Қайднома

Қидирув

Ғолибо, рақибинг мағлуб қилғил...

Ғолибо, рақибинг мағлуб қилғил...

  12.02.2019 09:27
  0
  175
Ғолибо, рақибинг мағлуб қилғил...

Шу кунларда юртимиз бўйлаб навоийхонлик тадбирлари авж паллага кўтарилди. Биламиз, мухлисларда «Ҳазрат Навоий ижодининг футболга нима алоқаси бор?» қабилида савол туғилиши табиий. Биз эса уларга қарата «Алоқаси бор!» деймиз ишонч билан. Чунки ҳазрат Алишер Навоий ижоди ҳар бир давр билан ҳамнафас ва бу улуғликни замон чегаралари ўзига бўйсундиролмайди. Таниқли шоир Омон Матжон сўз салтанати соҳиб­қирони ғазалига боғлаган «Аввалгиларга ўхшамас» номли мухаммасни, унинг матни асосида ардоқли ҳофиз Шерали Жўраев куйлаган машҳур қўшиқни кўпчилик мухлислар яхши билишади. Осиё кубоги-2019 нимчорак финалида терма жамоамиз мағлубиятидан сўнг аксарият навоийхон футбол мухлислари «Энди футбол қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас» дея надомат ила хиргойи қилишганига ишончимиз комил. Албатта, улар шу билангина кифояланмай, «Муножот»ни ҳам сел бўлиб тинглашган бўлсалар, ажабмас.

 

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқдиму чекдим йўлида интизор,

Келди жон оғзимга-у ул шўхи бадхў келмади...

Футбол мухлислари дарду фиғонига қанчалар уйғун бу мисраларга мужассам мазмун?! Ўша нимчорак финал учрашувидан кейин тонг отгунча мухлислар кўзига уйқу келмагани рост. Зеро, улар ул «сарви гулрў», «шўхи бадхў» - гўзал ва шўхчан ғалабани озмунча интизор кутишдими?! Мағлубият сабаб қанча-қанча мухлиснинг жони-фарёди бўғзига қадалди, кўзларига ёш инди. ғалаба учун чинакам курашувчи «толиби содиқ» топилмади терма жамоамизда, уларнинг якдил хулосаларича. Йўқ, барча мухлислар шундай ҳолни бошдан кечиришганига ишончимиз комил эмас. Лекин зукко ва хусусан, навоийхон футбол шинавандалари қалбида Осиё кубоги-2019да терма жамоамиз қайд этган натижа ўчмас изтироб алангасини ёққани аниқ.

Аёнки, юқоридаги мулоҳазалар улуғ шоир таваллудининг 578 йиллиги тантана қилинаётган бир паллада бежиз қоғозга тушмади. Аввало, ўтказилган навоийхонлик тадбирларидан кўнгил тўлмади. Ташкилотчилар ишида, иштирокчилар сўзида ўзгача олов, янгича руҳ сезилмади. Ахир Навоий аталмиш улкан ижодий уммонда ҳайрат уйғотувчи дуру жавоҳирлар бисёр-ку?!

Хуллас, шундай норизо кайфиятда «Боруссия» ва «Хоффенхайм» ўртасидаги учрашувга нигоҳ ташладик. Очиғи, ҳисобнинг йириклашиб кетишини кутмагандик. «Етакчи, барибир, етакчи экан-да. Наҳотки, ўйинда иштиёқдан кўра, омад устун бўлса?!» деган хаёлга бордик ва кайфиятимиз беш баттар бузилди. Қарангки, ўй-хаёлларимиз охирига етмади. Бирдан чақмоқ чақди, гўё. Майдонга шаррос-шаррос гол ёғди. «Хоффенхайм» охирги кучи қолгунга қадар тинмади ва дортмундликлар минг бир таажжубда аламли дурангга имзо чекишди. Айримлар тахмин қилишганидек, бу ҳисобда тотализаторнинг таъсири йўқ, бизнингча. Ўйиндаги маром ва суръат - бунинг исботи. Ҳакам учрашув якунлангани ҳақида ҳуштак чалгач, майдонга қулаган «Хоффенхайм» футболчиларининг аҳволида барчаси намоён.

Ўз майдонида «Бернли»га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб,  баҳс якунида олов мисоли порлаган ва ҳайратбахш дурангга эришган «МЮ»нинг шиддати ҳамон кўз ўнгимизда. Эътироф этиш керакки, Оле-Гуннар Сульшернинг ишлари аллақачон омад ва тасодиф чегараларини ортда қолдирди. Норвегиялик мураббий сабаб, ниҳоят, «МЮ»да Поль Погба даври бошланди. У таркибда бор экан, «ПСЖ» хавотирга тушаверсин. Демак, футбол наинки истеъдод ва маҳоратга қарайди, балки мураббийнинг феъл-атворию, ижрочиларга муносабатини ҳам танлайди. Сульшер эффекти яна бир бор буни футбол дунёсига кўрсатиб қўйди амалда. АПЛда яраланган йўлбарсни эслатувчи аутсайдерни сафарни мағлуб этиш осон ҳисобланмайди. «Қизил иблислар» бу сафар «Фулхэм»ни тиз чўкдиришди. Қойил! «ПСЖ»га қарши учрашувдан олдин ажойиб репетиция!

Муҳтарам мухлис! Шунча мулоҳаза «Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит» йўлида ёзилди. Мақсад - «Пахтакор» ва АГМКни бугунги баҳсларда ғалабага чорлаш. Кураша-кураша бир тўп фарқи билан мағлубиятга учраш - терма жамоаларимиз ва клубларимизга йўргакда теккан касаллик. Бу нуқсон одатда омадсизлик билан изоҳланади. Энди шундай изоҳлардан тўйиб кетган мухлислар кўнглини чоғ айлайдиган пайт келди. «Омад келмади» - бу баҳона энди бирор қолипга сиғмайди, мухлисларни қуюшқондан чиқаради.

Яна ҳазрат Навоийга қайтамиз. Ул пири комил дейдилар:

Қаро кўзим, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил.

Хўш, «Пахтакор» ва АГМКга, ҳар бир мураббий ва футболчига шундай мурожаат қилиш мумкин эмасми?! Албатта мумкин ва ҳатто шарт! Хулоса шу: ҒОЛИБО, РАҚИБИНГНИ МАҒЛУБ ҚИЛҒИЛ!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz