Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2019: АГМК БОШДАН БАЛАНД САКРАЙ ОЛМАДИ

ОЧЛ-2019: АГМК БОШДАН БАЛАНД САКРАЙ ОЛМАДИ

  20.02.2019 14:03
  0
  431
ОЧЛ-2019: АГМК БОШДАН БАЛАНД САКРАЙ ОЛМАДИ

Бу йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида жамоаларимиз сони учта бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо ўз тарихида илк маротаба бундай нуфузли турнирда қатнашаётган АГМК имкониятдан фойдалана олмади. Аниқроғи, Саудия Арабистони чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб турган «Ал-Наср» бунга йўл қўймади. Бошдан баланд сакраб бўлмаслиги бу ўйинда ҳам ўз исботини топди.

Таркибдаги катта йўқотишларга қарамай, майдон эгалари футболчиларимизга қарши ўйинда ортиқча қийинчиликка дуч келишмади. Легионерлар лимити сабаб Ар-Риёд жамоасида етакчи ҳисобланган айрим хорижлик футболчилар ОЧЛ баҳсларида ёрдам бера олишмайди. Бош мураббий Руи Виториа жамоанинг бразилиялик сардори Бруно Увини, ушбу юртнинг яна бир вакили, ҳимоячи Петрос, марокашлик Нурдин Амрабат ҳамда колумбиялик Кристиан Рамоснинг хизматларидан айнан ОЧЛда фойдалана олмайди. Бу футболчилар чемпионат ва кубок учрашувларида «Ал-Наср»нинг асосий фигураларига айланишади. Боз устига, АГМКга қарши ўйинда риёдликларнинг асосий юлдузи Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ майдонга тушмади. Таркибдаги шунча йўқотишларга қарамай, Виториа шогирдлари Ўзбекистон кубоги соҳибини деярли «сезишмади». Иккинчи бўлимда мезбонлар Суҳроб Султонов қўриқлаган дарвозани «ўққа» тутишди. Жулиано «дубл»га эришган бўлса, Омар Ҳавсави ва Султон Ал Ғаннам ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйишди.

Ўйиндан олдин кўпчилик АГМКнинг энг катта устунлиги унинг мураббийи эканлигини таъкидлаганди. Ҳақиқатан ҳам, Миржалол Қосимовнинг катта тажрибаси фавқулодда олмалиқликларга қўл келиши мумкин эди. Лекин ҳар қандай моҳир ошпаз ҳам масаллиғида гўшт бўлмаса, ошни ширин қилиб тайёрлай олмайди. АГМКда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Таркиб қисқа фурсатда йиғилди, турли клублардан футболчилар таклиф этилди. Лекин жамоада ўйинни ўз қўлига оладиган, клубни ўз ортидан эргаштира оладиган етакчи йўқ эди. Ҳимоя марказида катта бўшлиқ юзага келган. Бобур Йўлдошев ва Сардор Раҳмоновга етарлича эътирозлар бўлди. «Истиқлол» билан ўйинда учрашув қаҳрамонига айланган Жасур Ҳасановнинг кучли клубга қарши баҳсда ҳозирги спорт формаси кўзга ташланиб қолди. АГМКда ҳали жамоавий ўйин шаклланмаган. Устига-устак бизда ҳали чемпионат бошланмаган. Саудия Арабистонида эса мавсум ярмидан ўтган. Аммо барибир, санаб ўтилган бу омиллар баҳона қилишга сабаб бўлолмайди. Тайёргарлик учун вақт эди. Хорижда йиғинлар ва унинг доирасида ўртоқлик учрашувлари ташкил этилди. Лекин факт шуки, рақиб АГМКдан ҳар томонлама кучли экан. Биргина мураббий фактори бизнинг ғалабамиз учун кифоя қилмасди. Энди Миржалол Қўшоқович бор эътиборини ички чемпионат баҳслари ҳамда кубок ҳимоясига қаратади. Дарвоқе, АГМКни олдинда «Локомотив»га қарши ўтказиладиган Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви ҳам кутиб турибди.

 

АЛ-НАСР (САУДИЯ АРАБИСТОНИ) - АГМК (ЎЗБЕКИСТОН) - 4:0 (0:0)

19 февраль. Ар-Риёд. «Prince Faisal bin Fahd» стадиони.

Ҳакам: Муҳд Тақи (Сингапур).

Голлар: Умар Ҳавсави (55), Султон ал Ғанам (62), Жулиано (80, 90}3).

Ал-Наср: Бредли Жонс, Майкон, Умар Ҳавсави, Абдулраҳмон ал Обайд, Жулиано, Абдулазиз ал Жебрен (Абдулраҳмон ал Давсари, 83), Абдуллоҳ ал Салим, Султон ал Ғанам, Абдуллоҳ ал Ҳаибри, Фаҳад бин Жумая (Ракан ал Аназе, 79), Фирас ал Биракан (Яҳё ал Шаҳри, 72).

АГМК: Суҳроб Султонов, Санъат Шихов, Бобур Йўлдошев, Акмал Шораҳмедов, Дилшод Жўраев, Сардор Раҳмонов, Мурод Тошматов (Жасур Ҳакимов, 59), Сайдулло Раҳматов, Жасур Ҳасанов (Зоҳир Пиримов, 80), Миролюб Костич (Ғуломҳайдар Ғуломов, 65), Зафар Полвонов.

Огоҳлантиришлар: Абдулазиз ал Жебрен (75) - Зафар Полвонов (34), Миролюб Костич (43), Дилшод Жўраев (61).

 

Матбуот анжумани (ўйиндан сўнг)

Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи): - Рақиб кучли, буни тан оламиз. Мезбон жамоа футболчилари юқори тезликда ҳаракат қилишди. Иккинчи бўлимда стандарт вазиятдан кейин ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Бизнинг жамоага келсак, ҳали мавсумга жисмонан тайёр эмасдик. «Ал-Наср» ҳақли равишда гуруҳ босқичига чиқди. Уларни бу муваффақият билан табриклайман. Афсуски, ҳар доим ҳам ўйиндан олдинги режалар амалга ошавермайди. Қолаверса, йигитлар мавсумга жисмонан тайёр эмаслар. Боз устига, рақиб бугунгидек кучли бўлса. Ҳали Ўзбекистонда чемпионат бошланмаган. Шу боис ҳам бугун иккинчи рақамли жамоа бўлиб, қарши ҳужумда ўйнашни режалаштиргандик. Барчаси режа асосида кетаётганди, аммо стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Кейин эса йўқотадиган нарсамиз қолмаганди. Чунки 0:2 ҳисобида ютқазамизми ёки 0:3, бунинг фарқи йўқ эди. Бир нечта имкониятларимиз ҳам бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz