Қайднома

Қидирув

ЯНА КУБОК ВА ЧЕМПИОНЛИК ТОРТИШУВЛАРИ

ЯНА КУБОК ВА ЧЕМПИОНЛИК ТОРТИШУВЛАРИ

  21.02.2019 19:06
  0
  610
ЯНА КУБОК ВА ЧЕМПИОНЛИК ТОРТИШУВЛАРИ

Ортда қолган дам олиш оқшомларида британияликлар Англия кубоги илинжида майдонга тушган жамоалар беллашувларини томоша қилишди. Етакчи бешликнинг қолган вакиллари эса ўз лигаларида навбатдаги тур доирасида куч синашишди.

Англия. Савия ўз сўзини айтди

«Кўр» қуръанинг антиқа табиатига кўра шаклланган жуфтликлар орасида «Челси» ва «МЮ» мухлислари ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмасди. Буни тушуниш қийинмас, чунки нуфузли совринни қўлга киритиш имкониятига эга бўлган грандлар нимчорак финалда орани очиқ қилишга мажбур бўлдилар. «Стэмфорд Бриж»даги беллашув тенг курашлар остида ўтди, айрим жиҳатлар бўйича майдон эгалари, бошқаларида меҳмонлар устунлик қилишди. Охир-оқибат, Андер Эррера ва Поль Погбанинг бош билан йўллаган иккита аниқ зарбаси «қизил иблислар»га чорак финал йўлланмасини тақдим этди.

Қаторасига иккинчи марта чемпионликни кўзлаётган «Манчестер Сити» учун бу босқич «Шальке»га қарши муҳим учрашув арафасида ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади. Чунки Гвардиола бир қатор захира ўйин­чиларини синовдан ўтказиб олди. Тўртинчи дивизион вакили бўлмиш «Ньюпорт» ўз мухлислари гувоҳлигида имкони борича номдор рақиби ҳужумларига дош берди. Лекин якунда савия борасидаги тафовут ўз сўзини айтди - 1:4.

Ўз уйида «Брентфорд»ни қабул қилган «Суонси» ҳам «Сити» каби йирик ғалабани расмийлаштирди. Аммо ютуққа эришиш осон бўлмади - биринчи бўлим қуйи лига вакилининг 1:0 ҳисобидаги устунлиги билан якунланганди. Танаффусдан кейин мухлислар адолат тантанасига гувоҳ бўлишди - меҳмонлар дарвозаси 4 марта забт этилди.

Албатта, қолган учрашувларда элита намояндалари жиддий қаршиликка дуч келдилар. Масалан, «Уотфорд» сафарда «КПР»дан, «Вулверхэмптон» «Бристоль Сити»дан, «Брайтон» эса «Дерби Каунти»дан кичик фарқ билан устун келишди. «Кристал Пэлас» «Донкастер» дарвозасига 2та жавобсиз гол урди.

 

Испания. Рамоснинг антирекорди

Ла Лиганинг навбатдаги тури ҳам кутилмаган натижалардан холи бўлмади. Яқинда «Ванда Метрополитано»да «Атлетико»дан 2-ўрин ва 3 очкони тортиб олган «Реал» ўз мавқеини мустаҳкамлаш ўрнига аутсайдерларга қўшни бўлган «Жирона»га имкониятни бой берди. Ваҳоланки, учрашув «Қироллик клуби»нинг фаоллиги билан бошланган ва Каземиронинг аниқ зарбаси эвазига олдинга чиқиб олганди. Боз устига, бир кун аввал «Райо Вальекано»ни катта қийинчилик билан маҳв этган (1:0) «матрасчилар» яна «Реал»дан ўзиб кетишганди. Аммо танаффусдан кейин маҳаллий мухлислар ва мутахассисларнинг умидлари чиппакка чиқди - Каталониянинг камтарин клуби Тибо Куртуани ўз дарвозасидан икки марта тўп олиб чиқишга мажбур этди. Меҳмонларнинг ҳисобни тенглаштирувчи голида Серхио Рамос асосий «қаҳрамон» ролини бажарди, дарвозага йўлланган тўпни сардор қўли билан тўсиб қолганди. «Жирона» тўпурари Кристиан Стуани «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўймади. Шундан кейин ташаббус меҳмонлар томонига ўтди ва 10 дақиқадан кейин улар олдинга чиқиб олдилар. Бу сафар Стуанининг адаши - Португес Куртуани доғда қолдирди. Майдон эгалари эса мағлубиятдан қутулиб қолиш йўлини топа олишмади. Қўшимчасига, Рамос яна битта сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди. Шу тариқа «Қироллик клуби» сардори Ла Лига доирасидаги 20-қизил карточкасини расмийлаштириб, антирекорд соҳибига айланди.

Турнир пешқадами «Камп-Ноу»да «Вальядолид» устидан камтарона ғалаба билан кифояланди. Уч очко келтирган ягона голни тўпурарлар етакчиси Лионель Месси амалга оширди. Меҳмонларнинг уюшқоқлик билан ҳимояланишгани ва дарвозабон маҳорати ҳисобнинг йириклашишига имкон бермади. Аслида, Каталония гранди тарбияланувчиси бўлган Жорди Матип бир қатор «сэйв»лардан ташқари, «ўзга сайёралик» мерганнинг иккинчи пенальтисини қайтаришга муваффақ бўлди.

«Қора» гуруҳдан кўтарилишга интилаётган «Вильярреал» меҳмони бўлган «Севилья» сафардан йирик (0:3) мағлубият билан қайтди. Андалусия клубининг «Лацио»­га қарши баҳсда (1:0) толиқиб қолганлиги ўз таъсирини кўрсатди. Лекин «Севилья» кучли квартетдаги ўрнини сақлаб қолди. Боиси, энг яқин таъқибчиси - «Хетафе» Эйбарда жанговар дурангга (2:2) имзо чеккан ва қимматли икки очкони бой берганди.

Германия. «Боруссия»лар «Бавария»га бирдам!

Ҳа, футбол олами ғаройиб, баъзан мантиққа зид воқеаларга тўла. Бундеслига пешқадами ва 3-поғонада бораётган номдошлар бу турдаги натижалари билан «Бавария» мухлисларини хурсанд қилишди. Ўз навбатида, Бундеслига гранди аутсайдерларга қўшни бўлишдан ўзга чораси қолмаган «Аугсбург» майдонидан иродали ғалаба (3:2) билан қайтди. Натижада пешқадамга янада яқинлашиб олди.

Бундеслиганинг номдош жамоаларига тўхталадиган бўлсак, дортмундликлар Нюрнбергда нурсиз дурангга имзо чекиб, ҳам маҳаллий ишқибозларни, ҳам мюнхенликларни мамнун этишди. Менхенгладбах жамоаси эса Франкфуртдаги баҳснинг сўнгги дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолди. Лекин «Бавария» билан фарқ 5 очкога етди. Акс ҳолда, «Айнтрахт» 5-ўринга кўтарилиб оларди.

Дарвоқе, айнан шу поғонани банд этган «Байер»нинг зафарли серияси 5тага етди. Сафарда «Штутгарт»ни маҳв этган «РБ Лейпциг» эса етакчи учликка яқинлашиб олди.

 

Италия. 6 даҚиҚада 3та гол

«А» сериянинг 24-турини очиб берган «Ювентус» - «Фрозиноне» беллашуви натижасини аввалдан тахмин қилиш қийин эмасди. Кутилганидек, карвонбоши грандларга хос салобат билан аввал тезкор голни амалга оширди, кейин фарқни 2тага етказди. Танаффусдан кейин эса яна битта гол уриб, ўйинни хотиржамлик билан тугатди. Тўпурарлар етакчиси Роналду битта аниқ зарбаси билан голлари сонини 19тага етказиб олди.

Лекин «Милан»нинг қишки мавсумдаги қимматбаҳо хариди - Кшиштоф Пентек ҳам бўш келмаяпти. Польшалик ҳужумчи Бергамода анчайин рақибларини чўчитиб қўйган сермаҳсул «Аталанта» дарвозасини икки бор ишғол этиб, «россонери»нинг муҳим ғалабасига муносиб улуш қўшди. Ўзи эса Криштига яқинлашиб олди.

«Милан»нинг ён қўшниси «Интер» ўз майдонида жиддий рақиб - «Сампдория»ни енгди. Тенг курашлар остидаги беллашув қизиқарли ва муросасиз тарзда кечиб, ғолиб номи 6 дақиқа ичида урилган 3та голдан кейин маълум бўлди. Аввалига мезбонлар 73-дақиқада ҳисобни очдилар, 3 дақиқадан сўнг мувозанат тикланди, Наингголаннинг голи эса 78-дақиқада амалга оширилди.

«Аталанта»нинг мағлубиятидан унумли фойдаланган «Рома» «Милан»га максимал даражада яқинлашиб олди. «Бўрилар» Римда «Болонья»ни кичик устунлик (2:1) билан маҳв этишди.

«Наполи» бу турда яна очко йўқотди - Карло Анчелотти шогирдлари «Торино» дарвозасига йўл топа олмадилар ва энди етакчидан 13 очкога ортда боришмоқда. «Интер» билан ўртадаги фарқ эса 7 очкони ташкил этмоқда.

 

Франция. «Монако» «ботҚоҚ»дан чиҚди

Манчестердан кўтаринки кайфиятда қайтган «ПСЖ» Сент-Этьендаги беллашувни тежамкорлик режимида ўтказди. Майдон эгалари гранд томонидан уюштирилган ҳужумлардан ишончли тарзда ҳимояланишди. Бироқ ўйин ниҳоясига яқинлашаётган паллада Килиан Мбаппенинг аниқ зарбаси мувозанатни бузди.

Иккинчи ўринни эгаллаб турган «Лилль» эса ўз майдонида «Монпелье»ни енга олмади - 0:0. Натижада асосий таъқибчилари - «Лион» ҳамда «Марсел»га яқинлашиб олиш имкониятини ҳадя этди. Рақиблар бу туҳфанинг зое кетишига йўл қўйишмади. «Лион» «Генгам»дан 2:1, «Марсель» эса «Амьен»дан 2:0 ҳисобида устун келди.

Ниҳоят, мавсум бошидан бери қуйи поғоналардан кўтарила олмаётган «Монако» ўз майдонида «Нант» устидан орзиқиб кутилган ғалабага эришиб, аутсайдерлар сафини тарк этди. Чунки бу турда «Дижон» сафарда «Ним»га имкониятни бой берди - 0:2. Монегаскларга олтин баҳосидаги 3 очкони тақдим этган ягона голни 13-дақиқада Желсон Мартинш амалга оширди. Князлик клубини олдинда ўта жиддий синов кутмоқда - 24 февраль оқшомида жамоа ўз майдонида «Лион»га қарши баҳсга киришади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz