Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси ўткинчи ёхуд футболдаги молиявий ҳисоботлар ҳақида..

Ҳаммаси ўткинчи ёхуд футболдаги молиявий ҳисоботлар ҳақида..

  03.02.2019 04:53
  0
  718
Ҳаммаси ўткинчи ёхуд футболдаги молиявий ҳисоботлар ҳақида..

KPMG аудиторлик компанияси Европанинг етакчи 8та чемпионати ғолибларига аталган йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда эътиборга молик маълумотлар жуда кўп. Мисол учун, жаҳоннинг энг яхши футболчилари - Лионель Месси ва Криштиану Роналду энди трансфер нархи бобида 1 ёки 2-қаторда эмаслар. Аниқроғи, Лео қиммматбаҳо ўйинчилар рейтингида атиги 3-ўринда турибди, Криш эса нақ 11 нафар чемпиондан арзонроқ экан... Хўш, KPMG ҳисоботидан яна нималарни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин?

Энг қимматбаҳо 
футболчилар

Аввало, айтиш керак, энг қимматбаҳо рамзий терма жамоани шакллантиришда 8та мамлакат чемпионатида ғолиб чиққан футболчиларга эътибор қаратилган. Демак, Криштиану Роналдунинг четда қолганида ҳайратланарли томони йўқ. Лионель Месси  эса жойида, фақат Неймар ҳамда Килиан Мбаппенинг баҳоси аргентиналикникидан баландроқ... Дарвоқе, таҳлил гуруҳи олдинроқ энг қимматбаҳо футболчилар рейтингини эълон қилганди. Ўша рўйхатнинг кучли 10талигига «Барселона» ва «ПСЖ»нинг 2 нафардан вакили киритилганди. Қолган 6та ўринга Англия чемпионатининг энг кучли 5та иштирокчиси ҳамда «Атлетико»дан футболчи танланганди (1 нафардан). KPMG рейтингига келсак, уни «ПСЖ»нинг икки юлдузи ишончли тарзда бошқармоқда. Компания аудитлари чиқарган хулосага кўра, бразилиялик Неймарнинг трансфери айни пайт 229,1 миллион еврога тортади, франциялик ёш иқтидор эгаси Килиан Мбаппега эса бироз пастроқ баҳо қўйилди - 215 «лимон». Тўғри, 3-ўрин билан чекланган «Барселона»нинг кўп йиллик етакчиси Месси ҳамон 200 миллиондан қиммат. Яна бир бора таъкидлаймиз, ушбу рамзий жамоада Криштиану Роналду йўқ. Умуман, португалиялик айни рейтингнинг 12-қаторида турибди - унинг трансфери 107 миллион еврога баҳоланди. Дейлик, ундан бир поғона юқорида турган «Манчестер Сити» ҳужумчиси Раҳим Стерлингнинг нархи - 110 «лимон». Дарвоқе, Германиянинг transfermarkt.dе сайти ҳам Криштиану Роналдуни жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчилари рўйхатида 12-ўринга қўйганди. Эътиборлиси, немислар талқинидаги рейтингда ҳам Месси 3-ўринда, аммо пешқадам бошқа - Килиан Мбаппе. Умуман, KPMG маълумотлари асосида тузилган ўзига хос рамзий терма жамоанинг умумий баҳоси 1,306 миллиард еврога тенг.

 

Маош тўлови

Чемпион жамоалар орасида футболчиларига иш ҳақи беришда «Барселона»га етадигани йўқ. Каталония клубининг маош тўлови нақ 551,6 миллион еврони ташкил этади. Бу 2-ўриндаги «ПСЖ»нинг харажатидан нақ 229,5 миллион кўп. Аниқланишича, Европанинг энг кучли 8та биринчилиги ғолиблари орасида Голландия чемпиони - ПСВ энг камхаржидир. Хўш, маошнинг ўзи учун ярим миллиард евро сарфлаётган «Барса»ни танқид қилиш керакми ёки...?Таққослаш учун айтсак, «Реал»да бу кўрсаткич 406,1 миллион еврога тенг, боз устига, шу сумманинг энг кўпи Криштиану Роналдуга бериларди (жорий мавсум «Мадрид»нинг маош чиқими ҳам анча қисқарди). Ҳа, сир эмас, бутун жаҳонда спорт клублари харажати тобора ошиб бормоқда. Хусусан, футболчилар ва мураббийлар, ҳаттоки, жамоанинг техник ходимлари ҳам вақт ўтгани сайин йирикроқ маош талаб қилишяпти. Мисол учун, «Бавария» бир йил олдин маош тўлови учун 264,9 миллион евро ажратганди, мана, унинг бу борадаги харажати 302,5 «лимон»га етди. Истисно ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Қаранг, «Ювентус» аввалги чемпионлик йўлида хизмат қилганларга жами 259 миллион евро тўлади. Бу мавсум-2016|2017даги кўрсаткичдан 2,8 миллион камдир. Тушунарлики, кейинги ҳисоботда Турин клубининг маош тўлови сезиларли даражада ошади, зеро, жамоа ўтган ёз Криштиану Роналдуни ўз сафига олди ва унга бинойидек ҳақ тўлаши табиий ҳол. Яна «Манчестер Сити»нинг кўрсаткичига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бинобарин, «шаҳарликлар»ни харажатлар кўплиги боис, тинмай танқид остига олишади. Ваҳоланки, ҳиммати баланд шайхлар бойлиги билан қувватланган «Сити» айни пайт маош бериш бобида атиги 5-ўринда - 293 миллион евро. Дейлик, бу рекордчи - «Барселона»нинг маош чиқими суммасидан деярли икки ҳисса кам.

 

Даромад салмоҒи

KPMG 8та мамлакат чемпионати ғолиблари молиявий ҳолатини ҳам таҳлил қилиб чиқди. Яъни экспертлар  «Барселона», «Ювентус», «Манчес-тер Сити», «ПСЖ», «Бавария», ПСВ, «Порту» ва «Галатасарой» клублари ғазнасига қараб, ўзига хос хулосалар чиқаришди. Ҳисоботга асосан айтсак, шу 8та чемпион орасида энг катта даромад Каталония грандига тегишли. Хуллас, «кўк-анорранглилар» мавсум-2017|2018 давомида катта маош тўловига яраша бинойидек фойда олишган - 689 миллион евро. Иккинчи ўриндаги «Бавария»нинг улуши ҳам чакки эмас - 596 миллион. Агар маош харажати ва даромад ўртасидаги нисбатни олсак, унда немис жамоаси яхшироқ кўрсаткичга эга. Мавсумдаги даромади 568 миллион еврони ташкил қилган «Манчестер Сити»ни ҳам олқишлаш мумкин. Энг кам даромад «иқтисодчи» чемпион - ПСВда (62 миллион евро). Муҳим бир эслатма: футболчилар трансферидан тушган фойда ушбу суммага қўшилган эмас. Яъни фақат ҳомийлик ҳамда тижорат келишувлари суммаси олинган.

 

Энг Қиммати - «Сити»

Тransfermarkt.dе маълумотларига таяниб айтсак, дунёдаги энг қимматбаҳо таркиб «Барселона»га тегишли - 1,16 миллиард евро. Немислар рейтингида «Манчестер Сити» таркибига ҳам деярли шунча баҳо қў-йилган - (1,13 миллиард). Бироқ KPMG таҳлилчиларининг хулосалари бошқача: уларнинг ҳисоб-китоб-ларига кўра, айни пайт сайёрамизнинг энг қимматбаҳо таркиби Англия чемпионида. Эътиборга олиш керак, бунда жорий йилнинг 1 январидаги ҳолат бўйича ҳисоб-китоб қилинган. Демакки, Криштиану Роналдунинг трансфер баҳоси «Ювентус» таркибига киритилган. Аудиторлик компаниясининг фикрича, Турин жамоаси ихтиёридаги энг қимматбаҳо ўйинчи ҳам айнан португалиялик юлдуздир. Умуман, «Юве»нинг ўзи 792 миллион еврога баҳоланган. Асосий фарқ шу - KPMG таҳлилчилари transfermarkt.dе сайтидан фарқли ўлароқ, «Сити»ни 1-ўринга қўйишди. Айтиш жоиз, улар «шаҳарликлар» ғалабасини гўёки, фотофиниш воситасида аниқлашгандек. Ҳар ҳолда, «Барселона» таркиби атиги 80 минг евро арзонроқ, холос.

А.АБДУҲАМИТОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz