ТРАНСФЕРЛАРНИНГ ЭНГ НООДАТИЙ АНОНС-ЛАРИ. Футболчи сотиб олиш - бир иш. Харидни эълон қилиш - бошқа иш. Янги ўйинчиларни таништириш ҳолатлари мисолида ҳам замонавий футболнинг бизнесга уйғунлашиб кетганини кўриш мумкин. Қуйидаги мақола айнан энг яхши ва ёмон «реклама»лар ҳақида. Сир эмас, матбуотда трансферлар хусусидаги хабарларга катта жой ажратилмоқда, чунки қизиқиш юқори. Клубларда ҳам буни жуда яхши тушунишади ва ҳар бир янги харид анонсини ўзгача тайёрлашга ҳаракат қилишади. Тўғри, «реклама» натижаси ҳамиша турлича бўлади, албатта. Яъни баъзи анонслар шундоқ хотираларга муҳрланади, айримлари эса тезда унутилади.
Паоло ди Канио таништируви
Паоло ди Канио ўтган асрнинг 90-йилларида «Шеффилд Уэнсдей» сафига қўшилганида, клубда Италия ҳақида ҳеч нарса билишмасди, шекилли. Ҳар ҳолда, янги футболчини расман таништириш вақти келганида, жамоа раҳбарияти тошбақа-нинзялар ҳақидаги мультсериалдан фойдаланишга қарор қилди. Ахир ди Канио ва Бенито Карбоне иштирокидаги машҳур промо-кадрни яна қандай изоҳлаш мумкин? Лавҳада футболчиларнинг супермаркетда хом пиццани тишлашга уринаётганлари акс эттирилган. Энг даҳшатлиси эса, ўша пицца ананасли эди...
Ли Бойер таништируви
Бу футболчи 1996 йили «Чарльтон»дан «Лидс»га ўтишни ихтиёр этиб, ўша вақт Британия футболи тарихидаги энг қимматбаҳо тинэйжер (ёш иқтидор)га айланди. Шу факт клубни қаттиқ ҳаяжонга солдими, ҳар ҳолда, лидсликлар бир уринишда ҳали «болакай» саналган Ли Бойерни бутун дунёга танитиш учун бор имкониятларини ишга солишди. Натижаси қандай? Ёш футболчи янги клубдаги илк кундаёқ калака остида қолди, таҳқирланди. Нега? Гап шундаки, «Лидс» раҳбарияти ўйинчининг таништирув маросимига унинг ота-онасини ҳам чақирганди. Очиғи, бу ғоя кейинроқ «Ньюкасл»да ўз жамоадоши Кирон Дайер билан муштлашган Бойернинг мутлақо зарарига ишлаганди.
Шей Гивен таништируви
«Астон Вилла» дарвозабон Шей Гивенни зўрға сотиб олди ва трансферни ўзгача усулда эълон қилишни лозим топди: ирландиялик футболчини эскалаторда суратга туширди. Қизиқ, нега айнан механик зинада? Балки футболчининг Чемпионшипга учиб тушгани ва яна юқорига осонгина кўтарилишини англатмоқчи бўлишгандир...? Бирменгемликлар айни ўша трансферлар бозорида Шарль Н~Зогбия учун 9,5 млн. фунт тўлашган. Хуллас, улар ўша ёз чегарадан бироз ўтиб кетишганди.
Брайан Робсон таништируви
Кўпчилик янги футболчи қандай таништирилишини билади. Янги мураббий тақдимоти қандай кечиши ҳам барчага маълум. Бироқ ўйновчи-мураббий масаласида дангал гапиришга асос йўқ. Ахир футболкада таништиришса, мухлисларда унинг янги йўналишдаги фаолиятга тайёр эканлиги хусусида шубҳа туғилиши мумкин, бордию, расмий тадбирга костюм танланса, йиғилганлар футболчининг майдондаги иши якунлангани ҳақида ўйлашлари ҳеч гап эмас. «Мидлсбро» вакиллари бу борада жуда кўп бош қотиришгани тайин. Энг муҳими, улар якунда оригинал вариантни топишган: Робсон пиджак ва шортида...
Санти Касорла таништируви
Англиялик журналистлар айнан шу анонс узоқ вақт эсдан чиқмаслигини эътироф этишган. «Вильярреал» Касорла билан шартнома тузиш жараёнини жонли тарзда кўрсатишга қарор қилиб, тадбирга чамаси 1000 нафар мухлисни таклиф этди. Оддий айтганда, махсус кўзбўямачи барчасини секинлаштирилган тарзда стадионга «узатиб» турди.
Брайан Дин таништируви
Ҳа-ҳа, ғоя мазмунини осонгина пайқаш мумкин - Брайан «Лидс»нинг энг яхши снайпери бўлиши керак. Янги футболчининг қўлларига 2та тўппонча тутқазиш... Бундан яна қандай маъно чиқариш мумкин?
Афонсо Алвес таништируви
Яна «Мидлсбро». Бу жамоа 2008 йили Афонсо Алвесни ўз сафига қўшиб олишига қадар ҳам кўплаб бразилияликлар билан шартнома тузганди, бироқ уларнинг таништирувида қандайдир ғайриоддийлик кузатилмаган. Алвесга келганида эса, жамоа раҳбарлари катталардек иш тутиш ўрнига намойишга қизларни чорлаб, тадбирга фестивал руҳини бағишлашди. Бироқ бунда футболчи жуда ғалати кўринди...
Паулиньо таништируви
Агар клуб баҳоси бир неча миллионларга тенг футболчини бутун дунёга унинг тўпни эффектли тарзда ўйнатиш санъати воситасида таништирмоқчи бўлса, яхшиси, ўзидан бундай томошага нечоғли қодирлигини сўраши керак. Акс ҳолда, кулгу остида қолиши ҳеч гап эмас. Томошабинлар бунда янги харид қийматини ўйлаб, янада кучлироқ кулишади. Қисқаси, баъзида бу каби «имтиҳон»сиз жараён ўринсиз бўлиб чиқади, худди «Барселона» ва Паулиньода бўлгани каби...
Алан Ширер таништируви
Касорланинг шартномага имзо чекишини кўриш учун чамаси 1000 киши йиғилгани ҳолва.... Ҳар ҳолда, Ньюкаслдаги автомобиллар тўхташ майдонига тўпланган оломонга нисбатан олсак, шундай. 1996 йили «қарғалар» раҳбарияти чинакам юлдуз - Алан Ширерни таништириш учун мутлақо ўзгача анонс тайёрлади. Тасаввур қилинг, «Ньюкасл» томонидан ўша ёз харид қилинган кейинги футболчи - Дес Хэмильтон қандай аҳволга тушганкин? Ахир сиз худди шундай қабулга шайлансангизу, амалда умуман бошқача манзарани кўрсангиз, нима қиласиз?
Роберто Сольдадо таништируви
Роберто ёқимтой ва етарли иқтидорга эга ҳужумчи сифатида кўзга ташланган эди, аммо уни омадли йигитлар сафига қўшиш учун асос йўқ асло. Айниқса, Сольдадонинг «Тоттенхэм»дан «Вильярреал»га қайтишдаги ҳолатига қараш оғриқли. Илк сониялардан ўхшовсиз ҳаракат. Ваҳоланки, Робертодан тўпни шунчаки, трибуна томон тепиш талаб этилганди, холос. Бироқ футболчи негадир қаттиқ ҳаёжонланди ва икки уринишда ҳам тўпни мухлисларга етказолмади.
Давид Жинола таништируви
Камерага битта футболкани кўрсатиб, бошқасини кийиш... Бу нимаси? Ғирт аҳмоқлик эмасми? Давид Жиноланинг ўзи ҳам ушбу «топишмоқ» жавобини тополмаган бўлса керак...
Омар Гонсалес таништируви
«Пачука» клуби вакиллари Омар Гонсалес трансферини эълон қилишда, футболчини Дарт Вейдер костюмига «ўрашди». Очиғи, бу ғояда ҳам аслида нима яширинганини топиш мушкул. «Томоша» яхши чиқмаганини ҳам қўя туринг, энг мантиққа сиғмайдиган томони, ниқоб остидаги киши кимлигини ҳамма биларди.
Пол Скоулз таништируви
Майли, турли-туман эффектли намойишлар, ўхшовсиз анонслар ўз йўлига. Бу борада оддий ва камтарона вариантлар ҳам бор. Эҳтимол, ҳеч қандай анонс шарт эмасдир... Жамоа вакилларию, футболчилари хизмат кўрсатган ўйинчининг қайтишидан оддий мухлислар қатори айнан ўша куни хабар топишса нима бўлади? Ҳеч нарса! Балки «Юнайтед» раҳбарияти Пол Скоулз қайтаётганини маълум қилишни шунчаки, унутгандир...
Cодиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20