Қайднома

Қидирув

Футболимиз эскича яшашни истамайди

Футболимиз эскича яшашни истамайди

  07.02.2019 01:21
  0
  595
Футболимиз эскича яшашни истамайди

Қатар терма жамоаси ниманинг ҳисобига Осиё чемпиони даражасига кўтарилди? Замонавий инфратузилма, ЖЧ-2022да яхши иштирок этишни таъминлашга мўлжалланган ва малакали мутахассислар томонидан маъқулланган стратегик режа, вазиятга қараб, режани изчил ижодий бойитиб бориш ҳисобига! Аксарият мухлислар ва мутахассислар Осиё кубоги-2019 якунидаги тарихий воқеани шундай баҳолашмоқда. Бу асос ва хулоса барчага аён. Уларни ҳеч ким инкор этмайди ҳам. Ҳаммаси тўғри, мантиққа мос. Лекин яна бир қатор фактлар борки, мухлисларда янги-янги саволларни келтириб чиқараверади. Нима, Африка футболи вақтида замонавий инфратузилма ёки махсус режалар воситасида еврофутболни чўчитиб юборганмиди? Бразилиядаги минглаб ҳужжатли-ҳужжатсиз мураббийлар қай мақсад йўлида истеъдодли болаларни катта футболга тайёрлашади?

Жанубий Америка ва Африка футболида тирикчилик ғурур билан ёнма-ён яшайди. Яхши яшаш учун курашиш иштиёқи болалар ва ўсмирлар футболи мураббийларига асло тинчлик бермайди. Улар учун футбол ҳаёт мазмуни ва пул топиш манбаига айланган. Япония, Жанубий Корея, Қатар каби Осиё давлатларида эса болалар ва ўсмирлар футболи катта-катта сармоялар сарфланиши билан тирик. Барибир, яна савол туғилади: бой давлатларнинг барчасида ҳам футбол ривожланмаган-ку?! Дейлик, Сингапур халқи учун Осиё кубогида ғолиб чиқиш ёки жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этиш ҳозирча ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланмайди. Кипр, Люксембург, Лихтенштейн, Гибралтар каби митти мамлакатларда футбол - оддий кўнгилочар машғулот. Келажакда бу мамлакатлар жамоалари ҳам Исландия термаси йўлидан боришни хоҳлаб қоладими-йўқ - буни билмаймиз.

Хуллас, футбол хўрози ҳамма жойда бир хил қичқиравермайди. Биз эса ҳамон «Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деб юрибмиз ва табиат ҳодисасини ижтимоий воқеликка ноўрин қиёслаганча адашмоқдамиз. Тилга олинган фактлардан аёнки, футболда бой-камбағаллик ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Футбол ривожи учун талаб қилинадиган асосий тушунчалар - ИНСОФ, ДИЁНАТ, ҲАЛОЛЛИК! Бошқа барча омиллар шу тушунчалардан пастда туради. Футболимизнинг тараққиёт концепцияси, Суперлига формати ва регламенти шу 3та шарт байроғи остида тузилмас экан, клубларимиз ва терма жамоаларимиз қайсидир нуқтада оқсайверади. Футболимиз ҳаётига тааллуқли жамики ҳужжатлар холис ва зукко хорижлик экспертлар иштирокида ишлаб чиқилмаса, уларга қатъий амал қилиш талаби қўйилмаса, маълум манфаатлар тараққиёт йўлини тўсаверади.

Ҳар қайси мураббий ёки футболчи Абдулла Қодирийнинг суддаги нут­қини, Мирзо Анварнинг жаллод қаршисидаги, Отабекнинг хон ҳузуридаги мардона сўзларини эслайди. Балки эслар, балки эсламас. Майли, эсламасин! Лекин футболни шахсий манфаа­тидан устун қўйсин! Жаҳонга машҳур футболчиларнинг билими ҳам ошиб-тошиб кетмаган, албатта. Асосийси, улар ўйнаётган футбол алдов ва қаллобликдан йироқ. Бизда эса қайсидир мураббий ёки футболчи «ярқ» этиб кўзга ташланади-ю, сал ўтмай унга алоқадор миш-мишлар тарқалади, машмашалар бошланади. Мана, Илҳом Мўминжоновнинг «Навбаҳор»­га меҳнати сингди. Айнан унинг даврида жамоа қаддини тиклади. Хўш, ке­йин-чи? Футболимизни оёғидан занжирлаган, аслида мавжуд, аммо бирор мураббий ёки футболчи очиқ айтолмаган ҳақиқат бирдан унга ташланди. Ўшанда футболимиз муҳити бирдан тўлғанди, учқун аланга олишини кутди. Шу ҳақиқат алангасида барча иллатлар куйиб кул бўлишидан умидланди. Йўқ, афсуски, иллат эгалари бир футболчининг алам устида айтган сўзларидан қўрқиб кетишди ва инқилобий вазият «босди-босди» қилинди. Бугун Илҳом Мўминжонов «Сурхон»­да ва унинг талабларини бажаришга тайёр футболчилар ҳам шу жамоа­да. Аёнки, ушбу мураббий ва унга эргашганларнинг ҳаракатлари футболимиздаги якка-ёлғиз ҳодиса саналмайди. Борингки, айни шу ҳолат, яъни профессионаллик табиатига зид бемақсад ва вақтинчалик кўчиб ўтишлар футболимизнинг оёғига болта урмоқда. Биз шу мавзуда бундан 8 йил аввал «Сайёрлик синдроми» номли мақола ёзиб, футболимиз келажагидан хавотирлангандик. Таассуфки, орадан шунча вақт ўтса ҳамки, бу борада ҳеч бир ўзгариш сезилмади. Мана, 25 йилдирки, мураббийлар ва футболчиларнинг парда ортидаги киши билмас келишувлари ҳамон яшамоқда. Акс ҳолда, Азиз Турғунбоев трансфери масаласи ЎФА даражасидаги муҳокамага айланмасди. Тўғри, ишончли манбаларда айтилишича (мақола якшанба куни ёзилган - муал.), «Пахтакор» раҳбарияти тайёрлаган фотоальбом ва ҳужжатлар тўпламида тегишли ҳуқуқий жиҳатлар ўз аксини топган. Агар ўша далиллар сўзга кирса, масала «Пахтакор» фойдасига ҳал бўлади. Бироқ «Навбаҳор» мутасаддилари, хусусан, мухлислар бунга кўнишни исташмаяпти. Нега?! Негаки, бу жараёнга биз қайта-қайта такрорлайдиган иллат - манфаат аралашган. Келишувлар пайти ИНСОФ, ДИЁНАТ, ҲАЛОЛЛИК унутилган. Футболимиз бу тушунчалардан холи яшар экан, унинг келажаги ва тараққиёти шубҳа остида қолаверади. Мухлислар эса зарда ила «Борнмут» «шок» ҳолатига туширган ва аламини «Хаддерсфилд»дан олган «Челси»дан, шогирдлари мағлубиятини ҳазм қилолмаган Маурицио Саррининг ички суронидан ҳузурланаверишади.

Эскича яшашни истамаган, қотиб қолган осиёча андозалардан воз кечган Қатар футболи бизни ҳайратлантира-ҳайратлантира чемпионликни нишонлади. Факт шуки, вакилларимиз учун қулай рақиб ҳисобланган Қатар терма жамоаси Осиё грандларини енгди. Аламли фактми бу? Аламли, албатта! Кошки бу алам мутасаддилар, мураббийлар, футболчилар юрагини ўртаса, оромини бузса, нопок ишлардан қайтарса... Кошки...

Уларга яна бир марта эслатамиз: мухлисларнинг юрак-бағри армону аламлардан эзилиб, қон бўлиб оқмоқда. Футболимиз энди эскича яшашни истамайди. Коррупцияга чек қўйилмаса, иллатлар занжири парчалаб ташланмаса, Эктор Купер савиясидаги ўнлаб мураббийлар ҳам терма жамоамизни жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиқолмайдилар. Жамоа­миз ФИФАнинг бағрикенглиги сабаб чиққан тақдирда ҳам, шарманда бўлишдан нарига ўтмайди. Зеро, моҳият ўзгармаса, ҳақиқат қуёши ҳам бор бўйича порламайди. Қоронғулик ичра ёқилган шамлар футболимиз кўнглини ёритолмайди асло. Хуллас, футболимизнинг кирлантирилган кўнгли ҳар қачонгидан кўра кўпроқ тоза ҳаво истамоқда...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz