суюнов жарроҳлик амалиётидан кейин тикланиш жараёни билан бандлиги сабаб, БАА сафаридан четда қолди. «Пахтакор» кеча Даниянинг «Брондбю» жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. 4 февраль куни эса «шерлар» Швециянинг «Эребро»си билан куч синашадилар. Эслатма, Ўзбекистон вице-чемпиони ОЧЛ-2019 саралаши иккинчи босқичи доирасида 12 февраль куни Ироқнинг «Эйр Форс» клубини қабул қилади. Саралаш баҳслари анча эрта бошланиши боис, «Пахтакор» раҳбарияти ўйинчиларни расмий рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаб юборди. Хусусан, БАА сафари олдидан бир қатор янги футболчиларни рўйхатга киритиш учун ариза топширди. Дейлик, ўтган мавсум «Локомотив» ўйнаган Марат Бикмаев ҳамда Садриддин Абдуллаев «Пахтакор» аъзосига айланишди. Шунингдек, Достон Ҳамдамов ва Санжар Қувватов ҳам «шерлар» сафидан жой олишди. «Пахтакор» расмийлари 4 нафар футболчи билан тузилган шартномани ҳам тақдим этишди. ПФЛ энди рўйхатни ОФКга юборади. «Пахтакор» тарбияланувчиси саналган Жамшид Искандеров эса эркин агент сифатида «Локомотив» билан шартнома тузди. Шунингдек, бразилиялик Тиаго Безерра Қатарнинг «Ал-Хор» клуби сафига қўшилди. Португалиялик Исмоил Гонсалвеш эса «Истиқлол» (Теҳрон)га  трансфер қилинди. Акмал Шораҳмедов ва Жасур Ҳакимов ОЧЛда қатнашадиган АГМК сафини тўлдиришди. Дарвозабон Александр Лобановнинг «Металлург» аъзосига айланганини ҳам таъкидлаш лозим.

«Навбаҳор»

Наманган клубида янги вице-президент иш бошлади. «Навбаҳор» президенти Шавкат Абдураззоқов буйруғига асосан, бу лавозимга Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида ишлаган Шамшод Эргашович Сариков тайинланди. Янги вице-президент зиммасига совринли ўринлар учун курашишга қодир рақобатбардош таркиб шакллантириш вазифаси юклатилди.

Қримда йиғин олиб бораётган «Навбаҳор» эса Евпаторияда «Таврия» билан назорат учрашуви ўтказиб, 3:2 ҳисобида устун келди. Жамоа голларига Зафар Тўраев, Баҳодир Насимов ва Игорь Голбан муаллифлик қилишди. 

«Навбаҳор»: Ўткир Юсупов, Жаҳонгир Меҳмонов, Игорь Голбан, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Шаҳзод Шайманов, Абдужамол Исроилов, Азиз Тур­ғунбоев, Зафар Тўраев, Улуғбек Оқназаров, Александр Касьян.

Захирадан майдонга тушганлар: Ғиёс Комилов, Иван Соловьев, Ҳожиакбар Юнусов, Баҳодир Насимов, Славко Лукич.

«Навбаҳор» йиғинига 2 нафар эронликлик футболчи жалб қилинганди. Бироқ мураббийлар куни-кеча Неисариколи Муҳсин ва Жавадигалингешлаги Сажадга жавоб беришди.

«Бунёдкор»

Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоага навбатдаги назорат учрашувида «Динамо» қаршилик қилди. Ўйин «Бунёдкор»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Тошкент жамоаси голларига Ойбек Ҳамидов ва Нозим Рустамов муаллифлик қилишди.

«Металлург»

ПФЛ томонидан клублар олдига қўйилаётган асосий талаблардан бири - футбол академиялари фаолиятини такомиллаштириш, тарбияланувчиларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш. Бу борада «Насаф» клуби қошидаги академияни намуна сифатида кўрсатиш мумкин. «Металлург» матбуот хизматининг маълум қилишича, шу кунларда Бекобод клуби футбол мактаби раҳбарлари Қаршида тажриба ўрганишмоқда. Бекободлик мутахассислар сафар давомида «Насаф» академияси тизимини яқиндан ўрганишяпти. Бевосита «Металлург» жамоасига тўхталсак, таркиб «Пахтакор»нинг бир қатор футболчилари билан кучайтирилди. Аниқроғи, Камолиддин Тожиев, Александр Лобанов, Станислав Андреев, Акбар Исматуллаев ва Аббос Отахонов янги мавсумда бекободликлар шарафини ҳимоя қилишади. Бундан ташқари, Суҳроб Нуруллоев ва Иброҳим Йўлдошев ижара келишуви асосида олинди. «Металлург» ҳафта охирида тайёргарликнинг учинчи босқичи учун Туркияга жўнаб кетди. Бекободликлар режага мувофиқ,  Анталия шаҳрида 2 ҳафта шуғулланишади. Йиғин давомида жисмоний тайёргарликни тиклаш баробарида назорат учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган. Келишувга биноан, «Металлург»га Арманистон, Қозоғистон ҳамда Туркия клубларининг спарринг-рақиб вазифасини ўташи кутилмоқда. Бекободликлар сафарга кетиш арафасида Зафар Сафоев, Муҳаммад Исаев, Зоҳид Абдуллаев каби тажрибали ўйинчилар билан ўртадаги шартнома муддатини узайтиришди. Туркия йиғини 11 февралга қадар давом этади.

«Бухоро»

Бухороликлар Тошкент йиғини доирасида «Сурхон»га қарши назорат ўйинида майдонга тушиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Бахтиёр Ашурматов жамоасининг ягона голига Акобир Тўраев муаллифлик қилди.

«Бухоро» (бошланғич таркиб): Нодир Ашурматов, Бобур Омонов, Лазиз Убайдуллаев, Саламат Қутибоев, Акобир Тўраев, Миржалол Жумаев, Роббим Ҳасанов, Тоҳир Шамсиддинов, Раҳматулла Бердимуродов, Жамолиддин Убайдуллаев, Мирфайз Муҳиддинов.

«ҚизилҚум»

Тошкентда шуғулланаётган Навоий жамоа­си йиғин доирасида 3-назорат учрашувида майдонга тушди. «Қизилқум»га бу сафар Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги «Бухоро» рақиб бўлди. «Чиғатой» спорт базаси сунъий қопламали майдонида ташкилаштирилган беллашувда навоийликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Қизилқум» шу ўйин билан Тошкент  йиғинига якун ясашди. Футболчилар қисқа танаффусдан кейин Навоийда тўпланишади. Февраль ойида эса Туркияда ўқув-машғулотлар йиғини олиб борилади.

«ҚўҚон-1912»

Нўъмон Ҳасанов Тошкентдаги йиғин чоғи жамоа таркибини кучли футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. «Қўқон-1912» машғулотларига ҳозирча 2 нафар хорижлик ўйинчи қўшилди. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, булар  - Марко Милич ва ярим ҳимоячи Ненад Станкович. Марко ўтган мавсум ҳам жамоа сафида тўп сурганди. Ненад эса кўрикда бўлиб турибди. У 1992 йилнинг 19 сентябрь куни таваллуд топган. Бўйи - 179 см., оғирлиги - 70 кг., амплуа бўйича - ярим ҳимоячи. Станкович охирги жамоаси - «Синделик» сафида Сербия биринчи лигаси доирасидаги 20та учрашувда майдонга тушган. Умуман олганда, Ненад сўнгги 4 мавсумни айнан шу клубда ўйнаган. «Қўқон-1912» Тошкент йиғини якунида «Сўғдиёна»га қарши назорат учрашувида майдонга тушиб, 0:2 ҳисобида ютқазди.

«Қўқон-1912» (бошланғич таркиб): Сарвар Каримов, Баҳодир Акрамов, Жамшид Ҳасанов, Носир Отақўзиев, Суҳроб Неъматов, Аваз Маматхўжаев, Суҳроб Бердиев, Мурод Холмуҳаммедов, Ненад Станкович, Марко Милич, Шаҳбоз Эркинов.

АГМК

Дастлабки ўқув-машғулотлар йиғинини 3-22 январь кунлари оралиғида Тошкентда олиб борган клуб Дубай шаҳрига жўнаб кетди. АГМКнинг ушбу йиғини 4 февралга қадар давом этади. Жамоа у ерда 4та назорат баҳси ташкиллаштиришни режалаштирган. «Мактум бин Рашид» стадионида кечган дастлабки «ўртоқлик»да олмалиқликларга Дубайнинг «Шабаб Ал-Аҳли» жамоаси рақиб вазифасини ўтади. БАА чемпионати 13-туридан сўнг турнир жадвали 4-поғонасида бораётган клубга қарши кечган назорат баҳсида Зафар Полвонов томонидан биринчи бўлимда урилган гол Миржалол Қосимов дружинасига ғалаба келтирди. Олмалиқликлар яна 3та назорат ўйинидан сўнг қайтиб, ОЧЛ саралашига қаратилган ҳозирликни юртимизда якунлашади. Таъкидлаш жоиз, АГМК 12 февраль куни ўз майдонида ОЧЛ-2019 саралаши иккинчи босқичи дои­расида Тожикистон чемпиони - «Истиқлол»га қарши баҳс олиб боради. Дарвоқе, Миржалол Қосимов таркибга яна бир янги  футболчини қўшиб олди. Гап аввалги мавсум «Насаф»дан «Пахтакор»га ўтган Акмал Шораҳмедов ҳақида кетяпти. Эслатиш ўринли, Шораҳмедов аввал ҳам Миржолол Қосимов қўл остида ўйнаганди.

«СўҒдиёна»

Сергей Лушан бошчилигидаги жамоа «Андижон»га қарши кечган ўртоқлик  учрашувида ғалаба қозонди - 2:1. «Сўғдиёна» голларига Мурод Ражабов ва Достон Тошматов муаллифлик қилишди.

«Сўғдиёна» (бошланғич таркиб): Ширинбой Абдуллаев, Шерзод Шокиров, Искандар Шойқулов, Сардор Қулматов, Шаҳбоз Жўрабеков, Сирож Мелиев, Санжар Рашидов, Мурод Ражабов, Нуриддин Ҳасанов, Иззатилла Абдуллаев, Ойбек Нурматов.

Кейинги учрашув «Қўқон-1912»га қарши кечди. Бу сафар «Сўғдиёна» Достон Тошматов ва Д. Камолов урган голлар эвазига 2:0 ҳисобида устун келди.

«Сўғдиёна» (бошланғич таркиб): Ширинбой Абдуллаев, Сардор Қулматов, Санжар Рашидов, Ойбек Нурматов, Достон Тошматов, Шерзод Шокиров, Даниел Насриддинов, Сирож Мелиев, Искандар Шойқулов, Никола Милинкович, Мурод Ражабов, Д.Камолов.

«Андижон»

Суперлига дебютанти навбатдаги назорат учрашувини «Сўғдиёна»га қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида ютқазди. «Андижон»нинг ягона голига Даврон Исоқов муаллифлик қилди. 

«Андижон» (бошланғич таркиб): Акмал Турсунбоев, Хушнуд Авилов, Даврон Маматов, Руслан Мелзитдинов, Аброр Ҳусинов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Алишер Мирзаев, Фарҳод Бекмуродов, Абдуллоҳ Олимов, Даврон Исоқов, Сардор Сулаймонов.

«Нефтчи»

Фарғоналиклар ҳамон Қиргулида шуғулланишмоқда. Мазкур йиғинда бош мураббий Баҳром Ҳайдаровга Диёр Алижонов (катта мураббий) ҳамда Абдусамад Дўрмонов (ёшлар мураббийи) ёрдам беришмоқда. «Нефтчи» аъзоларини жисмоний ҳолатини яхшилаш устида эса Илҳом Зайлобиддинов иш олиб бормоқда. Хислат Чилматов доимгидек, дарвозабонларни шуғуллантирмоқда. Хуллас, мураббийлар штаби футболчиларни кунига икки маҳал чиниқтиришмоқда. Шартномаси якунига етган бир қатор ўйинчилар «Нефтчи» билан хайрлашишди. Шунингдек, ижара келишуви муддати тугаган футболчилар ҳам ўз жамоаларига қайтишди.

«Машъал»

Янги мавсумга жиддий ҳозирлик кўраётган жамоа Муборакдаги  йиғинини давом эттирмоқда. «Машъал» бош мураббийи Александр Хомяков ҳозирда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини маромига етказишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яъни кунига кучайтирилган тарзда 2 маҳал машғулот олиб борилмоқда. Муборакликлар янги футболчиларни ҳам кўрикдан ўтказишни мўлжаллашган. Шунингдек, бу босқичда 2та назорат учрашуви ташкил этилади.

«Сурхон»

Термиз клуби Тошкент йиғини доирасида нав­батдаги назорат учрашувида майдонга тушди. Ўз олдига катта мақсадларни қўйган жамоа бу гал «Бухоро» билан куч синашди. Ҳар икки клуб мураббийлари ўйин давомида таркибда шуғулланаётган деярли барча футболчиларга имконият беришди. Натижага келсак, «Сурхон» якунда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Илҳом Мўминжонов бошқарувидаги Сурхондарё вилояти жамоаси голлари Аюбхон Нўъмонов ва Шерзод Каримов ҳисобига ёзилди.

«Сурхон» (бошланғич таркиб): Асилбек Омонов, Нажмиддин Нормуродов, Аббос Махсталиев, Шерзод Каримов, Илҳом Бойдедаев, Абдулазиз Юсупов, Аъзам Алиев, Суннатилла Мамадалиев, Азамат Алланиёзов, Музаффар Абдуллаев, Аюбхон Нўъмонов.

«Динамо»

Янги мавсумга пухта ҳозирлик кўраётган Самарқанд жамоаси 22 январь кунидан эътиборан ҳисоб бўйича учинчи ўқув-машғулотлар йиғинига киришди. Тайёргарлик режасига мувофиқ, 25 январь куни «Металлург»га қарши дастлабки назорат ўйини ўтказилди. Унда «Динамо» 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. «Бунёдкор»га қарши кечган иккинчи ўйинда ҳам Даврон Файзиев шогирдлари мағлубиятга учрашди - 1:2. «Динамо»нинг ягона голи Анвар Муродов ҳисобига ёзилди.

«Динамо» (бошланғич таркиб): Шоҳруҳ Раимов, Комил Шарофутдинов, Обид Ҳакимов, Жасур Ҳамроев, Меҳрож Худойбердиев, Ҳумоюн Толибов, Жасур Ашуров, Муҳиддин Одилов, Суннатилла Абдуллажонов, Анвар Муродов, Далер Алмосжонов.

«ШЎРТАН»

Жамоа машғулотларни Ғузорда давом эттирмоқда. Акмал Саитқулов шогирдлари асосан жисмоний ва тактик тайёргарликка эътибор қаратишмоқда. Машғулотлар кунига икки маҳал ташкиллаштирилмоқда. Ғузордаги «Болалар футбол маркази» спорт мажмуасида «Шўртан» ва «Шердор» ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этилди ва унда мезбонлар 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Жамоанинг ягона голи муаллифи - Маъруф Муродов.

«Шўртан» (бошланғич таркиб): Акмал Раҳимов, Нурали Падаров, Олимжон Каримов, Акром Баҳромов, Шербек Эшмуродов, Фарҳод Намозов, Самандар Шодмонов, Сирожиддин Раҳматуллаев, Ислом Шодмонов, Маъруф Муродов, Юсуф Бўриев.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz