Қайднома

Қидирув

Гуруҳ раундидан олдин сўнгги имтиҳон...

Гуруҳ раундидан олдин сўнгги имтиҳон...

  19.02.2019 09:14
  0
  475
Гуруҳ раундидан олдин сўнгги имтиҳон...

Мана, Осиё Чемпионлар Лигаси-2019нинг асосий босқичи старти тобора яқинлашмоқда. Бугун бўлиб ўтадиган саралаш ўйинлари («плей-офф» босқичи)дан сўнг 8та квартет таркиби тўлиқ шаклланади. Осиёда ҳам худди Европада бўлгани каби қитъа клублари ўртасидаги энг нуфузи баланд турнирнинг квалификацион ўйинлари қадри йилдан йилга ошмоқда. Ҳарқалай, йўлланмалар учун кураш даражаси ўзгармоқда. Фақат шуниси борки, ОФК саралаш босқичини ҳамон жуда тор доирада ўтказмоқда. Ҳа, турли мамлакатлар ички чемпионатлари ўртасида катта фарқ борлиги сезилиб турибди. Лекин саралашнинг «плей-офф» ўйинлари натижалари далолат бермоқдаки, охирги 3-4 йилда Вьетнам, Гонконг ва Таиланд футболи клуб даражасида жиддий ўсишга эришди. Қувайт ва Индонезия футболининг дисквалификациядан қутулгани ҳам ОЧЛ аудиториясига таъсир этиши керак. Айтиш жоиз, ОЧЛ саралашида қатнашиш учун жамоалар аввало, ОФКнинг лицензиялаш бўйича талабларини бажариши лозим. Лекин қабул қилинган тизимни оқлаб бўлмайди. Дейлик, 3 йилдан буён саралашда қайси мамлакатлар вакиллари ўйнашлари ва улар қаерда майдонга тушишларини олдиндан тахмин қилиш ортиқча мушколот туғдирмай қўйди. Чунончи, квалификацион раундларнинг охиргиси асосан араб - форс қарама-қаршилиги ҳамда япон ва корейс клубларининг Вьетнам ва Гонконг вакиллари билан тўқнашуви руҳида ўтяпти.

 

Вакилларимиз саралашда

«Пахтакор» ва АГМК олдида ҳал қилувчи ўйинлар турибди. Ўша ғалати тизим туфайли ҳар икки вакилимиз  йўлланма масаласини сафар учрашувида ҳал этиши керак. Тушунарлики, бу қийин вазифа. Демакки, ОФК коэффициентлар жадвалидаги мавқемизни имкон қадар яхшилашимиз зарур. Умид қиламизки, вакилларимиз бугун гуруҳ босқичида «Локомотив»ни ёлғиз қолдирмаслик вазифасини муваффақиятли бажаришади. Энди эса Ўзбекистон клубларининг охирги йилларда гуруҳ босқичига чиқиш йўлидаги сўнгги маррада қандай ўйнаганига бирров назар соламиз. Ажабмас, бугунги ўйинлардан сўнг бу борадаги умумий статистикамиз бироз яхшиланса.

 

ОЧЛ-2012

2011 йилги чемпионат совриндорлари - «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф» клублари ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олган, Фарғонанинг «Нефтчи»си эса саралашда БАА вакили билан тўқнаш келганди. Фарғоналиклар ўшанда Дубайда «Ал-Шабаб» меҳмони бўлишган ва тажриба пастлиги туфайли ортга йўлланмасиз қайтишган - 0:3. Дарвоқе, «Шабаб» голларидан бирига ўша вақт БААда яхшигина обрў орттирган Азиз Ҳайдаров муаллифлик қилганди.

2012 йил 18 февраль. Дубай. «Мактум бин Рашид ал Мактум» стадиони. 2000 томошабин.

«Ал-Шабаб»(БАА) - «Нефтчи» - 3:0 (1:0)

Бош ҳакам: Муҳсин Турки (Эрон).

Голлар: Эсса Обайд (6, 60), Азиз Ҳайдаров (90+3).

ОЧЛ-2013

2012 йили миллий чемпионатимизда «Пахтакор» ғолиб чиққан бўлса, кубок «Бунёдкор»га насиб этганди. Тошкентнинг яна бир жамоаси «Локомотив» мамлакатимизнинг учинчи вакили сифатида саралашга йўл олган. Ўзи 2013 йилги мавсум квалификациясида атиги 6та клуб қатнашган, холос. Афсуски, натижа яна салбий, боз устига, яна Дубайда. Эҳ, «Локо»га ўйин охирида мезбонлар фойдасига белгиланган пенальти панд берганди...

2013 йил 9 февраль. Дубай. «Ал-Мактум» стадиони. 3825 томошабин.

«Ал-Наср»(БАА) - «Локомотив» - 3:1 (1:0)

Бош ҳакам: Масааки Тома (Япония).

Голлар: Такаюки Моримото (30), Ҳабиб ал Фардан (78), Лео Лима (89-пен.) - Виктор Карпенко (71), Акмал Холматов (76).

 

ОЧЛ-2014

2013 йили чемпионатда ҳам, кубок турнирида ҳам «Бунёдкор»нинг қўли баланд келди. Олий лига турнир жадвалининг 2-3-поғоналарига эса тегишлича «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари жойлашди. Рейтинг жадвалига кўра, шу икки жамоанинг ОЧЛ саралашидан ўтишига тўғри келди. Бироқ вакилларимиз квалификациянинг иккинчи раундидаёқ курашдан четга чиқишди. Хуллас, 2014 йили 2та жамоамиздан лоақал 1таси гуруҳ босқичидан олдинги сўнгги саралаш чиғириғига чиқолмаганди.

ОЧЛ-2015

Ўзбекистон клуби атиги 4 йилча олдин фақат ва фақат кучли амбиция ва юқори мотивация ҳисобига гуруҳ босқичига йўл олганини алоҳида айтиш керак. Хуллас, чемпионатни медалсиз якунлаган «Бунёдкор» саралашнинг «плей-офф» раундида нафақат БАА, балки бутун араб футболидаги энг кучли клублардан бири «Ал-Жазира»ни ҳар томонлама мағлуб этган ҳолда, асосий иштирокчилар сафига қўшилди. Ўша мавсум ОЧЛ «Бунёдкор» учун янги юлдузларчаларни чинакамига кўрсатиш саҳнаси бўлганди. Тўғрироғи, ёш «қалдирғочлар» ички чемпионатдаги рақобат ва ОЧЛдаги мураккаб ўйинлар орқали катта клублар назарига тушишганди.

2015 йил 17 февраль. Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 9263 томошабин.

«Бунёдкор» - «Ал-Жазира» (БАА) - 2:1 (1:1)

Бош ҳакам: Алиризо Фағони (Эрон).

Голлар: Воҳид Шодиев (23), Сардор Рашидов (52) - Али Мабҳут (45+1-пен.).

 

ЧЛ-2016

«Бунёдкор» мавсум-2015 давомида чемпионатда ҳам матонат билан кураш олиб борди, бироқ якунда атиги 4-ўринга жойлашди. Ўша мавсум биздан 3та жамоа («Пахтакор», «Насаф» ва «Локомотив») гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олганди. «Қалдирғочлар» саралашнинг ҳал қилувчи ўйинини яна Тошкентда, яна БАА вакилига қарши ўтказишди. Асосийси, Элдор Шомуродовнинг 2та голи жамоамизга ишончли ғалаба тортиқ этди. Терма жамоамиз ҳужумида катта умид уйғотган Элдор илк дақиқаларда Достон Ҳамдамов узатмасидан унумли фойдаланган бўлса, 35-дақиқада унинг голига Акрам Комилов ассистентлик қилганди. Бу сафар ҳам «Ал-Шабаб» таркибида Азиз Ҳайдаров фаол ўйнаганди, фақат самарасиз...

2016 йил 9 февраль. Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 9485 томошабин.

«Бунёдкор» - «Ал-Шабаб» (БАА) - 2:0 (2:0)

Бош ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея).

Голлар: Элдор Шомуродов (2, 35).

 

ОЧЛ-2017

«Бунёдкор» ва «Насаф»да йиғилган таркиб ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш вазифасини бемалол уддалашга қодир эди. Фақат ҳар икки жамоанинг 6та ўйиндан иборат асосий раундда қай тариқа ўйнаши ҳақида дангал гапиролмагандик. «Бунёдкор» ўша «плей-офф»-да пенальтилар сериясидан қандай ўтгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Хусусан, Мурод Зуҳуров сериясида юксак маҳорати намойиш этганди. Эсласангиз, дастлаб ҳар икки жамоа вакиллари - Ромариньо ва Сардор Рашидов «нуқта»дан зарба йўллашда адашишганди.

2017 йил 7 февраль. Ал-Ҳаса. «Шаҳзода Абдуллоҳ бин Жалавий» стадиони. 7439 томошабин.

«Ал-Фотиҳ»(С.Арабистони) - «Насаф»- 1:0 (1:0)

Бош ҳакам: Ко Хюнг Жин (Ж.Корея).

Гол: Укра (45+1).

2017 йил 7 февраль. Доха. «Абдуллоҳ бин Халифа» стадиони. 1150 томошабин.

«Ал-Жаиш» (Қатар) - «БУНЁДКОР» - 0:0

Пен. серияси - 1:3

Бош ҳакам: Адҳам Маҳадмеҳ (Иордания).

Пенальтидан фойдаланган футболчилар: Муҳаммад Метнаний - Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Элдор Шомуродов.

Факт ўрнида. «Бунёдкор» футболчилари ўша баҳсда 6 марта «офсайд» ҳолатига тушиб қолишган ва 18 марта қоида бузишган.

 

ОЧЛ-2018

Ўтган йили «Пахтакор»нинг амбицияси баланд эди, таркиби ҳам «Насаф»дан олинган футболчилар эвазига анча кучайтирилганди. Хуллас, «шерлар» ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати эйфориясини давом эттиришни, яъни йўлланма масаласини ортиқча муаммосиз ҳал этишни кўзлагандилар. Бироқ Қатардан қуруқ қўл билан қайтишди. «Насаф» эса анча кучсизланган, Иордания вакилига қарши баҳсда жамоадан мухлислар катта қаҳрамонлик кутишмаганди. Муҳими, қаршиликлар ягона ўйинни юқори нотада ўтказиб,   гуруҳ босқичига дадиллик билан чиқишди.

2018 йил 30 январь. Ал-Райан. «Тани бин Жассим» стадиони. 2936 томошабин.

«Ал-Гарафа»(Қатар) - «Пахтакор»- 2:1 (2:0)

Бош ҳакам: Моҳаннад Қосим (Ироқ).

Голлар: Уэсли Снейдер (21-пен.), Диего Карлос Корреа (28) - Жасур Ҳакимов (90+3).

2018 йил 30 январь. Қарши. «Марказий» стадиони. 12843 томошабин.

«Насаф» - «Ал-Файсали» (Иордания) - 5:1 (1:0)

Бош ҳакам: Хироюки Кимура (Япония).

Голлар: Игорь Голбан (12), Бобур Абдухолиқов (49), Азиз Ғаниев (52), Драган Черан (61-пен.), Ёсир ал Равашдеҳ (87-авт) - Албан Меҳа (90+4).

ФИКРАТ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz