Қайднома

Қидирув

ҲАМИША НАВҚИРОН «ҚАРИЯ»

ҲАМИША НАВҚИРОН «ҚАРИЯ»

  17.02.2019 08:42
  0
  733
ҲАМИША НАВҚИРОН «ҚАРИЯ»

«Бетис» сўнгги икки мавсумда ўзгача таассурот қолдирмоқда. Ўтган йили жамоа Ла Лигада 6-ўринни эгаллаб, Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритганди. Жорий мавсумда ҳам бу клуб кучли олтиликда бормоқда, бош мураббий Кике Сетьен эса глобал режалар тузмоқда: «Биз Чемпионлар Лигасида қатнашмоқчимиз. Таркибдаги футболчилар ва жамоанинг салоҳиятини инобатга олсак, ўйлашимча, бунга ҳар тарафлама кучимиз етади».

Бунга ишониш қийин, лекин «Бетис»нинг асосий юлдузи сифатида на келажаги порлоқ Жовани Ло Чельсо, на Кристиан Тельо, на Вильям Карвальо ёки Серхио Каналес тан олинади. Ишқибозларни 37 ёшли Хоакиннинг ҳолати кўпроқ қизиқтиради. Ёши ўтиб қолганига қарамай, бу футболчи ҳамон юқори савияли ўйин кўрсатмоқда. Унинг Испания кубоги учрашувида «Валенсия» дарвозасини бурчак зарбасидан ишғол қилганини кўрган бўлсангиз керак? Умуман, Хоакин - энг яхшилар сирасидан. Буни бир нечта фактлар билан исботлаш мумкин:

• Ла Лигада у 505та ўйин ўтказган ва бундай кўрсаткич бўйича Хави билан 8-ўринни бўлишиб турибди. Яқин орада Хоакин нафақат Хавини, балки Испания чемпионатида 510та баҳсда майдонга тушган Икер Касильясни ҳам ортда қолдириш имкониятига эга.

• Хоакин Ла Лиганинг жорий мавсумидаги иккита голидан бирини «Севилья» билан ўйинда нишонлаб, XXI асрда Севилья дербисида тўп киритган энг ёши улуғ футболчи бўлди. Мазкур кўрсаткични қайд этган пайтда у 37 ёш-у 43 кунлик эди.

• Хоакиннинг «Бетис» билан тузган шартномаси 2020 йилгача амал қилади. Аммо ярим ҳимоячининг бу борада ўзига яраша режалари бор: «Келишувни яна бир-икки йилгача узайтирмоқчиман. Ҳозирги ёшим аҳамиятсиз: жамоага қандайдир фойда келтирсам, 50-60 ёшда ҳам ўйнайвераман».

• Хоакиннинг «Бетис»га чексиз содиқлигини ишқибозлар 2003 йилиёқ билишганди. Ўшанда Висенте Дель Боске бошқарувидаги «Реал» уни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлганди. Бироқ Хоакин мадридликларнинг таклифига рад жавобини бериб, мазкур қарорини фақат «Бетис»даги ўйини орқали футболдан лаззат олиши мумкинлиги билан изоҳлаганди. Тўғри, 2006 йили тезкор ярим ҳимоячи барибир, бу жамоани тарк этди: ўша кезлари раҳбарият ва мураббийлар штабидаги тинимсиз ўзгаришлар унинг жонига текканди.

• Хоакин 9 йилдан сўнг (2015) «Бетис»га қайтди. Ҳозир у нафақат фаолиятини шу клубда якунлаш, балки кейинчалик жамоа тизимида ишлашни ҳам режалаштирмоқда. «Шу клуб президенти бўлмоқчиман. Бу менинг орзуим. Ушбу шаҳар, «Бетис», унинг ишқибозларини яхши кўраман. Мабодо, қачонлардир жамоа раҳбари бўлиб ишлаш имконияти туғилса, уни Испания топ-клуби даражасига олиб чиқиш учун бор кучимни сарфлайман», - дейди Хоакин.

• Дарвоқе, қаҳрамонимиз «Бетис» акциядорлари таркибига киради. У жамоа акцияларининг 3,4 фоизига эгалик қилади. Агар фоизларни пулларга ўгирсак, 2,5 миллион евро келиб чиқади.

• «Бетис» футболчилари Хоакин жамоадаги ажойиб муҳитни сақлаб туришини бир неча марта таъкидлашган. У тинимсиз ҳазил-мутойиба қилади, бу ҳақда Канальес гапирганди: «Машғулотлардан кейин, ҳаттоки, чарчаган бўлсак ҳам, кийиниш хонасида кулгу аримасди. Биласизми, бизда хуш кайфият ва ҳазилларга Хоакин жавобгар. Ушбу масалада уни тўхтатиб бўлмайди». Бундан ташқари, Хоакин ўйинчиларнинг ички муҳитга мослашишларида ёрдамини аямайди. Мисол учун, машғулотларда 18 ёшли Диего Лайнесни назорат қилиб, кўмаклашади.

• Испаниялик ҳакам Эдуардо Итурральде Гонсалес бир сафар Хоакиннинг ўйин пайти реферилар билан гаплашишга иштиёқманд эканлигини таъкидлаганди. Гонсалес бошқарган учрашувларнинг бирида Хоакин ундан шахсий ҳаёти ҳақида сўраган экан. «У менга «Уйланибсиз деб эшитдим», деганда, бу ростлигини айтгандим. Шунда Хоакин «Хато қилибсиз», деди-да, жилмайганча югуриб кетди», - деганди ҳакам The Guardian журналисти Сид Лоуга берган интервьюсида.

• Хоакин мухбирлар билан суҳбат чоғида «Бетис» ҳақида гапираркан, фалсафа режимини ёқади: «Ҳаётимнинг катта қисмини шу жамоага бағишламоқчиман. Бошқача айтадиган бўлсам: «Бетис» - айнан менинг ҳаётимдир».

• Ишқибозларнинг Хоакинга бўлган ҳурматини «Малага» ва «Валенсия» мухлисларининг доимий олқишларидан ҳам сезиш қийинмас. Маҳоратли ярим ҳимоячи фаолиятининг етти йилини шу жамоаларга бахш этганди. Ўз навбатида, ҳар сафар ушбу клубларга қарши сафар ўйинидан сўнг Хоакин фанатлар жойлашган трибунага яқинлашиб, мухлисларга жавобан қарсак чалиб қўйишга одатланган.

Улуғбек Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz