Қайднома

Қидирув

Яна чорак финал: ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИНИНГ ОК-2007даги ИШТИРОКИ...

Яна чорак финал: ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИНИНГ ОК-2007даги ИШТИРОКИ...

  03.02.2019 01:34
  0
  216
Яна чорак финал: ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИНИНГ ОК-2007даги ИШТИРОКИ...

Афсуски, миллий жамоамиз БАА-2019да биз кутган маррага етолмади. Очиғи, Эктор Купер шогирдларининг камида ярим финалга чиқишларини кутгандик. Аммо амалда охирги 15 йил бадалига илк бора чорак финалдан четда қолдик. Дейлик, Ўзбекистон термаси 2007 йилги қитъа биринчилигида иккинчи марта ярим финал остонига келганди. Миллий жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги аввалги юришлари ҳақидаги туркум мақолаларнинг охиргисида нақ 4та мамлакат мезбонлик қилган чемпионатнинг саралаш довони воқеалари баён этилганди. Демак, таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг канали - «Футболиум»даги маълумотлар асосида энди ОК-2007 финал раундига тўхталамиз.

Янги бош мураббий Рауф  Талгатович Инилиев ихтиёрида миллий жамоани турнирга тайёрлаш учун ярим йил вақт бор эди. Мамлакатимиз бош жамоаси шу муддат оралиғида турли даражадаги рақиблар билан 5та ўртоқлик ўйини ўтказади. Рақиблар  - Озарбайжон, Хитой Тайпейи, Хитой, Ироқ ва Жанубий Корея термалари. Шунингдек, Инилиев шогирдлари Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашувида Евросиё юлдузлари термасига қарши майдонга тушишади. Айниқса, хитойликлар билан ўйин катта қизиқиш уйғотганди, зеро, жамоалар чамаси яна 4 ойдан сўнг Осиё кубоги финал раундида тўқнаш келарди. Қоидага кўра, йирик турнирлар арафасида битта гуруҳга тушган жамоалар ўзаро ўйнашдан қочади. Бироқ Ўзбекистон ва Хитой термалари вакиллари чемпионатга қуръа ташланишидан 3 ой олдин «ўртоқлик» масаласида келишиб қўйишганди. Хуллас, улар ўйинни бекор қилишни истамайдилар. Турнир старти  арафасида эса миллий жамоамиз Жанубий Кореяда бир ҳафталик йиғин ташкиллаштиради. Вакилларимиз унинг доирасида Ироқ термасини мағлубиятга учратиб, мезбонларга ютқазишади. Ўшанда ироқликлар тез орада Осиё кубоги-2007 олтин медалини қўлга киритишларини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирган эмасди.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилги қитъа чемпионати финал раунди нақ 4та мамлакат - Индонезия, Вьетнам, Малайзия ва Таиландда ташкиллаштирилганди. Ўзбекистон, Эрон, Хитой ва Малайзия термаларидан ташкил топган гуруҳ ўйинларига Куала-Лумпур шаҳри мезбонлик қилган. Форсларга қарши кечган илк учрашув вакилларимиз учун мутлақо омадли бошланган эди: рақиб автоголи туфайли ҳисобда олдинга чиқиб олгандик. Тўғри, ўша голни Улуғбек Бақоев номига ёзиш ҳам мумкин эди. Бироқ футболчиларимиз ижобий натижани сақлаб қолиш уддасидан чиқишмайди: эронликлар кейинчалик 2та гол уриб, ғалабани ўз томонларига оғдиришади. Аввалги мақоламизда таъкидлаганимиздек, Максим Шацких дисквалификация туфайли стартдаги баҳсни ўтказиб юборишга мажбур эди. Шунинг учун у Малайзияга ҳаммадан кечроқ етиб боради. Чунончи, Макснинг ўзи биринчи учрашувда майдонга тушолмаслигидан келиб чиқиб, терма жамоа раҳбариятидан рухсат олган ҳолда, охирги йиғинда қатнашмайди. Хуллас, у терма жамоа лагерига финал турнири бошланиши арафасида қўшилади. Тўғри, жамоа бош тўпурарининг сафда эмаслиги Инилеевни ташвишга солсада, мураббий унинг илтимосини ҳисобга олади, барибир. Кейинги ўйинлар шуни кўрсатадики, Рауф Талгатовичнинг хавотири ўринсиз бўлган экан: Шацких ажойиб спорт формасида келади ва жамоа ўйини яхшиланишига катта ҳисса қўшади.

Термамиз турнирдаги иккинчи ўйинда мезбонларга қарши майдонга тушади. Бу учрашувда вакилларимизнинг ғалаба қозонишларига ҳаттоки, кафолат бериш мумкин эди. Рауф Инилеев шунга мувофиқ, таркибда ротацияни амалга оширади. Шу тариқа Анзур Исмоилов Осиё кубогида дебют қилиш имкониятига эга бўлади. Тўғри, бугунги кунда миллий жамоанинг ишонган вакилларидан бирига айланган марказий ҳимоячи дебютда ўзини кўрсатолмайди ва танаффусдаёқ ўрнини захира футболчисига бўшатиб беради. Исмоилов ўша вақт саралаш турнирининг финал раундига йўл олган ва тайёргарлик жараёнига зўр берган олимпия терма жамоаси аъзоси эди. Шунинг учун ҳам Анзурнинг Осиё чемпионатига жалб этилиши олимпиячилар бош мураббийи Вадим Абрамовда эътироз келтириб чиқаради. Гап шундаки, у жамоа билан Германия йиғинига йўл олаётганди. Умуман, Анзур Осиё кубогида ўйнаш имкониятига эга ягона олимпиячи эмасди. Хусусан, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров, Марат Бикмаев ва Азиз Ибрагимов каби йигитлар Инилеевнинг якуний таркибидан жой олишади, Одил Аҳмедов эса Осиё кубогидаги дебютини ортга суришга мажбур бўлади - 2011 йилга. Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш ўринли, Исмоиловнинг «заявка»га киритилгани вазият тақозосига кўра, алоҳида аҳамият касб этиши мумкин эди: Жанубий Корея йиғинидаги машғулотлар жараёнида асосий ҳимоячилардан бири Асрор Алиқулов бошидан жароҳатланади. Вақт камлиги боис, Асрорни таркибда қолдиришади, аммо у турнирда бирор марта майдонга тушмайди, барибир. Анзур эса ушбу имкониятдан тўлақонли фойдаланолмайди, яъни у Малайзия термасига қарши кечган ўйиндаги бир бўлимлик ҳаракат билан чекланганди. Мисол учун, Азиз Ибрагимов ҳимоячидан фарқли ўлароқ, Осиё чемпионати тарихига кириш имкониятидан унумли фойдаланади. У малайзияликлар билан ўйинда айнан Анзур Исмоилов ўрнига майдонга тушиб, жамоамизнинг 4-голига муаллифлик қилади. Учрашувдаги ҳисобни эса Максим  Шацких очганди, у кейинчалик «дубл»ни расмийлаштиради. Шунингдек, Темур Кападзе ва Улуғбек Бақоев 1тадан гол уришади. Хуллас, Ўзбекистон терма жамоаси якунда 5:0 ҳисобида устун келади.

Гуруҳдаги яна бир баҳсда Эрон терма жамоаси хитойликларга қарши баҳс олиб бориб, дуранг натижага рози бўлади - 2:2. Шу тариқа охирги тур олдидан жамоамизнинг «плей-офф»га чиқиши анча мураккаблашади. Вакилларимиздан бунинг учун охирги турда Хитой термасини енгиш талаб этиларди. Квартетдаги йўлланмалардан бири тақдирига ойдинлик киритадиган муҳим учрашувга 2 соатча қолганида, Куала-Лумпурда кучли жала кузатилади ва бунинг таъсирида йўлларда тирбандлик юзага келади. Шу туфайли ўйин белгиланган вақтдан сал кечроқ бошланади. Айтиш керак, Малайзияда миллий жамоамизга деярли 300 нафар мухлис ҳамроҳлик қилганди. Бу тажриба, яъни мухлислар гуруҳини терма жамоанинг хориждаги ўйинларига юбориш футболимиз учун янгилик эди. Маълум маънода айтсак, Ўзбекистон термаси фан-клубига асос солинганди. Ўйинга келсак, иккинчи бўлим ярмига қадар ҳисоб ўзгармай туради ва захирадан майдонга тушишган Александр Гейнрих ва Виктор Карпенко қолган вақтда кескин бурилиш ясашади. Уларнинг фаолликлари натижасида футболчиларимиз қандайдир 20 дақиқа оралиғида 3та гол уришади ва иккинчи йирик ҳисобли ғалаба баробарида «плей-офф» раунди йўлланмасини нақд қилишади.

Чорак финалда жамоамизга Саудия Арабистони термаси рақиб бўлади. Вакилларимиз гуруҳда 2-ўринни эгаллашгани учун Куала-Лумпурдан Жакартага йўл олишга мажбур эдилар. Бунинг оқибатида улар ўз мухлисларининг бевосита далдаларидан маҳрум бўлишади. Зеро, оператив тарзда Индонезияга кириш визасини олиш имкони топилмаганди. Дарвоқе, федерация раҳбарияти чорак финал йўлланмаси қўлга киритилгани муносабати билан жамоага мукофот белгилашдан ташқари, Рауф Инилеевни махсус костюм билан сийлайди. Бироқ мураббий Саудия Арабистони термаси билан ўйин чоғи Жакарта шаҳридаги савдо марказларидан бирида харид қилинган сифатли костюмни кийишни истамайди. Рауф Талгатович ирим қиладими, ҳар ҳолда, эскисини кийишни маъқул кўради. Бироқ бундай иримлар ўз йўлига, жамоамиз саудияликларни енгиш йўлини тополмайди. Бунинг сабабларидан бири - сингапурлик қанот ҳаками Танг Ю-Муннинг ўта қўпол хатоси. У ўйиндан ташқари ҳолатни белгилашда яққол адашиб, Максим Шацкихни соф голдан маҳрум этганди. Ўзи ушбу лайнсменнинг турнир ҳакамлари қаторига қўшилиши ҳам бир тарих... Танг Ю-Мун аслида Осиёнинг ўша вақтдаги энг яхши ҳаками Шамсул Майдин (ҳозирда ОФК Ҳакамлар департаменти раҳбари) бригадасида ишлаши керак эди. Очиғи, сингапурликнинг умумий савияси Осиё кубогига унча мос эмасди, бироқ қитъанинг биринчи рақамли рефериси ёрдамчиси бўлгани учун чемпионатга йўл олади. Турнир старти яқинлашган бир паллада эса, Майдин жароҳатланиб, сафдан чиқади ва унинг ўрнини Жанубий кореялик рефери Квон Чжон Чул эгаллайди, аммо Ю-Мун бригадада қолади. Афсуски, ушбу қарор якунда Ўзбекистон терма жамоаси зарарига ишлайди, боз устига, чорак финалда... ОФКнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад бин Ҳаммам ўйиндан сўнг ҳакамлар хатолари учун узр сўраганди. Индонезия ва саудиялик мухлислар эса нафақат стадион, балки меҳмонхонада ҳам терма жамоамизни алоҳида олқишлагандилар. Зеро, Инилеев шогирдлари чиндан ҳам, чиройли ўйин кўрсатишганди. Бошқа томондан, 1:2 ҳисобидаги мағлубиятни лайнсмен хатоси билангина изоҳлаш жоиз эмас. Чунончи, ҳимоячиларимиз ҳам саудиялик тезкор ҳужумчиларни тўхтатиб қолишда хатоларга йўл қўйишганди. Шундай қилиб, Ўзбекистон термаси Осиё кубогидаги юришини кетма-кет иккинчи марта чорак финалда тўхтатганди...
ОСИЁ КУБОГИ-2007

«C» гуруҳи

1-тур. 11.07.2007.

ЭРОН- ЎЗБЕКИСТОН - 2:1 (0:1)

Куала-Лумпур. Bukit Jalil Stadium стадиони.

Ҳакам: Саад Комил ал Фадҳлий (Қувайт)

Голлар: Ҳусайни (55), Коземян (78) - Ризои (16-авт.).

Ўзбекистон: 1. Павел Бугало, 2. Хайрулла Каримов, 4. Азиз Ибрагимов, 17. Алексей Николаев, 23. Виталий Денисов, 7. Азиз Ҳайдаров (13. Ҳикмат Ҳошимов, 61), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе, 19. Ислом Иномов, 9.  Павел Соломин (11. Марат Бикмаев, 64), 10. Улуғбек Бақоев (15. Александр Гейнрих, 81).

------------------------------------------------------

2-тур. 14.07.2007

ЎЗБЕКИСТОН - МАЛАЙЗИЯ - 5:0 (2:0)

Куала-Лумпур. Bukit Jalil Stadium стадиони.

Ҳакам: Абдураҳмон Абдоу (Қатар).

Голлар: Максим Шацких (10, 89), Темур Кападзе (30), Улуғбек Бақоев (45}2), Азиз Ибрагимов (85).

Ўзбекистан: 12. Игнатий Нестеров,

2. Хайрулла Каримов, 6. Анзур Исмоилов (4. Азиз Ибрагимов, 50), 17. Алексей Николаев, 23. Виталий Денисов,

(9. Павел Соломин, 68), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе, 19. Ислом Иномов, 26. Виктор Карпенко,

10. Улуғбек Бақоев (15. Александр Гейнрих, 63), 16. Максим Шацких.

------------------------------------------------------

3-тур. 18.07.2007.

ЎЗБЕКИСТОН - ХИТОЙ - 3:0 (0:0)

Шоҳ Алам. «Шоҳ Алам» стадиони.

Ҳакам: Саад Комил ал Фадҳлий (Қувайт).

Голлар: Максим Шацких (72), Темур Кападзе (86), Александр Гейнрих (90}4).

Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров, 2. Хайрулла Каримов, 4. Азиз Ибрагимов (9. Павел Соломин, 90}3), 17. Алексей Николаев, 23. Виталий Денисов

(26. Виктор Карпенко, 63), 28. Анвар

Ғофуров, 7. Азиз Ҳайдаров, 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе, 10. Улуғбек Бақоев (15. Александр Гейнрих, 46),

16. Максим Шацких.

--------------------------------------------------------

Чорак финал. 22.07.2007

САУДИЯ АРАБИСТОНИ -

ЎЗБЕКИСТОН - 2:1 (1:0)

Жакарта. Gelora Bung Karno Stadium стадиони.

Ҳакам: Квон Чжон Чул (Жанубий Корея).

Голлар: ал Қаҳтоний (3) ал Мусо (75) - Павел Соломин (82).

Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров,

2. Хайрулла Каримов, 4. Азиз Ибрагимов, 17. Алексей Николаев, 23. Виталий Денисов, 28. Анвар Ғофуров (15. Александр Гейнрих, 46), 7. Азиз Ҳайдаров

(9. Павел Соломин, 78), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе (26. Виктор Карпенко, 57), 19. Ислом Иномов,

16. Максим Шацких.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz