Қайднома

Қидирув

Муҳимлар ичра муҳими қайси?

Муҳимлар ичра муҳими қайси?

  04.02.2019 04:27
  0
  577
Муҳимлар ичра муҳими қайси?

Япония ва Эрон терма жамоа­лари ўртасидаги ярим финал учрашуви якунланиши билан фахрий муаллим, футболнинг ажойиб мухлиси Абдураҳмон Тўлабоев қўнғироқ қилди. «Шукур! Энди финалчи, балки чемпион билан тенгма-тенг ўйнаганмиз, деб ўзимизни юпатамиз!» - деди у киши изтиробга тўла аччиқ кулгу билан. Сездикки, домлада ҳали афсус-надомат руҳи тар­қалмабди. Юпанч ва тасаллига сўз тополмадик. Эҳтимол, шуниси маъқулдир. «Купер хато қилди, нимчорак финалда Саудия Арабистони, чорак финалда Вьетнам терма жамоалари билан ўйнаш учун гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш ва бунинг учун Япония терма жамоасига қарши асосий таркибни майдонга тушириши керак эди... Нима учун Одил Аҳмедов пенальти тепмади? Бу қўрқувми ёки масъулиятдан қочишми? Марат Бикмаев «тарихи»ни Купер билармиди?» қабилидаги мулоҳазаларни қайтаравериш футболимиз келажаги учун зарарлидир. Футболимиз бугун позитив қарашларга муҳтож. Асабийлик ва чарчоқ босимидан халос бўлган футбол муҳитидангина янги-янги ғалабаларни кутиш мумкин.

Иккинчи суҳбатдошимиз - таниқли олим ва воиз Бахтиёр Исҳоқовнинг ҳайрату ҳаяжонга тўла сўзлари руҳиятимизда гўё қуёшдек порлади.
- Бобур Акмаловга офарин, ярим финални зўр шарҳлади! Самурай билан ҳазиллашиб бўлмайди-да ўзи. У хоҳласа бўлди, албатта, ютади. Футбол томошасидан яйрадим...
Зукко мухлиснинг завқи кайфиятимизни кўтарди. Унинг айтганича бор. Ҳақиқатан ҳам, Япония терма жамоаси турнирни рақибни синашдан бошлади. Хусусан, аввал тўп ўтказиб, кейин ҳисобни тенглаштира олиш тажрибаси Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари билан баҳсда ўзини оқлади. Аён бўлдики, рақибнинг биринчи бўлиб гол уриши «самурайлар»нинг кучини ва ғалабага бўлган ишончини икки-уч ҳисса ошириб юборади. Назаримизда Эктор Купер шу нозик ёндашувни эътибордан қочирди. Сўнгги дақиқаларда гол уриш, бунга имкон топиш ва кучли ҳимояланиш Япония терма жамоасини енгиш усули бўлса, не ажаб? Агар учрашувда «самурайлар» ҳисобни очишса ва рақиб ўз вақтида бунга жавоб қайтармаса, кейин вазиятни ўнглаш мураккаблашади. Аксарият ҳолларда буни уддалаб бўлмайди. Ҳар ҳолда, Осиё терма жамоалари ҳозирча ушбу масалани ижобий ҳал этишолмаяпти. Энди бу ишни уддалашга Қатар терма жамоаси уриниб кўради.
Футболнинг ёзилмаган ғалати қонунларига ишонсак, дарвозасини узоқ вақт дахлсиз сақлаган терма жамоа финал учрашувидан аввал кучли босим остида қолади. Чунки алал-оқибат тўп ўтказиш - ҳимояси мустаҳкам терма жамоа учун ҳам қисмат. Қолаверса, гол ўтказиш вазияти ҳам ўз-ўзидан етилади. Ўша вазият ҳукмини ўтказса, Карлуш Кейруш каби мураббийларнинг маҳорати ҳам четга чиқади ва тақдирга бўйсунади.
Хўш, финалчиларга боқиб яна қандай мулоҳазалар хаёлимиздан ўтмоқда? Эътибор беринг, финалчилардан бири Токио-2020 иккинчиси эса ЖЧ-2022 мезбони. Энг қизиғи, ҳар иккиси ҳам Хитойда бўлиб ўтган ёшлар чемпионатида ғолибликни талашмади. Биз «Қор ўйини»даги ғалабага маҳлиё бўлаётганимизда, улар бугунги ютуқлар ҳақида ўйлашди. Қаранг, соддалигимизга бориб, муҳимлар ичра муҳим турнир учун кичикроқ турнирни «қурбон қилиш»га кучимиз етмабди. Сабрсизлик қилиб бир йил олдинги ғалаба ва чемпионликни маъ­қул кўрибмиз.
«Финал баҳси турнир сўнгида ўйналади, аммо унинг тақдири ҳақида аввалдан ўйланади!» - дейишади одатда футбол билимдонлари. Бизнинг футбол муҳитимиз ҳам бу хулосадан жуда яхши хабардор. Ҳа, хабардорлик ўз йўлига. Асосийси - хабардорлик ҳақиқатини ҳаётга татбиқ этишда ва келажакни Хави каби тажриба воситасида кўра билишда.

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz