Қайднома

Қидирув

Рақибларимиз: БИЗНИКИЛАР КИМЛАРГА ҚАРШИ ЎЙНАШАДИ?

Рақибларимиз: БИЗНИКИЛАР КИМЛАРГА ҚАРШИ ЎЙНАШАДИ?

  12.02.2019 06:58
  0
  732
Рақибларимиз: БИЗНИКИЛАР КИМЛАРГА ҚАРШИ ЎЙНАШАДИ?

ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичи олдидан ўзбек клублари учун ўтган йилги ҳолат юзага келди. АГМК ва «Пахтакор»да асосий раундга чиқиш учун реал имконият бор. Тўғри, бугун (12 февраль)ги ўйинлар гуруҳ босқичи йўлланмасини кафолатламайди, лекин ғалаба мақсад сари катта қадам бўлади. Қолаверса, Сурия ва Баҳрайн клублари талабларни бажаролмагани учун ОЧЛда иштирок этмайди. Ироқликлар эса ўтган йилги лицензиялаш меъёрларини бажаришгани боис, ОЧЛ саралашида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишди. Умуман, Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» ёхуд «Эйр Форс» клуби охирги 3 йилда ОФК кубоги соҳибига айланганини ҳисобга олсак, унинг ОЧЛ иштирокчилари сафига қўшилгани мантиқан тўғри. Хуллас, «ғарб» минтақаси саралашида 12та жамоа қолди. Шулардан 4таси гуруҳ раунди йўлланмасини қўлга киритади. Нима бўлишидан қатъий назар, бугун ­АГМКдан «Истиқлол» (Тожикистон)ни, «Пахтакор»дан эса «Эйр Форс» (Ироқ)ни енгиш талаб этилади. Энди клубларимизнинг рақибларига бирров назар ташлаймиз.

 

«Ал-Қува Ал-Жавия» (Бағдод)

1931 йили ташкил топган бу жамоа айни пайт Ироқ Мудофаа вазирлиги тасарруфида. Клуб 87 йил давомида турли даврларга юз тутди. Умуман, «Ал-Жавия» Ироқ футболи тарихида катта ўринга эга. Жамоанинг қайта уйғониши мавсум-2016|2017га тўғри келди. «Ал-Завра» билан рақобат «Эйр Форс»нинг доим тетик туриши ва олға интилишига хизмат қилмоқда.

 

Умумий маълумот

Ташкил топган вақти: 1931 йил 4 июль

Тўлиқ номи: «Эйр Форс Атлетик»

Лақаби: «лочинлар»

Стадиони: «Ал-Қува Ал-Жавия Стэдиум» (сиғими - 10000)

Бош мураббий: Басим Қосим

Совринлари: Ироқ Премьер-лигаси ғолиби (6 марта) - 1974|1975, 1989|1990, 1991|1992, 1996|1997, 2004|2005, 2016|2017; Ироқ ФА кубоги соҳиби (4 марта) - 1977|1978, 1991|1992, 1996|1997, 2015|2016; Ироқ суперкубоги эгаси (2 марта): 1997, 2001; ОФК кубоги соҳиби (3 марта) 2016, 2017, 2018

 

Умумий картина. 59 ёшли маҳаллий мутахассис Басим Қосим бошқараётган жамоа ОЧЛ саралашида Ироқнинг 2-жамоаси сифатида қатнашади. «Ҳарбийлар» Ироқ Премьер-Лигаси-2017|2018да яхшигина натижа қайд этишди: 38та ўйин, 25та ғалаба, 9та дуранг, 4та мағлубият, тўплар нисбати: 66-23. Жамоа етакчиси Амжад Радҳи 23та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи бўлди (Виссам Саъдундан сўнг). Эътиборли томони, «Ал-Жавия» 38та ўйиндан 21тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Бош мураббий. Басим Қосим 1959 йилнинг 22 март куни Ироқда туғилган. 1979-1990 йиллар давомида футболчи сифатида ўйнаган. 2018 йилнинг 1 августидан жамоа бош мураббийи. У мавсум-2016|2017да ҳам айнан «Эйр Форс»га устозлик қилганди. 2017 йил 22 май - 2018 йил 4 август оралиғида эса Ироқ термасини бош­қарди.

Жорий мавсум. «Ал-Қува Ал-Жавия» айни пайт Ироқ Премьер-лигаси турнир жадвалида 4-поғонани эгаллаб турибди. Жамоа 14та  ўйиндан 9таси ғалабага эришиб, 4та дуранг ва 1та  мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати: 22-9. «Ҳарбийлар» Тошкент сафаридан олдин 5 февраль ўз майдонларида «Нафт Ал-Васат» билан ўйинда муроса кўчасини танлашди - 1:1. Меҳмонларнинг пойтахтимизга жума куниёқ етиб келишгани диққатга сазовор.

Биласизми? «Ал-Қува Ал-Жавия»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги охирги голига Ёсир Абдул Муҳсин муаллифлик қилганди. Ироқликлар ўшанда, яъни 2008 йилнинг 21 май куни «Ал-Қувайт»ни 2:1 ҳисобида енгишган ва таниқли футболчи 48-дақиқада ғалаба голини урганди.

«Ал-Қува Ал-Жавия»нинг ОЧЛдаги иштироки

2004 йил: гуруҳ босқичи (1та ғалаба, 1та дуранг, 2та мағлубият, 3-ўрин)

2006 йил: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 4та мағлубият, гуруҳда 3-ўрин)

2008 йил: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият, 2-ўрин)

Бизнинг «Пахтакор». ОЧЛда қатнашиш бобида иккинчи яхши натижа айнан «Пахтакор»га тегишли - 14 марта. Биргина «Ал-Ҳилол»да мавсумлар сони кўпроқ (15та). Умуман, «шерлар» ҳозирга қадар ОЧЛда 90та ўйин ўтказиб, 40та ғалаба, 16та дуранг ва 34та мағлубият қайд этишган. Голлар нисбатида фарқ унча катта эмас: 129-125. Очколар сони - 136та. Тошкентликлар кетма-кет 2 марта (2003 ва 2004 йиллар) ярим финалга чиқишганини ҳам айтиш ўринли. «Пахтакор» Ироқ жамоаларига қарши атиги 5 марта майдонга тушиб, 3тасида ғалаба қозонган, 2тасида дуранг билан чекланган (тўплар нисбати: 11-4). «Ал-Қува Ал-Жавия» билан эса олдин тўқнаш келмаган.

 

«ИстиҚлол» (Душанбе)

Ён қўшнимиз Тожикистон футболининг тақдири шу клуб ишларига бевосита боғлиқ. Дейлик, терма жамоа ўзаги айнан «Истиқлол» футболчиларидан ташкил топган. Бухоролик Усмон Тошев аслида шу жамоани бошқаришга йўл олганди, аммо кейинчалик ҳамюртимизни терма жамоага жалб қилишди. Якунда «Истиқлол» бошқаруви Ҳаким Фузайловга топширилди. Умуман, атиги 11 йил олдин тузилган жамоа бош мураббий лавозимига фақат тожик футболига катта меҳнати сингган собиқ ўйинчиларни чорлаши билан ажралиб туради. «Истиқлол» қисқа тарихида Тожикистон чемпионатида нақ 4 марта мағлубиятсиз мавсум ўтказди. Шунингдек, мамлакат кубоги финалида мунтазам қатнашиб келмоқда.

 

Умумий маълумот

Ташкил топган вақти: 2007 йил 1 ноябрь

Лақаби: «шерлар»

Стадиони: «Помир» (сиғими -24000)

Бош мураббий: Ҳаким Фузайлов

Совринлари: Тожикистон чемпиони (7 марта) - 2010, 2011, 2014, 2015, 2016, 2017, 2018; Тожикистон кубоги соҳиби (7 марта) - 2009, 2010, 2013, 2014, 2015, 2016, 2018; Тожикистон суперкубоги эгаси (7 марта) - 2010, 2011, 2012, 2014, 2015, 2016, 2018; ОФК президенти кубоги соҳиби (1 марта) - 2012

Легионерлари: Никола Стошич (Сербия), Михайло Чакич (Сербия), Алексей Ларин (Украина), Алишер Жалилов, Рустам Ятимов (Россия), Жалил Кимсанов (Ўзбекистон)

 

Умумий картина. Барчамизга яхши таниш мутахассис Ҳаким Фузайлов бошқараётган жамоа ОЧЛ саралашида Тожикистоннинг 1-рақамли жамоаси сифатида қатнашади. Пойтахт клуби 2018 йили ички чемпионатда муаммосиз шоҳсупага кўтарилди: 21та ўйин, 16та ғалаба, 3та дуранг, 2та мағлубият, тўплар нисбати: 36-16. Жамоа ҳужумчиси Шериддин Бобоев 8та гол билан тўпурарлар пойгасида 2-ўринга жойлашди (Жаҳонгир Эргашевдан сўнг). 21та ўйиндан 10тасида гол қўйил юборилмагани жамоа ҳимоячи чакки эмаслигидан далолат.

 

Анонс

ОЧЛ-2019. Иккинчи саралаш босқичи

«ғАРБ» МИНТАҚАСИ

12 февраль (сешанба)

15:00 «ПАХТАКОР» (Ўзбекистон) - «ЭЙР ФОРС» (Ироқ)

Ҳакамлар: Ким Хи Гон, Парк Санг Жун, Парк Кюн Ён (Ж.Корея)

16:00 АГМК (Ўзбекистон) - «ИСТИҚЛОЛ» (Тожикистон)

Ҳакамлар: Ким Донг Жин (Ж.Корея), Жорж Лакридис, Райян Марк Галлахер (Австралия), Дмитрий Машенцев (Қирғизистон) 

 «САЙПА» (Эрон) - «МИНЕРВА ПУНЖАБ» (Ҳиндистон)

«ЗОБ-ОҲАН» (Эрон) - «ҚУВАЙТ» (Қувайт)

«ШАРҚ» МИНТАҚАСИ

12 февраль (сешанба)

«НЬЮКАСЛ ЖЕТС» (Австралия) - «ПЕРСИЯ ЖАКАРТА» (Индонезия)

БАНГКОК ЮНАЙТЕД» (Таиланд) - «ХАНОЙ» (Вьетнам)

«ЧИАНГРАЙ ЮНАЙТЕД» (Таиланд) - «ЯНГОН ЮНАЙТЕД» (Мьянма)

«ПЕРАК» (Малайзия) - «КИТЧИ» (ГОНКОНГ)

 

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz