Қайднома

Қидирув

Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров: «Клубда қолишимни мураббийлар исташмади»

Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров: «Клубда қолишимни мураббийлар исташмади»

  23.02.2019 01:40
  0
  820
Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров: «Клубда қолишимни мураббийлар исташмади»

2009-2010, 2013-2018 йиллар мавсумида Олмалиқнинг АГМК жамоаси шарафини садоқат билан ҳимоя қилган Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров фаолиятини бошқа клубда давом эттирадиган бўлди. Аслида, футболчи шартномасини яна бир йилга узайтирганди. Лекин Миржалол Қосимов АГМКга бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг Ҳожиакбаровнинг кетиши ойдинлашди. Абдуқаҳҳор ўйнайдиган позицияга янги ўйинчилар таклиф этилди. Табиийки, рақобат кучли ва қолаверса, мураббий ўзи ишонган футболчиларга имконият беради. Буни тўғри англаб етган Ҳожиакбаров амалдаги Ўзбекистон кубоги соҳиблари сафини тарк этди. Ҳозирда у «Бунёдкор» машғулотларида иштирок этяпти ва катта эҳтимол билан янги мавсумни Вадим Абрамов бошчилигидаги «қалдирғочлар» таркибида бошлайди.

 

- Абдуқаҳҳор, АГМК билан шартномангиз якунланганмиди?

- Ҳа, ўтган йили якунига етганди. Лекин кейин амалдаги келишувни узайтиргандим.

- Бу шартнома 2019 йил учун тузилганмиди?

- Худди шундай. Жорий мавсум учун бир йиллик шартнома тузгандик.

- Келишув бўйича жамоада қолишингиз ҳам мумкин эди. Нима учун бу имкониятдан фойдаланмадингиз?

- Мураббийлар буни исташмади. «Истиқлол»га қарши ОЧЛ учрашувидан икки кун олдин чақириб, мен билан дўстона хайрлашишди.

- Шартнома клуб томонидан бузилгани учун сизга товон пули тўлашдими?

- Бу йил учун бир ойлик маошимни беришди.

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам АГМК билан бирга тарихга кирдинглар. Кубок соҳиби бўлдингиз. Бошқа томондан олиб қараганда, ОЧЛда ўйнашга ҳақли эдингиз. Бу ҳақда ўйладингизми?

- Албатта, ўйладим. Лекин мураббийлар бу имкониятни менга беришмади.

- АГМК ўйинига бефарқ эмассиз. Жамоанинг «Истиқлол»га қарши ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Учрашув анча қизиқарли кечди. Мавсумнинг биринчи расмий ўйини бўлгани учунми, бошида футболчиларимизда ҳаяжон кузатилди. Лекин кейин ҳаммаси ўз жойига тушди. Якунда иродали ғалабага эришишди.

- Вазиятга реал қарасак, АГМК «Ал-Наср» тўсиғидан ўта олармикан? Кучли рақибни, боз устига, меҳмонда ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?

- Саудия Арабистони клубини енгса бўлади. «Истиқлол» билан баҳсда йигитлар яхлит жамоа сифатида ҳаракат қила олишларини исботлашди. Футболчиларнинг ўйини чиқса, ҳар қандай кучли рақибни ютиш мумкин.

- «Пахтакор»нинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Бу жамоанинг Ироқ клубига қарши ўтказган учрашуви менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Ўйлашимча, «Пахтакор» жамоавий ўйин эвазига рақибини мағлубиятга учратди. Клуб раҳбарияти мавсумлар оралиғида яхши селекция эвазига таркибни сезиларли тарзда кучайтира олди.

- Эндиги режалар қандай? Мавсумни қайси жамоада бошлайдиган бўлдингиз?

- Ҳозир «Бунёдкор» машғулотларида иштирок этяпман. Бундан ташқари, менда яна 3-4та вариант бор. Янги мавсумни қайси жамоада бошлашим юз фоизга аниқ эмас. Бу борада ҳали бир тўхтамга келмадим.

- Қайси вариант кўнгилга яқинроқ бўляпти?

- Очиғи, билмадим. Бир қарорга келишим қийин кечяпти. Беш йил давомида АГМК шарафини ҳимоя қилдим. Олмалиқдан кетиш мен учун осон бўлмади. Бундай вазиятга биринчи марта тушдим. Шу сабабли ҳам янги клуб танлаш масаласида шошилмаяпман.

- Хорижда ўйнаш варианти ҳам борми?

- Йўқ. Ҳозирча фақат ўзимизнинг клублардан таклифлар тушяпти.

- «Бунёдкор»да қолиш имконияти юқорими?

- Менимча, шундай. Чунки ўз вақтида олимпия терма жамоаси таркибида Абрамов қўл остида ўйнаганман.

- Вадим Карленовичнинг ўзи билан бу мавзуда гаплашдингизми?

- Ҳа, суҳбатлашдик. Шахсан унинг ўзи мени «Бунёдкор»га таклиф қилди.

- Абрамов узоқ муддат мураббийликдан йироқда бўлди. Катта иштиёқ билан футболга қайтгани сезиляптими?

- Худди шундай. Бу мутахассисда ҳар доим меҳнат қилиш учун иштиёқ кучли бўлган. Футболчилар билан қандай ишлашни жуда яхши билади. Ўйлайманки, Вадим Абрамов ўзининг бой тажрибасига таянган ҳолда, «Бунёдкор»ни аввалги ҳолатига қайтара олади.

- Нима деб ўйлайсиз, «қалдир-ғочлар» бу йил совринли ўринлар учун кураша олишармикан?

- Жамоани кўплаб етакчи футболчилар тарк этишди. Тан олиш керак, таркиб кучсизланган. Лекин клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби бу йўқотишларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишяпти. Селекция ишлари давом этмоқда. Қолаверса, «Бунёдкор» академияси ўзининг истеъдодлари билан танилган. Ушбу таълим маскани тарбияланувчилари ҳам асосий таркибда рақобатни юзага келтира олишади.

- «Жамоа Суперлигада иштирок этадими ёки йўқми?», деган ҳар хил гап-сўзлар футболчиларнинг руҳиятини тушириб юбормаганми?

- Бундай ҳолат мен келгунимга қадар бўлганми-йўқ, очиғи, билмадим. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида. Клуб Суперлиганинг барча талабларига жавоб беради. Бундай ўзининг қисқа, лекин шонли тарихига эга жамоани катта футболдан бебаҳра қолдириш нотўғри бўлади.

Камол Нур суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz