Қайднома

Қидирув

«Эль-Класико»: «Реал» бугун «Барселона»га қаршилик кўрсата оладими?

«Эль-Класико»: «Реал» бугун «Барселона»га қаршилик кўрсата оладими?

  06.02.2019 23:44
  0
  207
«Эль-Класико»: «Реал» бугун «Барселона»га қаршилик кўрсата оладими?

Бугун, 6 февраль куни Барселонада Испаниянинг икки азалий рақиб жамоалари ўртасида мамлакат кубоги ярим финалининг дастлабки тўқнашуви бўлиб ўтади.

Фото: Google Images

На «Барселона» ва на «Реал» Испания Кубоги ярим финалида ўзаро дуч келишни хоҳлади. Аммо тақдир уларни яна учраштириб қўя қолди. Иккала жамоа ҳам тиғиз тақвим сабаб ҳам финалдан олдин бир-бирига дуч келишни хоҳламаганди. Масалан, «Барселона» билан ўйиндан сўнг «Реал»ни икки сафар ўйини кутиб турибди. Рақиблар эса анойи эмас —  «Атлетико Мадрид» ва «Аякс». Каталонияликлар эса ўз ўрнида 19 февралдан 2 мартга қадар ўта мураккаб 4 та сафар учрашувини ўтказиши керак. Жумладан, клуб мазкур вақт оралиғида «Лион», «Севилья» ва икки бор «Реал» (бири кубок жавоб ўйини бўлса, бири Ла Лига доирасида) меҳмони бўлади. Ҳавас қилиб бўлмас тақвим-а, шундай эмасми, азиз мухлис?

Бу клублар учун қанчалик муаммо бўлса, футбол мухлислари учун яна қўшимча байрам. Торт устидаги олча мисоли. Сўнгги «Эль-Класико» ёдингиздами? Ҳа, тўғри эсладингиз. «Реал» бугун меҳмон бўладиган «Кам Ноу»да шармандали ҳисобда (5:1) мағлуб бўлган, охир-оқибатда эса мураббийсиз қолганди. Энг қизиғи, «Барселона» мазкур ғалабага Лионель Мессисиз эришганди. Хулен Лопетеги бўлса йирик ҳисобдаги мағлубият сабаб Мадриддан бадарға қилинди. Унинг ўрнига эса «қутқарувчи» ролини бажариши лозим бўлган Сантьяго Солари олиб келинди. Хўш, ўша мағлубиятдан сўнг «Реал»да нималар ўзгарди?

Катта эҳтимол билан ушбу ўйиндаги аввалгисида бўлгани каби йирик ҳисоб қайд этилмаслиги мумкин. «Қироллик клуби»нинг янги бош мураббийи Сантьяго Солари клубга яна ғолиблик руҳини қайтара олди. Кўпчилик ҳозирда «Реал» Солари қўл остида кучли ва жиддий рақибларга қарши ўйин ўтказмаганлиги ҳақида бонг урмоқда. Бироқ Зидан ва Роналду тарк этган «Реал»да бироз ўсиш кузатилганини тан олмаслик ҳам — деярли аҳмоқлик. «Реал»дан яна қўрқишмоқда ва уни ҳурмат қилишда давом этишмоқда. Бунда эса Соларининг хизматлари беқиёс.

Бугун эса Сантьяго «Камп Ноу»га илк бор «Реал» бош мураббийи сифатида келади ва ўз тарихини ёзишни бошлайди. Бугунги ўйин унинг учун ўта муҳим эканлигини сира шубҳа қилмаса бўлади, Солари эса ғалаба учун борини беришини рад этиб бўлмайди. Аргентиналик олдинда кутиб турган қийин сафар ўйинлари («Атлетико Мадрид» ва «Аякс»га қарши) ҳақида ўйламайди ва ўйинга катта кучни ташлайди. «Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальвердега келадиган бўлсак, жамоанинг илк учрашувни «Ноу Камп»да ўтказаётганлиги бироз босимни юзага келтириши мумкин. Боиси олдинда жавоб учрашуви, у эса «Сантьяго Бернабеу»да бўлади. Агарда ҳаммаси аксинча бўлганида Вальверде Мадридда ротацияга қўл уриш ва асосий кучни жавоб ўйинига олиб қўйиш имкониятга эга бўларди. Бугун эса бунинг асло иложиси йўқдек.

Бугун кимлар майдонда бўлади?

Кадрлар масаласи ҳақида гап кетганда  «Реал»да ҳаммаси аллақачон маълум бўлгандек. Боиси кубок баҳсларида «Реал» дарвозасини Кейлор Навас қўриқлаши аниқ. Қанотларда эса Ла Лиганинг 22-турида дам олган Дани Карвахаль ва Марселолар ҳаракатланиши кутилмоқда. Марказда эса Рамос—Варан тандеми. Ярим ҳимоя учлигини эса ўша эски трио: Тони Кроос—Лука Модрич—Каземиро ташкил қилади. Ҳужумда сўнгги ўйинларда тинмасдан голлар ураётган Карим Бенземанинг бўлиши аниқ. Қанотларда эса Лукас Васкес, Гарет Бэйл ёки Винисус Жуниорни кўришимиз мумкин бўлади. Васкес ҳақида гап кетар экан, у Солари қўл остида муҳим ўйинчилардан бирига айланди. Бугунги баҳсни унинг асосий таркибда бошлаши ва Бэйлнинг захирада қолиши ҳақиқатга яқинроқ. Боиси  Васкесда ҳеч қандай чарчоқ аломати ва қийнаётган эски жароҳатлар йўқ. Лукас ҳам ҳужумда ҳаракатланиши ва ҳимояга қайтиб ёрдам бериши мумкин. У бугун катта эҳтимол билан Жорди Албани зарарсизлантириш билан шуғулланади.

«Барселона» таркиби ҳақида гаплашадиган бўлсак, Каталония клубида бир қанча муаммолар борлиги айни ҳақиқат. Вальверденинг асосий муаммолари эса Мессининг кичик жароҳати ҳамда Дембеленинг шишиб кетган ангинаси. Усмоннинг майдонга тушмаслиги аниқ. У ўйин қайдномасига ҳам киритилмаган. Леонинг масаласи эса бугуннинг ўзида ҳал бўлади. Ҳар ҳолда унинг майдонга тушиши эҳтимол мавжуд. Эрнесто эса аввалроқ интервьюларнинг бирида Месси борасида таваккал қилмаслигини маълум қилганди. Аммо орада майдонга тушиш ёки тушмасликни Мессининг ўзи ҳал қилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳаммасини саноқли соатлардан сўнг билиб оламиз. Бошқа позицияларда эса деярли шубҳа-гумонга ўрин йўқ. Ҳужум триосини Филиппе Коутиньо—Луис Суарес—Карлос Аленя ташкил қилиши мумкин. Яқиндагина жамоага келиб қўшилган Кевин-Принс Боатенгнинг ҳам майдонга тушиш эҳтимоли йўқ эмас. Катта пуллар эвазига олинган Малком ҳақида бундай гапларни айтиб бўлмайди. У на жамоа раҳбариятининг ва на Вальверденинг ишончини қозона олди. Хуллас, у бугун майдонга тушишидан кўра тушмаслигининг эҳтимоли катта.

Тахминий таркиблар:

Жамоаларнинг сўнгги ўйинлари:

25.10.18, Ла Лига, «Барселона» — «Реал» 5:1 06.05.18, Ла Лига, «Барселона» — «Реал» 2:2 23.12.17, Ла Лига, «Реал» — «Барселона» 0:3 17.08.17, Испания Суперкубоги, «Реал» — «Барселона» 2:0 13.08.17, Испания Суперкубоги, «Барселона» — «Реал» 1:3

Жароҳат олганлар: Рафинья, Яспер Силессен, Умтити, Дембеле — Вальехо

Сўроқ остида — Месси

Қизиқ фактлар

«Реал» ва «Барселона» охирги ўзаро 27 та ўйиннинг 24 тасида 3 тадан кам гол урмаяпти. «Реал» Испания Кубогидаги сўнгги 38 та ўйиннинг 34 тасида ютқазмади. «Реал»га қарши сўнгги 3 та ўйинда «Барселона» камида 2 тадан гол урган.

«Барселона»—«Реал» 01:00

Испания Кубоги, ½ финал баҳслари

Беллашув ҳаками: Матео Лаос

«Football.ua» маълумотлари асосида Асрор Абдуназаров тайёрлади.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz