Қайднома

Қидирув

Японлар чиндан ҳам кучлими?

Японлар чиндан ҳам кучлими?

  08.02.2019 01:16
  0
  918
Японлар чиндан ҳам кучлими?

Терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки ҳали-ҳамон барчамизнинг диққат-марказимизда тургани ҳеч кимга сир эмас. Чунки футбол шундай спорт турики, ундаги натижалар, кўрсатилган ўйин сифати доим баҳс-мунозараларга замин яратаверади. Аслида, футбол жозибаси ҳам шундадек, гўё. Дейлик, бош жамоамизнинг гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини олайлик: йигитларимиз хотиржам  - Япония термасига қарши муносиб тўп суришди, айниқса, биринчи бўлимда. Шунингдек, учрашувдан кейин «Японлар бизни менмисай, асосий таркибда 10та ўзгариш қилишди, аммо ютишди, барибир»қабилидаги аламли фикрлар ҳам пайдо бўлгани бор гап. Лекин аслида шундаймиди? Ўша баҳсда рақиб таркиби нега кескин ўзгарди? Умуман, японлар терма жамоамиз ҳақида қандай фикрда эдилар? Биз бу саволларга жавоб излаб, Япония матбуотига юзландик ва эътиборга арзийдиган қизиқ маълумотларга эга бўлдик.

 

Сўнгги йилларда чет тилларини ўрганиш, хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишга қизиқадиган ёшларимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани изланишларимизда жуда қўл келди. Аниқроқ айтсак, япон матбуотидаги мақолалар билан танишиш мақсадида ана шундай ёшларимиздан бири, футболга бефарқ қарамайдиган укамиз Фаррух Меҳмоновдан ёрдам сўрадик. Ўзаро мулоқотдан сўнг маълум бўлишича, аслида японлар терма жамоамизга қарши ўйиндан олдин қаттиқ хавотирга тушишган. Жумладан, ҳар куни икки марта чоп этиладиган ва тонгги сонининг адади 7 миллион нусхадан ортиқ бўлган «Асахи Симбун» газетасида шундай фикрлар билдирилган: «Ўзбекис­тон термаси техникага асосланган тажовузкор ўйин кўрсатади. Айнан шу омиллар эвазига термамизни анча-мунча қийнаган Туркманистон жамоасини йирик - 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Япония терма жамоаси эса гуруҳ ўйинларини жуда суст бошлади. Бунинг устига, таркиб кескин ўзгартирилгани учун Уммон ва Турк­манистон жамоаларига қарши кечган баҳсларни  катта хавотир билан кузатдик. Оддий айтганда, тажрибали футболчиларимиз дастлабки 2та учрашувда кутилганидек тўп суришолмади. Тўғрироғи, фахрийлар ва ёшлар ўртасида кўплаб тушунмовчиликлар кузатилди. Шу боис, бугунги беллашувда Хажиме Мориясу ёшларга кўпроқ имкон бериши шарт. Чунки уларда фахрийларга нистабан иштиёқ баландроқ ва биз айнан шу курашувчанлик эвазигагина Ўзбекистон термасини мағлуб этишимиз мумкин».

Фаррухбекнинг таъкидлашича, бевосита ўйин арафасида спортга ихтисослашган маҳаллий телеканаллардан бирида Ўзбекистон термасига бағишланган махсус кўрсатув берилган. Унда япон мухбирлари ва мутахассислари нақ 1,5 соат давомида Эктор Купер шогирдларининг камчилик ва устунликларини таҳлил қилишган. Эфир давомида японлар асосан 3 нафар футболчимиз  - Элдор Шомуродов, Анзур Исмоилов ва дарвозабон Игнатий Нестеровга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг деярли барча хусусиятларини ўрганишган. Таҳлил давомида айниқса, Шомуродов ва Нестеровнинг устунликлари кўп бора такрорланган. Японлар ҳаттоки, Нестеровнинг яқин масофалардан бериладиган зарбаларга нисбатан тезкор реакцияси ва узоқдан йўлланган тўпларни бир уринишда ушлаб қололмаслиги назардан четда қолдиришмаган. Демак, японларда биздан қўрқишга шунчалик асос бўлган.

Учрашув якунига етганидан сўнг Япониянинг яна бир машҳур нашри - «Никкей»да таассурот ва хулосалар қуйидагича ифодаланган: «Бугун терма жамоамиз қанчалик қийналганини барчамиз кўрдик. Хавфсираганимиздек, ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов барибир, дарвозамизни ишғол қилди. Унинг ҳимоячилардан қочиб кетиб, ўнг оёқда йўллаган зарбаси кучли бўлмасада, аниқлиги туфайли тўп дарвозадан жой олди. Бахтимизга, вакилларимиз ҳисобни тезда ўнглашди. Агар биринчи бўлим ўзбекларнинг устунлиги билан якунланганида, ўйин қандай натижа билан тугашини ҳеч ким айтиб беролмасди. Учрашув охири эса тўлиғича Ўзбекистон термасининг устунлигида ўтди. Гарчи бош мураббий Мориясу терма жамоа анчагина хотиржам ўйин ўтказганини айтаётган бўлса-да, аслида рақиб муносиб эканлиги яққол сезилди».

Қизиқ, финал баҳси Қатар термасига бой берилгач, япон жамоатчилиги қай ҳолатга тушди? Жумладан, «Майнити Симбун» газетасида шундай муносабат билдирилди: «Мусобақа бош совринини қўлга киритолмаганимиз ачинарли, албатта. Лекин биз Осиё кубогига ЖЧ-2022 саралишига тайёргарлик сифатида қараганимизни ҳам унутмаслик зарур. Энг муҳими, Эрон термасидек кучли рақибга қарши ўйин­да ёшларимиз ўзларини йўқотиб қўйишмади». Yahoo News порталининг вазиятга баҳоси эса бошқача: «Япония термаси ўйинида ўсиш эмас, пасайиш бўлаётгандек. Чунончи, ҳужумга отланган рақибни кутиб олишда муаммолар етарлича. Айнан шунинг учун Туркманистон ва Ўзбекис­тон термалари дарвозамизни биринчи бўлиб ишғол қилди. Мориясу нимани режалаштирганини билмаймизу, аммо унинг шогирд­лари биринчи бўлимларни жуда бўш ўтказишди. Турнирдаги деярли барча учрашувларда шу ҳолатни кузатдик. Ваҳоланки, Мориясунинг ихтиёрида финалгача 6та ўйин бор эди ва биринчи бўлимда фаолликни ошириш учун улардан фойдаланиши шарт эди. Шунда Қатар термасини тезкор гол эвазига шошириб, ўйин назоратини қўлга олсак бўларди. Умуман, барча омилларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Мориясу учун БААдаги чемпионат инқирозга айланди».

Дарвоқе, Япониянинг барча нашр­ларида финал учрашувига Равшан Эрматовнинг тайинланиши адолатли ечим сифатида маъқуллангани ҳам алоҳида эътиборга молик. «Кунчиқар юрт» вакилларининг хулосаларига кўра, ҳозирги вақтда чиндан ҳам, қитъада Эрматовдан кучлироқ ҳакам йўқ ва у ҳал қилувчи беллашув (гарчи японлар мағлубиятга учрашган бўлсада)да ҳам хатосиз ишлади.

Мана, Япония ОАВ муносабати билан танишиб олдик. Олинган маълумотлардан умумий хулоса чиқарсак, Ўзбекистон термаси турнирда ёмон иштирок этмаган. Ким билади, якунига етган мусобақа терма жамоамиздаги янги футболчилар учун ҳам тайёргарлик вазифасини ўтар ва улар худди японлар сингари ЖЧ саралаш баҳсларининг ўта муҳим баҳс­ларида ўзларини кўрсатишар? Ҳар ҳолда, шунга умид боғлаймиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz