31 январдан 1 февралга ўтар кечаси Европада қишки футбол бозори ёпилди. Матбуотда энг қимматбаҳо харидлар ҳақида етарлича ёзилди. «ССФ» нашри эса умумий ҳолатга кенгроқ ёндашиб, қайси лигалар вакиллари бозорда фаоллик кўрсатишганини таҳлил қилиб чиқди. Бунда охирги 5 йиллик қишки савдолар ҳажми ўзаро солиштирилди. Асосий хулоса шуки, Европа клублари бу сафар нисбатан камроқ харажат қилибди...
Англия
Табиийки, бозордаги айланма маблағнинг катта қисми АПЛ клублари чекига тушди. Лекин сезиларли пасайиш бор: Англия клублари бир йил олдин қишда янги футболчилар хариди учун жами 553,7 млн. евро сарфлаганди, энди бу миқдор деярли 2,5 баравар камайди - «атиги» 202,3 млн. евро. Лекин инглизлар жаҳон футболидаги бош харажатчи мақомида қолишди, барибир.
Сотиш ишларига келсак, умумий манзара янада «ғариб»роқ. Ҳар ҳолда, бу сафарги бозорда АПЛ жамоалари томонидан бор-йўғи 102,8 млн. еврога футболчи сотилди. Бу бир йил олдинги кўрсаткич (465,3 млн. евро)дан нақ 4,5 баравар кам.
3та энг Қимматбаҳо харид
Кристиан Пулишич («Челси»): «Боруссия» (Дортмунд)дан, 64 млн. евро
Мигель Альмирон («Ньюкасл»): «Атланта»дан, 24 млн. евро
Доминик Соланке («Борнмут»): «Ливерпул»дан, 21,2 млн. евро
3та энг Қимматбаҳо сотув
Доминик Соланке («Ливерпуль»): «Борнмут»га, 21,2 млн. евро
Браим Диас («Манчестер Сити»): «Реал»га, 17 млн. евро
Беник Афобе («Вулверхэмптон»): «Сток Сити»га, 13,5 млн. евро
Охирги 5та қишки трансферлар давридаги даромад ва харажат таҳлили
Италия
Эътиборлиси томони, Италия лигаси бу сафар трансферлар бозоридаги маблағ айланмаси бўйича 2-ўринга жойлашди. Бу «А» серия кучаётганидан далолат. Қолаверса, италияликлар сотиш ишларида унча фаоллик кўрсатишмади. Рақамлар асосида айтсак, «А» серия вакиллари атиги 94 млн. еврога футболчи сотишди. Бу охирги 4та қишки трансферлар бозори учун энг паст кўрсаткичдир.
Харид масаласида каттагина ўсиш бор. Ҳар ҳолда, 20та клуб чекига тушган жами харажат миқдори 160,1 млн. еврога етди. Итальянлар ўтган қишда янги футболчилар олиш учун бундан 3 баравар кам ажратишганди - 47,9 млн.евро. Умуман, Италия лигасининг қишки бозорга боғлиқ рекорди (жамоалар мавсум-2016|2017да 104,7 млн. еврога футболчи сотиб олишганди) ҳам янгиланди. Шунинг баробарида Италияда охирги 5 мавсум бадалига харид ва сотув маблағи ўртасидаги фарқ илк бора минус кўриниш олди. Тўғри, Гонсало Игуаиннинг «Челси»га трансфери (60 миллион евро) вазиятни ўзгартириши мумкин эди, бироқ бу ўтиш ижара келишуви сифатида расмийлаштирилди. Харид эса ёзда амалга оширилади.
3та энг Қимматбаҳо харид
Кшиштоф Пентек («Милан»): «Женоа»дан, 35 млн. евро
Лукас Пакета («Милан»): «Фламенго»дан, 35 млн. евро
Маноло Габбьядини («Сампдория»): «Саутгемптон»дан, 12 млн. евро
3та энг Қимматбаҳо сотув
Кшиштоф Пентек («Женоа»): «Милан»га, 35 млн. евро
Хамед Траоре («Эмполи»): «Фиорентина»га, 12 млн. евро
Меҳди Бенатиа («Ювентус»): «Ал-Дуҳайл»га, 8 млн. евро
Охирги 5та қишки трансферлар давридаги даромад ва харажат таҳлили
Испания
Агар Испанияда грандлар «ҳиммат» кўрсатишмаса, трансферлар бозоридаги кўрсаткичлар ўз-ўзидан пасаяди. Қисқаси, ҳаммаси асосан Ла-лига етакчилари позициясига боғлиқ. Мана, охирги 5 мавсумдан 4тасида Примеро клубларининг қишки трансферлар бозоридаги иштироки ҳаминқадар бўлди. Фақат аввалги қишда жами харажат 293,2 млн. еврога етганди. Бу сафар испан клублари анча «зиқна»лик қилишди - 72,3 млн. евро. Демакки, бир йил олдингига нисбатан нақ 3 баравар кам сарфлашди.
Испания чемпионати вакилларининг футболчи харид қилиш бобида фаоллик кўрсатишмаганида оддий бир сабаб бор - улар сотиш масаласида ҳам сукут сақлашди, ҳисоб. Умуман олганда, молиявий «Фэйр-плей» қоидаси туфайли деярли ҳар бир лигада трансферларнинг ушбу икки банди бир-бирига боғлиқ бўляпти. Хуллас, испанлар жорий қишда атиги 87,5 млн. еврога футболчи сотишди. Бу рақам катта эмас, аммо маҳаллий ўлчов бўйича айтганда, тарихдаги иккинчи кўрсаткичдир.
3та энг Қимматбаҳо харид
Браим Диас («Реал»): «Манчестер Сити»дан, 17 млн. евро
Диего Лайнес («Бетис»): «Америка»дан, 14 млн. евро
Висенте Иборра («Вильярреал»): «Лестер»дан, 10 млн. евро
3та энг Қимматбаҳо сотув
Паулиньо («Барселона»): «Гуанжоу Эвергранд»га, 42 млн. евро
Хонатан Кастро («Атлетико»): «Вулверхэмптон»га, 20,5 млн. евро
Лео Баптистао («Эспаньол»): «Ухан»га, 5,8 млн. евро
Охирги 5та қишки трансферлар давридаги даромад ва харажат таҳлили
Германия
Германия Бундеслигасида ҳам қишки трансферлар бозори анча сокин ўтди. Ҳар ҳолда, бир йил олдингига нисбатан бироз кам харажат қилинди. Аниқроқ айтсак, немис жамоалари томонидан янги харидлар учун атиги 72,8 млн. евро ажратилди. Тўғри, ўтган йилги кўрсаткич ҳам унча баланд эмас - 74,9 млн. евро. 2 йил аввал эса Бундеслига 102,4 млн. евролик футболчилар билан бойиганди.
Германияда сотув тушуми ҳам пасайди. Рақамлар асносида айтсак, трансферлардан жами 85,4 млн. евро тушди. Тўғри, бу тарихдаги иккинчи яхши кўрсаткич ҳисобланади. Немислар аввалги қиш бозорида савдолардан 112,9 млн. евро топишганди. Ўз ўрнида айтиш керак, ҳозирги кўрсаткичдан нақ 64 миллиони битта операцияга тегишли - «Челси» америкалик Кристиан Пулишич учун «Боруссия» (Дортмунд)га шунча тўлайди. Ушбу трансфер айнан қиш мавсуми харидларига киритилди, гарчи футболчи «аристократлар» сафига ёзда қўшилсада. Дейлик, Френки де Йонг («Аякс» - «Барселона») трансфери аксинча, ёзги бозор рўйхатига қолдирилди.
3та энг Қимматбаҳо харид
Амаду Айдара («РБ Лейпциг»): «Зальцбург»дан, 19 млн. евро
Леонардо Балерди («Боруссия» Д.): «Бока Хуниорс»дан, 15,5 млн. евро
Озан Кабак («Штутгарт»): «Галатасарой»дан, 11 млн. евро
3та энг Қимматбаҳо сотув
Кристиан Пулишич («Боруссия» Д.): «Челси»га, 64 млн. евро
Карлос Сальседо («Айнтрахт»): «Тигрес»га, 8,8 млн. евро
Сандро Вагнер («Бавария»): «Тянжин Теда»га, 5 млн. евро
Франция
Энг камтарин кўрсаткичлар Франция лигасига тегишли. Чунончи, олиҳиммат «ПСЖ» мегасавдоларга эҳтиёж сезмаса, Европа футбол «арава»сининг бешинчи «ғилдираги»га ҳеч ким алоҳида эътибор қаратмайди. Парижликлар эса бу сафар катта харажатга қўл уришмади, гарчи уларнинг битта харидлари Россия чемпионати учун тарихдаги иккинчи йирик келишувга айланган бўлсада. Гап «Зенит»дан 40 млн. евро ва турли бонуслар эвазига Франция пойтахтига йўл олган Леандро Паредес ҳақида кетмоқда, албатта. Лига 1нинг бошқа клублари томонидан эса жами 35 млн. евродан салгина кўпроқ сарфланди. Шу тариқа умумий харажат миқдори 75,4 млн. еврога етди. Бу Франция чемпионати учун қиш мавсумининг иккинчи яхши кўрсаткичи, аммо охирги стандартга қарасак, анча кам, барибир. Мисол учун, 2 йил олдин Лига 1 жамоаларининг жами тўлови 168,3 млн. еврони ташкил қилганди.
Французлар футболчи сотишда эса жуда-жуда паст натижа кўрсатишди - 39,7 млн. евро. Мавсум-2014|2015дан кейин қишда бу қадар сокинлик кузатилган эмасди. Ўшанда 20та клуб чекига атиги 9,6 миллион евролик савдо тўғри келганди. Шундай таассурот борки, англияликлар Францияда назарларига тушган барча-барчани харид қилиб бўлишди ва бирданига тўхташни лозим кўришди. Сотув бобидаги энг йирик трансфер сабабчиси Эмилиано Сала («Кардифф Сити»га) самолёт қулаши оқибатида изсиз йўқолганини ҳам айтиш жоиз.
3та энг Қимматбаҳо харид
Леандро Паредес («ПСЖ»): «Зенит»дан, 40 млн. евро
Фоде Балло-Туре («Монако»): «Лилл»дан, 11 млн. евро
Ёсин Адли («Бордо»): «ПСЖ»дан, 5,5 млн. евро
3та энг Қимматбаҳо сотув
Эмилиано Сала («Нант»): «Кардифф Сити»га, 17 млн. евро
Фоде Балло-Туре («Лилль»): «Монако»га 11 млн. евро
Ёсин Адли («ПСЖ»): «Бордо»га, 5,5 млн. евро
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20