Олимпия терма жамоаси аъзоси, Қаршининг «Насаф» клуби тўпурарларидан бири Бобур Абдухолиқовдан мухлислар янги мавсумда ҳам чиройли ўйинлар ва голлар кутишмоқда. Хабарингиз бор, «аждарлар» сафидаги аксарият етакчилар жамоани бирин-кетин тарк этишмоқда. Табиийки, бундай ҳолатда таркибда қолган бошқа футболчилар зиммасига катта юк тушади. Жумладан, Бобурда ҳам шундай масъулият йўқ эмас. Яқинда «Насаф» ҳужумчиси билан суҳбат уюштириб, уни турли мавзулар бўйича саволга тутдик.
- Бобур, олимпия терма жамоамизнинг йиғини қандай давом этяпти?
- Барчаси режа асосида кетяпти. Ўтган ой Туркияда йиғин ўтказилганди. Мана энди, янги бош мураббий қўл остида Тошкентда ташкил этилган машғулотларда иштирок этяпмиз. Асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилган. Кўпроқ тренажёр залида ишлаяпмиз. Кейинги йиғинимиз 14-25 февраль кунлари Испаниянинг Сан-Педро-дель-Пинатар шаҳрида бўлиб ўтади. У ерда бир нечта ўртоқлик ўйинлари ўтказиш режалаштирилган.
- Любинко Друлович қандай мураббий экан?
- Ҳозир фикр билдириш қийин. Биргаликда ишлаяпмиз. Сербиялик мутахассиснинг кўрсатмаларини бекаму кўст бажаришга ҳаракат қиляпмиз.
- Келинг, энди «Насаф» ҳақида суҳбатлашсак. Мавсумга тайёргарлик кўнгилдагидек кетяптими? Жамоа бугунга келиб неча фоизга тайёр?
- Аввалига миллий термага, кейин эса олимпиячиларимиз таркибига футболчилар таклиф қилинди. Айрим етакчилар жамоани тарк этишди. Табиийки, мураббийимиз Рўзиқул ака тайёргарлик бўйича ўзига яраша муаммо ва қийинчиликларга дуч келяптилар. Шунга қарамай, чемпионат бошлангунига қадар юз фоиз тайёр бўлишга интиламиз.
- Таркибда сезиларли йўқотишлар бўлди. Бунинг натижасида мухлислар хавотир ола бошлашди. Янги мавсумда улар ижобий натижа кутишлари мумкинми?
- Ҳақиқатан ҳам, таркибдаги йўқотишлар катта. Ҳозир мураббийлар кетганлар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишяпти. Ўйлайманки, ҳали ҳаммаси жойида бўлади. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлислар учун ўйнаймиз.
- Кетган футболчиларнинг ўрнини Суперлигада муносиб тарзда боса оладиган ўйинчилар бормикан?
- Албатта, топиш осон эмас. Чунки савияли ўйинчилар аллақачон етакчи клублар билан шартнома имзолаб улгуришган. Иложи борича ҳаракат қилинади.
- «Насаф» ҳозирги реал ҳолатда совринли ўринлар учун кураша оладими?
- Биз ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда ҳам, медаллар учун курашганмиз. Бу сафар ҳам шундай бўлади.
- Одил Ҳамробековнинг кетишига қандай муносабат билдирасиз?
- Бу жамоамиз учун сезиларли йўқотиш бўлди. Лекин яхши маънода улар учун хурсандман. Футболчи ўсиши учун янги босқичга кўтарилиши керак.
- «Пахтакор»да рақобат кучли. Ҳамробеков у ерда ўз ўрнини топиб кета олармикан?
- Менимча, топа олади. Чунки Одил кучли футболчи.
- Денис Иванковнинг «Насаф»дан кетиши кутилмаган хабар бўлдими?
- Албатта, бир неча йил давомида Қаршида самарали меҳнат қилиб, турли ёшдаги терма ва етакчи клубларга тажрибали дарвозабонларни етказиб берган мутахассиснинг кетишини кутмагандик. Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Ўткир Юсупов сингари иқтидорли киперларни тарбиялаган бу мураббийнинг келгуси фаолиятида омад тилайман.
- Таркибга кимлар қўшилди?
- «Машъал»дан Ҳумоюн Муртазоев.
- Ўзингизнинг «Насаф»да қолишингиз юз фоиз аниқми?
- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади.
- Клубдан кетиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
- Йўқ.
- Фаолиятингизни совринли ўринлар учун курашадиган жамоада давом эттиришингиз мумкинмиди?
- «Насаф» ҳар доим совринли ўринлар учун курашади.
- Таклифлар бор эди, тўғрими?
- Бу ҳақда клуб раҳбарлари билишади. Шахсан менга ҳеч ким расмий таклиф билан чиққани йўқ.
- Суперлигада жамоалар сони яна қисқариши мумкин, деган хабарлар пайдо бўлди. Бу янгиликка муносабатингиз қандай?
- Очиғи, бу ҳақда фикр билдиролмайман.
- Ўтган мавсум «Насаф» ўринбосарлари таркибида ўзини кўрсатган футболчилардан қайси бири бу йил кашфиёт бўлиши мумкин?
- Истеъдодли ёшлар кўп. Ўзларини кўрсатишлари учун ҳамма имконият бор. Гап уларнинг ўзларида қолган.
- Ўтган йили «Насаф» академиясида муаммолар бўлганди. Ҳозир мазкур таълим маскани аввалгидек ишлай бошладими?
- Ҳа, бир маромда фаолият юритяпти. Муаммолар ортда қолди.
- Терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки қониқарсиз бўлди. Ўйинларни кузата бориб, таассуротлар таъсирида қандай хулосалар чиқардингиз?
- Мен натижани қониқарсиз, демаган бўлардим. Шунчаки, бироз омад етишмади.
- Омад кучлиларга кулиб боқади, дейишади. Шу фикрга қўшиласизми?
- Балки. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди.
- Айримлар терма жамоамиз ўйинида ўзгариш бўлди, дейишяпти. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?
- Менимча ҳам ўзгариш бор. Жамоавий ўйин анча тартибга тушган.
- Қатар терма жамоасининг Осиё чемпиони бўлгани сизни ҳайрон қолдирдими?
- Бироз. Асосий ютуғи мураббийда бўлди. Жамоада ўйин аъло даражада ташкил қилинган. Мураббийнинг имзоси шундоққина кўриниб турибди. Ҳозирги терма жамоа таркибидаги футболчилар бир неча йилдан бери биргаликда ўйнаб келиш-япти. Испаниялик мутахассис ҳар бир шогирдини ёддан билади. Қўпол ўхшатиш қиладиган бўлсак, уларнинг ҳар бирини китобдек ўқиб олган.
- Осиё кубогида иштирокчилар сони 24тага етказилгани ўзини оқладими?
- Шубҳасиз. Бу билан қитъа биринчилиги финал босқичига чиқолмай келаётган бошқа жамоаларга ҳам имконият тақдим этилди.
- ОЧЛ «плей-офф» босқичида иштирок этадиган клубларимизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Элликка эллик! Умуман, АГМКга нисбатан «Пахтакор»нинг гуруҳ босқичига чиқиш имкониятлари юқорироқ. Бу менинг шахсий фикрим, албатта. Фурсатдан фойдаланиб, олмалиқликларга ҳам, пойтахтликларга ҳам олдинда турган «плей-офф» ўйинларида ғалаба ёр бўлишини тилайман.
- Азиз Турғунбоев иши юзасидан қабул қилинган қарорни эшитдингизми?
- Ҳа.
- Ҳайрон қолмадингизми?
- Билмадим. Фикр билдириш қийин. Бир нарса дея олмайман.
- Ўзингиз агентлар билан ишлайсизми?
- Ҳозирча йўқ. Лекин ишини жуда яхши биладиган профессионал агент билан ҳамкорлик қилиш ниятидаман.
- Бу йил чемпионлик йўлида қайси жамоанинг имкониятини юқори баҳолайсиз - «Пахтакор» ёки «Локомотив»?
- Менимча, «Пахтакор»!
- Нима учун?
- Жамоа яхши трансферларни амалга оширди.
- Бобур, хориж футболи ҳақида гаплашсак. УЕФА сафарда урилган гол қоидасини бекор қилмоқчи. Бу яхши хабарми?
- Тўғрисини айтсам, бу ҳам 50га 50.
- Икки ўйин натижасига кўра ҳисоб тенг ҳолатда мусобақани тарк этиш жамоаларнинг бирига алам қилади. Шу томондан бу қарор яхши эмасми?
- Албатта, алам қилади. Лекин бош-қа томондан интрига кучли бўлади.
- «Насаф» стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганди, мазкур жараён якунига етай деб қолдими?
- Бироз тузатиш киритмоқчиман. Таъмирлаш ишлари клуб базасида олиб борилаётганди. Стадион ҳамда майдон чими яхши ҳолатда.
- Навбатдаги «эл класико»да қайси жамоа имкониятини юқори баҳолайсиз?
- «Реал Мадрид»!
- Нима деб ўйлайсиз, «Барселона»нинг чемпион бўлиши ҳали даргумонми?
- Чемпион бўлиши мумкин. Лекин Ла Лига доирасидаги «эл класико»да «Реал» ғалаба қозонишига ишоняпман.
- Роналдусиз Испания чемпионати бироз зерикарли бўлиб қолмадими?
- Криштианунинг кетиши таъсир ўтказди. Бу фикрга қўшиламан. Месси бир ўзи яйраяпти (кулади).
- Португалиялик юлдуз «Ювентус»га ўтиб тўғри йўл тутдими?
- Роналду нима қилаётганини ўзи жуда яхши билади. Англия ва Испания чемпионати олтин медаллари ёнига энди Италия чемпионлигини ҳам қўшиб қўйса ёмон бўлмайди.
- Сантьяго Солари «Реал»га мос мураббийми?
- Фикримча, йўқ!
- Сизнингча, бу лавозимга ким муносиб?
- Зайниддин Зидан ёки Жозе Моуриньо.
Камол НУР суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20