Қайднома

Қидирув

Игнатий НЕСТЕРОВ: «Яна битта ўйиндан кейин термадан кетсам керак»

Игнатий НЕСТЕРОВ: «Яна битта ўйиндан кейин термадан кетсам керак»

  05.02.2019 03:38
  0
  643
Игнатий НЕСТЕРОВ: «Яна битта ўйиндан кейин термадан кетсам керак»

БАА яшил майдонларида ўтаётган Осиё кубоги-2019 якуни сари яқинлашмоқда. Яна битта учрашувдан сўнг мусобақа тарих саҳифаларидан жой олади. Илк бор 24та терма жамоа иштирок этган қитъа чемпионати кутилмаган натижалари билан эсда қоладиган бўлди. Турнир олдидан ким ҳам ўйлабди дейсиз Қатар термасининг финалга қадар етиб келишини?! Ушбу мамлакатнинг оптимистик руҳдаги камсонли ишқибозларигина ўз жамоалари финалда ўйнашини тахмин ёки ният қилишган. Улар орасида Қатар номидан ЖЧ-2022 элчиси бўлган ва бир неча йилдан бери ушбу мамлакатда тўп суриб келаётган Хави ҳам бор эди. Ҳа, айнан испаниялик юлдуз финалда Япония ва Қатар ўзаро тўқнаш келади, деган тахминни илгари сурганди. Хави ҳатто ярим финалнинг битта жуфтлигини ҳам аниқ топди - Япония - Эрон! Иккинчи жуфтликда эса Австралия ва Қатар ўйнайди, дея башорат қилганди. Агар финалда қатарликлар ғалаба қозонишса, у ҳолда Хавига «испаниялик саккизоёқ» таърифини берсак бўлади, назаримда.

 

Ўз ўрнида, ушбу Осиё кубоги Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам ўзига хос воқеликлар билан ёдда қоладиган бўлди. Мусобақада Эктор Купер бошчилигида иштирок этган жамоамизнинг нимчорак финалдан сўнг аламли тарзда уйга қайтганидан хабарингиз бор, албатта. Футболчиларимиз Австралияга қарши кечган тўртта бўлимдан иборат драматик учрашув якунида пенальтилар сериясида имкониятни бой беришди. Ўша оқшом «Локомотив» футболчилари катта саҳнага чиққан лотереялар баҳсида омад яна биздан юз ўгирди. Ислом Тўхтахўжаев ва эндиликда собиқ «темирйўлчи»га айланган Марат Бикмаев 11 метрли нуқтадан зарба йўллашда адашишди. Игнатий Нестеров эса рақиб жамоанинг иккинчи зарбасини бартараф этиб, термамизга яхшигина имконият ва устунлик тақдим этганди. Афсуски, бу имкониятдан футболчиларимиз фойдалана олишмади. Иккинчи бор пенальтилар сериясида омадсизликка учраган Марат энди «нуқта»га ўйлаб яқинлашса керак. Эсингиздами, 2004 йилги Осиё чемпионатида ҳам айнан Бикмаев пенальтилар сериясида ноаниқ зарба йўллаганди. Хуллас, биз учун анча ижобий якунланиши мумкин бўлган Осиё кубогида ҳатто саккизликка ҳам кира олмадик. Ваҳоланки, мусобақа «сеткаси» биз учун жуда қулай келганди.

Терма жамоамиз сафида қитъа чемпионатида энг ёрқин ўйин намо-йиш этганлардан бири - Игнатий Нестеров мусобақа якунланиши билан Саудия Арабистонининг «Ухуд» клуби билан шартнома имзолади. Эътибор беринг, киперимиз 35 ёшида илк бор легионерлик мақомига эришди. Ҳозирча у янги клуби сафида дебют қилгани йўқ. Унинг жамоаси миллий чемпионатда «Ал-Наср» уйида меҳмон бўлиб, йирик (0:4) ҳисобда мағлубиятга учради. Нестеров бу ўйин қайдномасига киритилмади. Маълумот учун, Саудия Арабистони чемпионатида «Уҳуд» 17-турдан кейин энг сўнгги поғонада бормоқда. Ушбу мавсум 6 очко тўплаган клубнинг тўплар нисбати қониқарли эмас - 9-36. 2014 йилдан буён «Локомотив» шарафини ҳимоя қилиб келган ва ушбу клуб таркибида кетма-кет уч бор Ўзбекистон чемпионлигини нишонлаган Игнатийга янги жамоасида омад тилаймиз. У 4 йиллик фаолияти давомида «Локомотив» либосида жами 160та расмий ўйинда (14 433 дақиқа) майдонга тушган. Дарвоқе, Нестеров жами 5та Осиё кубогида қатнашган қитъамизнинг ягона футболчиси ҳисобланади. Бунгача киперимиз 2004, 2007, 2011 ва 2015 йиллардаги қитъа биринчиликларида ўйнаган. Игнат билан суҳбатимиз айнан мана шу мавзудан бошланди.

- Игнатий, Уммонга қарши кечган гуруҳ босқичининг илк ўйинидан сўнг расман бешта Осиё кубогида майдонга тушган футболчига айландингиз. Қитъада ягона бўлиш ҳисси бошқача таъсир ўтказаётган бўлса керак?

- Биласизми, агар термамиз Осиё кубогида имкон қадар узоқроққа етиб борганида, сиз айтаётган туйғу ҳақиқатан ҳам жуда тотли бўларди. Афсуски, Австралия билан бўлиб ўтган пенальтилар сериясидаги мағлубият бу рекорд натижага соя солмоқда. Шундай бўлса-да, бу статистик маълумот, Осиё рекорди ва бундан ўзим ҳамда мен билан ўтган бешта қитъа чемпионатларида елкама-елка тўп сурган дўстларим учун хурсандман. Бу бизнинг умумий эришган ютуғимиз, десам тўғрироқ бўлса керак.

- Келинг, яна ўша биринчи ўйин-ни эсга олсак. Уммонга қарши баҳс биз ва рақиб жамоа учун финалдек ўтди. Бу ўйинда очко йўқотишимиз ҳам мумкин эди. Тўғрими?

- Финалдек ўтди, деган гапингизга қўшиламан. Ўша ўйинда ғалаба қозонган жамоа гуруҳдан чиқиш масаласини деярли 90 фоизга ҳал қиларди. Чунки назарий жиҳатдан олиб қараганда, жуда кўпчилик Ўзбекистон ва Уммон терма жамоаларига иккинчи йўлланма учун даъвогар сифатида қараганди. Япония эса гуруҳ фаворити эди. Шу жиҳатдан ҳам бу ўйин кутилганидек кескин руҳда ўтди. Уммоннинг ҳужумлари анча шиддатли тус олди. Яхшигина тер тўкишимизга тўғри келди. Кейин барибир, мусобақанинг илк ўйини бўлгани сабабли ҳам жамоалар бироз эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Ҳаммаси биз учун хайрли якунланди ва қийин кечган учрашувда муҳим уч очкони қўлга киритдик.

- Туркманистон билан ўйинда осон ғалабага эришдик. Лекин учрашув олдидан бироз ҳадик ҳам йўқ эмасди. Шу фикрга қўшиласизми?

- Марказий Осиё дербиси бўлгани учун ҳам бу ўйинда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин эди. Қолаверса, Туркманистон биринчи турда Японияни қийин аҳволга солиб қўйганди. Кучли жамоа дарвозасини икки бор ишғол қилган туркманларнинг бизга қарши ўйинда ҳам қаҳрамонлик кўрсатишларини кўпчилик кутган, тахмин қилганди. Лекин ўйинда барибир, футболчиларнинг тажриба ҳамда маҳорати ўз сўзини айтди ва биз йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Балки Туркманистон жамоаси Японияга қарши баҳсда катта куч сарфлаб қўйгандир?! Бу ҳам мағлубиятнинг бир омили бўлса керак.

- Япония билан учрашув гуруҳ ғолиби номини аниқлаб бериши билан аҳамиятли эди. Афсуски, дуранг ҳам бизни қаноатлантирадиган ўйинда ютқаздик. Ўша учрашувга қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Иккала жамоа ҳам гуруҳдан чиқиш вазифасини муддатидан аввал бажариб бўлганди. Шунинг учун ҳам футболчилар бу ўйинда босимсиз ҳаракат қилишди. Иккала жамоа мураббийлари ҳам асосий таркибнинг бир неча футболчилари хизматларидан фойдаланмаслик маъқул кўришди. Афсуски, ўйиндаги ҳисобни очган бўлсак-да, якунда ғалаба ёки дурангни сақлаб қолиш насиб этмади. Кўпчилик бизни дуранг ҳам қониқтирарди, ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнасак бўларди, деган фикрларни билдирди. Лекин унутмаслик керакки, Япония ҳимояда ўйнайдиган жамоа эмас.

- Осиё кубогидаги сўнгги ўйинимиз Австралияга қарши кечди ва аламли якун бўлди...

- Биз бу баҳсга яхши тайёргарлик кўргандик. Таркибдаги барча футболчиларнинг кайфияти аъло даражада эди. «Плей-офф»да ютқазган жамоа мусобақани тарк этиши боис, жамоа-ларда эҳтиёткорлик ҳам бор эди. Австралия кучли жамоа, бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қатар-2011нинг ярим финалида бу жамоадан қабул қилиб олинган мағлубиятни шахсан мен аллақачон эсдан чиқариб юборгандим. Лекин барибир, ўша ёқимсиз хотира хаёлимизнинг бир четида турганди ва биз ўша мағлубият учун муносиб реванш олишни мақсад қилгандик. Аслида футболда хотиралар билан яшамасдан, олдинга интилиш зарур. Мақсадимиз кўп гол уриш эмас, ҳар қандай ҳисобда бўлса ҳам ғалаба қозониб, ке-йинги босқичга йўл олиш эди. Афсуски, пенальтилар сериясида омадимиз келмади. Дарвозани яхши қўриқлаганим замирида шерикларимнинг меҳнати мужассам. Улар менга ёрдам беришди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам австралияликларга қарши муносиб ўйин намойиш этдик, деб ўйлайман. Айрим футболчиларимизга бундай кучли рақибга қарши баҳсда бироз тажриба етишмади. Ҳеч нимага қарамай, биз характер намойиш этдик. Яна бир бор афсус, бундай якун бўлишини кутмагандик. Менимча, Тошкентда яна битта хайрлашув ўйинини ўтказаман ва кейин терма жамоадан кетсам керак. Фурсатдан фойдаланиб, БААга келиб, бизни қўллаб-қувватлаган барчага, Ўзбекистонда телевизор қаршисида ўйинларимизни томоша қилган ҳамюртларимизга раҳмат айтаман. Менга ишонч бағишлаган оила аъзоларимга миннатдорчилик билдираман.

- БАА яшил майдонлари сиз учун бегона эмасди...

- Ҳа, 2003 йили БАА U-20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганди. Ўшанда Ўзбекистон ўз тарихида илк бор ушбу мундиалда иштирок этганди. Ўша таркибда мендан ташқари ҳозирги Осиё кубогида иштирок этган Марат Бикмаев ҳам бўлган. Гуруҳ босқичида Аргентина, Мали ва Испания терма жамоаларига қарши тенгма-тенг ўйин намо-йиш этгандик. Ҳамон эсимда, гуруҳ ўйинларининг ҳаммаси «Шаржа» стадионида бўлиб ўтганди.

- Осиё кубогидаги ишончли ўйинларингиз сабаб сизни ўз таркибида кўриш истагини бир нечта хориж клублари билдирди ва якунда Саудия Арабистони жамоасидан тушган таклифни қабул қилдингиз. Умуман, бу трансфер қандай амалга ошди?

- Агентлар томонидан Саудия клубидан таклиф бўлаётганини айтишди. Таклифни ўрганиб чиқиб, унга розилик бердим. Ҳар бир футболчи легионер сифатида ўзини синаб кўришни истайди. Аслида, легионер мақомида бундан бир неча йил олдин ўйнашим керак бўлган. Лекин ўшанда ўзимга боғлиқ бўлмаган факторлар сабаб трансферлар амалга ошмай қолганди. «Ҳечдан кўра кеч», деган мақолга риоя қилган ҳолатда «Уҳуд» билан шартнома имзоладим. Осиё кубогидаги иштирокимиз якунланганидан сўнг келишувга эришдик. Ҳа, янги жамоамнинг чемпионатдаги ишлари юришмаяпти. Шундай паллада ўз ўйинларим билан клубга ёрдам беришга астойдил ҳаракат қиламан.

 

Игнатий Нестеровга оид статистик маълумотлар:

Нестеров бешта Осиё кубогида иштирок этган қитъамизнинг ягона футболчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, у Ўзбекистон рекордини ҳам такрорлади. Гап шундаки, ОКда терма жамоамиз сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи Темур Кападзе саналарди. Унинг ҳисобида 17та ўйин бор эди. Нестеров Австралияга қарши кечган учрашувда қитъа кубогидаги 17-ўйинида майдонга тушди. Одил Аҳмедов ва Анзур Исмоилов ҳисобида 13тадан ўйин бор. Қуйида Осиё кубокларида Ўзбекис-тон терма жамоаси таркибида энг кўп майдонга тушган футболчилар номи келтирилган:

Темур Кападзе, Игнатий Нестеров - 17тадан ўйин

Сервер Жепаров - 15

Азизбек Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов - 13

Александр Гейнрих - 12

Максим Шацких, Санжар Турсунов - 10

Виталий Денисов, Виктор Карпенко - 8

Шунингдек, Нестеров Осиё кубогининг гуруҳ босқичида энг кўп «сейв» амалга оширган дарвозабонлар рўйхатига ҳам киритилди:

Амир Шафи (Иордания) - 15та «сейв»

Мамед Оразмуҳаммедов (Туркманистон), Майкл Фалкесгаард (Филиппин) - 14та

Игнатий Нестеров (Ўзбекистон) - 12та

Маҳди Ҳалил (Ливан) - 10та

Файз Ал-Рушайди (Уммон), Мэттью Райан (Австралия) - 9та

Қутман Кадирбеков (Қирғизистон), Сиварак Тедсунгноэн (Таиланд), Рами Ҳамада (Фалас-тин) - 8та

------------------------------------------------------------

Игнатий Нестеровнинг миллий чемпионатимиздаги статистикаси:

2001 - «Динамо»; 24та ўйин

2002-2009 - «Пахтакор»; 192та ўйин

2010-2013 - «Бунёдкор»; 137 ўйин

2014-2018 - «Локомотив»; 160 ўйин

2002-2019 - Ўзбекистон миллий терма жамоаси; 106 ўйин

Айтганча,  Игнатий Нестеров янги клуби "Уҳуд" таркибида Саудия Арабистони чемпионатининг 18-туридан ўрин олган "Ал-Иттифоқ"қа қарши ўйинда дебют қилди. Нестеровнинг дебюти омадли келиб, "Уҳуд" жамоаси мазкур ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳамюртимиз учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz