Қайднома

Қидирув

Легионерга айланган футболчиларимиз: Алибоев, Рашидов, Нестеров...

Легионерга айланган футболчиларимиз: Алибоев, Рашидов, Нестеров...

  08.02.2019 15:58
  0
  366
Легионерга айланган футболчиларимиз: Алибоев, Рашидов, Нестеров...

Мавсумлар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бир қатор футболчилар хорижий клублар сафига ўтиб, легионерга айланишди. Эътиборингизга қайси футболчимиз қайси клубга ўтгани ҳақида қисқача таҳлилий маълумотларни келтириб ўтамиз.   Икром Алибоев - "Локомотив" - "Сеул" (Жанубий Корея) Икром Алибоев Тошкентнинг "Локомотив" клубида ажойиб мавсум ўтказди. Унинг Осиё чемпионлар лигаси 1-турида БААнинг "Ал-Ваҳда" жамоасига майдон марказидан урган голи турнинг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди. Кейин Алибоев ёзда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида ҳам ўзини кўрсата олди. У мусобақанинг чорак финалида Жанубий Кореяга қарши ўйинда дублга эришди.

Айнан мана шу ўйиндаги ҳаракатлари Кореянинг "Сеул" клуби раҳбариятида ижобий таассурот қолдирган шекилли, улар Алибоевга шартнома таклиф қилишди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси ўтган йилнинг 13 декабрь куни "Сеул" жамоаси аъзосига айланди.      "К-лига" мусобақасига март ойида старт берилади. Икром Алибоев жамоаси 3 март куни "Поханг стилерс" жамоасига қарши ўйин билан мавсумни бошлайди. 

  Достон Турсунов - "Нефтчи" - "Ренофа Ямагучи" (Япония) Ўтган йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионати мусобақасида Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг чемпионликка эришишига катта ҳисса қўшган футболчилардан бири, Фарғонанинг "Нефтчи" клуби сардори Достон Турсунов ўтган йил 17 декабрь куни Япониянинг "Ренофа Ямагучи" клуби билан икки йиллик шартнома имзолади. «Ренофа Ямагучи» Япония иккинчи дивизиони вакили ҳисобланади. Клуб ўтган мавсумда 22 жамоа орасидан 8-ўринни эгаллаган.    Япониянинг "J2" лигасида янги мавсум 24 февралда бошланади. Шу куни "Ренофа Ямагучи" жамоаси "Кашива Рейсол" жамоасига қарши баҳс олиб боради. 



Сардор Рашидов - "Локомотив" - "Насьонал" (Португалия) Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, "Локомотив" клуби ҳужумчиси Сардор Рашидов эндиликда Португалиянинг "Насьонал" жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Рашидовга Қатар, Саудия Арабистони ва БАА клубларидан таклифлар бўлганига қарамай, у Европа клубида ўйнашга қарор қилди. "Насьонал" клуби шу йилнинг 16 январь куни Сардор Рашидов билан 2,5 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилди.

Терма жамоамиз ҳужумчиси "Насьонал"да 77-рақамда ҳаракат қилади. Айни пайтда Португалияда 20-тур ниҳоясига етди. "Насьонал" клуби сўнгги турда "Витория Сетубал"га қарши майдонга тушиб, 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Рашидов жамоаси 21-турда "Бенфика"га қарши баҳс олиб боради. Ҳамюртимиз айнан мана шу ўйинда дебют учрашувини ўтказиши кутилмоқда.

  Игнатий Нестеров - "Локомотив" - "Уҳуд" (Саудия Арабистони) БАА яшил майдонларида ўтган мусобақада ўзининг 5-Осиё Кубогида иштирок этган ва бу кўрсаткич бўйича Осиёдаги ягона футболчига айланган Игнатий Нестеров терма жамоамизнинг юраги эканини барчага яна бир бор исботлай олди. Унинг ишончли ҳаракатлари кўплаб вазиятларда терма жамоамиз дарвозасини муқаррар голлардан сақлаб қола олди. Нестеровнинг ўйинлари нафақат мухлисларда, балки Саудия Арабистонининг "Уҳуд" жамоаси раҳбариятида ҳам катта тассурот қолдириб, клуб 27 январь куни Нестеров билан шартнома имзолаганини эълон қилди. 

Нестеровнинг пойқадами омадли келиб, "Уҳуд" жамоаси у қатнашган сўнгги иккита ўйинда мавсум бошидан бери илк марта кетма-кет иккита ғалабага эришганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Шунга қарамай, "Уҳуд" жамоаси 19та турдан кейин 12 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасида боряпти.

  Рустам Ашурматов - "Бунёдкор" - "Гвангжу" (Жанубий Корея) Ўзбекистон U-23 терма жамоаси таркибида Хитойдаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонган "Бунёдкор" аъзоси Рустам Ашурматов янги мавсумни Жанубий Кореянинг иккинчи дивизиони вакили "Гвангжу" таркибида бошлайдиган бўлди. "К лига 2" мусобақасида янги мавсумга март ойида старт берилади. Рустам Ашурматов жамоаси "Seoul E-Land" жамоасига қарши ўйин билан мавсумни бошлайди.

  Барча легионерларимизга ўзларининг янги жамоалари таркибида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!


Манба: ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz