Қайднома

Қидирув

Ашраф ҲАКИМИ: «МАРСЕЛО ТАНҚИДЛАРГА МУНОСИБ ЭМАС»

Ашраф ҲАКИМИ: «МАРСЕЛО ТАНҚИДЛАРГА МУНОСИБ ЭМАС»

  04.02.2019 02:28
  0
  195
Ашраф ҲАКИМИ: «МАРСЕЛО ТАНҚИДЛАРГА МУНОСИБ ЭМАС»

Германияга кўчиб ўтганидан сўнг Ашраф Ҳакими Бундеслиганинг энг ёрқин ўйинчиларидан бирига айланди. Аммо аввалги клубдошларидан узоқда бўлсада, иқтидорли ҳимоячи «Реал Мадрид» билан алоқани узмаган, собиқ шерикларини йўқлаб туради. Яқинда Марокаш термаси аъзоси хорижлик ҳамкасбларимизга интервью бериб, турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтараркан, «Қироллик клуби» ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирди.

- Дортмундда муваффақиятга эришиш учун кўп вақт сарфламадингиз. Мавсумнинг шу қадар омадли кечиши мумкинлигини тахмин қилганмидингиз?

- Узоқ вақт шундай ижобийлик сақланиб қолишидан умидвормиз. Жорий мавсум мусобақалардаги иштирокимиздан жуда мамнунман, машаққатли меҳнатларимиз самара келтирмоқда, бироқ олдимизда узоқ йўл турибди ва уни босиб ўтиш учун ҳаракатдан тўхташ керак эмас. Янада кўпроқ ютуқларга эришиш учун ишлашда давом этишимиз даркор.

- Сизга кўпроқ ўйин амалиёти керак эди ва Люсьен Фавр шундай имкониятни тақдим этди, десак бўлаверадими?

- Мураббий ва клуб менга ишонч билдираётганидан хурсандман. Айнан шу нарсага эҳтиёж сезаётгандим: майдонга тушиш, ишончни ҳис қилиш, ҳар дам олиш кунлари астойдил тўп суриш. Бу ерда ҳаммаси тақдим этилмоқда ва жуда мамнунман.

- Сизда Дани Карвахалнинг йўлидан кетаётгандек тасаввур уй-ғонмаяптими? У ҳам Леверкузенда муваффақиятга эришиб, сўнгра «Реал»нинг асосий таркибидан ўрин эгаллаганди.

- Карвахаль мен учун ўзига хос намунадир: унинг фаолияти, бажараётган барча ишлари, эришаётган ютуқлари. У «Байер»да анча етилиб, профессионалга айланди. Мен, худди сиз айтгандек, Дани сингари юқори савиядаги футболчи бўлишга интиляпман. Ҳаммаси ўйлаганимдек кетаётганидан хурсандман.

- Испаниядан таклифлар тушяптими ёки ўзингизни бошқа чемпионатда синаб кўрмоқчимисиз?

- Турли мамлакатлардан бир нечта таклифлар бўлди, жумладан, Испаниядан ҳам. Лекин мен Дортмундни танладим - бундай қарорга келиш осон эмасди. Мазкур клубнинг ўзига яраша тарихи бор, бир тўхтамга келишда иккиландим, аммо шу жамоа сафига қўшилиб, футболчи сифатида ўсишга эришишни хоҳладим. Айни пайтдаги фаолиятимдан қониқяпман ва умид қиламанки, бу ҳолат кейинчалик ҳам сақланиб қолади.

- Яна ким сиз учун намуна бўлиши мумкин?

- Гарчи ўзим ўнг қанот ҳимоячиси бўлсамда, ҳамиша Марселонинг ўйинларидан завқ олганман. Унинг бутун майдон бўйлаб ҳаракатланиши, ўз ўйини билан бошқаларга қувонч улашиши, ҳужумга қўшилиб туришга бўлган иштиёқи кишига илҳом бағишлайди. Мен ҳам рақиб жарима майдончаси атрофида хавфли вазиятлар яратишни ёқтираман, шу боис ҳам Марсело ва албатта, Карвахалга тенглашишга интиламан.

- Марселони ҳозир жуда кўп танқид қилишяпти. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?

- Менга қолса, уни ҳеч қачон ёмонламасдим, ўйлашимча, Марселонинг манзилига йўлланаётган танқидлар ноҳақликнинг ўзгинаси. Бразилиялик ҳамкасбим бунга лойиқ эмас, ахир у афсона, «Реал» тимсолларидан бири. Марселонинг «Қироллик клуби» учун қанча меҳнати сингганини инобатга олсак, унинг танқидларга муносиб эмаслиги ойдинлашади.

- Унинг ҳимоядаги ҳаракатлари норозиликларга сабаб бўлмоқда...

- Одатда, ҳужумларга қўшилиб турадиган «латерал»лар кўп танқидларга учрашади. Бизни мудофаа чизиғидаги вазифаларга у қадар катта эътибор қаратмасликда айблашади. Бу фикрларга қўшилмайман. Ҳужумчиларга ёрдам бераётган паллада, табиийки, бир вақтнинг ўзида ҳимояда ҳам бўлолмайсиз. Лекин Марсело астойдил тер тўкмоқда, «Реал»га кўп ёрдами тегяпти, демакки, бундай футболчи танқидга муносиб эмас.

- Нима сабабдан Дортмунддаги Ашраф Мадриддагидан яхшироқ ўйнамоқда?

- Бундеслигада кўпроқ тактик жиҳатларга эътибор қаратилади, мураббийга ҳимоявий услублар бўйича ишлаш ёқади. «Боруссия»даги ўйинимни яхшиладим, мудофаа чизиғи, хусусан, ўз позициямдаги ҳаракатларимни мукаммаллаштиряпман. Олдинга ўтиб, ҳужумчиларга ёрдам бериш учун керак бўладиган сифатларга эгалигимни биламан.

- Гути ва Зидандан нималарни ўргандингиз. Футболчи сифатида ўсишингиз учун Люсьен Фавр сизга қайси жиҳатларда ёрдамчи бўлди?

- Болалигимдан ҳар бир мураббийдан ниманидир ўргандим. Бунинг учун ҳамма устозларимга ташаккур билдираман. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ бугун сиз кўраётган футболчига айландим.

- Дортмундда ёш иқтидор соҳиблари ўзларини эркин ҳис қилиб, ёрқин ўйинлар намойиш этишлари одат тусига кирган: Дембеле, Гюндоган, Пулишич, Жейдон Санчо... бундай ҳолатни нима билан изоҳлаш мумкин?

- Ўйлашимча, бунинг сири амбицияларда, итоаткорликда ва албатта, сабот билан меҳнат қилишда. Шунингдек, яхлит жамоа сифатида улкан ютуқларга эришиш истаги юқори. Умумий мақсадларимизга эришиш йўлида барчамиз бирдек тер тўкяпмиз, ҳаммамизнинг умидларимиз жуда улкан.

- Жейдон Санчо 18 ёшида қойил-мақом ўйин кўрсатмоқда. У чиндан ҳам шу қадар иқтидорлими?

- Сиз барчасини кўриб турган экансиз, мен яна нима ҳам дейишим мумкин? У ажойиб футболчи, ноёб истеъдод соҳиби. Унинг муваффақиятларга эришаётганидан хурсандман, Жейдоннинг жамоага жуда кўп фойдаси тегмоқда. Ишончим комилки, келажакда Санчо юлдузлик даражасига эришади.

- Айни пайт «Боруссия» Дортмундда янги трансферлар муҳим роль ўйнамоқда. Ажабланарлиси, барчангиз жамоага жуда тез мослашиб, киришиб кетдингиз.

- Дарҳақиқат, шундай бўлди. Биз учун ҳаммаси кўнгилдагидек кечмоқда, бу ерда эканлигимиздан, жамоага ёрдам беришдан хурсандмиз. Ҳаммаси шу зайл давом этишидан умидвормиз.

- «Реал»нинг ўйинларини кузатиб бораётганингизга шубҳа йўқ, жамоа ҳақида қандай фикр билдирасиз? Зайниддин Зидан ва Криштиану Роналду кетганидан сўнг бошланган давр осон ўтмаяпти.

- Ҳозирда «Реал» мураккаб даврни бошдан кечираётганини биламан, аммо жамоага, футболчиларга ишонаман, улар қийинчиликларни енгиб, оғир ҳолатдан чиқиб кетишади. «Қироллик клуби» яна аввалги мавқеини тиклайди. Муаммони Зидан ёки Криштианунинг кетиши билан боғламаган бўлардим... Юқорида таъкидлаганимдек, «Реал» ўйинчиларига ишонаман, уларнинг олдинга интилишларига шубҳам йўқ.

- Искони захира ўриндиғида кўриш сиз учун ажабланарли ҳолми?

- Ҳа, маҳоратли футболчини «ўриндиқ»да кўриш ҳамиша ғалати бўлади, аммо қарорни мураббий чиқаради, у айни пайт шундай қилиш жамоа учун фойдали бўлади, деган фикрда. Менимча, мураббий Иско майдонга тушишга лойиқ эмас, деб ҳисоблагани учун ҳам айни қарорга келмоқда. Аммо мен Искони ажойиб футболчи деб биламан, ўзимга қолса, уни ўз жамоамда мунтазам майдонга туширардим.

- «Реал» ҳозир кўплаб ёш иқтидор соҳиблари билан шартнома тузмоқда: Винисиус, Браим, Родриго... Аммо сиз ўз тажрибангиздан биласизки, бундай нуфузли жамоада асосий таркибдан жой олиш осон бўлмайди.

- Дарҳақиқат, «Реал» каби топ-клубда босим ҳамиша максимал даражада юқори бўлади, чунки у жаҳоннинг энг яхши жамоаларидан биридир. Бу босим жуда сезиларли, ёш футболчилар эса уни енгишни ўрганишлари лозим. Чунончи, бундай ҳолатга тайёр турадиган ўйинчилар ҳам йўқ эмас.

- Бир ярим йилдан сўнг яна «Реал» футболчиси сифатида тўп суришингизни тасаввур қила оласизми?

- Бир ёки икки йилдан сўнг қаерда бўлишимни билмайман. Айни пайт фаолиятим Дортмунд билан боғлиқ, бу ерда муваффақиятга эришиш, ўсишни хоҳлайман. Келгусида нима бўлишини эса вақт ўтгани сайин кўраверамиз.

- «Боруссия» жорий мавсум қанчалик узоққа бориши мумкин?

- Кўп нарса кутяпмиз, мақсадимизга эришиш йўлида ишлашдан тўхтамаймиз. Хоҳишимиз юқори, бу йил катта ютуқларни қўлга киритишни ният қиляпмиз. Бунинг учун эса ишлашда давом этамиз.

- Шахсий ҳаётингиз ҳам омадли кечмоқда. Бу ҳолат майдонда ўз таъсирини кўрсатяптими?

- Тўғри, шахсий ҳаётимда ҳам, ишимда ҳам ўзимни бахтиёр сезяпман, аммо ўйинга тушганимда қолган нарсаларни майдон четида қолдираман ва бор эътиборимни футболга қаратаман. Ҳа, оилавий ҳолатим бир маромда кетаётганидан, яқинларим, севикли инсонларим соғ-саломат эканидан хурсандман. Бу албатта, майдонда ҳам сезилади.

- 2019 йилдан нималар сўраган бўлардингиз?

- Оилам, қаллиғимнинг соғ-омон бўлишини хоҳлайман, жароҳатлар мени четлаб ўтсин, жамоамиз билан улкан ютуқларга эришайлик. Термамизнинг ишлари юришиб кетиши учун ҳам қўлимдан келган барча ишни қиламан. Олдинда бизни Африка кубоги мусобақаси кутиб турибди. Умуман, ҳозирги барқарорликни сақлаб қолсам яхши бўларди, футболчи сифатида янада ўсишга эришиш ниятидаман.

Маьлумот учун! АШРАФ ҲАКИМИ

Туғилган санаси: 1998 йил 4 ноябрь (20 ёш)

Туғилган жойи: Мадрид, Испания

Фуқаролиги: Марокаш ва Испания

Бўйи: 180 см.

Вазни: 80 кг.

Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси

Клуби: «Боруссия» (Дортмунд, Германия)

Рақами: 5

Клубдаги фаолияти

2016-2017 - «Реал Мадрид Кастилья»: 28та ўйин, 1та гол

2017-2018 - «Реал Мадрид»: 9та ўйин, 2та гол

2018-ҳ.в. - «Боруссия Дортмунд»: 8та ўйин, 1та гол

Марокаш миллий терма жамоасида 14та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz