Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: «Авлиёлар»нинг эффектли конвейери

Футбол ва бизнес: «Авлиёлар»нинг эффектли конвейери

  25.02.2019 05:23
  0
  267
Футбол ва бизнес: «Авлиёлар»нинг эффектли конвейери

«Боруссия» Д, «Монако» ҳамда «Аякс» каби клублар ўз футболчилари сотувидан мўмайгина даромад олишга кўникишган. Аммо, мазкур руйхатга қўшимча киритишга қарор қилинди. Бу клубнинг муаммоси - бир неча марта футболчисини арзонга сотиб юборган, айрим ҳолларда шошилган. Ўз тарбияланувчилари учун пул талаб қилишлари, харидорлар берганидан кўпроқ суммага эга бўлишлари мумкин эди. Умуман, қуйида гап нархлар инқилоби рўй беришидан аввал кузатилган трансферлар ҳақида боради. Шу боис, «Саутгемптон» Крауч учун «Ливерпул»дан 20 миллион евро ололмаган. Ёки Абрамовичнинг «Челси»сига ўтган Уэйн Бридж эвазига 25 миллионлик бўлиши мумкин эди. Бошқа томондан, «авлиёлар» сафини қиммат нархда тарк этганлар топ-ўнлигида инглизлар йўқ. Шу боис, йигирмаликдан бошлаймиз, зеро у ерда эътиборга молик номлар учрайди.

 

Иккинчи ўнликда юлдузлар кўпми?

20-ўрин. Уэйн Бридж (10,5 млн. евро, «Челси», мавсум-2003|2004); 19-ўрин. Тео Уолкотт (10,5 млн. евро, «Арсенал», мавсум-2005|2006); 18-ўрин. Питер Крауч (10,5 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2005|2006); 17-ўрин. Кевин Дэвис (11,25 млн. евро, «Блэкберн», мавсум-1998|1999); 16-ўрин. Душан Тадич (11,4 млн. евро, «Аякс», мавсум-2018|2019).

15-ўрин. Маноло Габбьядини (12,0 млн. евро, «Сампдория», мавсум-2018|2019); 14-ўрин. Дин Ричардс (12,15 млн. евро, «Тоттенхэм», мавсум-2001|2002); 13-ўрин. Жей Родригес (13,7 млн. евро, «Вест Бром», мавсум-2017|2018); 12-ўрин. Алекс Окслейд-Чемберлен (13,8 млн. евро, «Арсенал», мавсум-2011|2012); 11-ўрин. Виктор Ваньяма (14,4 млн. евро, «Тоттенхэм», мавсум-2016|2017).

Кўриб турганингиздек, мазкур рўйхатда Бридж, Уолкотт ва Крауч бор. Улардан юқорироқда узоқ йиллар мобайнида «Чарльтон» шарафини ҳимоя қилган Кевин Дэвис, унга нисбатан ёшроқ ўйинчилар Тадич, Габбьядини, Жей Родригес ва Окслейд-Чемберлейнни кўриш мумкин.

Яқинда 38 ёшини қаршилаган ҳазилкаш Крауч «шпорлар» мактаби тарбияланувчиси саналади, аммо унга айнан «Саутгемптон»да ишонч билдиришган - футболчининг нархи ҳам ўшанда юқорилаганди. Тадичнинг баҳоси паст экани ҳам ғалати, зеро серб ўғлони нафақат ўйинни яхши тушунади, балки самарали узатмалар бўйича ҳам манаман деган ҳамкасбларини ортда қолдиради. Мазкур ўнлик учун «авлиёлар» 120 млн. еврога эга бўлишган!

Шунингдек, бу рўйхатдан ташқари Европа чемпиони Жозе Фонте, қолаверса, Жеймс Битти, Рики Ламберт, Хуанми, Ширер, Боа Морте ҳам бўлишган. Яъни, «Саутгемптон» скаутларининг иқтидорли футболчиларни топиш салоҳиятларига тан бериш лозим. Келажаги порлоқ ўйинчиларни ўз вақтида пайқашганига қойил.

Юқори ўнликда кимлар бор?

10-ўрин. Гарет Бэйл (14,7 млн. евро, «Тоттенхэм», мавсум-2007|2008); 9-ўрин. Грациано Пелле (15,25 млн. евро, «Шандон Лунэнг», мавсум-2016|2017); 8-ўрин. Натаниэль Клайн (17,7 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2015|2016); 7-ўрин. Калум Чемберс (20,23 млн. евро, «Арсенал», мавсум-2014|2015); 6-ўрин. Деян Ловрен (25,30 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2014|2015).

Гарет Бэйл - тарихдаги энг қимматбаҳо футболчилардан бири «Саутгемптон» сотган ўйинчилар орасида ўнинчи ўринда. Табиийки, «Тоттенхэм»га 17 ёшида кетган экан, у «авлиёлар» мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Чемпионлар Лигаси финалидаги голларнинг бўлғуси муаллифи ҳамда кўплаб совринлар соҳибини 14,7 млн. еврога қўйиб юборишган, беш йилдан кейин бу сумма 101 миллионгача ошганди.

Бэйл финалда Клайн ва Ловреннинг жамоаси - «Ливерпул»ни мағлуб этди. «Саутгемптон» ҳимоячилар учун Гаретга қараганда кўпроқ пул олган. Бешликда икки ҳужум вакили ва уч ҳимоячи бор - шунингдек, 19 ёшида «Арсенал» томонидан 20 млн. евродан кўпроқ пулга харид қилинган Чемберсни ҳам шу ерда. Афтидан, «канонирлар» «авлиёлар»дан ўз Бэйлларини сотиб олишга умид қилишган. Аммо бундай воқеа содир бўлмади, аммо собиқ клубларига бу йигитлар яхшигина даромад келтиришди. Қўшимчасига, пул ишлаш мақсадида Хитойга отланган италиялик Грациано Пелле ҳам дастлабки ўнликка кирди. Унинг ўттизга тўлиб улгурганини инобатга олсак, 15,25 млн. евро - ажойиб нарх. Беш футболчи учун жами 93,18 млн. евро. Ловренни «Лион»дан 10 млн.га харид қилиб, кейинчалик уни 25 млн.га сотиш - муваффақиятли бизнесдан далолат.

Топ-5га қанча тўланган?

5-ўрин. Адам Лаллана (31,0 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2014|2015); 4-ўрин. Морган Шнейдерлин (35,0 млн. евро, «Манчестер Юнайтед», мавсум-2015|2016); 3-ўрин. Люк Шоу (37,5 млн. евро, «Манчестер Юнайтед», мавсум-2014|2015); 2-ўрин. Садио Мане (41,2 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2016|2017); 1-ўрин. Виржил ван Дейк (78,8 млн. евро, «Ливерпуль», мавсум-2017|2018).

Ҳеч бир футболчининг нархи 30 млн.дан кам эмас, бунга ҳайрон қолмаса бўлаверади. «Саутгемптон» 2014 йилдан бошлаб қимматбаҳо нархда сотилган футболчилар юқори бешлигини тубдан ўзгартирди. Авваллари биринчи ўринда 2007 йили рекорд суммага сотилган 17 ёшли Гарет Бэйл жойлашган бўлса, кейинги тўрт йил мобайнида 9та қимматбаҳо келишув амалга оширилди.

Топ-5дан фақат «Ливерпуль» ёки «МЮ»га йўл олган футболчилар ўрин эгаллашди. Бу йигитлар эвазига «Саутгемптон» ғазнаси 223,5 млн.га бойиди. Тўғри, бу айрим кўрсаткичлардан анча паст, масалан, «Монако» биргина Мбаппенинг ўзи учун «ПСЖ»дан қанча пул олганини кўпчилик яхши билади. Шунга қарамай, «авлиёлар» футболчи сотиш бўйича ўзига хос йўналишга эга бўлишди.

Ван Дейк, Мане, Шоу, Лаллана, Бэйл сингари ўйинчилар қўйиб юборилгани, албатта, ўйин сифатига таъсир ўтказади - жамоа АПЛда хавфли ҳудудда бормоқда ва вазиятни мураббийни ўзгартириш эвазига ўнг­ламоқчи. Эҳтимол, «Ливерпуль», «Арсенал» ёки «МЮ»га футболчи етиштириб беришдаги салоҳиятни мураббий танлашда қўллай олмаётгандирлар?

Ўз навбатида, «Саутгемптон»нинг барчаси ҳам бирдек барқарор ва муваффақиятли эмаслар, аммо бу харидорларнинг муаммоси. Шоу ҳамда Бэйл жароҳатга мойиллар, худди Лаллана сингари. Чемберсни ҳам бар­қарор ва ўсишга эришаётганлар қаторига киритиш мушкул. Ловрен ҳимояда бехато ўйнашдан кўра, тилига эрк беришни кўпроқ маъқул кўради. Бироқ Мане ва ван Дейк - бебаҳолар. Окслейд-Чемберлен «Ливерпул»да ўзини кўрсатмоқда, гарчи «авлиёлар» уни дастлаб «Арсенал»га сотган бўлсаларда.

Ва албатта, машҳур ва афсонавий форвард Алан Ширерни ҳам унутмаслик керак. Кимдир ёдидан чиқарган бўлса, 1992 йили «Блекбэрн» таркибига қўшилиб, кўп ўтмай мазкур жамоа билан Англия чемпионлигини қўлга киритган ҳужумчи айнан «Саутгемптон» тарбияланувчиси ҳисобланиб, «авлиёлар» сафини тарк этаётганда эндигина 21 ёшни қаршилаганди. Боа Морте, Тим Флауэрс, Кевин Филлипс ва Нил Раддок нарх бўйича топ-25дан пастдалар, аммо номлар таниқли, футболчилар салоҳиятли. Ўз мактабингда Окслейд-Чемберлен, Уолкотт, Бридж, Лаллана, Шоу, Ширер, Бэйл ҳамда Ле Тиссье кабиларни тарбиялаш етарли. Охирида номи келтирилган футболчи ёши ўтиб қолганда кетган, шунга қарамай, барибир, клуб академиясига юқори баҳо бериш даркор. Ваҳоланки, жамоа ўзининг сўнгги жиддий совринига 1976 йили эга бўлганди - кубок баҳсларидаги муваффақиятдан сўнг Англия Суперкубоги қўлга киритилганди.

Аммо иқтидорларни ўз вақтида пайқаш бўйича «авлиёлар»га ҳавас қилса арзийди. Ван Дейк, Мане, Шнейдерлин ва ҳаттоки, Ловренни ҳам кўпчилик кузатган, якунда эса айнан «Саутгемптон» фойда кўрганди. Клопп бир пайтлари «Боруссия»да ишлаётганида, Манедан воз кечгани мураббийлик фаолиятидаги энг хато қарор бўлганини бот-бот таъкидлайди. «Авлиёлар» эса унга ишонишди, ваҳоланки, бу клуб ҳам маҳаллий, ҳам хорижлик истеъдодли футболчиларни ўз вақтида топадиган жамоалар орасида кўп ҳам тилга олинавермайди.

Аммо «Саутгемптон»нинг трансфер бозоридаги ютуқлари замонавий футболда яққол сезилмоқда - бу ўринда Маненинг «Ливерпул»даги муҳим голлари ёки ван Дейкнинг ҳимоядаги ишончли ўйинини эътироф этиш кифоя. Европа чемпиони - Седрик Соарешнинг ижара асосида «Интер»га қўйиб юборилгани «авлиёлар»нинг ҳали тўхташ ниятлари йўқлигидан далолат. Ҳозирча «Саутгемптон»да тайёр маҳорат соҳиблари йўқдек тасаввур уйғонмоқда, аммо улар албатта пайдо бўлишади. Даниялик Хейбьерг эндигина 23 ёшни қаршилади, бироқ «Бавария» тарбияланувчиси жамоада асосий роллардан бирин бажармоқда.

Шундай экан, «Саутгемптон» қиммат нархда сотган футболчилар рўйхатини тўлдиришга даъвогарлар орасида Редмонд ёки Вестергордан бошқалар ҳам бор. Бэйлни тўрт йил ичида биринчидан тўққизинчи ўринга тушириб юборишди. Конвейер муваффақиятли ишга солинган, футболчи сотувидан даромад орттириш бўйича «авлиёлар» «Зенит» (ва РПЛнинг исталган бошқа клубини), «Севилья», «Лион», ҳамда «Бенфика»ни ортда қолдиришмоқда, ахир 172 млн. евро фойда кўришди. Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячини айнан Англиянинг жанубий қисмидаги клуб - бир пайтлари «Селтик»даги йигитчага имконият тақдим этган «Саутгемптон» тайёрлади.

Айни пайт Ван Дейк ва унинг жамоадошлари АПЛ чемпионлиги учун курашишмоқда, голландиялик ҳимоячининг ўзи эса кўп ҳолларда «қизиллар» жонига оро кирмоқда. Худди шундай эътирофлар Садио Манега ҳам тааллуқли. Табиийки, шундай футболчиларнинг борлиги Клопп бошчилигидаги «Ливерпул»нинг юқори мақсадларни кўзлашида асосий омил бўлмоқда.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz