Қайднома

Қидирув

Осиё Чемпионлар лигаси дебютанти АГМК баҳсларга шай

Осиё Чемпионлар лигаси дебютанти АГМК баҳсларга шай

  10.02.2019 20:28
  0
  687
Осиё Чемпионлар лигаси дебютанти АГМК баҳсларга шай

12 февраль куни Осиё Чемпионлар лигасининг саралаш баҳслари доирасида иккинчи босқич ўйинлари ўтказилади. Бу босқичдан мамлакатимизнинг икки вакили – Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда Олмалиқнинг АГМК клублари баҳсларга киришади.   “Шерлар”дан кўнгил анча тўқ, боиси Шота Арвеладзе шогирдлари ОЧЛда қатнашиш бўйича нафақат Ўзбекистон, балки қитъамизда бой тажрибага эга жамоалар сирасига киради. Боз устига мамлакатимиз вице-чемпиони қишки трансфер ойнасида таркибини етарли даражада кучайтиришга эришди ва ҳозирги ҳолатида ҳам “Пахтакор” қитъамиз клублари ўртасидаги энг нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичига чиқа олмаса, билмадим қачон чиқади?!   Ўзбекистон кубоги соҳиби АГМК эса мусобақа дебютанти саналади. Бунинг устига жамоанинг янги устози Миржалол Қосимов таркибда катта ислоҳотларни амалга оширдики, бу ҳам кишини бироз хавотирга солади. Олмалиқликлар сафида ўтган йилги таркибдан фақат 7 нафар футболчи қолган. Булар – Роман Абдулов, Ойбек Қиличев, Ғулом Ҳайдар Ғуломов, Жасур Ҳасанов, Зоҳир Пиримов, Зафар Полвонов ҳамда Шоҳназар Норбеков. Қолганлар билан клуб хайрлашди ва уларнинг ўрнига Миржалол Қўшоқович Олмалиққа ҳимоячилар – Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Сайдулло Раҳматов, Акмал Шораҳмедов, Мирғиёс Сулаймонов, ярим ҳимоячилар Мурод Тошматов, Миржамол Қосимов, Санъат Шихов, Дилшод Жўраев ҳамда ҳужум чизиғи вакиллари Шаҳзод Нурматов ва Жасур Ҳакимовларни чорлади.   Кўриниб турибдики, АГМК сафида яққол юлдуз футболчи йўқ. Қосимов имкониятдан келиб чиққан ҳолда яхши савиядаги футболчиларни тўплаб, қисқа муддатда рақобатбардош жамоа тузишга ҳаракат қилган. Бунинг яхши тарафи, таркибдаги футболчиларнинг савияси ва маҳорати деярли тенг, машҳурлик борасида ҳам баъзи футболчиларни истисно қилмаганда барча баробар. Бу эса янгидан шакллантирилаётган жамоада ҳар бир позиция учун рақобатни ошириб юборади. Рақобат бор жойда эса табиийки ўсиш ҳам бўлади.   Шу билан бирга АГМК сафида ОЧЛ ҳавосидан баҳра бўлган тажрибали футболчилар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Жасур Ҳасанов бу мусобақада “Машъал”, “Бунёдкор”, “Локомотив” жамоалари шарафини қилган ва унинг бой тажрибаси олмалиқлик футболчиларга қўл келади. Акмал Шораҳмедов ҳам бу мусобақада бир неча бор иштирок этган ва ниҳоят “Насаф”дан жалб этилган Сайдулло Раҳматов учун ҳам Осиё футболи бегона эмас. Улар ёнига Қосимов АГМК жамоасига жалб этган легионерлар – Миролюб Костич ва Марко Зочевич қўшилгач, Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳам бинойидек жамоага айланади. Бир сўз билан айтганда, АГМК ОЧЛга шай.   Бугун тунда, аниқроғи 10 февраль куни соат 01:45да АГМКнинг рақиби “Истиқлол” (Душанбе) жамоаси Истанбул – Тошкент йўналиши орқали юртимизга етиб келди. Бугун ҳар икки жамоа машғулотларни Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида олиб боришади. Эртага соат 11:30да иккала жамоа мураббийлари иштирокида ўйинолди матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Анжуман пойтахтимиздаги “Lotte” меҳмонхонасининг “Регистон” залида бўлиб ўтади. Унда дастлаб соат 11:30да “Истиқлол” бош мураббийи Ҳаким Фузайлов иштирок этса, соат 12:00дан АГМК устози Миржалол Қосимов журналистларнинг саволларига жавоб қайтаради.   11 февраль кунги машғулотлар Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида бўлиб ўтади. Соат 11:00да АГМК ва соат 16:00да “Истиқлол” ўйинолди расмий машғулотини ўтказади. Машғулотларнинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ вакиллари учун очиқ.   Эслатиб ўтамиз, АГМК ҳамда “Истиқлол” жамоалари ўртасидаги ОЧЛ саралаш баҳси 12 февраль куни Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида соат 16:00да бошланади.   Отабек Эшмаматов, ЎзА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz