«Пахтакор» ва АГМК клублари ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичига йўл олиш учун тегишлича Дубай ва Ар-Риёд шаҳарларида маҳаллий «Ал-Наср» жамоалари тўсиғидан ўтиши керак. Очиғи, ОЧЛнинг шу тизими бироз адолатсиз. Ахир ҳам молиявий жиҳатдан бой, ҳам спорт нуқтаи назаридан кучлироқ туюлган клубларга ягона ўйиндан иборат тўқнашув мезбонлигини бериш... Умуман, сўнгги пайтлар йил бошида Саудия ёки БААга бориш миллий футболимиз учун одатга айланиб қолди. Бу худдики, янги мавсумнинг очилишидек. «Ал-Наср» ибораси араб тилида «ғалаба» маъносини англатади. Нафақат Саудия ва БАА, балки Уммон, Қувайт, Баҳрайн, Ливан каби араб мамлакатларида ҳам шу номли клублар бор.
АГМК РАҚИБИ - «АЛ-НАСР»
Маълумот учун
«Ал-Наср» (Ар-Риёд)
Ташкил топган вақти: 1955 йил 24 октябрь
Стадиони: «Қирол Фаҳд» (сиғими: 67000)
Клуб хўжайини: Сауд ал Сувайлем
Ютуқлари: Саудия Арабистони Премьер-лигаси ғолиби (7 марта): 1979|1980, 1980|1981, 1988|1989, 1993|1994, 1994|1995, 2013|2014, 2014|2015; Қирол кубоги соҳиби (6 марта): 1974, 1976, 1981, 1986, 1987, 1990; Шаҳзода кубоги эгаси (3 марта): 1972|1973, 1973|1974, 2013|2014; Саудия Арабистони ФФ кубоги соҳиби (3 марта): 1975|1976, 1997|1998, 2007|2008; Осиё кубок эгалари кубоги ғолиби: 1997|1998
АГМК ўз тарихида илк марта ОЧЛ гуруҳ босқичида ўйнашни истаса, бугун Саудия Арабистони пойтахтида маҳаллий Премьер-лиганинг ўтган мавсумдаги бронза медали соҳиби - «Ал-Наср»ни енгиши шарт. Бу жамоа охирги йилларда Саудия футболида «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Иттиҳод»нинг қўшҳокимлигига чек қўйишга уринмоқда. Ҳар ҳолда, риёдликлар чемпионлик учун курашга шиддат билан қўшилишди. Клубга 1955 йили ака-ука Ҳусайн ва Зайд ал Жаъба томонидан асос солинди. «Ал-Наср» 1960 йили шаҳзода Абдулраҳмон бин Сауд тасарруфига ўтгач, профессионал мақомга эришди. 1970-1980 йиллар оралиғида жамоа таркибида Саудия футболининг «олтин триоси» жамланган эди - Мажид Абдуллоҳ, Фаҳд ал Ҳерайфий ва Муҳайн ал Жамаан. Клубнинг энг яхши дамлари айнан ўша даврга тўғри келади. Дарвоқе, «Ал-Наср» Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2000да «Фэйр-плей» соврини соҳибига айланганди. Ўша мундиалда «Коринтианс», «Реал», «Ража Касабланка» (Марокаш) жамоалари ҳам иштирок этган. Яна бир факт шуки, 2011 йилнинг 5 декабрдан буён «Наср»ни фақат хорижлик мураббийлар бошқаришяпти. Умуман, клуб XX асрнинг иккинчи ўн йиллигида нақ 16 нафар (!) мураббийни кўрди. «Ал-Наср» шу жиҳатдан ҳақиқий араб клуби, яъни «пулни бетига сира қарамайди».
Жорий мавсум (2018|2019) ички чемпионатдаги ҳолати: 20та ўйин, 13та ғалаба, 4та дуранг, 3та мағлубият, тўплар нисбати: 40-19. 2-ўрин.
Бош мураббийи: Руи Витория (Португалия). 1970 йилнинг 16 апрелида туғилган. 2019 йилнинг 10 январидан «Ал-Наср» бош мураббийи. Мазкур клуб билан 1,5 йиллик шарномага эга. 2015|2016, 2016|2017 йиллар мавсумлари якунида машҳур «Бенфика»ни Португалия Примеросида ғалаба сари етаклаган ва шунинг эвазига ҳар икки сафар чемпионатнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган.
Легионерлари: Бред Жонс (Австралия), Кристиан Рамос (Перу), Бруно Увини (Бразилия), Петрос (Бразилия), Нордин Амрабат (Марокаш), Майкон Рокуэ (Бразилия), Жулиано (Бразилия), Аҳмад Мусо(Нигерия), Абдураззоқ Ҳамдаллоҳ (Марокаш).
Аҳмад Мусо. Саудия Арабистони Премьер-лигасининг 2018|2019 йиллар мавсуми ҳисобидан биринчи «хет-трик» муаллифи. Нигериялик футболчи ўтган йилнинг 19 сентябрь куни «Ал-Қодисия» клубга қарши баҳсда 3та гол урди. Мусо ЦСКА (Москва) ва «Лестер» сафидаги ўйинлари билан кенг оммага таниш.
Абдураззоқ Ҳамдаллоҳ (Марокаш). 1990 йилнинг 17 декабрида туғилган ҳужумчи қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, мунтазам олдинги чизиқда «ўткир тиғ» ролини бажаради. Аҳмад «Ал-Наср» сафига 2018 йилнинг 23 август куни қўшилганди. Жорий мавсумдаги натижасига келсак, ортда қолган 20та тур ўйинларида 13та гол уриб, тўпурарлар пойгаси етакчиси Бафетимби Гомис («Ал-Ҳилол»)дан 3та голга ортда қолмоқда.
Клуб юлдузи: Муҳаммад ал Саҳлавий. ЖЧ-2018 саралашида Саудия термасининг ҳужумида бош «қурол» сифатида кўзга ташланган бу футболчи Осиё кубоги-2019да иштирок этгани йўқ. «Ал-Наср» уни 2009 йили «Ал-Қодисия»дан 8 млн. долларга сотиб олиб, Ёсир ал Қаҳтоний трансферига тегишли Саудия рекордини янгиланганди. Ал Саҳлавий ортда қолган вақт давомида клуб учун 103та гол урди. Тўғри, унинг охирги мавсумдаги статистикаси анча паст: 11та ўйин, атиги 1та гол.
«Ал-Наср»нинг ОЧЛдаги иштироки
2011 йил: 1|8 финал (2та ғалаба, 2та дуранг, 3та мағлубият). Бадр ал Мутва 5та гол билан жамоанинг асосий юлдузи бўлганди.
2015 йил: гуруҳ босқичида 3-ўрин (2та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият).
2016 йил: гуруҳ босқичида 3-ўрин (1та ғалаба, 2та дуранг, 3та мағлубият).
«ПАХТАКОР» РАҚИБИ - «АЛ-НАСР»
Маълумот учун
«Ал-Наср» (Дубай)
Ташкил топган вақти: 1945 йил
Клуб хўжайини: Ҳамдан бин Рашид ал Мактум
Стадиони: «Ал-Мактум» (сиғими - 15058)
Ютуқлари: Араб кўрфази лигаси ғолиби (3 марта): 1977|1978, 1978|1979, 1985|1986; БАА президенти кубоги соҳиби (4 марта): 1984|1985, 1985|1986, 1988|1989, 2014|2015
Узоқ 1945 йили ташкил топган Дубай клуби БАА футболининг энг «қария» вакилидир. Жамоа ўтган мавсум маҳаллий лигада 4-ўринни банд этди. «Ал-Наср» 2015 йили Кўрфаз кубоги ғолибига айланиш баробарида ички аренада ҳам яхши натижага эришганди. Хусусан, Президент кубогини ютди. Клуб бошқаруви сербиялик мутахассис Иван Йовановичга топширилганидан сўнг юқорига кўтарилиш бошланди. Ундан кейин «Ал-Наср»да Дан Петреску ва Чезаре Пранделли каби мутахассислар ҳам ишлашди. Айни пайт жамоага испаниялик Беньят Сан Хосе устозлик қилмоқда.
Жорий мавсум (2018|2019) ички чемпионатдаги ҳолати: 15та ўйин, 4та ғалаба, 4та дуранг, 7та мағлубият, тўплар нисбати: 20-26. 10-ўрин.
Бош мураббий. Беньят Сан Хосе (Испания). 1979 йилнинг 24 сентябрида Гипускоа вилоятида туғилган. «Ал-Наср»да шу йил бошида иш бошлади. Сан Хосе мураббийлик фаолиятини 2008 йили «Реал Сосьедад» академиясида бошлаганди. 2012-2014 йилларда эса Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасини бошқарди. Эътиборлиси, атиги 33 ёшида мамлакат кубоги (Қирол кубоги)ни ютиб, Саудия ва Араб Кўрфази рекордини ўрнатди. Кейин орада Боливия ва Чили клубларида ҳам бинойидек натижалар кўрсата олди.
Легионерлари: Жоан Умари (Ливан), Ронни Фернандес (Чили), Жуниор Дутра (Бразилия), Муҳаммад Буҳеррафа (Франция), Фарис Абдулҳақ (АҚШ), Альваро Негредо (Испания).
Альваро Негредо. «Альмерия», «Севилья», «Манчестер Сити», «Валенсия», «Мидлсбро», «Бешиктош» клублари сафида юқори даражали ўйинлар ҳавосидан баҳра олган ҳужумчи. Альваро 2010|2011 ва 2012|2013 йиллар мавсумларида Испания Ла-лигасида энг кўп гол урган маҳаллий футболчи сифатида махсус мукофот олган. «Ал-Наср» билан эса ўтган йилнинг 18 сентябрь куни 2 йиллик шартнома тузди.
«Ал-Наср»нинг ОЧЛдаги иштироки
2012 йил: гуруҳ босқичида 3-ўрин (2та ғалаба, 4та мағлубият)
2013 йил: гуруҳ босқичида 4-ўрин (1та дуранг, 5та мағлубият)
2016 йил: чорак финал (3та ғалаба, 3та дуранг, 4та мағлубият). Салим Солиҳ ал Ражайбий 1|8 финал ўйинида жамоасининг энг фойдали футболчиси бўлганди.
Анонс
ОЧЛ-2019. Учинчи саралаш босқичи («плей-офф»)
«ҒАРБ» МИНТАҚАСИ
19 февраль (сешанба)
20:00 АЛ-НАСР (Саудия Арабистони) - АГМК (Ўзбекистон)
Ҳакамлар: Муҳаммад Тақи, Ли Цу Лианг, Ронни Кох Мин Киат (Сингапур), Разлан Жоффри Али (Малайзия)
20:00 АЛ-НАСР (БАА) - ПАХТАКОР (ЎЗБЕКИСТОН)
Ҳакамлар: Рюжи Сато, Хироши Ямагучи, Михара Жун (Япония), Рован Арумуган (Ҳиндистон)
20:00 АЛ-РАЙЯН (ҚАТАР) - САЙПА (ЭРОН)
20:00 АЛ-ГАРАФА (ҚАТАР) - ЗОБ-ОҲАН (ЭРОН)
ШарҚий минтаҚа
12:30 ШАНДОНГ ЛУНЕНГ (ХИТОЙ) - ХАНОЙ (ВЬЕТНАМ)
15:00 САНФРЕЧЧЕ ХИРОСИМА (ЯПОНИЯ) - ЧАНГРАИ ЮНАЙТЕД (ТАИЛАНД)
15:00 КАШИМА АНТЛЕРС (ЯПОНИЯ) - НЬЮКАСЛ ЖЕТС (АВСТРАЛИЯ)
15:30 УЛЬСАН ХЮНДАЙ (ЖАНУБИЙ КОРЕЯ) - ПЕРАК (МАЛАЙЗИЯ)
Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20