«Темирйўлчилар» 30 январдан буён Туркияда машғулот ўташмоқда. 4 февраль куни «Динамо» (Москва)га қарши майдонга тушган «Локомотив» кейинги учрашувда Қозоғистоннинг 5 карра чемпиони «Астана» билан куч синашди. 1:1 ҳисобида якунланган баҳсда «Локо»нинг голи сўнгги дақиқаларда Ҳусниддин ғофуров номига ёзилди. «Темирйўлчилар» шунингдек, Украинанинг «Заря»си билан ўйнаб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди.
«Пахтакор»
«Шерлар» БАА йиғинини якунлаб, юртимизга қайтишди. Шота Арвеладзе бошчилигида жамоа Абу-Дабида 12 кун шуғулланди. Йиғин доирасида 2та назорат учрашуви ҳам ташкил қилинди: «Пахтакор» - «Брондбю» (Дания) - 0:1 ва «Пахтакор» - «Эребру» (Швеция) - 2:2. Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, Тошкентга қайтган «пахтакорчилар» мавсумнинг биринчи расмий учрашувига жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Айтиш жоиз, Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасига қарши кечадиган бугунги баҳс «Пахтакор» учун Осиё миқёсидаги клублар мусобақалари ҳисобидан 105-ўйин бўлади. Шундан 90таси ОЧЛ доирасида ўтган.
«Навбаҳор»
Хабарингиз бордир, ЎФА қарорига асосан, жамоа ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоев 9 июлгача дисквалификация қилинди, шунингдек, «Навбаҳор» вице-президенти Шамшод Сариков ҳамда клуб директори Расул Акрамов 6 ой муддатга футболга оид ҳар қандай фаолият туридан четлаштирилдилар. «Навбаҳор» стадиони анжуманлар залида ЎФАнинг мазкур қарори ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилди. Уни олиб борган Наманган шаҳар ҳокими, клуб президенти Шавкат Абдураззоқов ЎФА муаммоли вазиятда «Пахтакор» ва «Навбаҳор»ни жазолаб, тўғри йўл тутгани, олдин бундай ҳолатларга кўз юмиб кетилганлигини таъкидлади. Шундан сўнг ташкилий масала кўрилди. Демак, «Навбаҳор» вице-президенти лавозимига шу пайтгача Ўзбекистон ва Россиядаги кўплаб давлат ташкилотларида раҳбарлик қилган Бахтиёр Исоқжонович Усманов тайинланди. Жамоа қошидаги «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби раҳбари сифатида ишлаган Акмал Маматович Раҳмонов эса директор лавозимини эгаллади.
«Навбаҳор» футболчилари эса айни пайт Туркиянинг Анталия шаҳрида шуғулланишмоқда. Андрей Канчельскис жамоаси мазкур йиғин доирасидаги илк назорат баҳсида «Университатя-Клуж» (Руминия)ни 1:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Ягона гол 30-дақиқада сербиялик ҳимоячи Славко Лукич томонидан урилди. У пенальтидан унумли фойдаланди. 66-дақиқада эса Абдужамол Исроилов қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Қисқаси, «Навбаҳор» бир киши кам бўлиб қолган бўлса-да, ғалабани қўлдан чиқармади.
«Навбаҳор»: Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Ҳожиакбар Юнусов, Жаҳонгир Меҳмонов, Славко Лукич, Абдужамол Исроилов, Шаҳзод Шайманов, Аббос ғуломов, Иван Соловьёв, Зафар Тўраев, Александр Касьян.
Захирадан майдонга тушганлар: Обид Жўрабоев, ғиёс Комилов, Баҳодир Насимов, Камрон Нажафалиев, Жасур Азимов.
«Навбаҳор» мураббийлари Анталияда яна 2та синов учрашуви ташкиллашни режалаштиришган. Кейинги баҳсларда Швейцария ва Туркия жамоалари рақиб бўлади. Дарвоқе, охирги мавсумларда «Пахтакор»да ўйнаган ярим ҳимоячи Азим Аҳмедов «Навбаҳор»га қайтди. У «лочинлар» билан 3 йиллик шартнома тузишга ҳам улгурди.
«Бунёдкор»
«Қалдирғочлар» клуб академияси майдонида «Динамо»га қарши ўйнашди. Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоа мазкур баҳсда имкониятни бой берди - 1:2. «Бунёдкор»нинг ягона голига Владислав Нуриев муаллифлик қилди.
«Бунёдкор»: Мурод Зуҳуров, Эргаш Исмоилов, Анвар ғофуров, Нодир Мавлонов, Дилшод Аҳмадалиев, Суҳроб Иззатов, Лутфулла Тўраев, Санжар Рихсибоев, Жасур Жалолиддинов, Шавкат Саломов, Владислав Нуриев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Абдумавлон Абдужалилов, Баҳриддин Муйдинов, Бобур Фарҳодов, Саҳоб Жўраев, Сардор Азимов, И.Султонов, Дониёр Абдуманнонов.
«Бунёдкор» шундан сўнг «Бухоро» билан куч синашиб, 0:0 ҳисобини қайд этди. Айтганча, нигериялик таниқли футболчи Питер Одемвинжи яқинда Тошкентга келди. Kun.uz сайтининг тасдиқлашича, уни «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов таклиф этган экан. 37 ёшли ҳужумчи «Бухоро»га қарши кечган ўртоқлик учрашуви пайти «Бунёдкор» мураббийлари билан ўтирди. Қўшимча қилинишича, якунда «Бунёдкор» раҳбариятига Питер билан шартнома тузиш варианти маъқул келмаган. Маълумот учун айтиш керак, Одемвинжи 1981 йили Тошкентда туғилган. У фаолияти давомида «Лилль», «Локомотив» (Москва), «Вест Бромвич», «Кардифф Сити» ва «Сток Сити» клубларида ўйнади. Нигерия терма жамоаси билан эса Африка Миллатлар кубогининг 3 карра бронза медали соҳиби бўлди. Питер 2017 йилдан буён Индонезиянинг «Мадура Юнайтед» клуби шарафини ҳимоя қилаётганди.
«Металлург»
Туркиянинг Анталия шаҳрида машғулот олиб бораётган Бекобод жамоаси 3-назорат учрашувида «Акжайик» (Қозоғистон) билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Металлург» устунлигини таъминлаган ягона гол 78-дақиқада Музаффар Музаффаров томонидан урилди. Жамоа бош мураббийи Андрей Шипилов бу ўйинда 2 нафар легионерни синаб кўрди. Бекободликлар кейинги назорат учрашувида «Ленинградец» жамоасига қарши тўп суришди.
«Бухоро»
Илк йиғинни 18-30 январь кунлари Тошкентда ташкил қилган жамоа аъзолари 3 кун дам олишгач, 3 февраль санаси яна пойтахтда тўпланишди. «Бухоро»нинг бу галги йиғини 15 февралга қадар давом этади. Жамоа футболчилари аввало, Республика илмий-амалий спорт тиббиёт марказида кўрикдан ўтишди. Таркибда ўзгаришлар бор: охирги мавсумлар «Пахтакор»да ўйнаган ярим ҳимоячи Достон Иброҳимов «Бухоро» сафига қўшилди. Шунингдек, 3 нафар легионер футболчи чақирилди. Булар - марказий ҳимоячи Азамат Дзоблаев, ўнг қанот ярим ҳимоячиси Николай Абрамов ва ҳимоячи Артём Кулеша. Тўғри, улар ҳозирча шунчаки, кўрикда ва ҳаракатлари мураббийларга маъқул тушсагина янги мавсумни «Бухоро»да бошлашлари мумкин. Йиғин доирасида назорат ўйинлари ўтказиш ҳам режалаштирилган, албатта. Жумладан, «Андижон» ва «Бунёдкор»га қарши баҳсларда дуранг натижа қайд этилди. Бугун эса бухороликларга «Динамо» рақиб бўлади.
«Насаф»
Рўзиқул Бердиев шогирдлари тайёргарликнинг учинчи босқичини ҳам Қаршида давом эттиришади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатди. Бугун бошланадиган машғулотларда олимпия терма жамоасига чақирилган футболчилар иштирок этишмайди. Умуман, «Насаф» вакиллари 4 январь куни Тошкентда тиббий кўрикдан ўтишгач, қисқа муддатли таътилга чиқишганди. Хуллас, охирги тайёргарлик босқичи ҳам асосан ёшлар қароргоҳи майдонида олиб борилади.
«ҚизилҚум»
Навоий клуби ўтган ҳафта тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўтказиш учун Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетди. Тошкент - Истамбул - Анталия йўналиши бўйича манзилга йўл олган «Қизилқум» футболчилар у ерда 10 кун мобайнида шуғулланишади. «Йиғин давомида 6та назорат учрашувида майдонга тушишни режалаштирганмиз, - деди жамоа бош мураббийи Ҳамиджон Актамов сафар олдидан. - Ҳомийларимиз имкон қадар шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилишмоқда. Мавсум бошланишига оз қолди. Навбатдаги йиғинда хориж жамоалари билан куч синашиш орқали йигитлар имкониятини яна бир бора кўздан кечирамиз». «Қизилқум» 20 февраль куни ортга қайтади.
«ҚўҚон-1912»
Янги мавсум арафасида Фарғонада анъанавий тарзда ўтказиладиган «Ҳоким кубоги» баҳслари бу сафар анча шиддатли тус олди. Кутилганидек, мусобақанинг финал ўйинида Фарғона вилоятининг икки етакчи клуби - «Нефтчи» ҳамда «Қўқон-1912» ўзаро тўқнаш келди. Якунда қўқонликлар Темур Усмонов томонидан урилган ягона гол эвазига ғалаба қозониб, бош соврин соҳибига айланишди.
«ҚўҚон-1912» - «Нефтчи» - 1:0
Гол: Темур Усмонов (48).
«Қўқон-1912» (бошланғич таркиб): Боян Кнежевич, Жамшид Ҳасанов, Аваз Маматхўжаев, Қувондиқ Рўзиев, Суҳроб Бердиев, Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Марко Милич, Шаҳбоз Эркинов, Иқбол Маликжонов, Темур Усмонов.
«Нефтчи» (бошланғич таркиб): Музаффар Абдуллаев, Миржалол Неъматов, Шодиёр Ҳожиматов, Даврон Маматов, Жамшид Қобулов, Ҳамидулло Абдуҳамидов, Хуршид Асқаралиев, Идрис Бикмайкин, Абдужамол Маназаров, Дилёр Эрматов, Отабек Зокиров.
АГМК
Бугун ОЧЛда дебют қиладиган Олмалиқ жамоаси таркибида ўзгариш юз берди. Яъни 2 нафар футболчи АГМК билан хайрлашди. Булар - ҳимоячилар Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров ва Азамат Исроилов. Ҳожиакбаров олмалиқликлар сафида 2010-2011 ва 2014-2018 йиллар оралиғида тўп сурган бўлса, Исроилов 2011-2015 йиллар ва мавсум-2018нинг иккинчи ярмида АГМК шарафини ҳимоя қилди.
«Сўғдиёна»
4 февралдан эътиборан Анталияда йиғин олиб бораётган Жиззах клуби илк назорат ўйинида Сербиянинг «Бачка» жамоаси билан куч синашди. Жанговор руҳда кечган баҳсда кучлар тенг келди - 2:2. «Сўғдиёна» кейинги ўйинни «Истиқлол» (Тожикистон)га қарши ўтказиб, 20-дақиқада Ойбек Нурматов урган гол эвазига ғалаба қозонди. Айтиш жоиз, «Сўғдиёна» таркиби Қирғизистон термаси ҳимоячиси Шерзот Шакиров ҳисобига бойиди. У билан «2 + 1» асосида шартнома тузилди. Шакиров 2018 йилги мавсум Қўчқор-Отанинг «Нефтчи» клуби сафида 28та ўйинда 7та гол уриб, Қирғизистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди.
«Андижон»
Андижонда вилоят ҳокими ташаббуси ва назорати остида янги мавсумга ҳар томонлама жиддий тайёргарлик олиб борилмоқда. Жумладан, Суперлигага қайтган клуб стадиони - «Соғлом авлод»да кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 11 миллиард сўм сарфлаш кўзда тутилган. Ҳозиргача майдон чимини янгилаш мақсадида аввалги майса олиб ташланди. Энди майдон замонавий дренаж тизими билан суғорилади. Яқин кунларда Голландиядан 120 минг доллар эвазига 5 йилгача яхши ҳолатини сақлаб қолиши кафолатланган янги чим олиб келинади. Диққатга сазовор жиҳати, янги чим қоплангач, атиги 6 кундан кейин «Соғлом авлод» стадиони майдонида бемалол ўйнаш мумкин экан. Голландиялик мутахассислар 1 ой давомида Андижонда бўлиб, чим ётқизиш, уни яхши ҳолатда сақлаш жараёнини назорат қилиб туришади. Трибуна ва майдонни ажратиб турувчи 2,20 метр баландликдаги тўсиқлар ҳам алмаштирилди. Янгисининг баландлиги атиги 1 метр. Шунингдек, яқин кунларда Хитойдан электрон реклама шитлари ва 11,30х7,20 метр катталикдаги замонавий табло олиб келинади. Трибуналар ўриндиқлари янгиланмоқда (улар клубнинг асосий ранглари - оқ ва кўк тусда). Умуман, 20 минг дона ўриндиқни ўрнатиш жараёни бошлаб юборилди. Ёритиш тизимига келсак, ҳозирга қадар 650 миллион сўмлик янги чироқлар ўрнатилди. Жараён якунлангач, ёритиш тизими талабларга тўла жавоб беради. Клуб маркетинг соҳасини ривожлантириш борасида ҳам иш олиб бормоқда. Режага кўра, «Андижон» бу йўналишда йил давомида чамаси 5 миллиард сўм фойда олмоқчи. Дейлик, стадион ҳудудида клуб атрибутлари сотиладиган дўкон очиш ишлари бошлаб юборилди. Қолаверса, ўйин кунлари турли егуликлар савдосига мўлжалланган дўкон ҳам фаолият кўрсатиши таъминланади. Диққатга сазовор жиҳати, Андижон шаҳри ва вилоятида клуб атрибутлари ва чипта сотиладиган 50та шахобча очилади. «Андижон» раҳбарияти вилоят болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан шартнома тузди ва шу билан асосий талаблардан бири бажарилди. Энди «Андижон» футболчилар, мураббийлар ва жамоа расмийларини ПФЛда бемалол рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Бевосита «Андижон»нинг ўзига келсак, клуб яна бир янги футболчини ўз сафига қўшиб олди. Гап Осиё кубогида мазмунли ўйин намойиш этган Қирғизистон термаси аъзоси Аҳлиддин Исроилов ҳақида кетмоқда. Андижонликлар билан расман шартнома тузган футболчи бунга қадар «Динамо-2» (Украина), «Черкаский» (Украина), «Нерока» (Ҳиндистон) ва «ПСИС Семаранг» (Индонезия) каби клублар шарафини ҳимоя қилган. Тайёргарлик жараёнини Тошкентда давом эттираётган «Андижон» ўтган ҳафта «Бухоро»га қарши назорат учрашувида майдонга тушди. Ўйин қизиқарли тус олган бўлсада, 0:0 ҳисоби ўзгармай қолди.
«Андижон»: В.Мирний, Б.Акбаров, Э.Маматказин, Р.Алексич, А.Олимов, Ф.Мираҳматов, Ф.Бекмуродов, А.Абдулҳақов, Р.Аҳмедов, С.Абдураимов, Ш.Жумабоев.
Захирадан майдонга тушганлар: А.Турсунбоев, А.Ортиқов, Р.Мелзиддинов, И.Отахонов, Д.Исоқов, У.Исмоналиев, Ф.Соҳибжонов, М.Иброҳимов, А.ғофуров.
«Нефтчи»
Янги мавсумга янгиланган таркиб билан тайёргарлик кўраётган Фарғона жамоаси «Ҳоким кубоги» турнири финал баҳсидан сўнг қисқа таътилга чиқди. Машғулотларнинг кейинги босқичи Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилади. Унда 3та назорат ўйини ўтказиш режалаштирилган. Хуллас, «Нефтчи» футболчилари бугун пойтахтда тўпланишади ва дарҳол машғулотларга киришишади. 13 февраль кунига биринчи ўртоқлик ўйини белгиланган. Рақиб - «Андижон». 15-санасида Баҳром Ҳайдаров жамоасига «Бухоро» рақиб бўлади. Охирги назорат ўйини 18 февраль куни «Динамо»га қарши кечади.
«Сурхон»
Термиз клубида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Уни «Сурхон» вице-президенти Баҳром Маматқулов олиб борди. Кутилганидек, ЎФА томонидан 1 йил муддатга футболдан четлаштирилган Илҳом Мўминжонов бош мураббий вазифасидан озод этилди. Энди «Сурхон»ни шу кунга қадар клуб спорт директори лавозимида ишлаган Анвар Солиев вақтинча бош мураббий мақомида бошқаради. «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» сафидаги ўйинлари билан танилган собиқ ҳужумчи ўтган мавсум «Навбаҳор»да ҳам спорт директори сифатида ишлаганди. Клубнинг ўзи эса Тошкент вилояти Қибрай туманидаги стадионда Қозоғистон биринчи лигаси иштирокчиси «Кўран» билан назорат ўйини ўтказди. Унда термизликлар ҳар икки бўлимда гол қўйиб юбориб, мағлубиятни тан олди. «Сурхон» ҳаттоки, рақибнинг майдонда 10 киши бўлиб қолганидан ҳам фойдаланолмади.
«Динамо»
Ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган Самарқанд жамоаси Тошкентда бошланган 4-йиғини доирасида «Бунёдкор»га қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида устун келди. Даврон Файзиев бошқарувидаги жамоа голларига Нозим Умуров ва Дилмурод Каримов муаллифлик қилишди.
«Динамо»: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Акмал Холмуродов, Ҳакимхон Аъламхонов, Отабек Нарзуллаев, Аваз Агалиев, Дамир Темиров, Нозим Умуров, Сардор Эминов, Комил Шарофутдинов, Амиржон Сафаров, Воҳид Шодиев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Шоҳруҳ Раимов, Жасур Ўрунов, Миркомил Локаев, Шерзод Жалилов, Обид Ҳакимов, Дилмурод Каримов, Қадамбой Нурметов, Санжар Баротов, Темур Шарипов, Суннатилла Абдуллажонов, Жасур Ашуров.
«Шўртан»
ғузор жамоасига янги бош мураббий тайинланди. Демак, аввалги мавсум Суперлигада иштирок этган «Нефтчи» жамоаси мураббийлар штабида ишлаган Сергей Ковшов «Шўртан» бошқарувини қўлга олди. Қайд этиш керакки, бу мутахассис аввал ҳам ғузор клубида фаолият юритган. Ҳозирча неча йиллик шартнома тузилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Эслатма, бунга қадар «Шўртан»ни бошқариб келган Ёрқин Назаров яқинда истеъфога чиққанди.
Ж.Бобохонов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20