Қайднома

Қидирув

Футболчи хизматкор эмас!

Футболчи хизматкор эмас!

  05.02.2019 01:30
  0
  1185
Футболчи хизматкор эмас!

Азиз Турғунбоевнинг икки шартномали бўлиши эҳтимоли ва у билан боғлиқ «спектакл»нинг ривожи футболимизда биринчи ҳолат эмас. 2018 йил бошида ҳам Игорь Сергеев билан боғлиқ шунга ўхшаш воқеа кузатилганди. Ўшанда унинг «Пахтакор» билан икки хил мазмундаги бир хил меҳнат шартномаси муаммо келтириб чиқарган ва якунда Тошкент жамоаси унинг «Ал-Дафра» клубига кетишига зўрға кўнганди. Ўшанда «Пахтакор»нинг янги инвесторлари вакиллари Самвел Бабаян даврида тузилган шартномаларга эга бўлмаганлиги боис, бироз қийин аҳволга тушиб қолишганди.

Аввал-бошидан таъкидлаб ўтай, «Пахтакор» футбол клуби расмий сайтида эълон қилинган шартномага қўл қўйиш фотосуратлари ва Тошкент клубининг ПФЛга ҳужжат топшириш ишини амалга оширганлигидан келиб чиқиб, яъни мавжуд (кўриниб турган) фактлардан келиб чиқиб, Азиз Турғунбоевни «шерлар» футболчиси деб ҳисоблаяпман.

Шу ўринда Азиз Турғунбоев иши бўйича миллий қонунчилик ва футбол ҳуқуқи (аслида, бундай ҳуқуқнинг ўзи йўқ!) юзасидан бир ёндашиб кўрсак. Яъни, «Навбаҳор» футбол клуби уни ўз таркибида қолдириши учун қандай усулдан фойдаланаётгани менга қоронғу, лекин улар Азиз Турғунбоевга шахсий мулки сифатида қарашмоқда. Чунки «Навбаҳор» шарт­номаси якунланиб бораётган футболчини клубда олиб қолиш учун яқин-олис даврларда қўлланилган (!) ва синовдан ўтган (!!) усулдан фойдаланмоқчига ўхшайди. Ваҳоланки - ҳозир XXI аср!

Амалдаги Меҳнат кодексининг 6-моддасига биноан, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади. Футболчилар билан тузилаётган шарт­номалар ҳам хизмат кўрсатиш шартномаси эмас, балки меҳнат шартномаси ҳисобланади!

«Навбаҳор» клуби раҳбарияти, балки муайян бир шахс футболчи Азиз Турғунбоев билан меҳнат шартномаси тузган бўлиши мумкин, фақат 2018 йил учун. 2019 йил учун «Навбаҳор»нинг контракти йўқ, шекилли, бўлганда балким тақдим этишарди.

Бизга қизиғи, бу ерда икки клуб мухлислари ёки менежерларининг даҳанаки тортишуви эмас, балки ҳар икки клубнинг юристи баён этиши лозим бўлган позиция муҳим. Ҳар икки клубнинг ҳам ўз расмий веб-сайти бор. Марҳамат, шу восита орқали юристлар ўз клубларини, у тузаётган шартномаларни ҳимоя қилсин. Ҳар ҳолда, ПФЛ «разбори»гача!

Агарда «Навбаҳор» ПФЛ талабига биноан Азиз Турғунбоев билан шартномани («задний число» билан тузилиш эҳтимоли бор) тақдим этадиган бўлса, у ҳолда бу футболчидан амалда фойдалана олмайди. Чунки бунга ФИФА талаблари йўл қўймайди. Боз устига, «Пахтакор» ҳам ўз шартномасини кўрсатади ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришади. Футболдаги оддий шу ҳақиқатни Азиз ё тушунмаяпти ёки унга «осмон-осмон» ваъдалар бериляпти, бизнингча.

Россиялик агент Андрей Митрофанов бундан буён воқеалар марказида бўлиши лозим. Агарда у ҳақиқатан ҳам футболчининг ўсишидан манфаатдор бўлса, унда ҳақиқий деб топиладиган шартномага эга клуб билан футболчи келажагини муҳокама қилиб олиши лозим. Аслида, Азизга спорт ҳуқуқи билан шуғулланадиган юртимиздаги малакали ҳуқуқшунослар билан ишлашни тавсия этган бўлардим.

Қримдаги «Навбаҳор» йиғинларида иштирок этаётган Азиз Турғунбоев шу ўринда на ҳуқуқшунос, на агент маслаҳатидан фойдаланяпти. Ўтган мавсум бошида ҳам «Навбаҳор» мутасаддилари унинг россиялик агенти борлигидан, футболчи ва унинг ўртасида шартнома мавжудлигидан бохабар бўлганлар. Азизнинг хориж клубига кетиб қолиш хавфи борлигини, 2018 йил ёзига келиб, унда бошқа футбол клублари билан музокара ўтказиш ҳуқуқи ишлай бошлашини улар жуда яхши англаганлар.

Футболчи ҳам охиригача профессионал бўлишга интилдими, ё Наманган клуби чемпион бўлишига ишондими, «Навбаҳор»да қолди. Клуб раҳбарияти эса бунинг қадрига етмади. Аксар мутахассислар таъкидлаганидек, клуб футболчини ўз шахсий футболчиси деб ўйлаб, уни дисквалификация сари етакламоқда. Бизнингча, «Нав­баҳор» агар футболчи учун курашда юридик жиҳатдан ютқазиб қўядиган бўлса (бунинг эҳтимоли анча баланд), унда футболчини ижарага олиш варианти ҳам йўқ эмас. Мабодо, «Пахтакор» бу вариантга рози бўлса, уни ярим ёки бир йил, балким янада узоқроқ муддатга ижарага бериши (Азиз Турғунбоев ва «Пахтакор» ўртасидаги шартнома муддатидан келиб чиқиб) мумкин.

Футбол мутахассислари билишадики, «Босман иши» туфайли футболчиларнинг ҳуқуқлари илк бора ҳимоя қилинган ва уларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилганди. Азиз ҳам ўзбек футболида футболчи сифатида ўз саҳифасини яратади, шекилли. Унда иккита вариант бор - ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайдиган ёки ўз профессионал фаолияти йўлида маҳаллий клубга тобе бўлиш инс­тинктидан воз кечган иқтидорли футболчи бўлиш!

Бир шахснинг иккинчи шахсга эгалик қилиш ҳоллари бундан асрлар олдин тугатилган деб ўйлардик ва ишонамизки, буни миллий жамоамиз аъзоси Азиз Турғунбоев ИСБОТЛАЙ ОЛАДИ!

 

Азизбек Турғунбоев «Навбаҳор» клуби мухлислари етакчиси Фарҳод Умаралиев билан суҳбатда бугунги кунда тарқалаётган гап-сўзлар юзасидан фикр билдирди.

- Олдин ҳам айтгандим, яна айтаман. «Навбаҳор»да қоламан. Агент билан боғлиқ гапларга келсак, уни танимайман, у билан ҳатто кўришган ҳам эмасман. Ҳеч қанақасига менга бутса олиб бермаган. Ҳаётингизда бирор маротаба кўришмаган одам шундай қилиши мумкинми? Бу ёлғон. Умуман агентга мурожаат этмаганман ҳаётимда. Қолаверса, шахсий ҳаётимни ҳал қилишга унинг ҳаққи йўқ. Кетишим ёки қолишим ҳақидаги гапларга келсак, мен «Навбаҳор» мухлислари учун ҳам жамоада қолдим. Шу вилоятда туғилиб-ўсдим. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли шу даражага чиқдим. Ишқибозлардан турли гап-сўзларга ишонмасликларини сўрардим. Баъзи мухлислар сўрашяпти: «Навбаҳор»да қолишим учун шартномани мажбурлаб қилдиришдими ёки кимдир босим ўтказяптими? Йўқ, бундай нарсалар умуман бўлмаган. Ўз хоҳишимга кўра «Навбаҳор»да қолишни маъқул топдим. Турли ёлғонларни қаердан топишади, ҳайронман», - деди Турғунбоев.

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ, ҳуқуқшунос-магистр


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz