Қайднома

Қидирув

Омухта тафтига кўмилган ҳафта

Омухта тафтига кўмилган ҳафта

  01.02.2019 10:07
  0
  1126
Омухта тафтига кўмилган ҳафта

Ҳисобот ҳафтасида инглиз жамоалари бор диққат-эътиборларини кубок мусобақаларига қаратишди, испанлар эса «сихни ҳам, кабобни ҳам» куйдирмасликка қарор қилиб, Ла Лига ва кубок беллашувларида куч синашдилар. Французлар қўшниларидан ибрат олишди. Фақат «А» серия ва Бундеслига вакиллари асосий роллари ижроси билан кифояланишди.

Англия. Эҳ, «Тоттенхэм», «Тоттенхэм»!

Англия кубогининг 1|16 финали доирасидаги «Арсенал» - «МЮ» беллашувини мухлислар катта қизиқиш билан кутиб олишди. Боиси, «қизил иблислар» тизгини Сульшер қўлига ўтгач, жамоа барча мусобақаларда фақат ғалабаларга эришаётган, «Арсенал» ана шу шонли серияни тўхтатиши тахмин қилинганди. Бироқ «тўпчилар» бу ишни уддалай олмадилар. Ҳатто ўз майдонларида тўп суришаётгани ҳам ёрдам бермади. Ўйинни фаолроқ бошлаган меҳмонлар уч дақиқа ичида икки марта Петр Чехни доғда қолдиришди. Тўғри, тез орада мезбонлар ҳам жавоб голини уришди ва томонлар 1:2 ҳисоби билан танаффусга йўл олишди. Қизиғи, кўпинча ўзи дарвозани забт этадиган Ромелу Лукаку бу сафар Алексис Санчес ва Жесси Лингарднинг голларига ассистентлик қилди.

Иккинчи бўлим майдон эгаларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланган бўлсада, ёш дарвозабон Серхио Ромеро Де Хеадек ишончли ҳаракат қилди ва бир нечта «сейв»ларни намойиш этди. Табиийки, ҳисобда олдинда бораётган жамоа ўйин тугаши арафасида асосий эътиборни ҳимояга қаратади ва тезкор қарши ҳужумдан фойдаланиш пайида бўлади. Айнан шу тактикани Сульшер шогирдлари аъло даражада намойиш этишди - Антони Мартиалнинг 82-дақиқадаги голи нимчорак финал йўлланмаси тақдирини узил-кесил ҳал қилди. Сульшер ўзининг зафарли сериясини 8тага етказиб қўйди.

Манчестерда камтарин «Бёрнли»га қарши майдонга тушган «Манчестер Сити» меҳмонлар дарвозасига 5та жавобсиз гол уриб, кейинги босқич масаласини осонлик билан ҳал қилди. Аммо мухлислар кубок баҳсларига хос бўлган кутилмаган натижаларга бир неча марта гувоҳ бўлишди. Жумладан, «Тоттенхэм» уч кун давомида икки марта аламли мағлубиятларни қабул қилиб олди. Аввалига Почеттино шогирдлари «Челси»га пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, Лига кубоги финалидан четда қолишди. Кейин «шпорлар» мамлакат кубоги доирасида «Кристал Пэлас»дан енгилишди. Шунингдек, «Эвертон»нинг «Миллуолл»дан (2:3), «Вест Хэм»нинг «Уимблдон»дан (2:4) устун кела олмаганини кутилмаган натижалар сирасига киритиш мумкин. Айнан шу учрашувларда қуйи лига вакилларига ўз уйлари «девор»лари, яъни мухлислар далдаси сезиларли кўмак бўлди.

Испания. «Реал» ўзига келяптими?

Тақдир тақозоси билан «Қироллик клуби» ҳам худди «Тоттенхэм» каби уч кун оралиғида икки марта майдонга тушди ва лондонликлардан фарқли ўлароқ, ишонарли ғалабаларга эришди. Қизиғи, 2та бир хил ҳисобдаги (4:2) ғалаба. Аввалига Сантьяго Солари шогирдлари Мадридда «Жирона»ни таслим этишди. Кейин жамоа Барселонада «Эспаньол» билан куч синашди. Бу учрашув ҳам «қаймоқранглилар»нинг яққол устунлигида ўтди.

Испания кубогининг чорак финал дастлабки беллашувида «Севилья»дан енгилган «Барселона» Ла Лига доирасида «Жирона» меҳмони бўлди ва ишончли ғалабани расмийлаштирди. Рақиб дарвозасига иккинчи голни урган Лионель Месси чемпионат тўпурарлари ўртасидаги мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Кубок турнирини барвақт тарк этган «Атлетико» ҳам навбатдаги 3 очкони қўлга киритган ҳолда пешқадам таъқибини давом эттирди. «Севилья» эса «Леванте» дарвозасини 5 марта ишғол этиб, «Реал»ни изма-из таъқиб этмоқда.

«Валенсия» бу турда «Вильярреал»ни йирик ҳисобда (3:0) маҳв этиб, еврокубоклар ҳудудига кўтарилиб олди. Денис Черишевнинг 51-дақиқада урган голи ўйин тақдирини деярли ҳал қилганди. Эътиборлиси, Денис собиқ жамоаси дарвозасини чиройли тарзда забт этди, маҳаллий мухлислар ҳурмати голни нишонламагани эса янада кучлироқ таассурот қолдирди.

Германия. «Б»ларда барҚарорлик

Бундеслигада дастлабки 6 поғонани банд этган жамоалар учун 19-тур муваффақиятли ўтди. Айниқса, совриндор учликда бораётган номдошлар ва «Бавария» ўз рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмадилар. Фақат «Айнтрахт» Бременда «Вердер» билан жанговар дурангга (2:2) рози бўлди. Мусобақада пешқадамлик қилаётган «Боруссия» Д. «Сигнал Идуна Парк»да аутсайдер «Ганновер» дарвозасини 5 марта ишғол этди. Унинг Менхенгладбахдаги номдоши эса «Аугсбург» қаршилигини сўнгги дақиқаларда бўлсада, синдира олди - 2:0. Тўғри, мезбонлар биринчи бўлимда ҳисобни очишлари мумкин эди. Бироқ Хофманн пенальтини голга айлантира олмади. Амалдаги чемпион - «Бавария» биринчи даврадаги беқарорликдан тўла фориғ бўлган кўринади. Бу гал жамоа «Штутгарт»ни аяб ўтирмади - 4:1. Қизиғи шундаки, биринчи бўлимда меҳмонлар имкон қадар қаршилик кўрсатиб, мувозанатни тиклаган эдилар. Лекин танаффусдан кейин грандни тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмади. Гентнернинг автоголи, Горецка ва Левандовскининг аниқ зарбалари ўйин тақдирини ҳал қилди. Польшалик тўпурар пенальтидан фойдалана олганида, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш оларди.

4-ўринда бораётган «РБ Лейпциг» сафарда «Фортуна»ни 4:0 ҳисобида, «Хоффенхайм» эса Фрайбургда маҳаллий жамоани 4:2 ҳисобида енгишди.

Италия. Фахрийдан ажойиб рекорд

Турнинг марказий беллашувида «Милан» «Сан Сиро»да «Наполи» билан куч синашди. Ўйиннинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган икки номдор жамоа биринчи навбатда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлашга интилди ва амалда ўз мақсадига эришди. Натижада дарвозалар олдида хавфли вазиятлар деярли юзага келмади. Танаффусдан кейин меҳмонлар фаолликни ўз қўлларига олишди ва бир неча марта Доннарумманинг ҳушёрлигини текшириб кўришди. Посбон эса хатога йўл қўймади. Ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида Женнаро Гаттузо янги хариди - Кшиштоф Пентекни майдонга туширди. Польшалик ҳужумчи ўйинни кучайтирди, меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага кела бошлади. Пентекнинг тезкор рейдини Оспина енгил жароҳат олиш эвазига бартараф этди. Кейин Кшиштофнинг бурчакдан узатган тўпини Мусаккио дарвоза томон йўллади. Аммо кипер бу сафар ҳам ишончли ўйнади. Шунингдек, дебютант Рауль Альбиолни ўзига нисбатан қоида бузишга мажбур этди ва сариқ карточка олишига сабабчи бўлди. Аммо жарима зарбаси ҳам наф бермади. Шу тариқа баҳс нурсиз дуранг билан якунига етди.

«Сампдория»нинг камтарин «Удинезе»га қарши баҳсида «дубл»га эришган Фабио Квальярелла чинакам қаҳрамонга айланди. Яъни, 36 ёшли фахрий қаторасига 11 учрашувда майдонни голсиз тарк этмади. Мазкур рекорд афсонавий Габриэль Батистута натижасининг такроридир. Қизиғи шундаки, иккинчи навқиронликни бошдан кечираётган Квальярелла аргентиналик касбдошидан унинг собиқ жамоаси - «Наполи»га қарши баҳсда ўзиб кетиши мумкин.

Бергамода ўтган «Аталанта» - «Рома» қаршилиги эса бунинг акси бўлиб, сўнгги сониягача мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Чунки совриндор учликка интилаётган «бўрилар» сафардан қимматли 3 очко билан қайтиш ниятида эдилар. Мезбонлар эса жорий мавсум «А» сериянинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб туришибди. Хуллас, меҳмонлар устунлигида кечган биринчи бўлимда Эдин Жеконинг «дубл»и ва ал Шааравининг голи эвазига «Рома» 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Мезбонлар эса танаффус арафасида жавоб тўпини киритишди.

Лекин иккинчи бўлимни «Аталанта» ўта шиддатли бошлади. Натижада жамоа икки тўп фарқини йўққа чиқарди. Аввалига Толой, кейин Сапата рақиб дарвозасини ишғол этишди. Кейинги 25 дақиқа ҳам муросасиз тарзда ўтган бўлсада, ҳисобни ўзгартириш на у, на бу жамоага насиб этди.

Бу турда пешқадам - «Ювентус» ҳам навбатдаги зафарини нишонлади.

Таъкидлаш жоизки, «Лацио»дан Римда очко тортиб олиш осон бўлмади. Аввалига Жан кутилмаганда мезбонларга гол совға қилди, Конселу бир амаллаб мувозанатни тиклади. Ғалаба голини эса Роналду пенальтидан амалга оширди.

Учинчи поғонани эгаллаб турган «Интер» Туринда «Торино»га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Натижада Милан дербисидаги азалий рақибига яқинлашиб олиш имконини тақдим этди.

Франция. «От айланиб, ҚозиҒини топди»

Навбатдаги тур бошланиши арафасида француз футболининг эътибори Монакога қаратилди. Омадсизлик кўчасидан чиқолмаётган князлик клуби Тьерри Анрини истеъфога чиқаргани боис, жамоа «Дижон»га қарши баҳсга бош мураббий ёрдамчиси Франк Пасси раҳбарлигида йўл олди. Ўтган йилнинг октябрида «Монако»ни қабул қилган Анри асосий таркибнинг бир қатор ўйинчиларидан воз кечиш ниятида юрганди. Бироқ якунда унинг ўзи ишсиз қолди. Мутасаддилар эса Леонарду Жардимни ортга қайтаришни маъқул кўришди. Дижондаги учрашувни «Монако» жуда суст ўтказди, бўлим ўрталарида гол ўтказиб юборди. Танаффусдан кейин эса тажрибали Налдо қизил карточка олиб, жамоадошларини мураккаб вазиятга гирифтор қилди. Оқибатда мезбонлар яна битта гол уришди. Шу тариқа «Монако» очко олиш имкониятини бой берди. Князлик клуби ва унинг мухлислари бахтига, қўшни аутсайдерлар - «Амьен» ҳамда «Генгам» навбатдаги мағлубиятларини тан олишди. Бу икки омадсиз жамоа мос равишда «Лион» ва «Реймс»га минимал ҳисобда (0:1) имкониятни бой беришди. Лекин иккинчи поғонада бораётган «Лилль» Марселдан ҳақиқий пешона тери билан ишланган 3 очко билан қайтди. Ўзининг «дубл»и билан ғалабани таъминлаган Пепе чемпионатдаги голлари сонини 15тага етказган ҳолда тўпурарлар баҳсида учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Турнинг якуний беллашувида етакчи «ПСЖ» Парижда «Ренн» дарвозасига 4та гол урди. Кавани «дубл»га эришди, Ди Мария билан Мбаппелар эса биттадан тўп киритишди.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz