Қайднома

Қидирув

Алишер АЗИЗОВ:«Қирғизистонда мени алдашди, лекин...»

Алишер АЗИЗОВ:«Қирғизистонда мени алдашди, лекин...»

  03.02.2019 03:36
  0
  615
Алишер АЗИЗОВ:«Қирғизистонда мени алдашди, лекин...»

Ўз вақтида, Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган истеъдодли ҳужумчи Алишер Азизов ҳозирда фаолиятини Бангладеш чемпионатида давом эттирмоқда. Бундан аввал у Қирғизистоннинг «Дордой», «Олға», Уммоннинг «Ал-Салам» клублари шарафини ҳам ҳимоя қилганди. Ҳаттоки, «Олға» билан ўртада пул масаласида муаммолар юзага келганди. Вазият ҳужумчимиз фойдасига ҳал бўлмагач, Алишер Бангладеш клубидан тушган таклифни қабул қилиб, Қирғизистон чемпионатини тарк этди. Азизов ўтган йилнинг октябрь ойида Бангладешнинг «Шайх Русел» клуби билан шартнома имзолади. Ўтган ҳафта мамлакат чемпионати старт олди ва ҳамюртимиз ўйнаётган клуб илк турда ғалабага эришди. Учрашувдаги ягона голга айнан Алишер муаллифлик қилди. Биз ана шу ўйиндан сўнг Азизов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Алишер, ҳозирги жамоангиз таркибига бориб қўшилишингиз қандай амалга ошганди?

- Қирғизистоннинг «Олға» жамоасида ўйнаб юрганимда Бангладешдан таклиф тушди. Ўзи ўша пайт «Олға»дан кетмоқчи бўлиб юргандим. Чунки клуб раҳбарлари ваъда қилинган ойлик маошларимни беришмаётганди. Бу ҳол деярли тўрт ой давом этди. Мазкур клубга «Дордой»да бирга ишлаган мураббийимиз таклиф қилганди. Унга ишонганим учун ҳам «Олға» сафига бориб қўшилгандим. Лекин берилган ваъдалар бажарилмади. Бу орада агентим Бангладешнинг «Шайх Русел» жамоасидан таклиф бўлаётгани, ушбу клуб ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйганлигини айтди. Шунда «Олға» раҳбарлари билан учрашиб, маошларимни беришмаётгани, Бангладеш жамоасига қўйиб юборишларини сўрадим. Улар ҳам бунга рози бўлишди. Янги жамоам сафига ўтган йилнинг октябрь ойида бориб қўшилдим. Танишиб чиқдим, шароитлари менга айтилганидек экан.

- «Олға»га таклиф қилган мураббий ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмадими?

- «Дордой»да яхши мавсум ўтказиб, маошларимни ўз вақтида олгандим. У ердан кейин Уммонга йўл олдим. Ўша пайт Уммон чемпионати давом этаётгани учун «Ал-Салам» клуби билан тўрт ойлик шартнома имзоладим. Келишув якунига етгач, ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистонга қайтганимда, «Металлург»га таклиф этишди. Аммо жароҳатим борлиги сабабли Андрей Шипиловга рад жавобини бердим. Чунки бу мутахассис билан «Пахтакор»да ҳам бирга ишлагандим. Мен учун қадрли бўлиб қолган инсонга тўғрисини айтдим. Операциядан кейин тикланиш жараёни кетаётганди. Ўйин амалиёти етарли эмасди, фойдам тегиши амримаҳол эди. Буни ўзларига ҳам айтдим ва улар тўғри тушунишди. Бу орада «Дордой»даги мураббийимиз Рустам Сиддиқов мени «Олға»га таклиф қилди. Унга ишониб Қирғизистонга йўл олдим. Жамоа билан шартномамда камроқ сумма ёзилиб, қўлимга кўпроқ пул беришни ваъда қилишди. Сиддиқовга ишонганим учун таклифга розилик бердим. Қолаверса, «Олға» раҳбарияти ҳам «Дордой»да ишлаганлар эди. Афсуски, воқеалар ривожи ўйлаганимдек бўлиб чиқмади. Нафақат мени, балки жамоанинг бошқа легионерларини ҳам алдашди. «Олға»да ўйин амалиётини олиб, «Металлург»га қайтишни режалаштиргандим.

- Адашмасам, «Олға» билан оғзаки келишув бўйича 1000 доллар маош таклиф қилинган. Шартномада эса 50 доллар кўрсатилганди. Бу маълумот тўғрими?

- Ҳа, келишув бўйича 1000 доллардан ҳам кўпроқ маош беришлари кўзда тутилганди. Ҳар бир урилган гол учун ҳам мукофот пули ажратишларини айтишганди. Деярли ҳар бир ўйин-да рақиб дарвозасини ишғол қилдим. Аммо... Менга таклиф қилинган вариант хомлигини билардим. Лекин ишонган инсонларим алдашмаса керак, деб ўйлагандим. Ўша пайт Ўзбекистонда трансфер ойнаси ёпилганди. Бошқа иложим йўқлиги сабабли ҳам «Олға» таклифига розилик бергандим. Чемпионлик учун курашаётгандик. Пул муаммоси юзага келганидан кейин натижалар пасайди. Футболчиларнинг руҳияти тушиб кетди, ҳеч кимнинг ўйнагиси келмай қолди. Бахтимга Бангладеш клубидан таклиф тушди.

- Пулингизни ундириш масаласида Қирғизистон футбол федерацияси ёки бошқа тегишли органларга мурожаат қилсангиз бўлмасмиди?

- Бу мурожаатдан ҳеч қандай наф чиқмасди. Чунки федерация ҳам ишни ҳужжат бўйича кўриб чиқарди. Шартномада кўрсатилган сумма 4 ойга 200 долларгина эди. Қолаверса, клуб раҳбарияти бизга кундалик харажатларимиз учун қўшимча 50 доллардан берганди. Улар «Мана, биз шартномадаги пулни берганмиз», деб туриб олишлари ҳам мумкин эди. Қуруқ гапга ҳеч ким ишонмайди. Шукрки, узоқ вақт ишсиз қолмадим. Бангладешда «Олға»да қолиб кетган маошимни ҳам қоплайдиган шартнома имзоладим. Очиғи, Бангладешда футбол йўқ, деб ўйлагандим. Лекин Суперлигамиздаги айрим жамоалардан ҳам шароити яхшироқ экан. Легионерларга яхшигина ҳақ тўлашаркан. Биз Осиёнинг футболи ривожланган мамлакатимиз, деб мақтанамиз-у, лекин баъзи жиҳатлар бўйича Бангладешдан орқада эканмиз. Маҳаллий футболчилари ҳам катта маош олишади. Бу борада айрим ўйинчиларимиз ҳозир олаётган маошларига раҳмат дейишса арзийди.

- Масалан, Ўзбекистонда Суперлиганинг айрим ўртамиёна клублари серб футболчилари учун тахминан 3-4 минг доллар тўлашяпти. Бангладешда легионерларнинг ўртача маошлари қанча экан? Хорижлик ўйинчилар учун лимит, яъни чеклов борми?

- Клубларга рўйхатдан ўтказишлари учун уч хорижлик ва бир нафар осиёлик легионерга рухсат берилган. Бангладеш олий лигасидаги 14та жамоанинг деярли барчаси бу лимитдан фойдаланган. Жаҳон чемпионатида ўйнаган Коста-Рика термаси сардори ҳам ҳозир Бангладеш чемпионатида ўйнаяпти. Клублари легионерларга жиддий эътибор қаратади. Бразилия, Аргентина, Нигерия каби давлатлардан футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Осиёликлардан кўра, бошқа қитъадан келувчи легионерларга ишонч юқори. Лекин сиз айтган суммага қўшила олмайман. Суперлигамизда «Пахтакор» ва «Локомотив» жамоаларигина шунча ёки ундан кўпроқ маош бера олишади. Бу жамоа футболчиларига ўртача 30-40 миллион сўм берилади. Қолган клублар шунча пулни бера олмайди. Келаётган легионерлар ҳам арзимаган маошга ўйнаяпти. Менинг билганим, «Қизилқум», «Нефтчи»га ўхшаган клубларда тахминан 1000 доллар атрофида маош беришади. Сиз айтган 3000-4000 долларга Бангладешда маҳаллий футболчилари ўйнаяпти. Боз устига, бу ерда яхши томони, бир йиллик шартномангизда кўрсатилган сумманинг 70 фоизини олдиндан беришар экан. Мен ҳам саккиз ойлик суммани аввалдан олганман.

- Уларда футболчиларни алдаш ҳолатлари йўқ эканми?

- Ҳаммаси ўз ишига профессионал ёндашади. Лекин муаммолари ҳам етарлича. Масалан, асосий стадионлари яхши бўлгани билан, машғулот учун ажратилган майдонларнинг ҳолати талаб даражасида эмас. Кучли клубларда шароитлар яхши. Баъзи ҳолатларда ойлик маошлар 10-15 кун кечикади. Лекин бизда бўлгани каби йилнинг охирида ҳам бермай қолмайди. Узоғи билан икки ҳафтага кечикиб бўлса ҳам маошларни тўлайди. Биздаги каби пулини сўраб ПФЛга мурожаат этиш йўқ. Ҳамма клублардаги легионерлар билан суҳбатлашдим, ҳеч бирида пул олиш бўйича муаммо йўқ.

- Чемпионати икки даврали тизимда ўтказиладими? Кубок баҳслари-чи?

- Бангладешда дастлаб кубок баҳслари ўтказилиб, кейин чемпионатга старт берилади. Федерация ҳамда мамлакат кубоклари бор. Ана шу икки мусобақанинг дастлабкисида финалга чиқиб, ютқаздик. Бангладеш чемпиони тўғридан-тўғри ОФК кубоги гуруҳ босқичида иштирок этади. Кубок соҳиби эса саралаш баҳсларида имкониятини синаб кўрар экан. Ўтган йилнинг октябрь ойидан ноябрнинг ўрталаригача битта кубок ўтказилди. Декабрь-январь ойларида эса иккинчи кубок баҳслари бўлиб ўтди. Йигирманчи январдан Бангладеш чемпионати бошланди. Бу ерда об-ҳаво яхши бўлгани учун лига январдан августгача давом этади. Ҳарорат йил давомида ўртача 28-30 даражани ташкил қилади. Чемпионат икки даврали бўлиб, биринчиси май ойигача ўтказилади. Кичик танаффусдан сўнг иккинчи даврага старт берилади. Аслида, бунга қадар худди Европада бўлгани каби, куз-баҳор тизимига амал қилинган экан.

- Жамоангиз олдига чемпионлик вазифаси қўйилганми?

- Худди шундай. Эндигина битта тур ўтказилди. Ҳамма жамоаларда пул борлиги учун бу йил камида 5та клубнинг чемпионлик учун кураш олиб бориши кутилмоқда.

- Стадионлари, футбол инфратузилмаси, мухлисларнинг ўйинларга ташрифи қандай экан?

- Пойтахт ҳамда унга яқин шаҳарлардаги стадионлар талаб даражасида. Дакканинг ўзида иккита катта стадион бор. У ерда футболдан ташқари крикет ҳам ўйналади. Спортнинг бу тури кўп мухлис йиғиши сабабли ҳам арена сиғими анча катта экан. Мухлислар худди ўзимизда бўлгани каби пойтахтдан кўра вилоятларда кўпроқ ўйин-ларга тушишади.

- Қаерда яшаяпсиз? Маҳаллий шароитларга кўникиб қолдингизми?

- Менга алоҳида уй беришган. Клуб раҳбарияти жамоа учун битта катта уй сотиб олган. Маҳаллий футболчилар ўйинга тайёргарлик кўриш пайтида шу ерда яшашади. Бу хонадоннинг рўпарасидан легионерлар учун махсус апартамент кўринишидаги турар-жой харид қилинган. Овқатларига умуман кўниколмадим. Япония, Таиланд, Ҳиндистон, Жанубий Кореяда бўлгани каби, таомлари жуда аччиқ. Кўпинча ўзим бозорлик қиламан. Легионерлар учун алоҳида ошпаз беришган. Масаллиқларни топширамиз, у эса бизга айтган таомни пишириб беради. Бу ерда жуда кўп гуруч ейишади.

- Сиздан бошқа легионерлар борми?

- Мендан ташқари икки нигериялик ва бир бразилиялик футболчи бор. Ўша бразилиялик Австриянинг «Зальцбург» клубидан келган. Осиё лимитини мен тўлдирганман.

- Бош мураббий маҳаллий мутахассисми?

- Худди шундай. Лекин ёрдамчилари Кения ва Португалиядан. Машғулотларни асосан шу икки хорижлик мутахассислар ўтказишади. Адашмасам, бош мураббийимиз Бангладеш миллий жамоасида ҳам ишлаган. Ўзимизга ўхшаган жайдари болалар экан, тил топишиш қийин кечмади. Биласиз, бразилияликлар қувноқ халқ бўлади. Улар билан дўстлашиш жуда осон.

- Шартнома қанча муддатга имзоланган?

- Ўтган йили май ойигача шартнома имзолагандим. Юқорида айтганимдек, бу йилги чемпионат белгиланган вақтдан кечроқ бошланди. Шу сабабли ҳам энди чемпионат аввалгидек майда эмас, августда якунланади. Катта эҳтимол билан шартнома муддатини узайтирамиз. Чунки аксарият легионерларнинг шартномаси шундай кўринишда имзоланган.

- Бангладешда гол уриш осон эканми?

- Бундай деб ўйламайман. Боиси, кучли чемпионатдан келган кўзга кўринган ҳужумчилар ҳам гол уришда қийналишяпти. Сабаби, клублар ўз таркибларига кучли легионер ҳимоячиларни қўшиб олишган. Кўз тегмасин, ҳозирча майдонга тушган ҳар бир ўйинимда рақиб дарвозасини ишғол қиляпман. Кубок баҳсларида 5та, чемпионатда битта тўп киритдим.

- Соф ҳужумчи сифатида ўйнаяпсизми?

- Йўқ. Ҳужумчи ортида ҳаракат қиляпман. Нигериялик жамоадошим соф ҳужумчи вазифасини бажаряпти.

- Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубогидаги иштирокини кузатдингизми? Эктор Купер ҳақида нима дея оласиз?

- Кутилган натижа бўлмаганидан кейин бу мавзуда гапириш ҳам қийин. Барибир, ўзбек футболи ҳимоявий тактикага мослашмаган. Барча даврларда ҳам термаларимиз ҳужумкор футбол намойиш қилишган. Бизнинг футболчиларимиз Эрон жамоасининг ўйинчиларига ўхшаб жисмонан бақувват бўлмаганидан кейин ҳимоявий тактикада ўйнаш фойда келтириши қийин. Балки Эктор Купер шу Осиё чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокдан сўнг ўзи учун тегишли хулосаларни чиқариб, жаҳон чемпионати саралашида тактикани ўзгартирар?! Ҳар ҳолда, шундай бўлиши тарафдориман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz